Коронавируснинг тарқалиши оқибатида йўловчиларни ҳаво қатнови орқали ташиш тўхтатилгандан сўнг ватандошларимизни юртимизга қайтариш учун бир нечта чартер рейслари ташкил этилди. Келганларнинг барчаси мажбурий изоляцияга — мамлакатнинг янги ташкил этилган карантин зоналарига жойлаштирилди.

Ҳукумат томонидан янги келадиган чартер рейсларининг рўйхати эълон қилинди, уларда учиб келадиган фуқаролар ҳам карантин марказига жойлаштирилади. Мажбурий карантинда бўлганлар икки ҳафталик чекловларни қандай бошдан кечирганликлари, нималар етишмаганлиги ва ўзи билан нималарни олиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб беришди.


Юлдуз Мавлянова

La Sposa тўй либослари салони асосчиси

Мен рейс билан Москвадан учишим керак эди, у ерга оилам билан кўргазмага борган эдим. Лекин жўнашимизга бир кун қолганда чегаралар ёпилаётганлиги ҳақида эшитдик, кейинроқ эса давлатимиз қайтиб келишимиз учун бизга чартер рейс жўнатди.

Учиб келишимиз билан бизни «Сокол» болалар соғломлаштириш оромгоҳига юборишди. Деярли ярим ойни ўтказишимиз керак бўлган жойга етиб борганимиздан сўнг бизни ва буюмларимизни дезинфекция қилишди, ҳаммани жойлаштиришди. Аммо икки ҳафта ўтгач, бизни Ўртасаройга бошқа карантинга юборишди.

Контейнердаги карантин

Бошида қийин бўлди. Биз «Сокол»га тунда етиб бордик, ҳаво совуқ, ҳамма жуда чарчаган эди. Мен ҳаммасидан кўра ўн бир ойлик фарзандимнинг шамоллаб қолиши мумкинлигидан хавотирда эдим. Кейинроқ бизга шароит яратиб бера бошлашди, улзуксиз электр энергияси билан таъминлашди, хоналарга иситгичлар жойлаштиришди. Таъкидлаш жоизки, биринчи кунларданоқ бизга сочиқлар, чойшаблар, тиш чўткалари ва бошқа шахсий гигиена воситалари берилди. Ёш болалар тагликлар билан таъминланди.

Ўртасаройдаги контейнер карантинига келишимиз билан мобил телефонларимизни ва паспортларимизни олиб қўйишди. Иккинчи карантинга дуч келишимизга «Сокол» да иккита рейс бирлаштирилганлиги, у ердаги ҳожатхона, душ ва овқатланиш хонаси умумий эканлиги сабаб бўлса керак.

Овқатланиш учун биз бир неча гуруҳга бўлиниб, навбатма-навбат боришимизга қарамай, одамлар бир-бирларига касаллик юқтиришлари мумкин эди. Овқатни хонага олиб кетиш ҳам мумкин эди, биз худди шундай қилдик. Ўртасаройда улар контейнеримизга тушлик олиб келишар эди, бу анча хавфсизроқ эди.

Ўзингиз билан нималарни олишингиз керак

Гарчи бу ерда овқатдан муаммо бўлмасада, барибир тамадди қилиш учун ўзингиз билан бирор нима олишингиз керак, масалан, печенье ёки мевалар. Бу ерда қаҳва йўқ, қаҳвахўрлар уни кўпроқ олишлари зарур. Ўз шампунингизни ва баъзи шахсий гигиеник воситаларни олинг. Агар сизга дори-дармонлар керак бўлса, уларни сизга оила аъзоларингиз орқали етказиб беришда ёрдам кўрсатишлари мумкин, аммо оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи дориларнинг минимал тўпламини иложи борича олдиндан олган яхшироқ. Қолган ҳамма зарур бўлган нарсалар — душ, иссиқ сув, телевизор, кондиционер бор. Муҳими қандайдир хўжалик масалаларида савол беришдан уялмаслик керак. Масалан, ёмғир ёғаётган пайтда контейнеримизда эшик ва деразалар ёнидан сув ўтиб кетди. Дарҳол устани чақириб, муаммони бартараф қилишди.

Аслида барчага қийин, фақат бироз сабр қилиш керак. Контейнерда яшаётганлар қийналгани аниқ, аммо ташқарида ишлайдиганларга ҳам осон эмас. Мен ҳам вақти келганда асабийлашдим, сабаби, ёш болам билан эдим. Смартфонсиз вақт ўтказиш жуда қийин, аммо иложи бор. Шунинг учун ўзингиз билан китоблар олинг. Масалан, мени расм чизиш қутқарди. 


Аноним

Москва-Тошкент рейси йўловчиси

Трапдан тушганимиздан сўнг барча йўловчилар олдиндан тайёрланган, ППХ автомашиналарининг ҳамроҳлигидаги автобусларга ўтқазилди. Бизни Ўртасаройдаги контейнер шаҳарчасига жўнатишди. Москвадан учаётганимизда биз карантинга жўнашга мажбур эканлигимизни англаб бўлган эдик, шу туфайли ҳамма «янги таассуротлар»га руҳан тайёр эди. Аэропортда мобил телефонларимизни олиб қўйишди. Бу карантиннинг энг катта «минус» томони эди. Мобил телефоннинг ҳозирги замондаги аҳамияти ҳақида гапиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Карантиннинг иккинчи куни эса паспортларни ҳам олиб қўйишди. Сабабини билолмадим.

Контейнерлар

Уй-жойга ўхшатиб жиҳозланган контейнерларда ҳамма керакли нарсалар бор: тоза чойшаб, электр чойнак, телевизор, санузел, иссиқ сувли душ. Ҳар куни барчага тиббий ниқоблар берилди. Антисептиклар йўқ эди, аммо биз тиббиёт спирти сўрадик ва уни антисептик идишларига қуйиб, ишлатдик.

Ҳар бир контейнерда 4 киши яшади. У ерда «Узмобайл» стационар телефони ўрнатилганлиги учун, яқинларга қўнғироқ қилиш мумкин эди. Айтиш лозимки, яширинча смартфон олиб ўтганлар ҳам бу иш бефойда эканини тушундилар — у ерда интернет йўқ эди.

Овқатдан муаммо йўқ. Карантиндаги егуликлар соғлом ва жуда яхши. Нонуштада булочка, сосиска, йогурт, сариёғ, баъзида сутли бўтқа берилар эди. Тушлик ва кечки овқат гарнирлардан (гречка, гуруч, арпа ёрмаси), котлет ёки товуқ ҳамда салатдан иборат эди. Икки марта палов беришди. Ва буларнинг барчаси контейнерингизга келтириб берилади.

Ҳаммасини беришади

Смартфонсиз қийин, ҳатто жорий тўловларни ҳам тўлай олмайсан. Масофадан туриб ишлаш учун интернетга уланиш имконияти йўқ эди. Ҳа, яқинлар ва дўстлар билан мулоқот карантинни билинтирмасликка ёрдам берган бўларди.

Умуман олганда, бирор нарсага алоҳида эҳтиёж йўқ, асосийси ҳамма нарса етарли эди. Аммо чекувчилар карантиндаги бутун давр учун сигарета олиши лозим. Қаҳвахўрлар эса тез тайёрланадиган қаҳва олиши мақсадга мувофиқ. Бу ерда одат ва кўникмаларингиздангина қийналишингиз мумкин.

Тиш чўткалари, шанпунь, совун, сочиқлар — буларнинг барчаси берилади. Китоблар ёки  электрон китоблар, фильмлар ёзилган ноутбук олиб келган яхши. Бу ерда ҳеч нарса сотиб олиш мумкин эмас.

Асосийси, руҳан тайёр бўлиш керак. Икки ҳафта тез ўтиб кетади. Муҳими, барча қоидаларга риоя қилиш. Глобал муҳитни ҳисобга олганда, шунчаки кўникиш керак. Агар қўшниларингиз яхши бўлса — бу омадингиз!


Василий Когай

City Life бизнес-ҳамкори, актёр, жамоат арбоби

Чегара ёпилганидан кейин чартер рейси билан Москвадан Тошкентга қайтиб келдим. Бизни аэропортда автобусга ўтқазишди ва Чорвоқ томон йўл олдик. Одамлар қаёққа кетаётганимизни билмай ҳайрон эди, чунки ҳеч ким бизга ҳеч нарса тушунтирмади. Тунги соат бирга яқин биз «Сокол» болалар оромгоҳига етиб бордик.

Кўчиб кириш

Мен 3 кишига мўлжалланган, алоҳида ҳожатхонаси бўлган хонага жойлашдим. Кечаси бизни ошхонада овқатлантиришди. Эртаси куни эрталаб оромгоҳда бошқа рейсда келган фуқаролар пайдо бўлишди, улар чарчаган ва асабий кўринишди, чунки улар ҳали хоналарга жойлаштирилмаган эди.

Ошхона овқатлари жуда яхши, кунига 3 маҳал овқатлантиришар эди. Қўлларни ювиш учун воситалар, ниқоблар ва бошқа буюмлар доимий равишда берилар, ҳар куни 2 марта тана ҳароратини ўлчашар эди.

Карантин ходимлари тўлиқ ҳимоя костюмларида. Хоналар, йўлаклар дезинфекция қилинади. Бирор муаммо ёки савол туғилганида, карантин ходимлари уларни иложи борича ҳал қилишди.

Яна карантин

3 апрель куни улар кетишга тайёрланиш кераклигини эълон қилишди. Ҳамма хурсанд, лекин ҳеч ким бизни янги карантин кутаётганини билмасди. Бизни расмийлаштиришни бошлаб, телефон ва паспортни топширишни талаб қилишди, аслида бу жуда катта хато эди. Менга номаълум бўлган ташкилот ходимлари паспортлар билан телефонларни олиб, скотч билан ўрашди. Бунда скотч паспортнинг маълумотлар ва фотосурат жойлашган олд томонига ёпиштирилди. Ҳанузгача энди нима қиламанкерак, деган савол қийнаяпти. Паспортни топшириб, унга зарар етказганим учун жарима тўлайманми? Бу паспорти худди шундай тарзда зарарланган кўплаб фуқароларга ҳам тегишли. Кечга яқин бизни олиб кета бошлашди ва биз уйимизга жўнатишмоқда, деб ўйладик. Тошкент томонга бурилишга яқинлашиб, тўғрига кетдик ва Ўртасарой томон бурилдик. Мен ва яна уч киши контейнерга жойлаштирилдик, шундан кейин эшикни ташқаридан қулфлашди. Ҳеч ким ҳеч нарса демай, жимгина. Ҳаммаси фильмлардаги каби, аммо, афсуски, бу ҳақиқат эди.

Контейнерда оддий эҳтиёжлар учун зарур бўлган барча жиҳозлар бор эди — иккита икки қаватли кроват, стол, 4 стул, телевизор, кондиционер, чойнак, сочиқ, тиш пастаси, чўткалар, совун, шампунь, телефон ва сув иситгичи бўлган санузел.

Нима етишмади

Шундай қилиб, бизга жўнатма юборишлари мумкин эди. Биз олдиндан керакли нарсаларни айтдик: сочиқ учун илгаклар, ўйин карталари, илгичлар, ювилган кийимлар учун арқон ва энг муҳими, скотч. Мен карантин ходимларига ёмғир пайтида дераза ва эшиклар орқали сув киришига эътибор беришларини тавсия қиламан.

Кунлар бир-биридан фарқ қилмади. Ҳамма соатлаб телевизор кўрар, телефонда гаплашарди. Чекувчилар учун сигарет топиш жуда катта муаммо бўлди. Одамлар хумор тутиб, қийналишди, бақир-чақир қилишди, эшикларни тақиллатишди ва томларга чиқишди.

Албатта, мобил телефонсиз ҳаёт қийин. Биз смартфон қулига айланганимиз аниқ. Агар улар дезинфекция қилингандан кейин дарҳол қайтариб берилса, кўпчилик карантинни енгилроқ ўтказарди.

Карантинга тушиб қолишдан қўрқманг. Тўғри, номаълум одам билан бир хонада бўлиш хавфли — у касаллик юқтирган-юқтирмаганини билмайсиз. Бу ерда осон эмас, лекин мен хусусий клиникада ишлаганим учун айтар гапим — бу омон қолишимиз учун зарурий чора эканлигини тушунаман.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди: ШАХСИЙ АРХИВДАГИ ФОТОСУРАТЛАР
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар