Яқинда tbc.uz Тошкент бизнес-клубида бизнес раҳбарлари ва эгалари учун Майк Чейни иштирокида халқаро семинар бўлиб ўтди. Биз халқаро даражадаги спикер, Global Leadership Partners аъзоси билан тадбиркорларга осон кечмаётган ҳозирги замонда қандай қилиб «омон қолиш», қай тарзда имкон қадар кам талафот билан чиқиш ва пандемиядан кейин бизнес қайси кўринишга ўзгариши тўғрисида суҳбатлашдик.
Майк Чейни (Mike Chaney)
Сўнгги 10 йил ичида Procter & Gamble компаниясида маҳсулот етказиб бериш бўйича вице-президент. Шунингдек, Майк Gillette, Venus ва Braun брендлари учун барча маҳсулотларни етказиб беришни назорат қилган — бу бутун дунё бўйлаб жойлашган 17 та завод ва 5 та техник марказлардир. Компанияда 38 йил хизмат қилганидан сўнг у яқинда нафақага чиқди. Айни пайтда жаҳон миқёсидаги раҳбарларни тайёрлаш компанияси Global Leadership Partners аъзоси.
Майк, шундай қилиб, иқтисодий турғунлик даврида бизнес қандай бўлиши керак?
Инқирозларни енгишдаги ўз тажрибамдан келиб чиқиб, қуйидагиларни тавсия қилган бўлар эдим:
Ҳақиқатни қабул қилинг
Ҳақиқатни бор ҳолича қабул қилмасангиз, сиз обрўнгиз ва ходимлар олдидаги ҳурматингизни йўқотасиз. Иложи борича уни тезроқ қабул қилинг ва режа бўйича аниқ иш юритинг.
Ишонтиринг
Ходимларни илҳомлантиринг ва уларга ишонинг, уларнинг асосий фазилатлари ҳақида эслатиб туринг — компаниянинг келажакдаги муваффақияти бунга боғлиқ. Ўз жамоангизга самимий ишонинг.
Мулоқот қилинг
Инқироз пайтида ходимлар вазиятдан хабардор эканлигингизни ва улар учун жавобгар эканлигингизни билишлари керак. Уларни ҳаракат алгоритми билан таништиринг.
Жамоангизга эътибор қаратинг
Гуруҳнинг ҳар бир аъзоси зарурий эҳтиёжларидан хабардор бўлинг ва уларни қондиришга ҳаракат қилинг (ходимни уй-жой, озиқ-овқат билан таъминланг ва агар керак бўлса пул кўринишида заём беринг). Ҳа, биз ўз ишимиздан хавотирдамиз, лекин аввало одамлар ҳақида қайғуришимиз керак, чунки улар бизнинг бизнесимиз.
Қўл остимиздагилар раҳбар нима қилиш кераклигини яхши тушуниши ва уларни исталган вақтда мувофиқлаштира олишини билишлари керак. Ана шу инқироз давридаги ҳақиқий етакчининг роли.
Инқироздан чиқишга тайёрланинг
Инқирозни енгиб чиққандан кейин компания нима қилиши ҳақида ўйланг. Жамоа муносабатларига суяниб, ҳеч қачон маънавий ва бошқа ёрдамларни сўрашдан уялманг.
Одамлар етакчидан идеалликни кутишмайди, одамлар самимийликни кутишади. Ходимлар қарор қабул қилишда сизга ишонишади. Аслида сизнинг кимлигингиз жуда муҳимдир.
Ростгўй бўлинг
Қўл остингиздаги ходимлар уларнинг муаммолари ҳақида билишингизни ва сизда компания инқирозни енгиб ўтишига ишонч борлигини билишлари керак.
Етакчилар инқироз пайтида мижозлар билан етказиб бериш, тўловлар ва бошқа келишувлар барбод бўлишини қандай енгишади? Хотиржамликни сақлаш ва қандай қилиб мижозларни шартномаларни бажаришга ундаш керак?
Ҳозирги вақтдаги жуда муҳим масала. Бу каби вазиятга жавоб беришнинг учта усули мавжуд.
Биринчи усул:
Сиз етказиб берувчиларсиз фаолият юрита олмайсиз. Инқирозга қарамай, уларга ёрдам беришга ҳаракат қилинг. Етказиб берувчилардаги камчиликларни бартараф қилиш учун ўз компаниямдан муҳандисларни юбордим. Яна, импорт қилувчиларга фоизсиз заёмлар ажратиш тўғрисида келишувга эришдим, ҳукуматга мурожаат қилиб, етказиб берувчиларимизни қўллаб-қувватлашларини сўрадим. Инқироз даврида муносабатларни қайта кўриб чиқиш керак. Оқибатда сиз стратегик ҳамкорликка интиласиз ва бу муваффақиятингиз бизнеснинг бутун занжирига боғлиқлигини англатади.
Иккинчи усул:
Табиийки мен мижозларни қўрқитмоқчи эмасман. Аммо мажбуриятларни бажармасликнинг салбий оқибатлари бўлиши мумкинлиги, улар бизга фақатгина молиявий эмас, балки стратегик таъсири ва обрўмизга ҳам боғлиқлиги ҳақида огоҳлантираман. Мен бошқа ҳеч қачон бу компанияга мурожаат қилмайман ва бу ҳақда одамларга очиқ айтаман. Мижозларингиз/ҳамкорларингизга барчангиз бир қайиқда эканлигингизни ва уларнинг обрўсига жуда катта зарар етказилишини таъкидлаш муҳимдир.
Учинчи усул:
Муқобил харидорни қидиринг. Албатта, бу осон иш эмас ва қўшимча куч талаб қилади. Аммо фавқулодда вазиятларда бу ҳаракатларнинг пировард натижаси жуда яхши. Ҳозирги инқироз барчага таъсир қилади. Мижозларингиз мажбуриятларини бажара олмаслиги сабаблари турлича — божхона тўловлари ёки давлат органлари билан ишлашдаги муаммолар ҳам бўлиши мумкин. Баъзи ҳолларда мен ҳатто тўғридан-тўғри рақобатчиларим билан ҳам ишладим. Биз биргаликда буюртмачига мурожаат қилган вазиятларимиз ҳам бўлди, унга хатти-ҳаракатлари номақбул эканлигини тушунтирдик.
Турли мамлакатларнинг қонунларини инобатга олган ҳолда инқироз даврида давлат ёрдамини қандай жалб қилиш мумкин? Балки, ҳукуматнинг бизнес олдида мажбуриятлари ва келишувлари бордир?
Турли мамлакатларнинг ҳукуматлари бу борада жуда бир-биридан фарқ қилади. Икки хил усул билан бориш мумкин.
Менинг тажрибамдан келиб чиққан ҳолда, ушбу мамлакатнинг маданияти ва ўзига хос хусусиятларидан хабардор бўлган ҳамкасбига мурожаат қилиш яхши ечим бўлади. Аммо бу ҳолда мансабдор шахсга шахсан мурожаат қилиш янада самаралироқ бўлади.
Компаниям бизнесига эга бўлган кўпгина мамлакатларда (бу 40 дан ортиқ мамлакат) мен тўғридан-тўғри амалдорларга мурожаат қилдим.
Кўпгина давлатларнинг интилишларида муштараклик бор. Улар одамларни озиқ-овқат ва иш билан таъминлашни хоҳлашади. Ҳукумат сизнинг сармоянгизга ташна. Компаниямиз иш ўринларини яратди, аҳолига ёрдам берди. Тадбиркор сифатида мен жамият фаровонлигига ҳисса қўшаётганимни таъкидладим.
Шунингдек, мен қонунлар сезиларли даражада фарқ қилишини аниқладим. Баъзи давлатлар қонунларининг бажарилишини кафолатлайди, баъзилари хоҳлаганича ишлайди ва амалда уларнинг ҳеч бирига риоя қилмайди.
Табиийки, тадбиркорлар қонунга бўйсунишлари керак, аммо ҳар доим ҳам фақат қонунга таяниб бўлмайди. Агар сиз одамлар ҳаётини яхшилашга ёрдам берадиган янги технологияларни таклиф қилсангиз, давлат бу турдаги ҳамкорликка тайёр бўлади. Шунингдек, мен тадбиркорга бошқа ишбилармонлар билан биргаликда ҳаракат қилиш, тажриба алмашиш ва ҳамфикрлардан уларнинг ҳукумат билан ўзаро муносабатлари тўғрисида сўрашни маслаҳат бераман.
Шуни таъкидлашни истардимки, йирик бизнес ҳукуматга таклиф бериш имкониятига эга, аммо кичик бизнес, афсуски, ҳар доим ҳам эмас. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Агар йирик бизнес у ёки бу соҳада давлат учун йирик донор ролини ўйнаши мумкин бўлса, кичик бизнесга барқарор қолиш етарли. У ҳар доим ҳам аҳоли учун бирор ҳомийлик қилиши шарт эмас. Ёки камроқ бўлса ҳам хайрия қилиб туриш керакми? Албатта, йирик бизнес вакилларида имкониятлар кўпроқ. Бироқ, кўпгина давлатлар корпорацияларга жуда эҳтиёткорлик билан қарашади, чунки йирик бизнес катта таъсирга эга ва улар ҳукуматга жуда катта босим ўтказиши мумкин.
Кичик бизнес муҳим афзалликларга эга — маневрлик (устамонлик). Мен унинг ўзига хослигига эътибор қаратишни маслаҳат берардим. У ва фақат у дунёга нима таклиф қила олишига эътибор бериши керак. Инқироз даврида ҳукумат йирик холдингларга қараганда кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан бажонидил ўзаро ҳамкорлик қилади.
Буюртмачиларингиз инқироз туфайли тўловларни амалга ошира олмаса нима бўлади? Ходимларга иш ҳақини қандай тўлаш керак? Қандай қилиб банкрот бўлмаслик керак?
Мен ўзим ҳам шу саволнинг жавобини билишни истардим (ҳазил). Жиддий айтганда эса:
Мувозанат сақлаш
Аввало, бу сизнинг бизнесингиз турига ва ундаги жорий вазиятга боғлиқ. Агар харидор товар учун пул тўлай олмаса, унга ҳеч бўлмаганда бир қисмини тўлашни таклиф қилинг. Шунингдек, танлашга тўғри келади — иш ҳақини камайтириш ёки ходимлар сонини қисқартириш.
Янги даромад манбаини яратиш
Бизнесни ҳозирда талабгир йўналишга йўналтиринг (масалан, пандемик инқироз шароитида кўплаб компаниялар ниқоблар, антисептиклар ва воситаларни ишлаб чиқара бошладилар).
Хайрия (100% ишончли эмас, лекин ундан фойдаланиш мумкин)
Эҳтимол, шунда ҳукумат сизга эътибори қаратади ва харажатларингизни қисман бўлса ҳам зиммасига олади.
Пандемиядан кейин бизнес дунёси қандай бўлади? Эҳтимол, у янги шаклга кирар? Балки мамлакатларнинг кичик, ўрта ва йирик бизнесга нисбатан сиёсати ўзгаради?
Давлатнинг биринчи навбатдаги вазифалари одамларни ишга қайтариш, ишлаб чиқаришни қайта тиклаш ва солиқ тўловларини тўлашдан иборат бўлади. Тахмин қилишим мумкин: баъзи давлатлар банкротликни эълон қилишади, кўплари катта қарзга эга бўлишади. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, уларнинг биринчи навбатдаги вазифаси вазиятни барқарорлаштириш ва аҳолини иш билан таъминлашдан иборат бўлади. Инқироздан чиқиш даврида бизнеснинг баъзи турлари жуда қийин даврни бошидан кечиради.
Энг қийин вазият туризм бизнеси вакилларида бўлади. Эҳтимол, омон қолиш учун улар бирлашишлари керак бўлади.
Иккинчи йўналиш — бу стартаплар. Янги имкониятлар негизида кўплаб компаниялар пайдо бўлади ва уларнинг катта қисми соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли бўлади.
Таълим. Кўпгина ўқув муассасалари онлайн режимга ўтади, агар ҳанузгача ўтмаган бўлса.
Етказиб бериш.Тенденция маҳаллийлаштиришда. Пандемия етказиб бериш занжирининг кучсиз нуқталарини аниқлади. Ҳукумат тадбиркорлардан охирги занжирларни қисқартиришни талаб қилади, деб ўйлайман. Эҳтимол, истеъмолчилар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини харид қилишга рози бўладилар.
Мен ҳар доим ишлайдиган ва айниқса инқироз даврида жуда муҳим бўлган қоидалар билан хулоса қилишни хоҳлардим:
1. Вазиятнинг «ичида» эмас, балки «устида» бўлиш. Бу ҳамма нарсани ташқаридан баҳолашга ва ўйлаб кўриб, қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.
2. Тор соҳага ихтисослашган фрилансерларни ёллаш (мажбурий равишда штат қисқартирилган ҳолатда).
3. Ҳар доим компаниянинг келажакдаги узоқ муддатли ва яқин кунлардаги ўрни ҳамда стратегиясини белгилаб бориш.
4. Ҳар қандай инқироз — бу сизни келажакка бошлайдиган машқ эканлигини ёдда тутинг. Ахир биз фақат фавқулодда вазиятларда чандон ривожланамиз.
Бизнес бу ўйин эканлигини эсдан чиқармаслик керак. Ушбу ўйинни давом эттириш учун энг кучли томонингизни топинг. Эртага нима бўлишини билмаймиз, чунки ҳар қандай тизим турғунликка тушиб қолиши мумкин, ҳар қандай банк қулаши мумкин, аммо ҳар биримиз ўз истеъдодимизга эгамиз бу биз таянишимиз мумкин бўлган жиҳатдир.