Коронавирус пандемияси ва мамлакатда жорий этилган карантин чоралари кўпчиликни қийин аҳволга солиб қўйди ва ёрдамга муҳтож одамларнинг сонини кескин оширди. Бироқ қатъий чекловларга қарамай, ҳукумат ягона хайрия марказини ташкил этишга қарор қилди. Ёшлар иттифоқи кўмаги билан марказ кекса ва кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш бўйича тадбирларни ўтказди. The Mag таҳририяти бутун кучини ёрдамга муҳтож бўлганларни қўллаб-қувватлашга йўналтирган одамлар билан марказдаги иш, қийинчиликлар ва сабоқлар ҳақида гаплашди.


Алишер Саъдуллаев

Сенатор ва Ёшлар ишлари агентлиги директори

Бизнинг ишимиздаги энг қийини — жамиятнинг эскирган фикрини ўзгартириш

Кўнгиллилардан бири

Менинг кундалик ҳаётим — бу доимо ёшларни ташвишга соладиган муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш йўлларини излаш. Мен ёшларни, ёш тадбиркорларни қўллаш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан шуғулланаман. Биз ўзимизни англашга — кимдир учун ўқитиш лойиҳалари ёрдамида, кимдир учун, масалан, стартап ғоясини амалга оширишда ёрдам берамиз.

Менинг ишимдаги энг қийини — бу Ёшлар иттифоқи ҳақидаги жамиятнинг эски қарашларини ўзгартириш, чиндан ҳам ишлайдиган тизим лойиҳаларини яратиш ва ўзингиз оддий йигитларнинг вакили эканлигингизни ҳамда амалда уларга ёрдам беришингиз кераклигини унутмаслик.

Марказ фаолияти

Мувофиқлаштириш маркази иши учта муассаса — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар иттифоқининг кўмагида ташкил этилди. Вилоятларда эса вилоят ҳокимликлари қошида ташкил этилди. Марказ муҳтожларга ёрдам бериш учун ташкил топди. Биз бошиданоқ уч босқичда ишладик: марказда қўнғироқларни қабул қилиш, талабномалар рўйхатини шакллантириш, озиқ-овқат, дори-дармон ва зарур маҳсулотларни етказиб бериш. Бундан ташқари, Марказ «Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракатининг ишига ёрдам берди.

Кўнгиллиларни саралаш

Марказни яратишда ва у кўрсатиши керак бўлган ёрдам рўйхати билан боғлиқ масалани ҳал қилишда дори-дармонлар тўғрисида савол туғилди. Агар одамлар дори-дармонларни сўрашса, оператор номларни тўғри ёзиб олиши керак. Шунинг учун тиббий кўнгиллилар, Тошкент стоматология институти талабалари колл-марказига жалб қилинди.

Дастлаб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун хамма истовчиларни олдик. Аммо бунақа ёндашув самарасиз эди. Кўнгиллиларнинг доимий ишини ташкил этиш жуда қийин эди ва ҳатто стикерни олганидан кейин бутунлай ғойиб бўлганлар ҳам бўлди. Шунинг учун биз «Меҳрли қўллар» жамғармасидан дўстларни таклиф қилдик ва йирик кўнгиллилар гуруҳларидаги қолишни истаганларнинг ҳаммасини қолдирдик, шунингдек, Ёшлар иттифоқининг бошқа волонтёрлик лойиҳаларидан йигитларни жалб қилдик.

Икки ҳафталик карантиндан сўнг, кўнгиллилар кўпайиб кетди. Аммо ресурслар чекланганлиги ва Марказда ишлайдиганларнинг хавфсизлиги учун биз жамоага янги одамларни жалб қила олмадик.

Психолог-волонтёрлар

1197 рақами бўйича психологик ёрдам кўрсатган кўнгилли руҳшунослар ҳақида алоҳида гапириб ўтиш керак.

Бу ўз ташаббуси билан бизга масофадан ишлашни таклиф қилган қаҳрамонларнинг бутун жамоаси.

Психологларни ушбу форматда кўмак берганидан жуда хурсанд бўлдим.

Ҳомийлар

Марказ ишида ҳомийлар ва бизнес кўнгиллилари муҳим рол ўйнади. Улар бизга доимо ҳам сўзда, ҳам амалда ёрдам беришди. Баъзи кўнгиллилар, шу қаторда ишбилармонлар ва турли соҳалардаги мутахассислар Марказнинг муаммоларини ҳал қилиш учун ҳар куни биз билан бирга ишладилар.

Устуворликлар

Биз учун устувор вазифа кўнгиллилар эҳтимолий касалланиши билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш, шунингдек, етказиб берилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш эди. Биз карантин тадбирларининг ўзгаришига тезда мослашдик ва идоралараро ҳамкорлик ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмини яратишга муваффақ бўлдик.


Севара Назархон

Қўшиқчи

Янги ишда янги ҳаёт бошлагандек бўлдим

Эҳтиёжмандларга ёрдам беришни хоҳладим

Кўнгиллиларнинг иши қийин, бу вазифа ҳис-туйғуларга тўла. Биз ҳаммамиз бундай ҳолатга биринчи марта дуч келдик, шу сабабли, вазиятга қараб зудлик билан муносабат билдиришга тўғри келди. Телефон тармоғининг нариги томонидаги одам ёрдамга муҳтож — бу кўнгиллилар ишидаги энг асосий мотивация ҳисобланади.

Менга келсак, оддий кўнгилли сифатида ишладим. Марказда фаолият юрита бошлаганим тўғрисидаги расмни қўйганимдан сўнг, бир куни бир аёл қўнғироқ қилди. У ўз мурожаатини қолдириб, охирида: «Мен Севара Назархон ҳам қўнғироқларни қабул қиляпти, деб эшитдим» деди.

Пиар

Албатта, қийинчиликлар ҳам бўлди. Кимлардир мени шундай вақтда Марказда пиар қилишга қарор қилган, деб ўйлашди. Асло бундай эмас. Биринчи кунларда мен мутлақо мавҳум шахс сифатида ишладим: махсус кийимда ҳамма бир хил кўринишда эди, шу туфайли, мени таниб олишлари осон эмасди.

«Юлдуз» билан суҳбат

Шахсан менга фақатгина «юлдуз» билан гаплашиш учун қўнғироқ қилишмади. Линияга тушиш жуда ҳам қийин эди. Аслида, ҳақиқатда ёрдамга эҳтиёжманд бўлганлар қўнғироқ қилишарди. «Мавзуга алоқаси бўлмаган» қўнғироқлар ҳам бўлди — кўпинча ўзига хос нарсаларни сўрашарди: сигаретлар, масалан, баъзи буюмлар. Биздаги рўйхат аниқ эди —  фақат бирламчи зарурий бўлган маҳсулотлар. Қўшиқ куйлаб беришимни сўраганлар ҳам бўлди. Маълумотларни киритаётганимда, вақтни тежаш, қўнғироқ вақтини узайтириб юбормаслик учун куйладим. Менимча, бу инсонларни бироз тинчлантирар эди. Мусиқа шунақа, у ҳамма нарсага қодир.

Қайта ибтидо

Марказ «non-stop» тартибида ишлади, барчага қийин бўлди, лекин, ўйлайманки, биз буни уддаладик. Ушбу карантин ким аслида ким эканлигини жуда яхши кўрсатиб берди. Менда худди қайтадан бошлаш содир бўлди. Ортиқча ва кераксиз нарсалар олиб ташланди, устуворликлар яхшироқ кўрина бошлади. Марказда ишлаш яна бир бор халқимизнинг нақадар ажойиб ва меҳрибон эканлигини, меҳр-оқибат дунёни қутқариши ҳақида эслатди — меҳр-оқибат барчамизни қутқаради.

Ҳар бир кўнгилли билан фахрланаман

Марказда ажойиб ёшлар меҳнат қилишди. Бир куни иш кунидан сўнг, брифинг ўтказиш учун ёшлар билан қолганимизда, улар Марказ ва кўнгиллилар ҳақида ўзлари басталаган қўшиқни гитара жўрлигида куйлашди. Уларнинг ёниб турган кўзларига қараганимда, мени чин ҳис-туйғулар қамраб олди! Буни тасвирлаб бериш имконсиз.


Аъзамхўжа Расулов

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси

Хаёлдаги кичик омбордан амалдаги «Узэкспомарказ»нинг бутун бир павильонигача

Карантин бошида биз мустақил равишда муҳтожларга зарур маҳсулотларни етказиб берар эдик. Ҳаммаси бўлиб ўнга яқин гуруҳ тўпланди, аммо ҳаракатланишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқарилгач, ишимиз тўхтаб қолди. Ёшлар Иттифоқи номидан хайрия гуруҳлари координаторлари билан боғландим ва биз тезда бирлашдик.

Дастлаб ҳокимлик муҳтожларга ёрдам беришимиз учун хона ажратиб беришини истагандик. Аммо кейинчалик Вазирлар Маҳкамаси ёрдам марказларини очиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу жуда катта ўзгариш эди. Ёшлар Иттифоқи марказга кўнгиллиларни жалб қила бошлади ва иккиланмасдан ёрдам бериш ҳамда кўнгилли жамоанинг бир қисми бўлиш истагини билдирдим.

Улар аллақачон менинг фаолиятимга кўникиб қолишган

Аслида бундай вазиятларда ҳар бир киши вирус юқтиришдан қўрқади; нафақат ўзимиз учун, балки қариндошларимиз учун хавотирда бўламиз, чунки биз улар учун жавобгармиз. Ота-онам энг яқин ва қадрдон инсонларим сифатида дастлаб карантин пайтида ёрдам бериш истагимни маъқулламадилар. Аммо кейинчалик ҳаракатларим учун жавобгар бўлишимга, барча хавфсизлик ва гигиена чораларига риоя қилишимга уларни ишонтиришга муваффақ бўлдим. Улар менинг ишимга аллақачон ўрганиб қолган эдилар, шунинг учун уларни ишонтириш қийин бўлмади.

Ўзингизга ўз вақтида «тўхта» деб айта билишингиз керак

Икки ҳафтадан ортиқ дам олмасдан ишлаганимда қийинчиликлар юзага кела бошлади. Мен меҳнатсеварликка муккасидан кетган иштиёқли инсон эканлигимга қарамай, танам бу суръатга дош бера олмади: самарадорлик пасайиб борар эди. Бундай дақиқаларда энг муҳими ўзингизни алдамаслик ва «Тўхта!» дея билишдир. Мен дам олишга вақт ажратдим, яхши ухладим ва ҳаммаси жойига тушди.

Яхшилик дунёни қутқаради

Марказ ёпилганидан сўнг кўнгиллиларнинг дили хира тортди, чунки бу вақт ичида биз бирлашиб, бир-биримизга кўникиб қолгандик. Бўш вақтимни кўнгилли сифатида фаолият юритишга бағишлашни давом эттираман, чунки яхшилик дунёни қутқаради! Мен оптимистман ва биламанки, бугун қанчалик ёмон бўлмасин, эртага албатта бундан яхшироқ бўлади. Асосийси, тартиб ва ​​одоб-ахлоқ.


Халида Тагиева

Тошкент Давлат стоматология институти талабаси

Инсон бўлиб қолишни унутманг

Кўнгиллилик бу дунёга бошқача назар билан қараш ва ички таянчга эга бўлиш учун ажойиб имкониятдир. Колл-марказ фаолиятидаги асосий нарса — бу иш қанчалик қийин бўлмасин, одамнинг қандай кайфиятда бўлишидан қатъи назар, инсон бўлиб қолишни унутмасликдир. Баъзан сиз кимнидир шунчаки тинглашингиз ва бундай қийин дақиқада у ёлғиз эмаслигини кўрсатишингиз керак — бу жуда муҳим.

Қўрқув бормиди?

Менга колл-марказда ишлашни таклиф қилишганида қўрқмадим — одамларга яхшилик қилиш имкониятидан бахтиёр эдим. Яхшиямки, оилам танловимни қўллаб-қувватлади ва уни мамнуният билан қабул қилишди: улар менга чексиз муҳаббат ва одамларга раҳм-шафқатни тарбиялай олганликларидан хурсанд эдилар.

Бу осон эмас

Бизнинг ишимизда ҳамма нарса кўринганидан-да мураккаброқ. Биз ҳар бир инсонга нисбатан индивидуал ёндашувни топишга, тинглашга, унинг ҳолатини тушунишга ҳаракат қилдик, чунки уларнинг ҳар бирида турлича тақдир.

Яхшилик доим ёмонлик устидан ғалаба қозонади

Қалбимдан жой олган ёрқин кунлар етарлича. Кунлардан бир куни шундай оғир пайтларда ишлаётган барчага миннатдорчилик билдириш учунгина қўнғироқ қилган бир қанча меҳрибон одамлардан қўнғироқларни қабул қилиш имкониятига эга бўлдим.

Менимча, ҳар бир узатилаётган ёрдам қўллари билан бирга дунёда кўпроқ яхшилик улашилмоқда.

Ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолманг, фақат олдинга ва олға ҳаракатланинг. Ахир бизни ёш укаларимиз ва сингилларимиз кузатишади — улар биздан ўрнак олиб, бизга намуна сифатида боқишади.


Фируз Саидазимов

Тошкент давлат стоматология институти талабаси

Мен бўлмасам, ким?

Карантин даврида Марказда кўнгилли бўлиб ишлаш таклиф қилинганида мен хавф остида қолишдан унчалик қўрқмадим. Оила аъзоларимга келсак, улар мени доимо қўллаб-қувватлаб келишди. Пандемия бошланганда биз — Ёшлар иттифоқининг кўнгиллилари аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам бериш учун ўзимиз call-марказ ташкил қилмоқчи бўлдик. ОАВдаги ўлим ва коронавируснинг оқибатлари ҳақидаги хабарлар бирмунча қўрқитарди, лекин ўзимга савол бердим:

Мен бўлмасам, ким? Агар мен ҳақиқатдан ҳам муҳтожларга ёрдам бера олсам, унда албатта бунда иштирок этишим керак.

Ана шунда барча қўрқув қаергадир ғойиб бўлди.

Муҳими — руҳий тушкунликка йўл қўймаслик

Мен Марказдаги барча кўнгиллилар гуруҳининг координатори эдим. Менинг асосий вазифаларим кўнгиллиларни техник жиҳатдан мувофиқлаштириш, барча ташкилий масалаларни ҳал қилиш, мотивация ва ҳоказолар эди. Қийинчиликлар кўп эди, аммо вақт ўтиши билан уларнинг барчаси ҳал қилинди. Масалан, дастлаб асосий вазифамиз қабул қилинган аризалар ҳажмини ошириш эди, чунки кунига 200 000 га яқин қўнғироқ бўларди. Биринчи куни биз 1 000 га яқин аризаларни қабул қилдик, аммо кейин биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ушбу кўрсаткични 4 000 га етказдик. Ҳаммасидан ҳам қийини кўнгиллиларни руҳий тушкунликка тушишдан сақлаш учун уларни кузатиб туриш эди: ҳар хил одамлар қўнғироқ қилишар, баъзилари бақирган ёки йиғлаган, иш тажрибасига эга бўлмаган одам учун эса бу жуда қийин эди. Аммо вақт ўтиши билан кўнгиллиларимиз катта тажрибага эга бўлишди ва менимча, энди call-марказда ишлаш бўйича ўзлари мастер-класслар ўтказишлари мумкин.

Ҳар бир иш куни — кураш

Марказда ҳар куни қандайдир кураш ёки ҳатто уруш бўларди, унда сиз ё ғолиб бўласиз, ёки сизни мағлуб қилишади. Қолган кўнгиллилар менга қараб туришини тушунар эдим ва агар кайфиятим йўқлигини билдириб қўйсам, бу бутун Марказнинг ишига таъсир қиларди. Шу билан бирга, жуда кўп қизиқарли дақиқалар бўлди, ҳар куни бизга қўнғироқ қилган одамларнинг ўзига хос ҳикояларини тинглар ва уларнинг ҳар бирига ёрдам беришга ҳаракат қилар эдик.


Камола Сафарова

Тошкент давлат стоматология институти талабаси

Юрак амри

Мен «Мўъжизалар вақти» ташаббус гуруҳининг кўнгиллиси ҳисобланаман, «Тиббиёт ходимлари-Кўнгиллилар» ҳаракатининг асосчиси ва координаториман.

Инсонни кўнгилли бўлишга мажбурлаш мумкин эмас — бу юрак амри.

Мен доимо мамлакат ва дунё ривожига ҳисса қўшишни, шунингдек, одамларга ёрдам беришни хоҳлаганман. Менга турли одамлар билан учрашиш ва улардан ниманидир ўрганиш қизиқарли. Инсоният манфаати учун кўп иш қилиш мумкин, деб ўйлайман ва албатта, яхши жамоа билан биргаликда. Яхши жамоада режалар, лойиҳалар ва орзуларни амалга ошириш ҳар доим қизиқарли бўлади.

Ҳаёт тўхтаб қолди

Карантин даврида вазият бир хил эмас эди: одамларга нафақат озиқ-овқат, балки маънавий ёрдам ҳам зарур эди. Кўнгилли бўлишни истаганлар кўп эди ва бу жуда хурсанд қиларди.

Ҳар бир инсоннинг дардини ҳис эта олиш

Ўз ҳис-туйғуларимиз билан курашиш, холис тингловчи бўлиш жуда қийин эди, чунки, мурожаат қилувчилар билан мулоқот қилиш вақти чекланган эди. Кўплаб воқеалар ва вазиятлар бизга барқарорликни сақлашга, кўнгиллиларнинг жамоавий руҳи ва ҳиссий ҳолатини сақлашга ёрдам берди. Ҳатто психологлардан маънавий ёрдам олдик, бунинг учун улардан, биз билан ишлаган ташкилотчилар ва мутахассислардан жуда миннатдормиз.

Ҳаётнинг қимматбаҳо дарслари

Марказда бирорта ҳам ёмон кун бўлмаган, ҳа, ҳиссий жиҳатдан қийин кунлар бўлган, улар жуда катта аҳамиятга эга ва беиз кетмаган — мен кўплаб ахлоқий қадриятлар ва пойдеворларни қайта кўриб чиқдим, қаердадир кучайдим. Бу ҳаётнинг қимматбаҳо дарслари эди, бунинг учун тақдирдан жуда миннатдорман.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар