Коронавирус мамлакатлар ва халқларни етти ухлаб тушга кирмайдиган мураккаб вазиятларга қўймоқда. Минглаб одамлар ёлғизликда, яқинларидан айро, ўз-ўзини яккалаган ҳолда ҳалок бўлмоқдалар. Вирус ёшларни ҳам, қарияларни ҳам аямайди. Пандемия қақшатқич зарба берган мамлакатлардан бири Франция бўлди. Еurasia Group Бошқарувчи директори Паскаль Пуйе коронавируснинг навбатдаги ўчоғида юзага келган вазият ҳақида таҳририятимизга сўзлаб берди. 

Маълумот учун:

Франция

  • Касалликка чалиниш ҳолатлари — 59 929
  • Соғайиш ҳолатлари — 12 548
  • Ўлим билан тугаган ҳолатлар — 5 398

Франция коронавирус сабабли вафот этганлар сони бўйича АҚШ, Италия, Испания, Германия ва Хитойдан кейин 6-ўринга кўтарилди. Мамлакат Бош вазирининг сўзларига кўра, яқин ҳафталарда вазият яна ҳам оғирлашади.

Одамлар ёлғизликда вафот этмоқда. Улар сўнгги манзилга бирор маросимларсиз кузатилмоқда. Короновирус билан оғриган киши касалхона тўшагига михландими, тамом — даво топмагунча қариндошларидан ҳеч кимни кўрмайди. Қариндошлари ва дўстлари бемор билан кўришиш у ёқда турсин, агар у вафот этгудек бўлса, кузатиш ва хайрлашиш имкониятидан ҳам маҳрумлар.

Ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди. Ҳукумат ҳар қандай чораларни қўлламоқда. Бироқ, кўпчиликнинг фикрига кўра, ҳукуматдагилар вақтни бой бердилар. Оқибатда беихтиёр вируснинг тез тарқалишига ва пировардида қўрқинчли оқибатларга олиб келишига имконият яратдилар.


Паскаль Пуйе

Еurasia Group бошқарувчи директори

Антиб шаҳри, Франция

2020 йил 31 март ҳолатига бўлган вазият

  • 21 000 киши касалхонада;
  • 5 107 реанимацияда;
  • Ҳозирда 44 550 кишининг зарарлангани тасдиқланган, шунда ҳам уларнинг ҳаммаси тестдан ўтмаган. Фақат касалхонага юборилаётганлар тестдан ўтказилмоқда;
  • 7 924 киши соғайган;
  • 3 024 киши вафот этган, улардан 418 таси сўнгги 24 соат ичида.

(*кейинги куни яна 500киши вафот этди)

Бу статистикада қариялар уйларида ва ўз уйларида вафот этганлар ҳисобга олинмаган.

Францияда қариялар уйларида 700 000 га яқин киши яшайди. Эпидемия бошланишидан аввал уларнинг ҳаммаси меҳмонлар учун ёпилган эди. 

Касалликка чалинганларни мамлакатдаги жойлари бор касалхоналарга жойлаштириш учун поезд ва вертолётлардан фойдаланилмоқда. Илгари респираторли реанимация жойлари сони 5 000 та бўлса, ҳозирда улар 10 000 тага етказилди.

Пандемиянинг тарқалиши натижалари

Мамлакатда ниқоблар етишмайди, шунинг учун ҳукумат Хитойга 1 млрд. дона ниқоб буюртма берди. Уларни Россиянинг юк самолётида Шэньчжэндан Францияга олиб келинади. Биз жуда кўп ҳажмда респираторларга буюртма бераяпмиз.

Тиббиёт ходимлари ҳам етишмайди. Ҳозирги вақтда тиббиёт йўналишидаги талабалар жалб қилинмоқда.

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КАТТА БОСИМ ОСТИДА ИШЛАШМОҚДА ВА ҲАР КУНИ КЕЧ СОАТ 8 ДА МАМЛАКАТ УЛАРНИ ОЛҚИШЛАМОҚДА. МАҚСАД УЛАРНИНГ КЎНГЛИНИ КЎТАРИШ, РУҲАН МАДАД БЎЛИШ.

Баъзилар шу даражада қўрқиб қолишганки, кўп қаватли уйларда қўшниларидан кимдир тез ёрдам чақирса, унга хат ёзиб, уйни тарк этишни сўрашгача боришяпти.

Бу ҳолат жуда кам учрайди, лекин аҳоли ўртасида ваҳимани келтириб чиқармоқда.  Барча уйда қолиб, ўз-ўзини яккалаш қоидаларига амал қиляпти, касалларга, катта ёшли кишиларга ва тиббиёт ходимларига имкон қадар кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда: уларга озиқ-овқат олиб келишади, уй ишларида ёрдам беришади.

Амалга оширилган чоралар

Ҳозирда касалхоналардаги беморлар сонини камайтириш ва зарарланганлар учун етарли жойга эга бўлиш мақсадида ҳаракатланиш чекланмоқда. Аммо ҳеч ким пандемиянинг ривожини ва келажакни олдиндан айтиб бера олмайди. Агар сиз уйдан чиқсангиз, ёнингизда чиқиш вақти кўрсатилган ҳужжат бўлиши зарур. Кўчага фақат 1 соатга чиқиш мумкин: озиқ-овқат учун дўконга ёки дорихонага, сайр учун (спорт билан шуғулланиш) 1 км масофадан ошмаган жойга, ишхонага ёки тиббий мақсадлар юзасидан чиқиш мумкин.

Мен ҳам уйдаман ва ўзимнинг шаҳарда ҳаракатланишимни имконият даражасида чеклаяпман. Бугун овқат олиб келишга чиқиб, 5 дақиқага ушланиб қолдим. Мени полиция тўхтатди, аммо бахтимга қўйиб юборишди, фақат 135 € жарима ёзиб беришди.

Узоқ кутишди…

Ҳукумат ҳамма керакли чораларни кўрмоқда, лекин ўйлашимча, вирусдан ҳимояланиш учун кеч ҳаракат қилдик. Мен Ўзбекистонда пандемия тарқалишининг олдини олиш бўйича бошиданоқ тезкор чоралар кўрилганини қўллайман.

Мен қизим билан Францияда бирга бўлиш учун Ўзбекистондан эвакуация қилиндим. Мюнхенга учдим, кейин Парижга — уйгача 1000 км масофа босиб ўтдим. Ўзбек авиайўналишларининг ҳамма ходимлари экипировка билан тўлиқ таъминланган, лекин Европада ниқоблар танқислиги сабабли, ҳамма ҳам ниқобда эмас.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар