Мусабоев Эркин Исҳоқович — 2004 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-тадқиқот институти директори, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош инфекционисти. Эркин Исҳоқович журналимизга берган интервьюсида янги коронавируснинг пайдо бўлиши, унинг хавфи ва яқин келажакда нималарни кутиш мумкинлиги ҳақида гапирди.


Коронавирус Хитойдан келган. Нолинчи бемор ким бўлганлиги маълумми?

Йўқ, буни, эпидемия қачон бошланганлигини билмагани каби, ҳеч ким билмайди. Жуда ишончли кўринадиган ўз вариантимизни айтаман — биринчи беморлар Хитойда ва эҳтимол Европада 2019 йил ноябрь ойида пайдо бўлган. Гап шундаки, дастлаб коронавируснинг янги тури ҳеч кимда шубҳа уйғотмади, чунки у оддий шамоллашга ўхшайди. Ким оддий шамоллашдан хавотирга тушади? Унинг пайдо бўлиш сабаблари ва нолинчи касалларни ўрганишга фақат эпидемия бошлангач, эътибор берила бошланди ва энди биринчи юқтирган одамни топиш ўта мушкул.

Вируснинг тарқалиши Хитой денгиз маҳсулотлари бозорида бошланган, дейилади. Бошқа маълумотларга кўра, вирус одамга у еяётган кўршапалакдан юққан. Коронавирус пайдо бўлишининг аниқ сабабини ҳозир айта оламизми?

Авваламбор, COVID-19 синтетик ёки тасодифан пайдо бўлган вирус эмас.

Бу кўршапалак коронавирусининг мутацияга учраган геномидир — бу биз риоя қиладиган расмий маълумот. Бу ҳайвонлар учун одатий вирус: улар коронавируснинг ташувчиси, аммо ундан зарарланмайди. Аммо вируснинг тарқалиши айнан қаерда бошланганлигини, қайтараман, аниқ айта олмаймиз.

Касалланганларнинг сони экспонент бўйича ўсмоқда. Қайси даврда одам касал тарқатишга мойил?

Тадқиқот давомида бемор симптомлар намоён бўлишидан 2 кун олдин энг зарарли эканлиги маълум бўлди ва бу асосий қийинчилик.

Сиз ўзингизни яхши ҳис қиласиз, шамоллашнинг ҳеч қандай аломати билинмайди, лекин кўплаб одамларга юқтиришга қодирсиз. Аломатлар пайдо бўлганидан 10 кун ўтгач эса, юқтириш сусаяди. Коронавирус учун тестлар ижобий, одам ҳали ҳам касал бўлади, лекин у деярли ҳеч кимга юқтира олмайди.

80 ёшдан ва ҳатто 100 ёшдан ошган беморлар тузалиши ҳолатлари маълум. Шу билан бирга, ёш ва соғлом беморлар кўз юмишди. Бу иммун тизимининг ҳолати коронавирусда унчалик муҳим эмаслигини англатадими?

Коронавируснинг янги тури нафақат иммун тизими орқали таъсир қилади. У асосан кислород етишмаслиги, гипоксияни уйғотади. Албатта, иммунитет ҳам зарарланади, лекин асосан вирус кислород етишмовчилигига олиб келадиган механизмларни қўзғатади. Шунинг учун, биринчи навбатда, астма, диабет, гипертониядан азият чекадиганлар — танага кислород етиб келиши билан боғлиқ касалликлари мавжуд одамлар қийналишади. Касалликнинг ривожланишида турли ҳамроҳ касалликлар катта рол ўйнайди ва афсуски, кўплаб ёшлар бирон бир касалликдан азият чекади.

Коронавирус қайси аъзоларга зарар етказади? Улар қайта тикланадими?

Аввало, ўпкага таъсир қилади. Мен COVID-19 ни грипп билан солиштираман ва грипп билан бирга неврологик ўзгаришлар рўй беришини кўраман, аммо бу ерда бу ўзгаришлар билинар-билинмас. Ҳа, ўпка шикастланади, уларда чандиқлар пайдо бўлади, аммо ҳаммаси қайта тикланади.

Албатта, тиббиётда юз фоиз ҳақида гапириш мумкин эмас: ҳар кимнинг организми ҳар хил, соғлиғи турлича. Баъзи беморларга коронавирус қайта тикланмас зарар етказиши мумкин, аммо ҳозирги кунга қадар, мавжуд статистикага кўра, бу жуда камдан-кам ҳолларда бўлади.

Кўпгина мамлакатлар коронавирусга қарши ўз вакциналарини ишлаб чиқмоқда. Ўзбекистонда шунга ўхшаш ишланмалар борми?

Вакцина яратиш учун қимматбаҳо лабораториялар қурилиши керак. Масалан, ўта хавфли вируснинг тирик ҳужайралари билан ишлашга имкон берадиган BSL-3 даражасидаги лаборатория зарур. Албатта, биз бу билан шуғулланар эдик, аммо бунинг учун бизда бюджет йўқ. Ушбу лабораторияни қуриш учун маблағ олишни истардик — вакцинани бусиз яратиш мумкин эмас.

Мамлакатимизда ўлим даражаси жуда паст, бошқаларда эса бу кўрсаткич анча юқори. Бунинг сабаби нимада?

Ростини айтсам, билмайман. Ўлим даражасининг пастлиги жуда яхши кўрсаткичдир ва бизда бу ҳақида жуда кўп қизиқарли талқинлар мавжуд. Аммо ҳар қандай талқин текширилиши, далиллар билан исботланиши керак ва бунинг учун кўплаб илмий тадқиқотлар ўтказилиши керак. Биз маблағ ажратишни сўраб давлатга мурожаат қилдик ва агар улар бизга қулоқ тутса, биз ўлим даражасининг пастлиги нима билан боғлиқлигини аниқ билиб оламиз.

Коронавируснинг кейинги тақдири ҳақида нима дея оласиз? Вирусологларда келажакка оид бирон бир башорат борми?

Ўз тажрибамдан айта оламанки, оммавий инфекцияларнинг бир неча фасли бор, шундан кейин коллектив иммунитет пайдо бўлади ва касаллик, қисқаси, одатий шамоллаш тоифасига ўтади. Коронавирус билан ҳам худди шундай бўлади, деб умид қиламан. Бундан ташқари, ҳозирдаёқ биз беморларда кўп ўзгаришларни кўрмоқдамиз: пандемиянинг бошланишига нисбатан сўнгги ҳафталарда ушбу касалликка чалинганлар уни анча енгил ўтказишмоқда.

Қандай бўлмасин, умид қиламанки, ҳеч қандай ҳалокатли ўзгаришлар бўлмайди ва барча синовлар бизни фақат чиниқтиради. Барча ўқувчиларга ва уларнинг оилаларига мустаҳкам соғлиқ тилайман!

Мақолани тайёрлади: Екатерина Спрыскова
Фото муаллифи: Акмаль Саидов
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар