Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Касалликдан қандай сақланиш керак? Ўзимизни ва яқинларимизни қандай ҳимоя қилишимиз мумкин? Иммунитетингиз заиф бўлса, қандай чора кўриш керак? Шу ва бошқа саволларга жавобларни мақоламизда ўқинг.


Вирус қандай юқади ва қай тарзда намоён бўлади?

Коронавирус асосан ҳаво томчилари орқали юқади. Вируснинг юзалардаги қолдиқлари орқали тарқалиши зарарланишнинг асосий сабаби эмас. Хитойда коронавирус билан оғриган шифокорлар иш жойида эмас, балки уйда, касаллик аломатлари ҳали намоён бўлмаган ва кескин чоралар кўрилмаган вақтда хасталанди.

Коронавирус инфекциясининг асосий белгиси бўлмиш иситма билан шикоят қилганлар доимий текширувда бўлишлари талаб қилинади. Қуруқ йўтал, чарчоқ, мушаклардаги оғриқлар, кўнгил айниши ва диарея кўринишидаги аломатлар касалланишдан сўнг бирмунча вақт ўтгач пайдо бўлади. Камдан-кам ҳолларда касаллик симптомларсиз ўтиб кетади. Таъкидлаш керакки, тумов коронавируснинг аломати ҳисобланмайди.

Кимлар хавф остида?

Инфекцияланганларнинг аксарияти (80%) касалликни енгил ўтказиб, тезда тузалишади. Баъзи ёш тоифасидагилар, жумладан, 50 ёшдан ошган одамларнинг коронавирус билан касалланиш эҳтимоли кўпроқ. Шундай қилиб, сиз қанча ёш бўлсангиз, вирусни юқтиришингиз эҳтимоли шунча камаяди ва юқтирган тақдирингизда  ҳам касаллик жиддий ва оғир кечиши эҳтимоли анча паст. Шунингдек, вирус юрак-қон томир касалликлари мавжуд одамлар учун хавфлидир: ўлим даражаси 13%. Бундай аянчли якун диабетга чалинган беморлар орасида 9,2% ни ташкил қилади.

Вирус асосан қариялар учун катта хавф туғдиради. Шу сабабли, кексалар жамоат жойларига ташрифлардан ўзларини тийишлари лозим. Ота-онангиз ва  бува-бувиларингиз Сиздан алоҳида яшасалар, уларнинг уйларида озиқ-овқат ва дори-дармонлар етарли эканига ишонч ҳосил қилинг. Шунингдек, уларга профилактика чоралари ҳақида гапириб беринг.

Болалар ва ҳомиладорлар

Хитойда ўтказилган тадқиқотларга кўра 18 ёшгача бўлган болалар камдан-кам ҳолларда касалланишади – бу барча ҳолатларнинг атиги 2,4%, холос. 19 ёшдан кичик беморларнинг жуда оз қисми касалликнинг оғир (2,5%) ёки ўта оғир (0,2%) шаклини бошдан кечирган. Кўпинча вирус болаларга уйидаги катталардан юқади.

Эътиборлиси шундаки, болалардан катталарга юқиш ҳолатлари аниқланмаган.

Касаллик ҳомиладор аёлларда оғир ўтмайди. Шунингдек, хасталанган ҳомиладор аёллардан касал бола туғилиши борасида ҳеч қандай далиллар йўқ. Учинчи триместрда вирус билан зарарланган 9 нафар аёл соғлом болаларни дунёга келтирди. Агар аёлга инфекция эртароқ юққан бўлса, болага қандай таъсир қилиши ҳозирча номаълум.

Профилактика: зарарланиш эҳтимолини қандай камайтириш мумкин?

Қўлларингизни доимо ва яхшилаб совунлаб ювинг: кафтларни, кафтларнинг орқа томонини. Бармоқларга ва тирноқлар орасига алоҳида эътибор қаратинг. Қўл ювишнинг тавсия этилган давомийлиги камида 20 сония. Қўлларингизни қоғоз сочиқ билан артинг, чунки кўп марталик матоли сочиқлар ўзида вирусни сақлаши мумкин.

Кўзлар, оғиз ва бурунга тегманг.

Аксирганда юзингизни рўмолча, салфетка ёки тирсагингиз билан беркитинг. Қоғоз сочиқдан фойдалангандан сўнг дарҳол уларни чиқинди қутисига ташланг ва қўлингизни ювинг.

Одамлар гавжум жойларга боришдан тийилинг. Жамоат жойларида қўлларни тозалаш учун гигиена воситаларидан, яъни нам салфеткалар ва спиртли антисептиклардан фойдаланинг. Бундан ташқари улардан эшик тутқичларини ва кунига юзлаб одамлар тегинадиган бошқа юзаларни дезинфекциялаш учун ҳам фойдаланинг.

Хоналарни мунтазам шамоллатинг ва буюмларни нам мато билан артиб чиқинг.

ЎРВИ белгилари бўлган одамлар билан алоқада бўлманг.

Саломатлигингиз ҳолатини кузатиб юринг.

Кўпроқ суюқлик ичинг. 

Чет эл сафарларини қолдиринг.

– Агар иситма, йўтал, нафас қисиши аломатлари бўлса, ташқарига чиқманг, уйда қолинг ва дарҳол шифокорга қўнғироқ қилинг. Коронавирус бўйича ишонч телефони: 1003. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги: (71) 276-49-66.

Коронавирус қандай даволанади?

Вирусли пневмония каби коронавирус инфекциясини даволаш учун ҳеч қандай тўғридан-тўғри восита йўқ: дунёда самарадорлиги исботланган дорилар мавжуд эмас. Арбидол каби вирусга қарши препаратлардан наф йўқ: уларнинг самарадорлиги илмий жиҳатдан исботланмаган. Ҳозирги вақтда фақатгина касалликнинг ривожланиш механизмларини тўсиб қўядиган патогенетик даволаш ва касаллик аломатларини йўқ қиладиган усул – симптоматик даволаш мавжуд. Бунга, масалан, ҳар қандай ЎРВИ ҳолатларида кўрсатиладиган кўпроқ ухлаш ва кўпроқ суюқлик ичиш бўйича тавсиялар киради.

Нафас олиш оз бўлсада қийинлашиши ҳолатида (коронавирус ўпкага таъсир қилади) стационар интенсив терапия ёрдами кўрсатилади. Бундай даволаш вируснинг ўзига таъсир қилмайди, лекин тананинг турли тизимларини сақлаб туришга ёрдам беради, бу эса аъзолар етишмовчилигининг олдини олади. Полиорган етишмовчилиги вирусли инфекцияларда кўпинча ўлимга олиб келади. Бу бошқа ҳолатлар қаторида қон босимининг пасайиши билан намоён бўлади. Бундай ҳолатларда беморга интенсив терапия қўлланилади, жумладан, томирлар ичига вазоконстриктор дорилар юборилади. Бундай дорилар юрак фаолиятини ва аъзолар тўқималарини кислород билан таъминлашни нормаллаштиради. Оғир ҳолатларда ўпкани сунъий нафас олдириш (ИВЛ) ҳам зарур бўлиши мумкин.

Агар иммунитетингиз заиф бўлса, нима қилиш керак?

Иммуномодуляторларга, иммунитетни оширадиган препаратларга талаб ортиб бормоқда. Бироқ иммуномодулятор ёки иммуностимуляторларнинг самарадорлиги исботланмаган. ЖССТ шамоллашни даволаш учун бундай дориларни тавсия этмайди, шунингдек, коронавирус инфекциясида ҳам. Иммуномодуляторларнинг қандай таъсир қилишини билиб бўлмайди ва бу соғлиқ учун хавфли бўлиши мумкин. Иммун тизимига назоратсиз таъсир ўтказиш чумчуққа замбаракдан ўқ отишдек гап: бирини яхшилайман, деб бошқасига осонгина зарар етказишингиз мумкин.

Бошқа касалликлари мавжуд кекса одамлар орасида коронавирусдан вафот этиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Ҳамроҳ касалликларни издан чиқариб юбормаслик жуда муҳимдир. Масалан, одамда қандли диабет бўлса, эндокринолог билан биргаликда қондаги шакар миқдорини меъёрига келтириш керак. Бордию юрак-қон томир касалликлари бўлса, кардиолог ёрдамида қон босимини нормаллаштиришга эришиш зарур. Шундай қилсангиз, коронавирус, бу чораларни қўлламаганларга қараганда, сизга катта хавф туғдирмайди.

Даволанишнинг фойдасиз усуллари: ЖССТ маълумотлари

  • Антибиотиклар вирусга қарши курашда фойдасиз. Улар фақат бактериал инфекцияни даволашга имкон беради.
  • Пневмонияга қарши вакциналар ҳам ёрдам бермайди. Янги вирус янги махсус вакцинани талаб қилади.
  • Қўлларни қуритадиган қурилмалар вирусни ўлдирмайди.
  • Респиратор ва ниқобларни қайта ишлатиш мумкин эмас.

Ваҳимага ўрин йўқ!

Мутахассисларнинг фикрига кўра, янги коронавирус доимий равишда мутацияга учрайди. Уларнинг олдинги эпидемияларга асосланиб тахмин қилишича, вақт ўтиши билан вирус заифлашади. Олимларнинг айтишича, агрессив хусусиятларини аста-секин йўқотиш коронавирусларга хос.

Шунинг учун, ҳозир энг муҳими, янги патоген учун оммавий синовни жорий этиш ва унинг барча потенциал ташувчиларини яккалаш. Шунингдек, энг муаммоли ҳудудлар карантинга ёпилишига тайёрланиш керак. Коронавирус инфекциясининг тез тарқалишига касаллик ёшларда енгил кўринишда бўлиши, баъзан эса ҳеч қандай белгиларсиз ўтиб кетиши ҳам сабаб бўлмоқда.

Ҳушёрлик ва аҳолининг вазиятга тўғри баҳо бериши жуда муҳимдир. Аҳолининг тўғри ёндашуви сабаб, Хитой вирусни аста-секин енгмоқда. Агар сизда баъзи аломатлар намоён бўлса, эҳтиёт чораларини кўринг ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Ҳозирги вақтда энг муҳими вирус тарқалиши жараёнини бартараф этиш ва зарарланганларни яккалашдир. Бу билан сиз ўзингизни ва яқинларингизни ҳимоя қилган бўласиз.

 

Ваҳимага тушманг. Ваҳима вазиятни янада оғирлаштириши мумкин. Дўконларда ниқобларни ўйламасдан сотиб олаверсангиз, уларга муҳтож бўлган шифокорларнинг ниқобларсиз қолишига сабабчи бўласиз. Шунингдек, инфекция тарқатмаслиги учун ҳам касалланганларга ниқоблар зарур. Ниқоблар соғ одамларга ёрдам бермайди: ЖССТ коронавирус инфекциясини олдини олиш учун профилактика чоралари рўйхатига ниқоб тақишни киритмаган. Ниқоблар вирусдан қутқара олиш-олмаслиги ва улардан самарали фойдаланиш қоидалари ҳақида мақоламизда ўқинг.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар