Бугунги кунда коронавируснинг янги тури билан зарарланиш мавзуси ҳаммани хавотирга солмоқда. Лекин карантин чоралари бизни кундалик фойдаланишдаги озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни харид қилиш заруриятидан қутқара олмайди. Шунинг учун, дезинфекция масаласи долзарб. Ўзимизни зарарланишдан қандай ҳимоя қилишимиз керак? Барча харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини дезинфекция қилиш зарурми? Буни қандай бажарса тўғри бўлади? Ушбу саволларга жавобларни қуйида ўқинг. 

makro


Таъкидлаш лозимки, ҳозирча вируснинг таом ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали юқиши борасида ишончли илмий асосланган маълумотлар йўқ. Бироқ биз магазинга озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар харид қилиш учун борганимизда зарарланиш хавфи бирмунча ошади, чунки эҳтимолий вирусни ташувчилар билан беихтиёр контактлар сони ошади.

Бугунги кунда кўпчилик озиқ-овқат маҳсулотларини онлайн харид қилмоқда. Шундай бўлсада, дўконларда маҳсулотларни тахлайдиган, қадоқлайдиган, етказиб бериш учун пакетларга соладиганлар ва курьерларнинг бутунлай соғломлигига кафолат йўқ.

Нима қилса бўлади?

Афсуски, ҳозирча бу саволга узил-кесил жавоб йўқ. Вирус янги, уни эндигина ўрганишмоқда. Ҳозирча маълум бўлгани шуки, бир тадқиқотга кўра, назарий жиҳатдан вирус:

  • Мис юзасида 4 соат;
  • Картонда юзасида 24 соат;
  • Пластик ва зангламас пўлат сиртида 72 соат яшайди.

Лекин шундай бўлса ҳам…

Кўпчилик олимлар коронавирус озиқ-овқат маҳсулотлари ва жўнатмалар орқали юқмайди, у иссиқ қонли ҳайвонларнинг ҳужайраларида яшайди, деган фикрга келишмоқда. Шунинг учун, ёпиқ уй ошхонасида зарарланиш эҳтимоли жуда кам. Бироқ тиббиёт фанлари доктори, гигиена бўйича мутахассис Надежда Симонова дўкондан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ мутлақо бошқа гапни айтди. Бу ҳолатда уйга келганингиз заҳоти қўлларни антисептик восита билан зарарсизлантириш ёки яхшилаб совунлаб ювиш керак.

Қўлларни ювинг!

Назарий жиҳатдан, Америка касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказларининг таъкидлашича, қадоқланган нарсада вирус қолган бўлсаю, киши қўлини аввал унга, кейин юзига теккизса, хавфли бўлиши мумкин. Шу сабабли, бундан жуда хавотир олаётганларга АҚШнинг озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) қадоқланган маҳсулотни ушлагач ва уни қадоқдан чиқаргач, овқат тайёрлашдан аввал ва овқатланишдан олдин қўлларни ювишни тавсия қилади.

Қадоқларни дезинфекция қилиш ва ювиш керакми?

Биринчидан, бунинг ҳар доим ҳам имконияти йўқ: дезинфекция  воситаларининг аксарият қисми қаттиқ ғовак бўлмаган юзаларга ишлатилиши мумкин. Картон эса бундай ишлов берилгандан кейин шунчаки бўкиб қолади.

Иккинчидан, бу ҳар доим ҳам хавфсиз эмас. Пандемия шароитида уйни дезинфекциялашни гипохлорит натрийли (масалан, у оқартирувчи воситалар таркибида бор) воситалар билан амалга ошириш тавсия этилади. Уни овқатга ишлатиш тугул, у билан идиш ювиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Шу сабабли, у билан қадоқларни артиб бўлмайди, чунки гипохлорит натрийнинг таомингизга тушиш эҳтимоли пайдо бўлади. Қолаверса, ҳиди ҳам иштаҳани ўлдиради. Бу борада спиртли антисептик воситалар хавфсизроқ, лекин уларни топиш қийин. Бундан ташқари, агар барча қадоқлар антисептик воситалар билан артилаверса, уни етказиб бўларканми?!

Энг мақбул вариант ювиш воситалари (масалан, совун). Улар ҳақиқатдан ҳам вирусдан халос қила олади, лекин имкон қадар маҳсулотга тушишидан эҳтиёт бўлиш керак.

Агар сиз вирус қадоқ юзасида ёки ичида бўлишидан хавотир олсангиз, у ҳолда уларни оддийгина совун билан иссиқ сувда ювинг. Кейин қўлларингизни камида 20 сония давомида яхшилаб ювинг ёки ҳеч бўлмаганда дезинфекцияловчи восита билан артинг. Баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини дезинфекцияловчи салфеткалар билан ҳам артса бўлади. Сиз қути ва қадоқ ичидаги нарсаларни ошхона контейнерларига жойлашингиз ва дўкон қадоқларини улоқтиришингиз мумкин, шунда хотиржамроқ бўласиз.

Микробиолог ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича эксперт Дональд Шаффнер барра маҳсулотларни — кўкатлар, мева ва сабзавотларни совун билан ювиш, ундан ташқари, уларга ҳар хил эритмалар билан ишлов бериш мумкин эмаслиги ҳақида эслатиб ўтди. Совун овқат ҳазм қилиш трактига тушса кўнгил айнишини келтириб чиқаради, баъзида қусиш ва диареяга олиб боради. Тушунинг, совун озиқ-овқат маҳсулотларини ювиш учун  мўлжалланмаган. Хлор ва бошқа дезинфекция воситалари ҳақида-ку гапирмасак ҳам бўлади, чунки уларнинг организмга тушиши янада ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Сабзавот ва меваларни нима қилиш керак?

Инсоният янги коронавирус пайдо бўлгунича кўпгина хавфли вирус ва бактериялар тўғрисида билар эди, шунда ҳам илғор ташкилотлар оддий сувдан фойдаланишни тавсия қилишарди. Истеъмол қилинмайдиган пўсти бор сабзавот ва меваларни ювган яхши. Шунинг учун экспертлар ҳамма сабзавот ва меваларни илиқ ёки иссиқ сувда яхшилаб ювишни, кейин эса салфеткада қуритишни маслаҳат беришади. Тўлиқ қуритилгандан кейин уларни совутгичга жойлаштириш мумкин. Экспертлар сабзавот ва мевалар ювиб тозалангандан кейин раковинани таркибида хлор бўлган дезинфекция воситаси билан ювишни, сўнгра қўлларни яхшилаб ювиб ташлашни тавсия қилишади.

Пакетларни нима қилиш керак?

Озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилган пакетлар хавфли, шунинг учун уларни имкони борича эҳтиёткорлик билан чиқиндихонага чиқариб ташлаш, иложсиз ҳолларда эса  уни дезинфекциялаш керак (масалан, салфетка билан). Баъзи докторлар озиқ-овқат маҳсулотлари келтирилган барча бир марталик пакетларни ҳам шундай қилиш керак, деб ҳисоблайдилар. Улар фақат уйда турган полиэтилен пакетлардан фойдаланишни маслаҳат беришади.

Агар сиз дўконга кўп маротаба фойдаланиладиган сумкани олиб борсангиз, яхшиси уни салфетка билан дезинфекция қилиб, сўнгра иссиқ сувда ювиш керак.

Маҳсулотлар қўйилган столни ҳам дезинфекция воситалари билан артиш аҳамиятга эга. Шу билан бирга, харид қилинган нарсаларни жойлаштириш жараёнида   фойдаланилган совутгич ва шкафлар тутқичларини ҳам артиш лозим. Губка ва латтани тез-тез алмаштиришга тўғри келади. Ва, энг муҳими, ҳар бир босқичда қўлларни ювиш ва дезинфекция қилиш керак.

Балки барча нарсаларни «карантин»га  жўнатиш: харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларини бир неча кун йўлакда, айвонда ёки дейлик, ертўлада сақлаш осонроқдир?

Жавоб: йўқ. Вирус турли нарсалар юзаларида яшаши ҳақидаги маълумотлар фақатгина бир тадқиқот натижасидир. Уйингизда бошқа намлик, ҳарорат ва ҳ.к. омиллар бўлиши мумкин. Шу сабабли, бу маълумотлар амалий қарорлар учун фойдаланишга ҳали эрта кўринади.

Олимлар янги турдаги короновирус SARS-CoV-2 бемор организмидан ташқарида икки-уч кун давомида ҳам яшаши мумкинлигини аниқлашди. Шу сабабли, баъзи одамлар ўзларини зарарланиш хавфидан сақлаш учун экзотик усуллардан ҳам фойдаланишмоқда. Лекин кўпгина озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, сут, музқаймоқ ва гўшт айниши ва бузилиши учун уч кун кифоя. Бу эса бошқа кўплаб касалликларга олиб келиши мумкин.

Ҳа, вирус хона ҳароратида аста-секин кучсизлана боради. Унинг ўзига хос ярим тугаш даври 8 соатни ташкил этади. Аммо экспертлар озиқ-овқат маҳсулотларига атиги бир маротаба тегиб ҳам зарарланишдан қўрқиш керак эмаслигини тасдиқлашмоқда. Ҳамма харидлар ҳам зарарланмаган ва уларга оддий бир қўл теккизилиши одамнинг дарҳол касалланишига олиб келмайди.

makro

Ҳаддан ташқари чуқурлашманг!

Яроқлилик муддати ва сақланиш шароитларига эътибор бериш муҳим (бу коронавирус билан ҳеч ҳам боғлиқ эмас). Агар гап ҳар бир маҳсулотни  дезинфекциялаш ва карантинга олиш тўғрисида  кетар экан, демак, ҳақиқатда бусиз ҳам кифояланса бўлади. Масалан, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ва АҚШнинг озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) бундай ҳолатларда вирусларнинг тарқалиш хавфи жуда кам, деб ҳисоблайди. Турли ташкилотларнинг сайтлари ва ОАВда чиқиш қилаётган экспертлар ҳам ушбу нуқтаи назарда қолмоқда.

Энг хавфлиси нима?

Касаллик юқтиришнинг энг катта хавфи одамлар гавжум жойларига, озиқ-овқат маҳсулотлари учун дўконларга борганда пайдо бўлади. Микробиолог ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича эксперт Дональд Шаффнернинг таъкидлашича: шопинг — бу зарарланиш манбаи ҳисобланади.

Қандай ҳимояланамиз?

  • Имкон қадар масофадан контактсиз етказиб бериш бўйича буюртма беринг;
  • Дўконга энг зарур ҳолдагина боринг;
  • Савдо залида максимал тез ҳаракатланиш лозим. Пештахталар орасида ортиқча юрмаслик учун хариддан аввал рўйхат тузиб олинг ва рўйхатдаги маҳсулотлар дўконлардаги каби бўлимларга бўлинган бўлсин.
  • Дўконга киришдан олдин ниқоб тақинг ва қўлқопларни кийинг. Агар аравача ёки сават  оладиган бўлсангиз, тутқичларига салфеткалар билан ишлов беринг. Уйга келгандан кейин спиртли суюқлик билан қўлқопларга ишлов беринг ва шундан кейингина уларни ечинг.
  • Кўпчилик дўконлар кираверишга дезинфекция воситалари билан жиҳозланган бурчаклар ташкил этишган. Эринмасдан у ерга боринг ва қўлларингизга (қўлқопларга) ишлов беринг. Бу оддий ҳаракат билан сиз нафақат ўзингизни балки атрофдагиларни ҳам ҳимоялайсиз. Бундан ташқари, кўпчилик дўконлар ҳозирда озиқ-овқат маҳсулотлари учун аравачалар ва саватларни дезинфекция қилмоқда. Қайси дўконларда бу чоралар мажбурий бўлганлигини аниқлаштириб, пандемия даврида харидлар учун албатта ўша дўконларга боринг.
  • Дўконда камроқ буюмларни ушланг, бшқа одамларни айланиб ўтинг, масофа 2 метр бўлсин, юз-кўзингизга тегинманг.
  • Харид учун тўловни контактсиз ёки карталар билан амалга ошириш мақсадга мувофиқ, чунки пластик карта фақат ўзингизники, нақд пуллар эса кимиларнинг қўлидан ўтмаган… Кейин картани дезинфекцияланг.
  • Шунингдек, дўкондан чиқиб кетгандан кейин ҳам дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, чунки сиз турли юзаларга текканлигингиз эҳтимолдан ҳоли эмас, у жойларда эса вирус бўлиши мумкин.
  • Озиқ-овқат маҳсулотларини машинадан туширгандан кейин ва уйга қайтгандан сўнг қўлларингизга такроран ишлов беринг.

 

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар