Хитойлик шифокорлар касалликнинг беморларда кунба-кун қандай ривожланганлигини кўрсатадиган клиник изланишлар натижаларини эълон қилишди.

Тадқиқотларда шифокорлар Ухань касалхоналарига 29 декабрдан кейин қабул қилинган ва 31 январгача соғайган ёки вафот этган беморларнинг тиббий ёзувларини таҳлил қилишди.

ХИТОЙЛИК ШИФОКОРЛАР ФИКРИГА КЎРА, КАСАЛЛИК 22 КУН ДАВОМ ЭТАДИ, ЎЛИМ ҲОЛАТЛАРИ АСОСАН 15-19-КУНЛАРДА ҚАЙД ЭТИЛАДИ.

Шунингдек, улар асосан сурункали касалликларга чалинган беморларнинг вафот этганлигини таъкидладилар: улар орасида биринчи ўринда гипертония, иккинчи – диабет, учинчи – юрак-қон томир касалликлари.

Шифокорлар коронавирус аломатлари қуйидагича намоён бўлишини аниқладилар:

  • 1-6 кун – йўтал, иситма
  • 7-кун – нафас қисиши, нафас олиш қийинлашиши
  • 9-кун – сепсис ривожланиши
  • 10-кун – ўткир нафас олиш бузилиши синдроми ривожланади ва ўпка танани етарли миқдорда кислород билан таъминлашни тўхтатади
  • 12-кун – беморлар интенсив терапия бўлимига ётқизилади. Баъзиларида қорин оғриғи кузатилади
  • 12-13 кун – ҳарорат пасайиши

Кейинги кунларнинг симптомлари беморнинг омон қолган-қолмаганлигига боғлиқ. Омон қолганларда аста-секин яхшиланиш кузатилади, одатда йўтал ва нафас қисиши 19-кунга келиб йўқолади. 21-куни COVID-19 тестлари салбий чиқа бошлайди, 22-куни беморга жавоб берилади.

Вафот этган беморларда касаллик қуйидаги сценарий бўйича ривожланган:

  • 15-кун – ўткир юрак ва буйрак етишмовчилиги ривожланади. Беморлар ўпка сунъий вентиляция аппаратига уланади
  • 17-кун – ҳамроҳ касалликлар туфайли иккиламчи инфекцион асоратлар ривожланади
  • 18-19 кун – бемор вафот этади

Шифокорлар таъкидлашича, лаборатория текширувларининг биринчи кунидан бошлаб омон қолган беморларнинг қонидаги лимфоцитлар даражаси вафот этганларникига қараганда юқори бўлган. Беморларда лимфоцитларнинг энг паст даражаси касалликнинг 7-кунида қайд этилди. Вафот этган беморларда лимфоцитлар даражаси сўнгги кунларгача пастлигича сақланиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, 4 апрель ҳолатига кўра Ўзбекистонда касалланганлар сони 263 кишини ташкил қилди. Бугунга қадар 2 нафар бемор вафот этган бўлса, 25 киши тўлиқ соғайган.

Мақолани тайёрлади: Екатерина Спрыскова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар