Алие Параст – раққоса, ўқитувчи ва хореограф, қорин рақси бўйича Москва чемпиони. Унга даҳшатли ташхис қўйилганди: «3-босқич ходжкин бўлмаган лимфома», аммо кучли иродаси ва характери туфайли у касалликни енгиб, севимли ишига қайтди. Эндиликда Алие Тошкент шаҳридаги рақс мактабларида дарс беради, ўзбек эстрадаси юлдузларига рақслар саҳналаштиради ва барчани яна мафтун қилиб, ўзи ҳам саҳнага қайтишга тайёрланмоқда.


The mag 20

«Ҳаёт учун яшаш»

Мен учун бу нимани англатишини ҳеч қачон ўйламаган эдим. Ташхисни эшитиб зиғирчаям жаҳлим чиқмади. Эҳтимол, ҳамма нарса менинг қатъий ва мустаҳкам иродам, таъбир жоиз бўлса, эркакларга хос характеримдадир?! Бу синов менга юборилдими, демак қандайдир сабаби бор – ҳеч нарса беҳикмат эмас. Ҳаётда ҳамманинг қора кунлари бўлади, менинг қора кунларим шу экан-да.

Неки содир бўлмасин, ҳаёт барибир завқли: уйғониш, нафас олиш, қуёшни, ёмғирни, қорни кўриш, ўзингиз ва яқинларингизга ғамхўрлик қилиш, рақсга тушиш ва ижод қилиш. Кичик ташвишлар менга катта муаммолардек туюлар, арзимаган нарсага ташвишланардим. Энди эса барча қийинчиликларга енгил қараб, ҳаётдан завқланиб, ўйнаб-кулиб яшаяпман.

Саратонни енгиш мумкин бўлса, демак иложсиз нарсанинг ўзи йўқ!

Ҳаммаси оддий ангинадан бошланди

Ҳароратим юқори бўлса ҳам, рақсга тушишда давом этдим. Бора-бора овозим бўғилиб қолди, анча вазн йўқотдим, қўлларимда оғриқ бошланди. Шифокорлар пайлар ёрилиши ташхисини қўйишди. Мени оз эмас, кўп эмас, нақ 11 шифокор даволади – бору йўқ касалликлардан даволашга ҳаракат қилишди. Аммо оғриқ кучайиб, лабларим кўкариб, пешонамдаги томирлар шишиб кетди. Мени Фарғонадаги «мўъжизакор шифокор» олдига олиб боришди. У ҳатто таҳлиллар жавобларига ҳам қарамасдан, мени игна билан даволашни бошлади. Ҳолатим шу даражага етдики, деярли нафас ололмай қолардим. Имконсизлигимдан ҳеч нарсага умид қилмай топширган тестларим ва таҳлилларим натижаларини Тошкентдаги дўстимга юбордим. У рақс мактабида биз ўқитган болаларнинг ота-оналаридан ёрдам сўради. Болалардан бирининг отаси рентгенолог экан. У менга доир таҳлилларни кўриб, тезда онкологга учрашишим лозимлигини айтди. Шифокорлар ҳамроҳлигида биз дарҳол пойтахтга учдик.

1 ҳафта

Мен деярли нафас олмаётгандим: ўсимта диаметри аллақачон 20 сантиметрга етган экан. Буёғи даҳшат – менга қанча умрим қолганини айтишди: 1 ҳафта. Аммо омадим бор экан, мен ўз халоскорим бўлмиш шифокорни топдим ва унга чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Албатта, у ҳеч қандай кафолат бермаганди, аммо буни даволаш мумкинлигини ва бу йўлда бор имкониятини ишга солишини айтди. Мен шифо излаб чет элга бормадим, халоскоримни шу ерда – Ватанимда топдим. Хасталик билан олишув 2,5 йил давом этди.

Мақсадим шунчаки яшаш эди!

10 курс кимёвий муолажалардан сўнг мен ремиссия ҳолатига кирдим, аммо бир ярим йиллик курашдан кейин хасталик қайталади. Шунда таслим бўлгандек ҳис қилдим ўзимни, чунки жуда чарчаган эдим. Семириб кетдим, сочларим тўкила бошлади, чексиз оғриқлар бошланди – барча ҳаракатлар зое кетаётгандек эди назаримда. Руҳий тушкунликка тушиб, идиш-товоқларни синдириб ташлаганимни кўрсангиз эди. Якун қандай бўлмасин, жараён тезроқ тугашини истардим. Амо тезгина ўзимни қўлга олдим. Арзимаган 5 дақиқа дийдиё қилдим, холос. Мақсадим аниқ эди – яшаш! Яшаш учун яшаш!

Оилам билан бўлишни ва яна саҳнага қайтишни хоҳлардим. Бошқача бўлиши мумкин эмас эди!

Касаллик туфайли мен жуда кўп нарсаларга эришдим!

Эрим ва ўғлим мени тинчлантириб, кўнглимни кўтарардилар. Улар менга бемор одамга қарагандек қарамасдилар. Турмуш ўртоғим ва менинг сочларимиз йўқ – ўзимизни ностандарт жуфтлик, деб атар, бундан ҳам позитив топишга ҳаракат қилардик. Ота-онам қаттиқ хавотирланишарди, лекин мен “сизларни ташлаб, қаёққаям кетаман?!” деб уларни тинчлантирардим. Дугоналарим ҳеч ҳам ёлғизлатиб қўйишмади: гуллар, суратим туширилган футболкалар, плакатлар совға қилишарди. Менга шпиц совға қилишди, руҳимни кўтариш учун хайрия концертлари ташкил этишди. Олдимга ҳамкасбларим келишарди, улар тушкунликка тушишимга йўл қўйишмади. Москвалик ажойиб психогенетик билан танишдим, у туфайли жуда кўп расм чизишни бошладим.

Мен ўзимни жуда қаттиққўл ва қўрс мураббий деб билардим, шунинг учун камдан-кам одам мени ёқтирса керак, деб ўйлардим. Буни қарангки, хасталигимда менга минглаб одамлар хат ёзишди, айримлар муолажаларим тўловларига ёрдам беришди. Мен бу даврда жуда кўп дўстлар орттирдим, муҳаббатдан куч ва илҳом олдим.

Ҳар дарднинг давоси бор, энг муҳими сабр!

Инсон мўъжизага, ўзига ва ўз шифокорига ишонч билдириши лозим.

Умуман олганда, энергиянгизни бор кучингиз била ижобий томонга йўналтиринг. Куч сизнинг ичингизда, сиз шунчаки чидашингиз керак – бир йил бўладими, икки, балки уч… ҳар нарсанинг интиҳоси бор, бироқ якун қандай бўлиши ўзингизга боғлиқ. Сиз олдингизга мақсадлар қўйишингиз керак. Мен саҳнага қайтишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим ва қоматим илгаридек бўлмаса ҳам қайтдим, чунки ўтган вақт давомида анчагина семирган эдим. Орзум – саёҳат қилиш. Озроқ пул йиғиб, ўғлимга денгиз ва қорли ўлкаларни кўрсатмоқчиман.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи: Диана Ибрагимова
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар