Коронавируснинг аҳоли орасида тарқалиши муносабати билан бозорлар ёпилиши, нархлар ошиши ва бу ҳолат маҳсулотларнинг муқаррар танқислигига олиб келиши тўғрисидаги маълумотлар пайдо бўла бошлади. The Mag таҳририяти солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев, шунингдек, Makro супермаркетлар тармоғи бошқарувчиси Роман Сайфулин билан суҳбатлашди. Биз карантин тадбиркорлик савдо субъектларига қандай таъсир қилиши, ваҳима қилишга асослар бор-йўқлиги ва турли озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислиги билан боғлиқ вазият ҳақида билиб олдик.

Шуни таъкидлаш керакки, бозорлар ва супермаркетларнинг ёпилиши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатдан йироқ. Уларнинг барчаси одатдагидек ишлашда давом этади. Ҳозирги вақтда истеъмол товарлари танқис бўлиб қолади, деб тахмин қилиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Нархлар ҳам давлат органлари назорати остида.


Роман Сайфулин

Makro супермаркетлар тармоғи бошқарувчиси

Юқори талабгир маҳсулотлар

Аслида юқори талабгир маҳсулотлар аввалгидек ҳар куни истеъмол қилинадиган маҳсулотлардир, яъни бу борада ўзгариш йўқ. Аҳолининг истеъмол савати ўзгаришсиз қолди. Фарқ шундаки, одамлар охирги икки кун давомида умумий ваҳимага берилиб, узоқ сақланадиган маҳсулотларни ёппасига сотиб ола бошлашди. Булар асосан ун, шакар, кунгабоқар ёғи, гречка, гуруч, макарон, картошка, пиёз, консерваланган маҳсулотлар ва шахсий гигиена воситалари. Аммо шуни айтиш керакки, ушбу маҳсулотларнинг барчаси бизнинг омборимизда жуда кўп.

БИРОҚ БИЗ ВАЗИЯТДАН КЕЛИБ ЧИҚИБ, ҚУЙИДАГИ ЧОРАЛАРНИ КЎРИБ ҚЎЙДИК: БИЗ ОДАТДА ИККИ ҲАФТАЛИК МАҲСУЛОТ ҒАМЛАБ ҚЎЯР ЭДИК. ЭНДИ ЭСА ОМБОРДАГИ ЗАХИРАЛАРИМИЗ 20-22 КУНГАЧА ЕТАДИГАН МИҚДОРДА.

Барча истеъмол товарларининг катта захиралари мавжуд ва махсус товарлар йўқлигига эътибор беришдан маъно йўқ. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотнинг ўзи йўқ. Деярли барча импорт қилинадиган товарларнинг маҳаллий тури мавжуд. Супермаркетларни ёпиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ, деб ўйлайман. Биздан илгарироқ карантин муаммосига дуч келган давлатлар тажрибасига асосланадиган бўлсак, Италияда харид қилиш қоидалари жорий қилинганини кўришимиз мумкин, аммо барча озиқ-овқат операторлари ишлашда давом этмоқда.

Нархларнинг ошиши

Нархлар ошиши эҳтимоли ҳар доим мавжуд. Нарх – бу рефлекс таъсири ёки турли хил ҳолатлар бирикмасининг натижаси, лекин бу кўпинча етказиб берувчилар кўпроқ фойда олиш мақсадида бошлайдиган танқислик. Ваҳимадан фойдаланиб нархни кўтаришга уринган ҳар қандай етказиб берувчимиз билан кейинги ҳамкорликни тўхтатишга тайёрмиз. Makro супермаркетлар тармоғи ўз фойдасини кўзлаб нархларни оширмайди!

Ўзингизни, яқинларингизни ва дўстларингизни эҳтиёт қилинг! Биз, ўз навбатида, чакана савдо вакили сифатида барча мижозларимизнинг эҳтиёжларини сифатли маҳсулотлар билан етарли миқдорда, энг муҳими, ўз вақтида қондиришга ҳаракат қиламиз.


Беҳзод Мусаев

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси

Танқислик хавфи мавжудми?

Бош вазир Абдулла Арипов коронавирус тарқалиши хавфи туфайли бирор бир бозор ёки супермаркет ёпилмаслиги кераклиги тўғрисида аниқ кўрсатма берди. Бозорларни ёпиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ, бу эса товарларнинг етишмаслиги ёки озиқ-овқат танқислиги эҳтимолини инкор қилади. Ўқув муассасалари, савдо ва кўнгилочар муассасалар, болалар боғчалари ёпилди дегани, ош-нонсиз қолмаслик учун озиқ-овқат маҳсулотларини зудлик билан тўплаш керак дегани эмас.

Ўзбекистон Республикаси ўз аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлай оладиган бой давлат. Агар аҳоли инфляциядан чўчиб, дарҳол бозорларга югуриб, керак-нокерак нарсаларни катта миқдорда сотиб ола бошласа, табиийки, танқислик ва нархларнинг ошиши хавфи пайдо бўлади. Бундан ташқари, учраган нарсани сотиб олиб, одамлар ўзлари ваҳима кўтаришади ва нархларнинг ошишига сабабчи бўлишади.

АГАР ҲАММА ОДАТДАГИДЕК ХАРИДЛАР ҚИЛСА, ҲЕЧ ҚАНДАЙ ТАНҚИСЛИК БЎЛМАЙДИ ВА НАРХЛАР ОШМАЙДИ

Шунинг учун, йўқ жойдан муаммо яратмаслик керак.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг назорати

Бизга озиқ-овқат савдоси билан шуғулланадиган ҳар бир тадбиркорлик субъекти фаолияти ва нархларини назорат қилиш бўйича кўрсатма берилди. Шу мақсадда Бош прокуратура ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар бир тадбиркорлик субъекти билан ишлаш ва назорат қилиб бориш учун махсус доимий штат тузилди.

Афсуски, бундай вазиятдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, нархларни оширишни хоҳлаб қоладиган виждонсиз тадбиркорлар ҳам бўлади. Биз бунга қарши курашамиз. Бугунги кунда биз савдо, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни сотиш билан шуғулланадиган барча тадбиркорларни биламиз, шунинг учун барча тармоқлар билан алоқада бўламиз. Аҳолига сотиладиган маҳсулотларнинг зарур ҳажмини таъминлаш учун супермаркетлар ва деҳқон бозорлари раҳбарлари билан музокаралар олиб боряпмиз.

Товарлар экспорти назорати

Яқинда бўлиб ўтган йиғилишда умумий овқатланиш нуқталарини ёпиш зарурлиги айтилган эди. Аммо жавоб қатъий эди: улар ёпилмайди. Барча деҳқон бозорлари ва супермаркетлар одатий режимда ишлайди.

ВАҲИМА ҚИЛИБ, ЭРТАГА ТАНҚИСЛИК БОШЛАНАДИ, ДЕБ ЎЙЛАШГА ҲОЖАТ ЙЎҚ.

Аҳолининг эҳтиёжларини қондириш учун тиббий буюмлар экспортини чеклаш ва тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берилди. Бизда ишлаб чиқарилаётган барча ниқоблар (охирги 2 ой ичида уларни ишлаб чиқариш ҳажми 10 бараварга ошди), фармацевтика компанияларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган шифокорлар учун мўлжалланган махсус кийимлар ва дори-дармонлар қўшни ёки хорижий давлатларга экспорт қилинмайди, балки дорихоналаримиз пештахталарига қўйилади.


Агар сиз энг зарур товарлар нархларининг асоссиз равишда ошишига дуч келсангиз, Давлат солиқ қўмитаси ишонч телефонига (71) 244-98-98 ёки 1198 қисқа рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Ҳозирга келиб 247 фуқародан нархларнинг ошиши билан боғлиқ шикоятлар келиб тушди. Уларнинг 80% тезда ижобий ҳал қилинди, қолган 20% да профилактика чоралари кўрилмоқда. Шикоятларнинг кўплиги сабаб ишонч телефонлари операторлари сони етти нафарга, Call-маркази операторлари сони эса 20 нафаргача кўпайтирилди.

Қўмита раҳбарияти пойтахт бозорлари ва йирик савдо марказларига ташриф буюриб, талаб, таклиф, товарларнинг нархларини ўрганиш ва уларнинг барқарорлигини назорат қилиш билан шуғулланмоқда.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар