Қабул қилинган карантин чоралари туфайли таълим муассасалари биринчилардан бўлиб ўзгаришларга дуч келдилар: масофадан туриб билим олиш бошланди, виртуал кундаликлар пайдо бўлди, кейинчалик эса имтиҳонларни онлайн топшириш имконияти туғилди. Биз Тошкентдаги Инҳа Университети ректори в.б. Музаффар Жалолов билан пандемиянинг мамлакатдаги олий таълимга таъсири қандай бўлганлиги ҳақида суҳбатлашдик.


Музаффар Жалолов

Тошкентдаги Инҳа Университети ректори вазифасини бажарувчиси

Карантин даврида барча университетлар онлайн-таълим соҳасида катта тажрибага эга бўлишди, аммо мамлакатда интернетга уланиш билан боғлиқ қийинчиликлар ҳали ҳам тўлақонли таълим олишга тўсқинлик қилмоқда. Кўпгина ОТМлар ўқув йилини онлайн-дарслар билан бошлашади, лекин, кейинчалик талабалар барибир оффлайн-синфларга қайтадилар.

Пандемиянинг таъсири: ижобий ва салбий томонлари

Бир томондан, пандемиянинг олий таълимга таъсири ижобий ҳисобланади, чунки кўплаб ОТМлар таълимнинг классик моделидан масофавий моделига ўтдилар ва бу нафақат талабалар учун, балки ўқитувчилар учун ҳам  ҳақиқий тажриба бўлди.

Бизнинг университет ҳам онлайн-таълимга ўтди. Пандемия тез орада тугамаслиги маълум бўлгач, биз ҳам оралиқ ва якуний имтиҳонларни онлайн-шаклга ўтказдик. ОТМ мутахассислари қисқа вақт ичида масофадан туриб ўқитиш платформасини — IUT DES, IUT Distance Education System ишлаб чиқдилар. Бу тизим масофадан туриб ишлайди: ўқитувчилар тайёрланган видеомаърузалар ва тақдимотларни жойлаштиришлари мумкин, талабалар эса  ушбу контентни ўзларига қулай вақтда TAS-IX зонасида кўриб чиқишлари мумкин.

Шуни қайд этишим жоизки, барча учун осон бўлмаган ушбу вақтда, икки мобил операторлари Ucell ва Uzmobile бизни қўллаб-қувватлаб, таълим платформасидаги сайтга чексиз кириш имкониятини тақдим этдилар.

Агар пандемиянинг салбий томонлари ҳақида гапирадиган бўлсак, инқироз туфайли, биз бу даврда ўқиш учун тўловларни қабул қилишни тўхтатдик. Оқибатда университетнинг даромадлари сезиларли даражада камайди. Бундан ташқари, менга университет жозибасини йўқотгандек туюлади: бино бўм-бўш, йўлакларда биз ўрганиб қолган қолган шовқин йўқ, холлда роботлар «югуришмайди», жонли воқеаларни эса фақат эски плакатлар эслатади. Бу, албатта, озгина қайғули.

Биринчи онлайн-имтиҳонлар: у қандай бўлади?

Тошкентдаги Инҳа университетига биринчи қабулдан бошлаб, абитуриентлар хужжатларни онлайн-платформа орқали топширишган. Шунинг учун, бу ерда бирор нарса ихтиро қилишимизга ҳожат қолмади. Аммо бу йил COVID-19 пандемияси сабабли, Жанубий Кореядаги Инҳа университети билан келишиб, кириш имтиҳонларини онлайн режимига ўтказишга қарор қилдик. Сўзсиз, бу биз учун ноёб тажриба бўлади.

Корея томони билан биргаликда ишлаб чиқилган янги қоидаларга мувофиқ, абитуриентлар биринчи кириш имтиҳонларини «Компьютер ва дастурий таъминот инжиниринги» ва «Логистика» факультетларига 23 июнь куни ZOOM иловаси ёрдамида онлайн тарзда топширишади.

Бу йил имтиҳон топшириш учун интернет, компьютер ва смартфон керак бўлади. Абитуриентлар маълум бир вақтда телефондан ZOOM га киришлари ва имтиҳон топшириғини компьютерга юклаб олишлари керак.  Кейин буни ёзма равишда 30 дақиқа ичида бажариш керак. Бу йил биз саволлар сонини 6 тагача камайтирдик. Вақт тугаши билан варақни ZOOM орқали кузатувчига кўрсатиш, кейин ушбу варақани смартфонга суратга олиш ва текшириш комиссиясига юбориш керак. Текширув давомида ZOOM орқали кўрсатилган ва почта орқали юборилган нусхалар солиштирилади. Ёзма имтиҳондан сўнг, абитуриентлар инглиз тилида қисқа онлайн-интервьюдан ўтишлари шарт.

Жанубий Кореядаги Инҳа университети вакиллари ZOOM орқали имтиҳоннинг ўтказилишини назорат қилишади. Тошкентдаги  ОТМдан ҳеч ким кузатувга қўйилмайди. Дастлабки маълумотларга кўра, имтиҳонда Корея университетининг 32 вакили ишлайди — ҳар бир кузатувчига тахминан 15 тадан абитуриент тўғри келади. Ҳаммаси бўлиб, бу йилда биринчи имтиҳонга 482 абитуриент рўйхатга олинди.

Онлайн-имтиҳонларни ўтказиш биз учун ноёб тажриба ва биз баъзи нозик ҳолатларни кўриб қўйишга ҳаракат қилдик.

Масалан, интернетга уланиш билан боғлиқ муаммолар ёки баъзи техник муаммолар: агар мурожаат этувчи ZOOM га ўз вақтида улана олмаса, биз унга имтиҳонни қайта топшириш учун яна бир имконият беришга тайёрмиз.

Қоидаларга кўра, имтиҳон вазифаларини бажараётган пайтда хонада абитуриентдан бошқа ҳеч ким бўлмаслиги керак. Шунингдек, атрофга, юқорига ва пастга қарашга рухсат берилмайди — бу қоидаларнинг бузилиши сифатида қабул қилинади ва дисквалификация билан тугайди.

Масофавий таълим: заруриятми ёки эҳтиёж?

Масофавий таълим ҳозирги замоннинг жуда муҳим ажралмас қисми.

Ахир, биз эртага қандай тўсиқларга дуч келишимиз мумкинлигини ҳеч қачон билмаймиз. Бундан ташқари, мамлакатимизда бундай таълим моделининг кенг жорий этилиши, ҳаракатланишидаги қийинчиликлари туфайли кўпинча таълим ололмайдиган, алоҳида эҳтиёжли инсонлар учун ўқиш имкониятини яратади.

Онлайн таълим бериш тажрибасига эга бўлган бизнинг хорижий профессорларимиз яқин келажакда амалдаги таълим модели Тўртинчи саноат инқилобида ваъда қилинган моделдан жиддий фарқ қилишига ишонишади. Классик таълим аста-секин таниш маърузалардан контекст-йўналтирилган таълимга ўзгариб бормоқда. Аммо бу ўзгариш учун яхши Интернетдан ташқари, таълим жараёнида иштирок этаётган барча томонларнинг қизиқиши жуда муҳимдир.

Университет матбуот хизмати томонидан Telegram-каналда ўтказилган сўров натижаларига кўра, аксарият талабалар масофадан ўқитиш тизимига ўтишни салбий қабул қилишмоқда. 800 респондентнинг 35% бундай машғулотларни самарасиз, деб билишади. Яна 16% мамлакатимиз ОТМлари бундай янгиликка тайёр эмасликларини қўшимча қилишди. Фақат 8% уйда ёки аудиторияда олинган таълим ўртасидаги туб фарқни сезмасдан масофавий таълимга нисбатан бетарафлик билан жавоб беришди. Сўровда қатнашганларнинг 25% масофавий таълим тарафдорлари ва ҳозирги таълим тизимига янгиликларни киритиш вақти келганлигини таъкидладилар. Яна 16% янгиликни қўллаб-қувватлаб, уни қизиқарли тажриба, деб аташди. Аммо шахсан мен, бу вақт масаласи, деб ўйлайман. Аввалига ҳар доим янги нарсага мослашиш жуда қийин. Айниқса, бу янгилик дабдурустдан ҳаётимизга кирса.

Шу сабабли, ОТМлар таълимнинг аралаш турини жорий этишни бошлаши керак. Аудиторияда ўтказиладиган маърузалар вебинарлар билан алмаштирилади, деб ўйлайман. Таълим беришнинг юқори даражаси ва ўзлаштириш жараёнини назорат қилишнинг қулай тизими ўқув жараёнининг сифатини пасайтирмайди. Шу билан бирга, таълимнинг аралаш шакли талабаларда аста-секин мустақил равишда таълим олиш қобилиятини ривожлантиришга имкон беради.

Биринчи босқичда аралаш машғулот турига ўтиш имкониятини кўриб чиқяпмиз. Шунингдек, талабаларнинг ўзлаштириши ва ўқитувчиларнинг мавқеини ҳисобга олган ҳолда, тўлиқ масофавий таълимни жорий этиш имкониятини истисно қилмаймиз. Бундан ташқари, биз танлаш ҳуқуқини тақдим этамиз: классик ёки масофавий таълим. Дарҳақиқат, ушбу уч ой давомида биз ноёб тажрибага эга бўлдик ва уни ривожланиш учун ишлатиш керак.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар