Дунёни инсониятнинг катта қисмига зарар етказиши мумкин бўлган шафқатсиз ва хавфли COVID-19 вируси қамраб олди. Шу муносабат билан, юртимизда коронавирус билан курашишга қаратилган қатъий чоралар мунтазам жорий этилмоқда. Улар нима учун керак, нима учун барча тавсияларга амал қилишимиз лозим ва ушбу вазиятда ҳар биримизнинг тутаётган ўрнимиз каби масалаларни ушбу материалимизда муҳокама қиламиз.


Қатъий чоралар касалликни тўхтатадими?

Албатта, карантин вирусни ўлдира олмайди. Ушбу чоралар аҳоли орасида инфекциянинг кенг тарқалиш эҳтимолини камайтириш учун татбиқ қилинмоқда. Касалликга қарши расман тан олинган вакцина бўлмаса ҳам, чеклов чоралари коронавирус тарқалишини сезиларли даражада камайтириши мумкин. Юқори суръатда зарарланиш беморларга ёрдам берадиган тиббий ходимларнинг етишмаслигига олиб келиши мумкин.

ЭПИДЕМИОЛОГИЯДА БУ, ШУНИНГДЕК, ТИББИЙ ЁРДАМ ТИЗИМИГА ТУШАЁТГАН ЮКНИ ЕНГИЛЛАТИШ ДЕЙИЛАДИ

Нима учун биз касаллар сони кўпаймасданоқ чора кўришни бошладик?

Таълим муассасаларини ёпиш кўринишидаги биринчи карантин чоралари 16 март куни, мамлакатда саноқли одамлар касалланганидан сўнг жорий этилди. Кўпчилик инфекция кенг тарқалгандан сўнг карантин жорий этилиши керак, деб ўйлайди. Аслида бундай эмас ва эрта чеклов чоралари эпидемиологик касалликларга қарши курашда энг самарали ҳисобланади. 9 март куни Италияда карантин эълон қилинди. У пайт коронавирус ташхиси билан касалхоналарда аллақачон 9 минг киши даволанаётган ва ўлганлар 400 кишидан ошган эди. Эҳтимол, карантин илгарироқ жорий этилганида, аҳоли ўртасида инфекциянинг бу даражада тарқалишининг олдини олиш мумкин бўлар эди.

Мен нима қила оламан?

Биз диванда ётиб дунёни қутқаришимиз мумкинлиги ҳақидаги ҳазил ҳақиқатга яқин. Албатта, коронавируснинг тарқалиш тезлиги ва давомийлиги кўп жиҳатдан инфекциянинг ўзига хос хусусиятларига боғлиқ — унинг ташқи муҳитга чидамлилиги, ҳужайраларга сингиши ва ҳоказолар. Бироқ, бунда одамларнинг хулқ-атвори омили ҳам муҳим рол ўйнайди. Хитойнинг ўзида, баъзи мутахассисларнинг фикрига кўра, карантин чоралари жуда кеч жорий қилингани сабаб, бу вируснинг кенг тарқалиб улгуришига олиб келди. Шу сабабли, одамлар орасида масофа сақланиши ва алоқа чекланиши COVID-19 тарқалишини назоратга олишда муҳим рол ўйнаши мумкин.

Маълумот учун:

17 кун — коронавирус юзаларда яшашга қодир бўлган ўртача вақт. Коронавирус пластик ва пўлат юзасида энг узоқ вақт сақланади. Пластмасса ва зангламайдиган пўлатда вирус уч кунгача яшаши мумкин. У картонда тахминан бир кун, мисда тўрт соатгача яшайди. Вирус зарралари сувда тўққиз кунгача, совитилиб музлатилганда эса бир неча йилгача яшаши мумкин.

Агар менда коронавирус белгилари бўлмаса ва ўзимни яхши ҳис қилсам, унда нега уйда қолишимни сўрашмоқда?

Бошқалардан юқтиришингиз эҳтимоли борлиги туфайли. Агар Хитой мисолида гапирадиган бўлсак, унда кучли карантин чоралари жорий этилганидан кейин янги касалланишлар сони кескин камайди. Айтиш керакки, ижтимоий изоляция ва масофа сақланиши ижобий натижалар бермоқда.

Шунингдек, Италияда касалланганлар ва ўлимлар сони кескин ошиб кетишидан келиб чиқиб, инфекция мамлакатда узоқ вақтдан бери яширин ривожланиб келган, деган фикрлар мавжуд. Италия олимлари томонидан ушбу талқин ретроспектив тадқиқотлар натижасида илгари сурилган эди, у Италияда биринчи ташхис қўйилган вақтга келиб, Ломбардиянинг кўпгина шаҳарларида коронавирус аллақачон тарқалиб улгурган, шунчаки ташхис қўйилмаганлигини кўрсатиб берди. Шу сабабли, сизнинг соғлом эканлигингиз хавфсизлик чораларига эътиборсиз бўлишингиз мумкинлигини англатмайди.

Бундан ташқари, касаллик аломатлари ҳаммада ҳам сезилавермаслигини ёдда тутиш керак, айниқса эрта босқичларда. Исландия соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, коронавирус аниқланганларнинг ярмида ҳеч қандай аломатлар сезилмаган.

Бошқа давлатларда ҳам қатъий чоралар кўрилганми?

Албатта, ҳар бир мамлакат вазиятга ўз муносабатини билдириб, пандемияга қарши курашда турли хил чораларни қўлламоқда. Агар биз ҳали ҳам озиқ-овқат дўкони ёки дорихонага бемалол бора олсак, Францияда ҳар қандай мақсадда уйдан чиқиш декларацияланиши керак, яъни, уйингизни тарк этиш сабаби кўрсатилган махсус шаклни тўлдиришингиз керак. Германияда полиция ходимлари жамоат жойларида икки кишидан ортиқ одам йиғилса, шу заҳоти жаримага тортишлари мумкин. Истисно фақат бир хонадонда яшайдиган қариндошлар бўлиши мумкин. Грецияда, бизда бўлгани каби, транспорт ҳаракати чекланган ва ҳаракатланиш учун рухсатномаларни телефон орқали олиш мумкин. Бизнинг яқин қўшниларимиз ҳам жиддий чоралар кўриб қўйишган: Қозоғистонда бир неча кундан бери фавқулодда ҳолат амал қилмоқда, Қирғизистонда эса энди жорий этилди.

Бироқ, бундай чоралар қўлланилмаётган мамлакатлар ҳам бор, гарчи у ерларда касалланганлар бизга қараганда кўпроқ.

Масалан, Швецияда, сўнгги маълумотларга кўра, деярли 3,5 минг вирус юқиши ҳолатлари қайд этилган ва юздан ошиқ ҳолатда ўлим қайд этилган. Давлат расмийлари қатъий чоралар кўрмаган, шунчаки ёши катта ва унчалик соғлом бўлмаган одамларга уйда қолиш, кераксиз сайрлардан воз кечиш, уйда ишлаш ва қўлларни ювиш кераклигини маслаҳат берган.

ҲАЙРАТГА СОЛАЁТГАНИ ШУКИ, ФУҚАРОЛАРНИНГ АКСАРИЯТИ УШБУ ТАВСИЯЛАРГА АМАЛ ҚИЛИШМОҚДА

Эҳтимол, бу аҳолининг ҳукуматга бўлган юксак ишончи билан боғлиқ. Кўпчиликнинг фикрига кўра, одамларни ҳукумат тавсияларига амал қилишга айнан шу мажбур қилади. Бироқ, баъзи экспертлар ҳукумат яқин келажакда карантин режими қўллашига, қатъий чоралар қабул қилишига ишонади. Швеция ҳукумати вазиятнинг бўндай тус олишини инкор қилмаяпти.

Саратон касалига чалинган кимё ва нур терапия олаётган беморлар шаҳар бўйлаб бемалол ҳаракат қила олишмаса, нима қилишлари керак?

Бу саволга АОКА штабида Давлат санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида бўлиб ўтган брифингда жавоб берилди. Агар бемор нур терапияга муҳтож бўлса ва яқин орада жараённи амалга оширадиган бирон бир муассаса бўлмаса, у ҳозирда барча вилоятларда фаолият юритаётган Республика онкология илмий-амалий маркази филиаллари раҳбарларига мурожаат қилиши даркор. Республика онкология илмий-амалий маркази маъмурияти маълумотига кўра, нафақат Тошкентда, балки қўшни вилоятларда ҳам нур терапия ўташ учун махсус жадвал мавжуд. Ва бундай муолажаларга зарур бўлган дорилар дорихоналарда етарлича.

Тарихда қандай пандемиялар бўлган? Улар билан ҳам шу тарзда курашишганми?

Яхшиямки, тарихда дунёнинг катта қисмини қамраб оладиган касалликлар унча кўп бўлмаган: вабо, ўлат, чечак ва испанка. Сўнггисини, айтганча, кўпинча коронавирус билан таққослашади: ўшанда ҳам мактаблар, театр, черков ва судлар ёппасига ёпилган. Баъзи мамлакатларда эса савдогарлар сотиладиган нарсаларини кўчага олиб чиқар, дўконга киришни тақиқлар эдилар. Ўша даврда карантин тадбирларининг кечикиши касалликнинг янада кенг тарқалишига олиб келган эди. Шаҳарларда изоляция чоралари жорий этилгандан сўнг инфекцияни тийиб туришга эришилган ва тиббиёт ривожланиши билан у бутунлай енгилган.

Коронавирусдан тузалган одам қайта зарарланиши мумкинми?

Коронавирус билан оғриган одамда унга қарши иммунитет ривожланади.

ЛЕКИН БУ ВИРУСНИНГ 40 ОРТИҚ ШТАММИ МАВЖУДЛИГИНИ УНУТМАСЛИК КЕРАК

Коронавируснинг бир турига қарши иммунитет бошқа турдан ҳимояни кафолатламайди. Бундан ташқари, ушбу вируслар бир вақтнинг ўзида тарқалади ва одамга бу инфекциялар кетма-кет юқиши мумкин.

Коронавирусни ўлдирадиган иссиқ ҳавони кутиш кераклигини айтишмоқда

Кўпчилик бугунги пандемияни одатдаги грипп билан солиштириб, юқори ҳарорат вирусни енгишига умид қилмоқда. Аммо ҳозирча буни ҳеч ким аниқ айта олмайди. Ҳа, мунтазам мавсумий грипп иссиқ даврнинг бошланиши билан камаяди. Аммо бугунги кунда бутун дунёда фаол тарқалаётган коронавирус грипп каби ўрганилмаган. Бундан ташқари, бу бутунлай бошқа вирус тури.

КУЧЛИ ЭПИДЕМИЯЛАРНИНГ БИР ҚИСМИ СОВУҚ ОБ-ҲАВО ҲУКМРОН БЎЛГАН ҲУДУДЛАРДА СОДИР БЎЛГАН

Шу билан бирга, баъзи мутахассислар ёзги жазирама вирусни йўқ қилишига катта умид боғламаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирмоқдалар. Масалан, Тайландда вирус илиқ об-ҳавода ҳам омон қолмоқда.

Бу қачон тугайди?

Ҳозирча ҳеч ким бу саволга аниқ жавоб беролмайди. Дунё мамлакатлари мутахассислари турли хил прогнозларни беришмоқда: бир неча ойдан бир неча йилгача. Аммо, вирус тарқалиши вакцина расман тайёр бўлганида, уни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиб, зарарланганларнинг аксари эмлангандан сўнг тугаши мумкин. Карантин тадбирлари эса вирус тарқалиши пасайиши билан енгиллашиши мумкин. Буни эпидемиянинг ўчоғи бўлган Хитойнинг Хубей провинцияси мисолида кўриш мумкин.


Ҳар бир мамлакат пандемия билан курашишда ўз усулларини ишлаб чиқмоқда. Қайси чоралар самара беради — буни вақт кўрсатади. Биз фақат кузатишимиз, биз учун янги воқеликка мослашишимиз, мутахассисларнинг тавсияларига риоя қилишимиз ва энг муҳими, ваҳимага берилмаслигимиз даркор.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар