Хитой коронавируснинг ватанига айланди ва биринчи зарбани қабул қилиб олди. Аммо яқинда Хитой ҳукумати эпидемия якунлангани ва коронавирус инфекциясини даволаш учун ихтисослашган касалхоналар ёпилгани ҳақида эълон қилди. Хитойда реал вазият қандай ва бу мамлакатда пандемияни енгишга нима ёрдам берди? Хитойда яшаётган ватандошларимизнинг дастлабги ҳикояларини бизнинг мақоламизда ўқинг.

Маълумот учун:

  • Хитойда зарарланганлар: 82 392 киши
  • Соғайганлар: 76 426 киши
  • Вафот этганлар: 3 316 киши

Ҳасан Исмаилов

ишбилармон, Шанхай шаҳри

Хитойдан «Даҳшатли фильм»

Мен Шанхайда истиқомат қиламан. Хитой билан бизнес алоқаларини ўрнатганимга қарийб 10 йил бўлди.

Хитойда узоқ яшагач, анча-мунча даҳшатли янгиликларга оддий ҳол каби қарай бошлайсан киши.

Хорижий оммавий ахборот воситалари барча ҳолатдан драма ясашни ёқтирадилар: парранда гриппи, кейин чўчқа гриппи бўлган ва ҳар сафар худди қиёмат қўпгандек ваҳима қилишади. Дархақиқат, ҳамма нарсани бўрттиришади. Айнан шунинг учун бу сафар ҳам газеталар «ҳалокатли коронавирус» ҳақида ёза бошлаганида, мен ваҳима қилмадим.

Февраль

Хитойда эпидемиянинг авжига чиқиши февраль ойига тўғри келди. Аҳолининг катта қисми ихтиёрий тарзда ёлғиз қолишни танлаб, ташқарига чиқмасликка ва бошқалар билан алоқада бўлмасликка ҳаракат қилди. Бу вақтда, табиийки, дўконларда ниқоблар ва антисептиклар тугаб бўлганди. Энг талабгир маҳсулотлар қаторининг иккинчи ўрнида сабзавотлар турарди, чунки улар витаминларга бой ва иммунитетни мустаҳкамлайди. Аммо бу ҳолат узоққа чўзилмади, вазият тезда изига тушди.

Аҳоли дўконлардаги маҳсулотларни уйга ташишдан фоида йўқлигини ва дўконларни ёпилмаслигини тушунди.

Танишларим орасида касалланганлар йўқ эди. 25 миллион аҳолиси бўлган Шанхайда 400 га яқин касаллик ҳолати қайд этилганди. Ўйлаб қарасангиз, бу 0.002% дан ҳам камроқ. Албатта, Уханда бу кўрсаткич анча юқори, аммо у ерда ҳам вазият, айтайлик, ҳозир Италиядаги вазиятга нисбатан яхшироқ.

Ниқоблар ва антисептик воситалар

Шаҳар ҳукумати ниқоблар етказиб беришни йўлга қўйди: уларни сотиб олиш учун яшаш жойингизда рўйхатдан ўтишингиз керак эди, шундан кейин навбатга қўйилиб, бир неча кундан кейин улар сизга қўнғироқ қилиб, қайси дорихонадан ниқобларни олишингиз мумкинлигини айтишарди. Ҳозирги вақтда ниқоблар ва антисептиклар билан боғлиқ муаммолар йўқ, уларни ҳар қандай дорихонада бемалол сотиб олишингиз мумкин.

Самарали ва тезкор чоралар

Менимча, Хитой ҳукумати жуда тезкор иш олиб борди. Биринчи навбатда эпидемиянинг асосий маркази бўлмиш Ухан шаҳри ва унга ёндош шаҳарларни бутунлай изоляцияга олди. Барча болалар боғчалари ва мактаблар ҳам ёпилди, дарслар масофавий тизимга ўтди. Мактаб ўқувчилари ҳали ҳам уйдан чиқмасдан, онлайн дарсларда қатнашадилар. Барча оммавий тадбирлар бекор қилинди, ресторанлар, спорт заллари ва бошқа гавжум жойлар ёпилди.

Жойларда мунтазам санитар тозалаш ишлари амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди, хусусан, кўп қаватли турар жойларга киравериш, зинапоялар ва лифтлар.

Агар юқумли касалликлар кўп қаватли турар-жой биносида қайд этилган бўлса, унда яшовчи барча карантинга олинди. Менимча, бу вирус тез тарқалишининг олдини олишга имкон берди.

Хўш, ҳозир-чи?

Ҳозирги вақтда Шанхайда атиги 5 нафар бемор қолган, аммо энди асосий хавф Шанхайга хориждан қайтаётган одамларда. Расмий маълумотларга кўра, вирусга чалинган 100 га яқин киши Шанхайга қайтиб келган.

Яхшиямки, шаҳар маъмурлари эпидемиянинг қайтадан пайдо бўлиши муаммосига жиддий ёндашмоқдалар, шу сабабли, Шанхай аэропортидаёқ келганларнинг ҳаммаси рўйхатга олиниб, уйда ёки маҳсус ажратилган меҳмонхоналарда карантинда икки ҳафта вақт ўтказишлари шарт. Карантиндагилар қоидалар бузилиши жиддий оқибатларга олиб келишини яхши билишади.

Дам олишга ҳали эрта

Аслида Шанхайнинг барча корхоналари аллақачон нормал ишламоқда, фақат мактаблар ва болалар боғчалари ҳали ҳам ёпиқ.

Ресторан, боғлар, спорт заллари яна қайта очилмоқда, аммо  бошқа мамлакатлардан Хитойга учиб келган одамлар орасида янги зарарланганлар сони ортиб бораётгани туфайли, хотиржамликка ҳали эрта эканини тушунади. Шу сабабли, одамлар ниқоб тақишда бардавомлар, шахсий гигиена қоидаларига (қўлларини ювиш) ва хоналарни дезинфекциялашга катта эътибор қаратишмоқда. Мамлакатда барча оммавий тадбирлар ҳали ҳам номаълум муддатга қолдирилган. Айниқса, юқорида айтиб ўтганимдек, юқумли касаллик такрорланишининг олдини олиш бўйича ҳозирда аэропортларда қатъий чоралар кўрилмоқда.


Азиза Тоирова

талаба, Тяньзинь шаҳри

Баҳорги Янги йил ва Хитойда сайёҳлик мавсуми арафасида бизга сирли коронавирус штамми келтириб чиқарадиган пневмония ҳақида хабар берилди ва бу ҳақдаги маълумотлар мамлакат бўйлаб тарқала бошлади. Биз буларнинг барчаси ҳақида январь ўрталаридаёқ Хитой ижтимоий тармоқлари орқали хабардор бўла бошлагандик.

Хорижлик эканимиз ва тажрибасизлигимиз аввалига бизда қўрқув уйғотди.

Аммо давлат ва ўқитувчилардан эпидемиянинг олдини олиш чоралари тўғрисида аниқ кўрсатмалар олганимиздан сўнг, ваҳима кўтаришни бас қилдик ва рўй бераётган воқеаларга адекват ёндаша бошладик. Маҳаллий аҳоли тинч эди, биз ҳам бошқалар сингари эҳтиёткорлик чораларига амал қилдик. Эндиликда қўрқув йўқ, аммо Ўзбекистондаги қариндошлар ва яқинлардан хавотирдаман.

Мунис Алимова

талаба, Тяньзинь шаҳри

Мен хотиржамман ва мутлақо ташвишланмаяпман, десам ёлғон бўлади. Аммо бу қўрқув ҳам эмас, балки хавотир. Менимча, қўрқув жуда зарарли, айниқса бундай вазиятларда.

Янги турмуш тарзи

Мунис: Тяньзинда карантин эълон қилинганлиги сабабли, мен асосан уйда бўлдим. Ташқарига фақат озиқ-овқат олиш учун ниқоб кийган ҳолда чиқардим.

Ҳар бир бинога киришда QR-CODE ни рўйхатдан ўтказиш ва тана ҳароратини ўлчаш шарт эди.

Яқинларим ва дўстларимдан ҳеч ким касал бўлмаган. Аммо аниқ айтолмайман, зарарланган одам буни билмай, ўтказворган бўлиши ҳам мумкин.

Азиза: Коронавирус тарқалгандан то ҳозирги кунгача биз эпидемияга қарши барча қоидаларга риоя қилдик. Мен учун фақат ўқиш тўхтатилган ва шаҳар бўйлаб мустақил ҳаракатланиш чекланганди. Буларнинг барчаси ўз хавфсизлигимиз учун қилинган. Ўз устимда ишлаш ва оила аъзоларим ҳамда дўстларим билан мулоқот қилиш учун кўпроқ вақт пайдо бўлди. Университет ётоқхонасида яшовчи барча чет эллик талабалар қаттиқ назорат остида эдилар, шунинг учун дўстларим орасида зарарланганлар йўқ эди.

Аҳолининг ҳаракатлари

Мунис: Аҳоли юқори ҳокимият идораларининг кўрсатмаларига қулоқ тутиб, карантин қоидаларига риоя қиларди: уйда ўтириш, ниқоб кийиш, кўчаларда кўпчилик бўлиб тўпланмаслик. Мен катта ваҳимани кўрмадим. Аммо, албатта, ҳаммада хавотир бор эди.

Бутун карантин даври давомида маҳсулотлар етишмовчилигини сезганимиз йўқ.

Сабзавотлар, мевалар ва гўшт доимо ҳозир эди. Супермаркетлар пештахталарида баъзи маҳсулотлар (тост, сариёғ ва ҳоказо) бир неча кун бўлмаслиги мумкин эди, аммо фақатгина карантин бошида. Энди супермаркетлар ва бозорлар одатдагидек ишламоқда.

Ҳукуматнинг кучли назорати

Мунис: Барча ўқув муассасалари, клублар, барлар, ресторанлар, сартарошхоналар ёпилган. Кўчалар доим тозаланади. Уйимизда ҳар куни лифтлар ва зинапоялар дезинфекцияланади. Ҳар бир ҳовлида ёки осмонўпар бинода навбатчилик қиладиган қўриқчилар қўйилган. Улар ҳароратни ўлчаб, олдиндан берилган рухсатнома асосида ҳовли ёки уйга киритишади. Яъни, фақат ўша уйда яшовчилар кириши мумкин. Карантин ва ЖССТнинг барча тавсиялари ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Ва уларга бепарво муносабатда бўлмаслик,қатъий риоя қилиш жуда муҳимдир.

Азиза: Ҳукумат вакиллари жуда масъулиятли ва қатъий ҳаракат қилишди. Оммавий йиғилиш ва ҳатто алоҳида кўчада юриш ёки бир-бирининг олдига бориш ҳам чекланди. Карантин эълон қилингандан сўнг ётоқхонада яшайдиган талабаларга ушбу ҳудудни тарк этиш қатъиян ман этилди. Таътилга уйига кетган талабалардан карантиндан кейин қайтиб келишларини сўрашди. Ҳар бир инсон қоидаларни бузган тақдирда, стипендиядан маҳрум этилиши ёки университетдан ҳайдаб юборилишини назарда тутувчи қонун билан таништирилди.

Хўш, ҳозир-чи?

Мунис: Ниқоб тақиш, масофа сақлаш, QR кодни сканерлаш, ҳароратни ўлчаш ва қатъий гигиена қоидалари – буларнинг барчасига риоя қилинмоқда. Аммо кўчаларда одамлар анча кўпайди, улар нафақат ишга бориш учун, балки спорт билан шуғулланиш учун ҳам чиқадилар.

Азиза: Ҳозир вирус деярли мағлуб этилган, бироқ мен ҳануз уйдаман. Ҳамма қатори мен ҳам ниқоб тақаман ва уй учун дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланаман, шунингдек, посилкаларни ҳам дезинфекциялайман. Иммунитетни мустаҳкамлаш учун спорт билан шуғулланаман.


Андрей

талаба, Ҳонконг шаҳри

Мен Ҳонконгда дастурлаш бўйича магистрлик даражаси учун таҳсил оляпман. Янги вирусдан қўрқмаяпман. Биринчидан, мен ўқиш билан жуда бандман; иккинчидан, Ҳонконг маъмурияти ушбу вирус шаҳарда тарқалишининг олдини олиш учун барча чораларни кўрмоқда.

Вақтинчалик ваҳима

Тан олишим керак, аввалига аҳолини ваҳима босди: бошқа мамлакатларда бўлгани каби, одамлар ҳамма нарсани сотиб олишарди. Аммо бу ваҳима фақат 3-4 кун давом этди. Энди дўконлар пештахталари тўлдирила бошланганини ва ҳозиргача бўшаб қолмаётганини кўряпман.

Аҳоли керагича тинч. Бир вақтлар шаҳарда шунга ўхшаш вирус авжига чиққан, шунинг учун Хитойда коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарлар тарқалгани ҳамоно одамлар ниқоб тақиб, қўлқоп кийиб, антисептиклар ишлатиб, масофа сақлаган ҳолда ҳаракатлана бошлашган.

Ҳокимият ва одамларнинг маъсулиятлари

Шаҳар ҳокимияти бу янгиликка катта масъулият билан ёндашди. Хитой билан умумий чегаралар мавжудлиги сабабли улар дарҳол карантин эълон қилдилар. Бу дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда анча олдин, январь ойининг охирларида содир бўлди. Ҳар бир фуқарога масофадан ишлаш имконияти берилди, мактабларда таътиллар эълон қилинди, хорижлик талабалардан мамлакатга келмай туриш сўралди. Ва ҳукумат Хитой билан чегарани ёпди. Фуқароларнинг масъулиятлилиги ва ҳукумат томонидан кўрилаётган тезкор чоралар туфайли шаҳар тезда муҳофаза қилинди. Дарҳол ҳамма жойда антисептиклар ўрнатилди, кўчаларда одамларга ўзларини ҳимоя қилишлари учун қўлқоплар ва ниқоблар бепул тарқатилди.

Ҳаёт тарзи ўзгарди

Мен таълим учун кўпроқ вақт ажрата бошладим. Энди менда университетга бориш, курсдошлар ва профессорлар билан алоқа қилиш имкони йўқ. Оддий ўқув машғулотлари йўқ ва барча дарслар онлайн платформаларда олиб борилади. Бу менинг топшириқларни бажаришимга сарфланадиган вақтимга сезиларли даражада таъсир қилди. Агар илгари жараён тахминан 7-9 соатни олган бўлса, эндиликда бу учун 15-17 соат сарфлай бошладим. Ҳукумат сўраганидек, мен ўзимни ўзим изоляция қилган ҳолда ёлғизликда вақт ўтказяпман ва жуда камдан-кам ҳолларда ташқарига чиқаман: вақти-вақти билан овқатланиш учунгина. Илгари боришни канда қилмайдиганим маданий тадбирлар, бар ва кафеларга бормаяпман. Бахтимга, қариндошларим ва дўстларимдан ҳеч бири зарарланмади, умид қиламанки, бундан кейин ҳам касал бўлишмайди.

Иккинчи тўлқин

Дастлаб зарарланганлар анча кам эди – атиги 230 киши атрофида. 5 ҳафта давомида бу кўрсаткич ўзгаришсиз турди, кўпгина беморлар тузалиб ҳам кетишди. Афсуски, вафот этганлар ҳам бор эди. Аммо яқинда инфекциянинг иккинчи тўлқини ҳақида маълумот пайдо бўлди. Шу сабабли, ҳозирги пайтда ҳукумат ҳимоя чораларини кучайтирди: ташқарига чиқмаслик ва турли тадбирларга бормасликни сўрамоқда. Матбуотдаги хабарларга кўра шаҳар мэри бар ва ресторанларда алкоголли ичимликлар сотувига тақиқ қўйилиши мумкинлигини эълон қилган, чунки у ерларга борганлар орасида вирусдан зарарланганлар кўп.

Хорижликларнинг мамлакатга киришига йўл қўйилмаяпти, чунки улар орасида ҳам инфекцияга чалинганлар кўп учрамоқда.

Мен Ҳонконгда вирус оммавий тарзда тарқалган, деб ҳисоблашга қаршиман, чунки 7,5 миллион аҳолига эга бўлган ҳудудда 3 ой ичида бор-йўғи 700 га яқин одам зарарланган ва уларнинг аксари касалликни муваффақиятли енгиб ўтган.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди: фотографии из личного архива
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар