Жасорат, ички куч, ҳалоллик ва ўз тамойилларига содиқлик бугунги кунда кам сонли журналистларга тегишли хислатлар. Бироқ, бу таърифлар бизнинг махсус лойиҳамиз қаҳрамони — журналист, Anhor.uz бош муҳаррири, «Йилнинг энг яхши журналисти» соврини лауреати Лола Исломовани аниқ тасвирлайди. Ўз интервюсида у сифатли журналистика тамойиллари ва қийинчиликлари, Познер билан учрашув ва ҳаётини ўзгартирган танлов, драйв ва мотивация, шунингдек, ҳаёт сабоқлари ва ҳақиқий аёллик бахтининг рецепти ҳақида гапириб берди.


Ҳақиқий журналистика билан шуғулланиш қийинми?

Қийин, айнан қийин. Уйга келганингизда ёки таътилга чиққанингизда ҳам ишдан узилиш қийин. Сифатли журналистика тамойилларига амал қилиш жуда қийин, чунки ҳамма бир-бирини танийдиган жамиятда яшаймиз. Қай бир нуқтада кимнингдир йўлини кесиб ўтганингизни ва сизни ёқтирмайдиганлар яна биттага кўпайганини тушунасиз. Мустақил журналистика тушунчаси шаклланмаган жамиятда яшаймиз. Инсон омилини инкор этиб бўлмаслигини тушуниш қийин, баъзида журналист эканлигингиздан афсусланасиз. Ва бундай «қийин»лар жуда кўп.

Сиз журналистикага мутлақо бошқа соҳадан келдингиз. Нега бу йўлни танладингиз?

Аниқроқ айтадиган бўлсак, журналистикага бошқа ҳаётдан келдим. У ерда фақат уй юмушлари ва болаларим бор эди. Ўқишни тугатганимдан сўнг ҳеч нарса қилмадим, фақат оилам билан бўлдим. Ҳа, ўша пайтда махсус маълумотим бўлмаган, аммо феъл-атворим ва тафаккурим, тушунишимча, журналистларча эди ва тақдирнинг ўзи салоҳиятимни рўёбга чиқаришга ёрдам берган.

Ҳаётингиздаги энг қийин давр ҳақида гапириб беринг.

ҚИЙИН ДАВР — БУ ҲАЁТИНГИЗДА БИРОР НАРСАНИ ТУБДАН ЎЗГАРТИРИШ, БОШҚАЛАРГА ҲАМ ТАЪСИР ҚИЛАДИГАН ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ, МАСЪУЛИЯТНИ ЗИММАНГИЗГА ОЛИШ.

Масалан, бир марта мен таъсисчиларнинг аҳмоқликларига дуч келмаслик учун ўз ОАВимни очишга қарор қилдим. Энди ўзим қарор қабул қиламан — ҳар ҳолда менга шундай туюлади ва мен бутун таҳририят учун жавобгарман. Бу давр мен учун, оилам, қариндошларим учун қийин кечди.

Кўпчиликни сизнинг мардлигингиз, ижтимоий масъулиятингиз ва тамойилларингизга содиқлигингиз ҳайратга солади. Ўта кескин вазиятларда ўзингизга нима дейсиз? Бу феъл қаердан пайдо бўлган?

О, бундай пайтда асосийси ўзингиз билан гаплашмаслик. Феъл бир йилда пайдо бўлмайди, эҳтимол, у болаликдан бошлаб шаклланар. Отамда адолат туйғуси жуда кучли эди. Болалигимда бундан қандайдир хижолат чекардим ҳам. У пайтлар ижтимоий тармоқлар бўлмаган — дадам ўз фикрлари ва кузатувларини мен билан баҳам кўрарди. Феъл-атвор оилада, мактабда, сизни қуршаб турган доирада шаклланади, лекин албатта, ривожланишдан тўхтамаслик муҳим: ўқиш, ўз-ўзини тарбиялаш керак, акс ҳолда бу вайсаш даражасида қолиб кетади.

Журналистикадаги энг бахтли ва қувончли онларингизни эслайсизми?

ЭНГ БАХТЛИ ОНЛАР — МАТЕРИАЛНИ ЯКУНЛАБ, ЧОП ЭТИШ.

Мен ўрганишни, янги нарсаларни кўришни ёқтираман. Одамлар билан суҳбатлашишни яхши кўраман. Касбим менга ўзимни бахтли ҳис қилиш, қувонч, завқ олиш, саёҳат қилиш, қизиқарли ва таниқли одамлар билан танишиш имконияти кўринишидаги турли хил бонусларни беришини англайман. Журналистика — бу сизга таъсир кўрсатадиган одамлар доираси.

Владимир Познер билан учрашувдан кейин ижтимоий муаммолар билан шуғуллана бошлаганимни яхши эслайман. Бу ОИВга қарши халқаро анжумандаги мастер-классдан кейин бўлди. Мастер-классда у муаммога бўлган муносабати, ОИВни у ёки бу тарзда юқтирган одамлар ва касаллик ҳақида суратга олган фильми тўғрисида гапирди. Владимир Владимирович сўзларни жумлаларга айлантириши доимо мени ҳайратга солиб келган: унинг таърифлари доимо содда ва тушунарли, аммо шу билан бирга жуда аниқ ва чуқур маънога эга. Мастер-классдан сўнг мен у билан гаплашишга муваффақ бўлдим ва кейин ҳам тақдир тақозоси билан учрашиб турганмиз. Бу оддий учрашувлар эмас, балки жуда қизиқарли ва тарбиявий суҳбатлар эди.

Марҳум Шайх ҳазратлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан бўлган суҳбат ва интервьюни унутмайман. У ажойиб ва ёрқин инсон эди.

Радио ва веб-сайтда ишлаш — қай бири яхшироқ? Қаерда драйв кўпроқ эди?

Драйв журналистнинг алоқа каналига боғлиқ эмас. Драйв — бу қилаётган ишингизга бўлган муносабатингиз. Радио журналистикадаги биринчи муҳаббатим бўлиб қолмоқда ва шубҳасиз, энг ёрқин ҳиссиётларим радио билан боғлиқ.

ҲАР ДОИМ ИШИМНИ БОШЛАЁТГАНИМДА, МОНТАЖ ЁКИ ЖОНЛИ ЭФИР БЎЛАДИМИ, МЕН ДРАЙВ, ҚУВОНЧ ВА ЛАЗЗАТ ҲИССИНИ СЕЗИБ ТУРАР ЭДИМ.

Жонли эфир, шубҳасиз, жуда ҳаяжонли: суҳбатдошингиз нима деб жавоб беришини билмайсиз ва олдиндан тайёрланган саволларингиз унутилиши мумкин, чунки суҳбат бошқа томонга оғиб кетади, суҳбатдош эса гапиришдан тўхтамаяпти, мавзуга қайтишга вақт йўқ. Тингловчилар билан мулоқотда сиз одамнинг мослигини англаш ва у эфирда бирон бир нотўғри нарса айтиб қўймаслигига ишонч ҳосил қилишингиз учун 30-60 сониянгиз бўлади. Айтиб қўйсада, вазиятни тўғрилай олишимиз керак. Драйв эмасми? Менимча, драйв!

Радиодаги фаолиятим таҳририятлар цензураси ва ўз-ўзини цензуралашнинг энг юқори палласига тўғри келган, аммо радио энг машҳур алоқа канали бўлган, цензурага қарамай, биз муносиб сюжетлар яратишга муваффақ бўлганмиз. Радио билан боғлиқ барча ёзувларим, кузатишларим, ҳикояларим, лавҳаларни тўплаш, шунингдек, жонли эфирда ишлаганларнинг хотираларини қўшиш ғояси бор… Ўйлайманки, бу қизиқарли бўлади. Афсуски, бугунги кунда Ўзбекистонда хусусий радио сўниб бормоқда ва барча мавжуд функциялари қолиб, у фақат кўнгилочар контентни сақлаб қолди.

Сайтда ишлаш — бу онгли муҳаббат: сиз нимани хоҳлаётганингизни биласиз, оқибатлари қандай бўлишини тахмин қиласиз, прогнозларингиз бор. Ўз жамоангиз, ўқувчиларингиз олдида жавобгарлигингиз бор. Бу жуда қийин, машаққатли кунбай ва соатбай иш.

Бугун ҳар ким ҳам «Нима учун эрталаб туриш керак?» деган жўн саволга жавоб бера олмайди. Кўпчилик мотивация йўқолиши ҳақида гапиради. Қандай қилиб ўзингизни руҳлантирасиз?

Болаларга нонушта тайёрлаш керак деган хаёл билан уйғонишдан хурсандман. Эҳтимол, шу мени ҳаракатга келтирар. Мен ўзимни тўшакдан туришга ундашим шарт эмас. Ҳар ҳолда, ҳозир шундай.

Ўзингиз, оилангиз учун вақтингиз борми? Қандай дам оласиз?

Вақтни режалаштиришни ўргандим. Афсуски, бу тажриба билан келди. Илгари мен «иш — оила — мен» орасида чегаралана олмаганимдан афсусдаман. Дам олиш учун машғулотларни ўзгартириш, чалғиш кифоя, лекин бир ҳафтадан кам бўлмаслиги керак. Менинг рецептим оддий: ишдан чарчадингми — ишлама, мулоқотдан чарчадингми — танаффус қил ва мулоқот қилма, ҳамма нарсадан чарчадингми — саёҳат қил. Саёҳат сизга ўзингизни англашга, ўзингизни ҳис қилишга имкон беради. Қаерга саёҳат қилишингиздан қатъи назар — бошқа давлатгами, шаҳаргами ёки қўшни маҳаллага боришингиздан қатъи назар, мақсадингиз саёҳат бўлиши керак ва нуқта.

Сиз бахтли аёлмисиз? Сизнингча, аёл учун энг муҳими нима?

Мен тўхтаб, қувонч ва бахтни ҳис қилишга ўргандим. Баъзан бизга шундай лаҳзалар етишмайди ва кўпинча ўтмиш ёки келажакдаги бахт ҳақида гапирамиз. Мен уч ўғлимнинг онасиман ва бу бахтимнинг муҳим ва чексиз қисми.

АЁЛ УЧУН ЎЗИНИ СЕВИШ, ЎЗИГА ВАҚТ АЖРАТИШ, КИМНИДИР СЕВИШ ВА СЕВИЛИШ ЖУДА МУҲИМ.

Ҳар бир аёл ўзи учун нима муҳимлигини ва қай тартибда бўлишини ўзи ҳал қилади — оила, карьера, ижодкорлик. Ўз салоҳиятингизни очиш учун шароит ва имконият бўлиши жуда муҳимдир.

Мақолани тайёрлади: Карине Багдасарова
Фото муаллифи: Акмаль Саидов
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар