Тошкентда барча жамоат транспорти воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди, жумладан, метрополитен, автобуслар ва йўналишли таксилар. Бу қарор Республика махсус комиссиясининг коронавирус вазиятида карантин чораларини кўриш доирасида қабул қилинди. Мамлакатимизда фавқулодда вазиятлар шароитида яна қандай чекловлар вужудга келганлиги ва карантин режимида бошқа мамлакатларда қандай чоралар кўрилганлиги тўғрисидаги батафсил маълумот бизнинг материалларимизда.


Карантин — қисман ёки тўлиқ изоляция орқали инфекциялар тарқалишининг олдини олишга қаратилган чеклов чоралари. Алоҳида одамни ҳам, бутун шаҳарни ҳам ва ҳатто давлатларни ҳам қуролли кучлар билан периметр бўйича қўриқлаш орқали изоляциялаш мумкин.

Ўзбекистон

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 43
  • Соғайиб кетганлар: 0
  • Вафот этганлар сони: 0

Ўзбекистонда 22 мартдан бошлаб жамоат транспорти — метро, автобуслар ва маршрут йўналишли таксилар ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳаида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириши ва унинг тарқалишини олдини олишда дастурий чораларни тайёрлаш бўйича ўтказилган Республика махсус комиссиясининг йиғилишида эълон қилинди.

Ушбу йиғилишнинг 8-сонли баённомасида белгиланган топшириқлар бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Қарорга асосан:

— Тошкент шаҳри ҳудудида 2020 йил 22 мартдан бошлаб, мулк шаклидан қатъи назар, йўловчиларни ташиш хизмати билан шуғулланувчи жамоат транспортининг (метро, автобуслар ва йўналишли таксиларнинг) ҳаракати вақтинчалик тўхтатилади. Бу тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, йўловчилар гавжум жойларда ҳам тарқатилади.

— Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси томонидан махсус дезинфекция қилинган автобуслар тиббиёт муассасалари ходимларини ташиш учун тақдим этилади.

— Жамоат транспорти ўрнига Тошкент шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик  маркази (СЭОМ) томонидан дезинфекция қилинган таксилар ҳаракати йўлга қўйилади.

— Йўналишга чиққан ҳар бир таксига ҳар куни СЭОМ томонидан дезинфекция қилинганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

— Шу билан бирга, масъул шахсларга таксида йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчиларнинг нархларни сунъий равишда оширишга йўл қўймасликка қаратилган ишларни бошлашлари топширилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 16 мартдан бошлаб короновируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида олий таълим муассасалари, мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари ёпилган эди. Бу ҳақда Бош вазир Абдулла Арипов хабар берди. Халқ таълими вазирлигининг ахборотига кўра, таътил кунлари Миллий телерадиокомпания телевидение орқали ўқув кўрсатувларини тайёрлаш ва узатишни ташкил этади.

Бош вазир Наврўз байрами кунлари халқ сайллари ўтказилмаслигини қайд этди. Бундан ташқари, барча концертлар, маданий ва спорт тадбирлари номаълум муддатларгача ўтказилмайди. Ўзбекистон чегараларини ҳамда ташқи авиа ва автойўлларини ёпди. 2000га яқин жамоат муассасалари иш фаолиятини тўхтатди, хусусан, тренажер ва фитнес заллари, тунги клублар, караоке-клублари, болалар ўйин ва компьютер заллари, массаж заллари ва сауналар.

Жамоат транспортининг барча турлари 22 мартга қадар мажбурий равишда охирги бекатларда ҳар 4 соатда дезинфекция қилинди.

23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги мулк шаклидан қатъи назар, барча корхона ва ташкилотлар ўзларининг ходимларини қонунда белгиланган тартиб қоидаларга мувофиқ таътилга чиқаришлари лозим бўлади. Баъзи ходимларнинг иш фаолияти масофадан туриб ишлаш тарзида амалга оширилади.

23 мартдан Ўзбекистон ҳудудида шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)сиз ҳаракатланиш тақиқланади. 25 март соат 6:00 дан ушбу қоидани бузганлик учун 1 базавий ҳисоблаш  миқдорида (223 минг сўм), такрорий равишда бузганлик учун 3 БҲМ (669 минг сўм) жарима ёзилади.


COVID-19 тарқалиши деярли бутун дунёни қамраб олди. Лекин турли давлатлар коронавирус шароитида ўзлари билганича таъсир чораларини кўрмоқдалар. Қаердадир юқори тайёргарлик режими киритилган, бошқа бир давлатларда қаттиқ карантин режими амалда бўлиб, махсус хужжатларсиз кўчаларга чиқиш мумкин эмас.

МДҲ давлатлари

Қозоғистон

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 53
  • Соғайиб кетганлар: 0
  • Вафот этганлар сони: 0

Қозоғистонда 53 киши коронавирус инфекцияси билан касалланган: Олма-отада 22 нафар, Нур-Султонда (улардан бири россиялик) 28,  Қарағандада 2, Олма-ота вилоятида 1 нафар. Яна хориждаги икки қозоғистонликда коронавирус аниқланган (Германия, Венгрия). Стационар карантинга 940 киши, уй карантинига 2611 киши олинган.  

Фавқулодда ҳолат режими

Қозоғистонда 15 мартдан фавқулодда ҳолат режими амал қила бошлади ва у 15 апрелнинг тонгигача давом этади. Карантин тартиби киритилгач, савдо-кўнгилочар марказлари, кинотеатр ва театрлар фаолияти тўхтатилган, оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланган, чет эл фуқароларининг мамлакатга киришига чекловлар ўрнатилган. Бозорлар, маркетлар ва дорихоналар доимий тартибда ишламоқда.

Қозоғистон иқтисодиёти ва аҳолиси ҳаётини узлуксиз таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат ва бошқа турдаги товарларга чекланган тарифлар ва нархлар ўрнатилди.

Нур-Султон ва Олма-отада карантин зонаси периметри ўрнатилган, ҳаракатланиш чекланган, транспорт қатнови қисқартирилган. Шу билан бирга бу шаҳарларга кириш ҳам чекланган. Олма-ота чегарасида 27 та блокпостлар ўрнатилган. Блокпостларга Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия бўлинмалари, патруль полиция кучлари жалб қилинган. Бошқа шаҳарларда яшовчилар ушбу шаҳардан 22 март соат 00:00 гача чиқиб кетишлари мумкин. Шаҳарга бирламчи зарурий товарлар: озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар, тиббий маҳсулотлар, ҳимоя ва гигиена воситаларини олиб кириш учун «яшил йўлакча» барпо қилинган.

Фавқулодда ҳолат даврида коммунал хизматлар қарздорлик мавжуд бўлганда ҳам ўчирилмайди. Қозоғистон регионларида санитар постлар ташкил этилган. Масофадан туриб ўқитиш тизими ишлаб чиқилмоқда.

Нур-Султон ва Олма-отада кам таъминланган аҳолига COVID-19 тестидан ўтиш хизмати бепул тақдим этилади.


Россия

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 306
  • Соғайиб кетганлар: 16
  • Вафот этганлар: 1

Юқори тайёргарлик режими

Москвада 5 мартдан бошлаб шаҳар мэрининг топшириғи билан юқори тайёргарлик режими киритилди. Имзоланган ҳужжатга мувофиқ, коронавирус бўйича ноқулай вазиятдаги давлатлардан келган фуқаролар Россияга келган кунидан бошлаб 14 кун мобайнида уйларида ўзларини изоляция қилишлари зарур.

Москвада 21 мартдан 12 апрелгача барча давлат умумтаълим ва спорт мактаблари, шунингдек, қўшимча таълим муассасалари коронавирусга боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, карантинга ёпилди.

Бошланғич мактабларда ота-оналар талабига биноан санитар режимга қатъий риоя қилган ҳолда 12 кишидан ошмаган кичик навбатчи гуруҳлар ташкил этилади. Таъкидланишича, мактабгача таълим муассасалари ўқувчилар дарсларга келишини мажбурий бўлишини талаб қилмаган ҳолда доимий тартибда ишламоқда. Коллежлар масофадан туриб ўқитишни ташкил этмоқда. Таълим вазирлиги барча мактаб ва ОТМларини масофадан туриб ўқитишга ўтишни, болалар боғчаларида эса ихтиёрий бориш тартиби жорий этилишини тавсия этди. Якуний қарор таълим муассасаси маъмурияти ёки маҳаллий ҳокимиятлар томонидан қабул қилинади.

Москва раҳбарияти коронавирус билан боғлиқ вазиятда метрони ёпмаслик тўғрисида баёнот берди.

«Почта России» почта жўнатмаларини қайта ишлашни тўхтатган 15та давлатлар билан алоқаларни чеклади.

Россия Федерацияси ҳукумати 20 мартда COVID-19 тарқалиши шароитида иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича ҳаракатлар режасини тасдиқлади.

Қабул қилинган чоралар:

  • Карантинда бўлган кишиларга касаллик варақаларини масофадан бериш
  • Рецептсиз сотиладиган дориларни масофадан сотиш
  • Бирламчи зарурий товарлар, озиқ-овқат маҳсулотлари импорти учун «яшил йўлакча»

Карантин режимини бузганлик учун жавобгарлик

Коронавирус атрофдагиларга хавф солувчи касалликлар таркибига киради (РФ ҳукуматининг 31.01.2020 йилдаги 66-сонли қарори). Агар фуқаро карантин режимини бузса, жавобгарликка тортилади, шу билан бирга, жиноий жавобгарликкача – 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача боради (РФ ЖК 236-моддаси).

Бутун Россия чегара ҳудудларида ноқулай шароитли ҳудудлардан келаётган шахсларни кучайтирилган икки босқичли стационар ва кўчма тепловизор ускуна ёрдамида назорат қилиш ташкил этилган.

Бош санитар врач Анна Попованинг қарорига кўра, 19 мартдан Россияга барча чет элдан келаётганлар икки ҳафталик карантин ўташга мажбур.

Шу билан бирга, Россиянинг қуруқликдаги Белоруссия, Грузия, Польша ва Норвегия билан чегараларидан одамларни ўтказиш тўхтатилган.

2020 йилнинг 1 майигача Россияга чет эл фуқароларининг кириши чекланган. Истиснолар консуллик ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ходимлари, халқаро йўналишдаги автомобиль ҳайдовчилари ва сув кемалари экипажларига тааллуқли.

Москвада стационар касалхоналарига ташриф буюрувчиларга қўшимча тақиқлар жорий этилди. Иш жойларида, жамоат транспортида, поликлиникаларда ҳароратни ўлчаш, шу билан бирга, манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда.


Қирғизистон

  • Зарарланганлар сони: 14
  • Соғайиб кетганлар: 0
  • Вафот этганлар: 0

Қирғизистонда охирги сутка ичида коронавирусга чалинган яна 6 киши аниқланди. Биринчи ҳолат Боткенда, 5 ҳолат Сузак туманида аниқланган. Бугунги кунга қадар касалларнинг умумий сони – 12 киши.

17 мартдан чет эллик фуқаролар учун мамлакатга кириш тақиқланган, шу билан бирга, шаҳарлараро ва халқаро темир йўл йўналишларида ҳаракатлар бекор қилинган.

Бундан уч кун олдин барча ўқув муассасаларида дарслар бекор қилинган.

21 мартда Қирғизистон ҳукумати томонидан 2020 йилнинг 22 мартидан фавқулодда ҳолатга ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бироқ ҳукумат бу фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазият эмаслигини таъкидламоқда.

Пойтахт ва вилоят чегараларида блокпостлар дислокациясини ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш маршрутларини тиклаш, мамлакат ичида жамоат транспорти ҳаракатланиши тартибига аниқлик киритиш режалаштирилмоқда.


Европа мамлакатлари

Италия

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 53 578
  • Соғайиб кетганлар: 6 072
  • Вафот этганлар: 4 825

«Қизил ҳудуд»

Италияда 3 апрелгача мамлакатга кириш ва чиқиш чекланган, зарурат бўлмаган ҳолатда ички ҳаракатланиш тақиқланган, мамлакат «Қизил зона», деб эълон қилинган.

Ломбардия вилоятининг барча 12 провинцияси, шу билан бирга, Венето, Эмилия Романья, Пьемонт, Марке ҳудудларидан 14 провинция карантин зонасига тушган. Чеклов чоралари Венеция ва Миланга ҳам таъсир қилди. Ҳукумат барча таълим муассасалари, кино, театрлар, музейлар, спорт иншоотлари, дискотекалар, пабларни ёпди, оммавий тадбирларга чек қўйилди, шу жумладан, кишиларнинг йиғилишига сабаб бўлувчи диний маросимлар, тўйлар ва жаноза маросимлари ўтказилиши тақиқланди.

Барча савдо шохобчалари, жумладан, ресторан ва барлар ўз фаолиятларини 25 мартдан тўхтатди. Ҳозирда фақат озиқ-овқат ва бирламчи зарур товарлар дўконлари, шунингдек, дорихона ва газеталар киосклари ишларини давом эттирмоқда. Ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўхтатилмади. Уларнинг ходимларига тегишли хужжатлар асосида мамлакат ичида ҳаракатланишга рухсат берилган. Офис ходимларига масофадан ишлаш режими бўйича қатъий тавсиялар берилган.

Италиядан учиб кетаётган йўловчилар ўзларининг мамлакатни тарк этиши сабабларини асослаб бериши зарур, вақтинчалик келганлар бундан мустасно.

Италияда COVID-19 бўйича енгил симптомлар билан касалланганларнинг тахминан учдан бир қисми госпиталларга юборилмасдан, уйда даволанади.

Мактаблар

Таълим вазири ўқувчилар ва талабалар 3 майгача аудиторияларга қайтмаслигини тахмин қилди. Воқеалар ривожланиши салбий томонга кетса, ўқув йили буткул тугатилади. Ҳозирги даврда дастурларни давом эттириш ва бажарилган ишларга қараб ўқувчиларни баҳолаш бўйича ўқитувчиларнинг мажбуриятлари белгиланди. Ўрта таълим мактабларида якуний имтиҳонлар енгиллаштирилади.

Ҳарбий ҳолат

Мудофаа вазири Лорецио Гуэрини коронавирус пандемияси пайтида фавқулодда ҳолатни назорат қилишда ҳарбийлар тўлиқ тайёрлигини тасдиқлади. Ёрдам сўралган ҳудудларга айни пайтда 7 300 киши юборилди. Ҳукумат камида яна 13 000 аскар буйруққа шай эканини билдирди. Ҳарбий кучларнинг Кампания ва Силицияга жойлаштирилганлиги, шунингдек, Ломбардия ва Лациога юборилиши режаси тасдиқланди.


Буюк Британия

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 5 067
  • Соғайиб кетганлар: 67
  • Вафот этганлар: 234

Карантин

Карантин режими 16 мартдан номаълум муддатгача, деб эълон қилинди. Буюк Британия ҳукумати ўта зарурат бўлмаган тақдирда ўз фуқароларни чет элга чиқмасликка чақирди.

Вазирлар маҳкамаси раиси янги вирусни аниқлаш учун ўтказилаётган тестларнинг ҳажми бир неча бор оширилишига ваъда берди. Мамлакатдаги касалликка чалинганларнинг кўп қисми Лондонда эканлиги боис карантин режими қаттиқ кучайтирилиши кутилмоқда. Лондон метросининг 40 дан ортиқ бекатдан-бекатга ўтиш имконияти бўлмаган бекатлари ёпилди. Ҳукумат пойтахт аҳолисини зарурат бўлмаса кўчага чиқмасликка чақирди, шу билан бирга етакчи тармоқларнинг ишчиларига шаҳар транспортида ҳаракатланишга имконият туғдиришга чақирди.

20 мартдан мактаблар ва бошқа ўқув муассасалари ёпилди. Супермаркетлар ходимлари ва баъзи бошқа хизматчилар зарурий соҳалар вакилларидир. Уларнинг болалари мактабларга боришни давом эттиради. Англия ва Уэльсда мактаб ўқувчиларининг май-июнь ойларида ўтказиладиган йиллик имтиҳонлари бекор қилинди. Лекин ўқувчиларнинг қай тарзда аттестациядан ўтказилиши бўйича маълумот йўқ.

Кафе, паб ва ресторанлар таомни олиб кетиш/етказиб бериш форматига ўтди. Ҳукумат барча тунги клублар, театрлар, кинотеатрлар, спортзаллар ва кўнгилочар марказларни ёпишни қатъий тавсия этди.

Англия черковлари ҳам катта тантанали никоҳлаш ва чўқинтириш тадбирларини ўтказишдан воз кечади. Тўй тантаналари чекланган бўлиб, узоғи 5 киши иштирок этади.

Шартсиз базавий даромад

Карантин режимида Британия ҳукумати мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига шартсиз базавий даромад сифатида бир ойда минг фунтдан тўланиши бўйича имкониятларни кўриб чиқмоқда. Бу чора ушбу даврда ишдан ва бизнесдан маҳрум бўлган шахсларга ёрдам  бўлади. Амалдор Риши Сунак ҳукумат ишламаётган фуқароларга иш ҳақининг 80 фоизини тўлаши кераклигини, бу эса тахминан бир ойга 2 500 фунтгача эканлигини айтди.

Қандай қадамлар қўйилмоқда?

Англия ва Уэльс Бош санитар врачи Крис Уитти соғлиқни сақлаш миллий хизматида ўпкани сунъий нафас олдирувчи (ЎСНО) аппаратлар билан жиҳозланган койка-ўринларнинг танқислиги мавжудлигини кўрсатиб ўтди.

  • Ҳар бир фуқаро бошқалар билан мажбурий бўлмаган контактларни тўхтатиши лозим. Бу айниқса, ёши 70 дан ошган кишиларга, ҳомиладор аёлларга, соғлиғида муаммолар бўлганларга тегишли.
  • Имкон борича одамлар уйдан ишлашлари лозим
  • Жуда зарурат бўлмаган тақдирда сайр-саёҳатларга бормаслик
  • Жуда оғир касалликларга чалинган шахслар (ҳисоб-китобларга кўра улар 1.4 миллион), кимётерапия олувчи пациентлар билан қўшганда, ташқи контактлардан 12 ҳафтага изоляцияланган бўлишлари зарур. Бундай тоифадаги пациентлар NHS дан тўлиқ кўрсатма олишади.

Касал бўлган шахс ва унинг яқин кишилари учун жуда қаттиқ огоҳлантиришлар тузилди:

  • Вабо ёки доимий йўтал билан оғриган ҳар қандай киши, агар бир ўзи яшаса, бир ҳафта, агар у билан бирга яшовчилар бўлса, икки ҳафта давомида уйини тарк этмасликка мажбур.
  • Коронавирус аломатлари бўлган ҳар қандай одам у билан бирга яшовчида ҳам ушбу аломатлар пайдо бўлса 14 кун давомида уйда қолишга мажбур.
  • Мамлакат Соғлиқни сақлаш хизмати авариявий ҳолатга кетирилган. Апрель ўрталаридан бошлаб тизза ва сонларни алмаштиришга ўхшаш стандарт жарроҳлик амалиётлари уч ой муддатга тўхтатилади.

Касалхоналар коронавирус билан зарарланган беморларни изоляция қилиш ва ўз вақтида ходимларни ҳимоя ниқоблари ва костюмлари билан таъминлашни режалаштирмоқда. Касалхоналарнинг гриппга ўхшаш аломатлари бўлган барча беморлари тестдан ўтказилади.

Мамлакатда 65 мингга яқин нафақага чиққан врач ва ҳамширалар ишга қайтишлари мумкин, бу билан улар соғлиқни сақлаш миллий хизматининг (NHS) юкини камайтиришади. Нафақага кетган собиқ ишчиларни охирги уч йил ичида вақтинчалик ишлаб беришга чақиришди.


Франция

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 14 485
  • Соғайиб кетганлар: 12
  • Вафот этганлар: 562

15 кунлик блокировка

Францияда 17 мартдан бошлаб фуқароларнинг мамлакат ичида ҳаракатланишларига чекловлар қўйилган. Аҳолига кўчаларда ҳаракатланишни минимумга келтириш бўйича кўрсатма берилган. Кечиктириб бўлмас ва зарурий иш билан кўчага чиқувчилар эса чиқиш мақсади ва борадиган манзили кўрсатилган маълумотномани кўрсатиши зарур.

Дорихоналар, озиқ-овқат дўконлари, почта бўлинмалари ва ёнилғи қуйиш шохобчалари аввалги режимда ишламоқда.

Ресторан ва барларнинг эгалари учун «бирдамлик фонди» ташкил этилган бўлиб, бизнесини ёпишга тўғри келган ҳамда ўз ходимларини қисман таътилга чиқарганлар фонддан маблағ олишлари мумкин.

Франция ўзининг 15 кунлик блоклашни узайтириши мумкинлиги тўғрисида ахборот берди.


АҚШ

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 26 747
  • Соғайиб кетганлар: 176
  • Вафот этганлар: 340

Фавқулодда ҳолат режими

АҚШда 13 мартдан бошлаб коронавируснинг тарқалиши муносабати билан Фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Умуммиллий ФҲ режими қачонгача давом этиши маълум эмас. Дональд Трамп ФҲ эълон қилингандан кейинги 8 ҳафталик муддатдаги натижа алоҳида аҳамият касб этишини билдирди.

  • Фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ҳукуматга вирус билан курашда қўшимча ресурсларни сафарбар қилиш ва федерал воситаларни штат ва муниципалитетларга ёрдам сифатида йўналтирилиш имконини беради. Гап 50 млрд. долларгача бўлган маблағ ҳақида кетмоқда. Бу пуллар биринчи навбатда вакцина яратиш, диагностика ва қўшимча тиббиёт ходимларини сафарбар этиш учундир.
  • «Оқ уй» коронавирусга тест ўтказиш суръатини тезлаштириш учун хусусий бизнес билан ҳамкорлик қилиш ниятида.
  • АҚШ, шунингдек, нархларнинг пасайишидан фойдаланиб, нефть ва бошқа стратегик  зарур захираларни сотиб олади.

Штатлар маъмуриятлари ФҲ режим вақтида федерал марказдан офатни енгиб ўтиш билан боғлиқ бўлган (масалан, шошилинч хизмат кўрсатувчи ишчиларга тўловлар, тиббий воситалар ва жиҳозларни харид қилиш, таҳлил ўтказиш ва бошқалар) харажатларнинг 75 фоизини қоплашни сўраши мумкин.

Фавқулодда ҳолат режими қандай ўтмоқда

– Нью-Рошелл мамлакатнинг биринчи расмий зарарланган зонаси бўлиб, у карантинда. Шаҳардан 1500 км узоқликдаги барча жамоат жойлари карантинда. Бродвей театрлари, университетлар, кутубхоналар ёпиқ. Метрополитен музейи ҳам қулфланган.

– Карантин зонасининг маркази – шаҳар синагогаси (ибодатхонаси). Нью-Йорк штатидаги вирус билан зарарланганларнинг кўпчилик қисми у ерга борувчилар ёки уларнинг қариндошлари ҳамда танишлари. Зарарланганларнинг яқинлари ўзини-ўзи изоляция қилиш, уйдан чиқмаслик ва кутиш тўғрисида кўрсатма олишган.

– Короновирусга таҳлилни машинадан тушмасдан топширишмоқда. Арзимас аломатлар билан ҳам одамлар экспресс-диагностика учун соатлаб тирбандликда туришибди. Ҳозирча мобил лаборатория кунига 200 та намуналарни олиб кетмоқда, лекин тестлар ҳаммага етмаяпти. Коронавирусни аниқловчи битта тестнинг нархи икки минг АҚШ долларидан ортиқ.

– Шунга қарамай суғурта компаниялари вирус диагностикасини ўз зиммаларига  олишга қарор қилишган эди. Давлат ҳисобидан даволаш энг кам таъминланган фуқаролар ва баъзи нафақахўрлар учундир.

– Ҳар бир штат карантин чоралари қанчалик қаттиқ бўлишини ўзи белгилайди.

– Нью-Йоркда ФҲҲ режими 7 мартдан кучга кирган. 16 мартдан барча мактаблар, шу билан бирга ресторанлар, барлар ва бошқа кўнгилочар масканлар ёпилган.

– Лас-Вегасда 18 мартдан 30 кунга барча казино, барлар, кафелар, ресторанлар, фитнес заллар ёпилди. Невада штатида ҳам мактаблар ишламаяпти, лекин тайёр таомларнинг мобил пунктлари ишлашига рухсат берилган.

– Сиэтлда 250 кишидан ортиқ бўлган тадбирларни ўтказиш тақиқланган.

– Сан-Франциско ҳамда қўшни шаҳарлар Сан Хосе, Беркли ва Оклендда яшовчиларга зарурат бўлмаганда кўчаларга чиқиш тақиқланган.

– Майамида баъзи пляжлар ёпилган, клублар, ресторанлар ва  барлар эса соат 22:00 гача ишламоқда. 250 кишидан ортиқ бўлган тадбирларни ўтказиш тақиқланган.

– Нью-Жерсида комендантлик соати жорий қилинган: аҳолига соат 20:00 дан 05:00 гача кўчага чиқмаслик тавсия этилган.

– Колорадодаги ҳарбий база коноравирус билан зарарланганлар ва зарарланганлик эҳтимоли бўлганлар учун вақтинчалик госпиталга айлантирилди.

– Иллинойс штатида мактаблар, барлар ва паблар ёпилган.

– Барча штатларда кўрилган чоралардан ташқари, 13 мартдан АҚШга Европадан кириш бўйича 30 кунлик тақиқ киритилган. Ҳатто, ҳарбийларнинг ҳаракатланиши ҳам чекланган.

– Штатларнинг раҳбарлари одамларга зарурат бўлмаса уйдан чиқмасликни ва имкон борича масофадан туриб ишлашга ўтишни маслаҳат беришмоқда. Хавф зонасига кирувчи кишиларга жамоат транспортидан фойдаланмаслик, фақат зарурат бўлгандагина ташқарига чиқиш ва ниқоб тақиш, уйдан ташқарида учрашувлардан қочиш ҳамда 2 метрлик оралиқ масофани сақлашни маслаҳат беришмоқда.


Шарқий Осиё мамлакатлари

Хитой

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 81 348 та
  • Соғайиб кетганлар: 72 360
  • Вафот этганлар: 3 265

Хитойда ўтган сутка ичида вирус билан зарарланиш бўйича  41 та янги ҳолат аниқланди. Лекин таъкидлаш жоизки, барча ҳолатлар бошқа давлатлардан келган кишиларда аниқланган. Давлат ичкарисида эса охирги уч сутка давомида зарарланганларнинг аниқламаганлиги айтилмоқда.

Хитой ва Осиёнинг бошқа мамлакатларида чет элдан қайтаётганлар одамлар вирус тарқатаётганлиги аниқланди. Ҳозирги вақтда Хитой вирус жиддий авж олган  мамлакатлардан келганларни икки ҳафталик изоляциядан кейин уларнинг хоҳишига кўра бошқа белгиланган туманларга боришини талаб қилмоқда.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Хитой ҳукумати ЖССТга Ухань шаҳрида номаълум пневмония тарқалганини маълум қилган. Хитой мутахассислари январь ойида касаллик тарқатувчини аниқлашди, у коронавируснинг бир тури бўлиб, шамоллашни келтириб чиқарувчи бўлган.

Хитой аҳолисининг бирдамлиги ШҲТ томонидан таъкидлаб ўтилди. Миллиарддан ортиқ аҳоли ижтимоий мавқеи ва моддий аҳволидан қатъи назар, исталмаган контактлардан қочиб ва заруратдан ташқари жамоат жойларига боришни камайтириб бир неча ҳафта давомида бир режимда яшашди.

Январь ойида Уханда короновирус 2019-nCoV нинг биринчи ўчоғи аниқланиши билан шаҳарда жамоат транспортининг ишини ва барча авиарейсларни шаҳардан учишини тўхтатишга қарор қилинди. Фуқароларга шаҳардан ташкарига чиқмаслик тавсия қилинди. Кейинроқ, шаҳар тўлиқ изоляция қилинди, ундан кейин эса бутун Хубей провинцияси карантинга ўтди.

Февраль ойида Хитой Хошеньшенда 10 кун ичида коронавирус билан зарарланганларни ётқизишга мўлжалланган биринчи касалхонани қурди. Бундан ташқари, бир қатор стадионлар ва кўргазма марказлари вақтинчалик госпиталларга айлантирилди.

Янги турдаги коронавируснинг тарқалиши ҳақида биринчи бўлиб бонг урган уханлик доктор Ли Вэньлян 7 февраль куни вафот этди.

Ҳозирги пайтда Хитой ҳукумати сўнгги вақтларда эпидемия марказининг Европа мамлакатларга кўчиши муносабати билан коронавирусга қарши курашда Евроиттифоқга фаол ёрдам кўрсатмоқда. Хусусан, Пекин томонидан Европага 2 млн. та ниқоб тақдим қилиши ҳақида хабар берилган. Шу қайд этиб ўтиш лозимки, январь ойида Хитойга Европадан 50 тонна тиббиёт жиҳозлари етказиб берилган.


Жанубий Корея

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 8 897
  • Соғайиб кетганлар: 1 540
  • Вафот этганлар: 102

Фавқулодда ҳолат

Жанубий Кореяда ҳам февраль ойининг охирларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ушбу мамлакатда 2020 йил март ойининг бошида COVID-19 нинг тарқалиши бўйича дунёда Хитой ва Италиядан кейинги ўринда эди.

Жанубий Кореяда ФҲ муносабати билан фуқароларнинг ҳаракатланиши ва оммавий тадбирларни ўтказишга қаратилган бир қатор чекловлар ва тақиқлар ўрнатилди. Бутун мамлакатда бошланғич, ўрта ва юқори даражадаги мактабларнинг иши тўхтатилди. Шу билан бирга, мактаблардаги 2 мартга тўғри келадиган янги ўқув йилининг бошланиши қолдирилди. Компаниялар ходимлари масофадан туриб ишлашга ўтмоқда. Мудофаа вазирлиги 500 минг ҳарбийларга тегишли бўлган ҳарбий хизматни ўташ жойларидан чиқмаслик ва кирмаслик тўғрисида буйруқ чиқарди.

Корея ҳукумати касалликни профилактика қилишда фаол чора-тадбирларни ва мамлакат фуқароларида коронавирусни аниқлаш бўйича кенг ҳажмда тестдан ўтказишни таъминлади.

Улар 96 та хусусий ва давлат лабораторияларидан иборат тизимни ташкил этдилар, жойларда янги вирус диагностикаси ўтказилди. Март ойи бошига келиб мамлакатда 200 минг тест ўтказилиб, бу кунига тахминан 20 мингтани ташкил этди. Тест ўтказиш бўйича ходимлар 24 соат давомида ишлади. Аввалги аниқланган ҳолатлар ҳам касалхоналар юкини енгиллаштирди.

Кузатиш, тест ўтказиш ва даволаш вирус билан курашишнинг бош принципларидир. Март ойи бошида Корея Соғлиқни сақлаш вазири ўз мамлакати коронавирус касаллиги эпидемиясининг чўққисидан ўтганлигига умид билдирди.

Одамлар аста-секин кўчаларга чиқа бошлади. Ресторанлар, автобуслар ва метро ўз ишини бошламоқда. Лекин аҳоли ҳали ҳам ниқоб тутмоқда. Лифтларда қўлни дезинфекция қилиш воситалари мавжуд бўлиб, кишилар метроларга кириш жойларида қўлларни ювиш кераклигини эслатиб ўтишмоқда. Бош биноларга киришда тепловизор камералар ўрнатилган.


Украина

22 март ҳолатига маълумотлар:

  • Зарарланганлар сони: 47
  • Соғайиб кетганлар: 1
  • Вафот этганлар: 3

Фавқулодда ҳолат режими

РАДА қарорига кўра Киев ҳамда Днепропетровск ва Иваново-Франковск вилоятларида фавқулодда ҳолат режими ўрнатилган. Бош вазир Денис Шмыгалнинг таъкидлашича, аввалроқ маҳаллий тизимларда ҳам тегишли қарорлар қабул қилинган. Шунингдек, у фавқулодда вазият режими фуқаролар учун қандайдир қўшимча чекловлар келтирмаслигини айтди. Режим коноравирус билан курашда кучларни сафарбар қилишга қаратилган. Мамлакатда карантин чоралари доирасида савдо марказлари, ресторанлар, бозорлар, кинотеатрлар ва бошқа одамлар гавжум йиғилиш жойлари ёпилди. Умумий овқатланиш жойлари таомларни етказиб бериш режимига ўтди.

Киевда, Харьковда ҳамда Днепрда (Днепропетровскда) метро ёпилди. Ер усти транспорти ишламоқда, лекин сезиларли муаммолар бор. Йўналишли таксида бир вақтнинг ўзида 10 киши, автобус, трамвай ёки троллейбусларда 20 дан ортиқ одам юриши мумкин эмас. Ҳаракатланиш учун йўловчилар ниқоб тақишлари мажбурий. Шаҳар атрофи, шаҳарлараро, вилоятлараро маршрутларда ҳаракатланиш тақиқланган.

Карантин чоралари 3 апрелгача, лекин унинг узайтирилиши тахмин қилинмоқда. Фавқулодда ҳолат режими қачон тугаши номаълум.

Ҳозирги кунда полиция мобил гуруҳлари, миллий гвардиячилар ва қутқарувчилар йўлларда карантин ҳолатига амал қилинишини назорат қилишмоқда.

Озиқ-овқат ва гигиена воситалари дўконларига, шу билан бирга, дорихона ва ёнилғи қуйиш шохобчаларига ушбу чекловлар татбиқ этилмади. Улар доимий режимда ишламоқда.

Карантин даврида ходимларни ишдан бўшатиш ҳолатлари учун жарималар белгиланган.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев Сакина Абидова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар