Карантин бошланганидан буён бутун республика бўйича 13 858 та муассаса фаолияти тўхтаб қолди. Аксарияти форматини ўзгартириб, таомларни етказиб бериш ва «олиб кетиш» режимига ўтдилар. Бошқалар эса кутишга ва карантиндан сўнг вазият ўзгаришидан умид қилишга мажбур. Биз машҳур муассасалар рестораторлари билан суҳбатлашдик ва пандемия уларга қандай таъсир қилгани, кафе ва ресторанлар инқироз билан қандай курашаётгани, шунингдек, бундан кейин нималарни кутиш кераклигига ойдинлик киритиб олдик.


Тимур Абдуллаев

ресторатор, Ресторан бизнеси академияси асосчиси, кризис-менеджер

Карантин дунё умумий овқатланиш муассасаларига қандай таъсир қилиб улгурди?

Кучли карантин қоидалари ҳали барча давлатларда жорий этилмаганлиги сабаб муассасалар ҳамма ерда ёпилмоқда, деб бўлмайди. Бироқ, мен доимо МДҲ ва бошқа хорижий давлатлардаги ҳамкасбларим билан мулоқот қилиб тураман ва биз ишонч билан айта оламизки, умумий овқатланиш сегменти бугунги кунда бошқа соҳалар сингари чуқур инқирозда. Ахир одамларнинг даромади ва сотиб олиш қобилияти пасайиши билан биринчи навбатда, хизмат кўрсатиш соҳаси ва айниқса умумий овқатланиш соҳаси зарар кўради. Шу сабабли, кўплаб муассасалар жуда оғир молиявий ҳолатга тушиб қолишди ва карантиндан сўнг қайта очилишга умид ҳам қилишмаябди.

Карантин юртимиз муассасаларида қандай акс этди?

Юртимиз, бутун дунё каби, катта муаммолар ва қийинчиликларни бошдан ўтказмоқда.

Ўзбекистоннинг барча умумий овқатланиш муассасалари залларини ёпган ва фақат мижоз ўзи олиб кетиши ёки етказиб бериш хизматлари асосида ишламоқда. Бироқ, ҳамма муассасалар ҳам бу хизматни таклиф қила олмайди: юқори даражали ошпазларнинг мураккаб премиум таомларига эга ресторанлар мавжуд. Ҳамма ҳам уларни етказиб бера олмайди ва улар карантин тугашини кутишлари ёки менюни ўзгартиришлари керак бўлади. Мисол келтираман: Москвада Perelman People ресторанлар тармоғи мавжуд, уларнинг эгаси таниқли ресторатор Владимир Перельман. Унинг ресторанлари ҳеч қачон етказиб бериш билан ишламаган, аммо энди буни ўзгартиришга тўғри келиб қолди: бир ҳафтада махсус «етказиш» менюси яратилди. Ҳозирда етказиб бериш хизмати бизнесни инқироз даврида қўллай олиши кўриниб турибди, аммо ресторан ёки кафе «омон қолиши» учун бунинг ўзи камлик қилади.

Умумий овқатланиш соҳасининг кейинги тақдири ҳақида қандай фикрдасиз?

Жудаям некбин.

Карантин кафе ва ресторанларга барча жараёнларни мақбуллаштириш имконини беради.

Улар ўз камчиликларини топишлари ва ҳаммасини тўғрилашлари, иш тартибига ўзгартиришлар киритишлари мумкин. Албатта, тармоққа эга бўлмаган якка турдаги муассасаларга анча қийин бўлади, чунки ҳаммада ҳам ўз фаолиятини қайта тиклаш имконияти етарли эмас. Молиявий томонидан ташқари, муаммо яна шундаки, кўплаб муассасалар ходимларини ишдан бўшатишмоқда ва кейин улар қайтиб яна шу ерда ишлашига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунга қарамай, ҳар қандай инқирознинг фойдаси тегишига ишонаман, асосийси, ундан тўғри фойдаланиш.

Карантиннинг салбий таъсирини қандай пасайтириш мумкин?

Карантиннинг салбий оқибатларини пасайтириш мумкин, аммо бу икки томонлама амалга оширилиши керак. Давлатнинг кўмагисиз бир нима қилиб бўлмайди, лекин бизда аллақачон бундай дастур мавжуд – биз солиқларни камайтирдик, корхоналар учун имтиёзлар яратдик, дастур бўйича иш кетмоқда. Аммо ушбу босқич учун чоралар етарли эмаслиги аниқ. Европа мамлакатлари ва АҚШ тажрибаси бор, унда давлат иш ҳақининг 80% гача бўлган миқдорини уйда қолишга мажбур бўлган соҳаларга иш жойини сақлаб қолиш учун ажратади. Шунингдек, уларда солиқ ва кредит таътиллари берилади.

Бундай қарорлар тадбиркорлар карантин тугашини кутиб, бизнесни сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшишлари учун ҳукуматимиз томонидан имкон қадар тезроқ қабул қилиниши керак.

БУНДАЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШЛАРСИЗ КОРХОНАЛАР, ЖУМЛАДАН, УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ МУАССАСАЛАРИНИНГ ОММАВИЙ ЁПИЛИШИ БОШЛАНАДИ.

Юз минглаб одамлар ишсиз қолади, минглаб тадбиркорлар касод бўлади. Россияда аллақачон умумий овқатланиш сегменти иқтисодиётнинг коронавирус эпидемиясидан энг кўп зарар кўрган 9 соҳаси рўйхатига киритилган, улар давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Бошқа томондан, умумий овқатланиш муассасаларининг ўзлари харажатларни мақбуллаштириши, маркетинг сиёсатини қайта кўриб чиқиши ва ижтимоий муносабатга урғу беришлари керак. Улар бизнесни ичидан қўллашга ва ўйинда қолишга ёрдам берадиган режани ишлаб чиқиши даркор. Бу кўплаб тадбиркорлар учун имтиҳон вазифасини ўтайди, чунки уларнинг ҳаммаси ҳам ресторатор эмас. Энди улар бундай режани ўрганиши ва ишлаб чиқиши мумкин ёки антикризис кўникмаларига эга мутахассисларга мурожаат қилишлари керак.

Умумий овқатланиш соҳасидаги инқироз қанчалик жиддий?

Албатта, бутун дунёда ушбу соҳа чуқур инқирозда ва карантин қанча узоқ давом этса, таомлар буюртмаси шунча камаяди. Менталитетимиз сабаб бизда бу бироз мураккаброқ: Ўзбекистонда уйда овқат пишириш одат тусига кирган, биз кафе ва ресторанларга дўстлар билан учрашиш, дам олиб, ҳордиқ чиқариш учун борамиз. Ўйлайманки, агар кафе ва ресторанлар етказиб бериш бўйича махсус таклифлар билан чиқмаса, уларга жуда қийин бўлади, чунки биргина кечки овқат учун ҳамма ҳам буюртма бериб ўтирмайди.

Ушбу вазиятнинг умумий овқатланиш соҳаси учун ижобий томонлари борми?

Шубҳасиз, бор! Ҳар қандай вазиятнинг ижобий томонини кўришингиз керак, ҳатто энг ёмонини ҳам. Чекиниш, таслим бўлмаслик керак. Инсоният ўз йўлида жуда кўп фожиаларни бошидан ўтказган ва биз, умид қиламизки, коронавирус қурбонлар сони бўйича фожиага айланмайди, аммо бу барчамиз учун улкан сабоқ бўлади. Шундан кейин, менимча, овқатланиш пунктлари ўз бизнесига эътиборлироқ бўлишни бошлайди, одамлар эса ресторанларга келишдан кўпроқ завқлана бошлашади. Табиий саралаш, бу қандай эшитилишидан қатъи назар, бизнесга фойда келтиради: ушбу бизнесни севадиган ва юритишни биладиганлар қолади.:ким билсин, қийин вазиятларда ким ўзини қандай тутади.

Ҳар қандай вазиятда ҳам мен ҳамкасбларимга ўзини ва жамоасини эҳтиёт қилишини тилайман. Ва албатта, иложи борича камроқ муассасалар ёпилишини хоҳлардим.


Тошкентнинг машхур муассасалари эгалари юзага келган вазият бўйича ўз изоҳлари билан ўртоқлашишди.

Сулхи Хасанов

«Пастернак» ва Pie Republic қаҳвахонаси ҳамкор эгаси

Карантин эълон қилинмай турибоқ савдоларимиз кескин пасайиб кетди – бу университет, мактаб ва болалар боғчаларининг ёпилиши билан бошланди. Кейин тамаддихоналарга меҳмон кабул қилиш тақиқланди ва биз савдода ҳақиқатдан жиддий пасайишни сездик.

«Пастернак» ресторани охирги онларгача ишлаганига қарамай, карантин жорий этилиши биланоқ муассасаларимизни ёпдик. Гап шундаки, ушбу ресторан мураккаб премиум таомлар тайёрланадиган муассаса ҳисобланади, етказиб бериш хизмати эса бизга умуман тўғри келмас эди. Таомлар тури ҳам мос келмайди, чунки талаб жуда кам. Шунинг учун ресторан ёпилди, карантин тугашини кутяпмиз.

PIE REPUBLIC борасида эса анча осон: Шундоқ ҳам етказиб бериш бўйича ишлар эдик, энди эса бу қаҳвахонанинг асосий йўналишига айланди.

Шунингдек, мижоз таомларни ўзи олиб кетиши ҳам мумкин.

Қаҳвахонада барча хавфсизлик чоралари кўрилган: бизда ходимлар учун ҳам, таомларни олиб кетишга келганларга ҳам япон қўл санитайзерлари мавжуд. Барча ходимлар ниқобларда ишлайди, ҳар 20 дақиқада зал ва ошхонадаги барча юзалар дезинфекцияланади. Биз бурун учун вирусга қарши воситалардан фойдаланамиз. Хуллас, биз вирус юқмаслиги учун барча имкониятимизни ишга соламиз.

Инқироз бутун умумий овқатланиш соҳасига таъсир қилди

Шу жумладан, бизга ҳам. Етказиб бериш савдонинг катта қисмини қамраб олишига қарамай, барчамиз муассасанинг даромади тушиб кетаётганини ҳис қиляпмиз. Энг ёқимсизи шуки, ходимлар қийналяпти: уларнинг даромадлари пасайиб кетди, дам олиш кунлари эса, аксинча, кўпайиб бормоқда. Эҳтимол, бу ҳозирги вазиятнинг энг ёмон тарафидир.

Қандай курашиш керак

Харажатларни камайтириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш орқали. Энди бизнинг иш режимимиз самаралироқ. Тер тўкиб ишлаш керак – бу жисмоний томондан қийин, аммо ҳамма кун кўриш учун ягона йўл шу эканлигини тушуниб турибди.

Ҳозирдан бир нима дейиш қийин-у, лекин прогноз қиладиган бўлсак, самарасиз муассасалар ёпилади ёки тубдан ўзгаради, деб ўйлайман. Улар даромад ва харажатларни тўғри ҳисоблашни, нормал иш ҳақи тўлашни ўрганадилар ва ишчиларни жалб қилиш учун қайдномани (ведомость) шиширишни тўхтатадилар. Инқироз муассасаларнинг муаммоларини кўрсатиб қўйди ва кўпчилик ўз бизнесини қайта кўриб чиқишни бошлади. Агар карантин кутилганидан узоқроқ давом этса, меҳнат бозори арзонлашади. Одамларга иш зарур бўлади, лекин бозор дарҳол тикланмайди, шунинг учун у шунчаки «қулаши» мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам инқироз пайдо бўлгани каби тез ниҳоясига етади, деб ўйламаслик керак: аҳолининг харид қобилияти дарҳол тикланиб қолмайди. Карантиндан сўнг ҳар кимда ҳам ресторанга бориш имкони бўлмайди: улар сарфлаб юборилган жамғармаларининг ўрнини тўлдиришади, иш ҳақи тўланишини кутадилар, бу эса яна камида бир ой.

МЕН БАРИБИР БУ ИНҚИРОЗ КЎПЛАБ МУАССАСАЛАРГА ФОЙДАЛИ БЎЛАДИ, ДЕБ ЎЙЛАЙМАН.

Биринчидан, бундай тажриба барча тадбиркорларга асқотади; иккинчидан, баъзи бир ошхоналардаги тартибсизликлар йўқолиб, тозаликда ишлашга ўрганишади, деб ўйлайман. Умид қиламанки, биз карантин вақтида амал қилаётганимиз гигиена қоидалари кейинчалик ҳам одатий тус олади.


Алина Цимерман

«ЧайКоф» қаҳвахоналари тармоғининг бошқарувчи ҳамкори ва асосчиси

Ҳукумат қароридан сўнг биз қаҳвахоналаримизни меҳмонлар учун ёпдик ва бу, албатта, бизнинг даромадимизга қаттиқ таъсир қилди. Биз етказиб бериш ва олиб кетиш асносида ишлаётган бўлсак-да, сотув миқдори тушиб кетди. Биз шунчаки «омон қолишга» ҳаракат қиляпмиз. Ходимларнинг кайфиятини ҳам яхши деб бўлмайди.

Биз барча профилактика чораларига риоя қиламиз: ҳар икки соатда барча юзаларни махсус моддалар билан дезинфекциялаймиз; маҳсулотларни озиқ-овқат учун махсус эритмалар билан ювамиз; ҳар 4 соатда бактерицид лампаларни ёқамиз. Ходимлар ҳароратини ўлчаймиз, улар фақат ниқоб ва қўлқопларда ишлайди. Одамлар билан ишлайдиганлар қўлқопларда санитайзерлар билан қўлларни дезинфекциялаш бўйича кўрсатмаларга эга. Ҳар бир буюртмага антисептик жойлаймиз.

Прогнозлар ҳақида

Бу вазиятнинг энг ёмон томони – карантин ва эпидемия қачон тугашини ҳеч ким билмаслигидир. Муассасалар қийналмоқда, ишчилар қийналмоқда: биз иш ўринларини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз, лекин бу осонликча бўлмаяпти. Биз навбатчилик вақти ва сонини қисқартиришга мажбур бўлдик, бу эса ходимларнинг даромади пасайиши демакдир. Биз етказиб беришни ривожлантиришга, бизнесимизнинг афзал томонларини қидиришга ва кўришга интиламиз. Ҳаммаси тугагач, уларни янада ривожлантириш мумкин.

Мен ҳозир ушбу соҳа бўйича аниқ прогнозлар бера олмайман. Карантин бизнинг онгимизни ўзгартиришини хоҳлар эдим. Шу билан барчамиз табиатни ва атрофимиздаги одамларни ҳурмат қилишни ўрганишимиз учун. Табиатга ва бир-биримизга ғамхўрлик қилишимиз учун. Бу, менимча, коронавирус бизга бераётган энг муҳим дарс.


Стас Ҳамраев

«Семь пятниц», «Фаренгейт» ва «Чайхана by Семь пятниц» бари ҳаммуассиси

Умумий овқатланиш муассасаларини ёпиш ҳақидаги қароргача коронавирус билан боғлиқ вазият бизга таъсир ўтказмаётган эди: биз яхши ишлаётган эдик, одамлар касаллик хавфи ҳақида ўйламаётгандек туюларди. Бу ҳол эса бизни ташвишлантириб қўйди – биз одамлар вирус мамлакатга кириб келганини, зарарланиш хавфи борлигини англамаётганини сездик.

14 март куни Қозоғистонлик дўстларим меҳмонга келишди. Улар менга карантин ҳақида гапириб беришди ва «Семь пятниц» барида одамлар кўплигини кўриб, ҳайрон бўлишди. Барчасини ҳисобга олиб, ходимлар, меҳмонлар ва уларнинг оила аъзоларини хавфга қўймаслик учун директор ва мен «Семь пятниц» ва «Фаренгейт»ни ёпишга қарор қилдик, шунингдек, «Чайхана»даги барча тадбирларни бекор қилдик.

БУ 16 МАРТ КУНИ СОДИР БЎЛДИ ВА БИЗ БИРИНЧИЛАРДАН БЎЛИБ ЎЗ МУАССАСАЛАРИМИЗНИ ЁПДИК.

Сешанба куниёқ умумий овқатланиш соҳасига ҳадемай тақиқ қўйилишини эшитиб, тўғри йўл тутганимизни тушундик.

Биз доимий асосда етказиб бериш билан шуғулланмадик

Бу қизиқарли йўналиш, лекин бир оз бошқача: биз муҳит ва кайфиятни яратамиз, бу эса артистларимиз, саҳнамиз, овозимиз ва рақс майдончамизсиз имконсиз. Ва кунларнинг бирида биз «Чайхана»дан шаурма етказиб бериш масаласини ишлаб чиқиш ҳақида ўйлаб қолдик. Ҳамкоримиз Муатаз Ал Ҳаммад шаурмани чинакамига жуда зўр тайёрлайди. Ҳозир эса муассаса ёпиқ ва қоровулдан бошқа ҳеч ким йўқ. Биз фақат умид қилишимиз ва пандемия тугашини кутишимиз мумкин. Бугунги кунда барча учун ягона йўл – етказиб беришни йўлга қўйиш. Шахсан мен эса ижод билан шуғулланаман.

Мен карантиндан тез орада чиқамиз, деган умидлардан йироқман. Ўйлайманки, у чўзилиб кетади ва ундан чиқиш анча қийин бўлади. Одамлар пул топишмаяпти, бизнес тўхтаб қолган ва ҳаммасини жой-жойига тушириш осон ва арзон бўлмайди. Кўпроқ қўллаб-қувватлаш ва вазиятни тушуниш бўлишини истардим – ҳам давлат томонидан, ҳам ижарачи, ҳамкор ва ҳамкасблар томонидан.


Абдурашид Иминов

GŌSHT GROUP бош директори

Тошкентнинг кўплаб муассасалари сингари биз ҳам мижозлар оқими пасайганини сездик. Бироқ, шуни таъкидлаш керакки, меҳмонларнинг маълум бир фоизи муассаса ёпилишига қадар сақланиб қолди. Бу шуни кўрсатдики, биз тозалик, ходимларнинг тартиби, ва албатта, мазали таомлар ҳукмронлик қиладиган ишончли ва хавфсиз жой сифатида обрў қозондик. Одамларнинг ишончи бизни ҳайратга солди ва биз уни оқлаш учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз. Айнан шунинг учун рестораннинг меҳмонлар зали ёпилишини кечиктириб ўтирмадик.

БИЗ УЧУН МЕҲМОНЛАРИМИЗ ХАВФСИЗЛИГИ БИРИНЧИ ЎРИНДА

Ресторан олиб кетишингиз мумкин бўлган таомлар тайёрлашни давом эттирмоқда, барча босқичларда таомларнинг хавфсизлиги ва тозалигини назорат қилиш учун етказиб бериш хизмати ташкиллаштирилган. Биз ресторанда гигиена масаласига жуда жиддий қараймиз: мунтазам равишда барча хоналарни дезинфекция қиламиз, антисептикларнинг катта захираси сотиб олинган: ошпазлардан тортиб курьерларгача – барча ходимлар қўлларини дезинфекциялашади ва қўлқоп кийишади. Иш куни бошланишидан олдин ҳар бир ходим текширилади ва ҳарорати ўлчанади. Мижозлар таомга ошпаздан ташқари ҳеч ким тегмаганига ишонч ҳосил қилишлари мумкин – биз контактсиз герметик қадоқлаш технологиясини ишлаб чиқдик.

Зарур чоралар

Гарчи карантин бизнесга таъсир кўрсатган бўлсада, ходимлар руҳини туширмаяпти. Бизнинг фалсафамиз шундайки, мижозлар соғлиғини хавфга қўйиб, фойда кўриш мумкин эмас, шунинг учун биз  зарурий чораларни кўриш учун пул сарфлаймиз. Бу одамларга таомларимиз хавфсиз эканига ишонч ҳосил қилишлари учун зарур. Бизнинг брендимизга бўлган ишонч жуда юқори ва биз уни оқлаш учун ҳаракат қиляпмиз.

Биз ўйинда қолишга ёрдам берадиган дастурни ишлаб чиқяпмиз, аммо қандай чора кўрсак ҳам, бу бизнинг таомларимиз ва хизматимиз сифатида акс этмайди. Менимча, ҳар қандай инқироз куч ва ишонч синовидир. Машаққатли меҳнат меҳмонлар ишончини қозонишга ёрдам берди ва ҳозирги оғир дамларда уларнинг ишончи бизга қўл келмоқда.

Афсуски, соҳамизни ҳақиқатан ҳам қийин дамлар кутмоқда, аммо бунинг ҳам ўзига яраша афзалликлари мавжуд. Табиий саралаш рўй беради: мижозларнинг қулайлиги ва хавфсизлигига етарлича эътибор бермаганлар бу инқирозда омон қолмайдилар. Бу эса муносиб муассасаларда мижозлар сони кўпаяди, дегани.

Чин дилдан ишонаманки, пандемия тез орада тугайди ва бизнинг шинам залимиз яна меҳмонларга, уларнинг кулгу ва қувончларига, ва албатта, тотли бургерларнинг ҳидига тўлади. Аслида, бутун жамоа меҳмонлар ва жонли мулоқотни соғинди, чунки бу ҳар доим уларга илҳом бериб келган. Бироқ, карантин бу карантин, шунинг учун биз бу қийин кунларнинг ўтишини сабр билан кутамиз.

Мен ҳаммага руҳий тетикликни, соғлиғи ва кайфиятига эътиборлироқ бўлишини тилаб қоламан. Бирдамликни сақлашимиз, бир-биримизга меҳрибон бўлишимиз ўта муҳимдир. Биргаликда ҳар қандай инқироздан ўтиб кетамиз! Илтимос, карантин қоидаларига риоя қилинг, уйда қолинг, яқинларингизга кўпроқ эътибор беринг.

Давлат сизнинг уйда бўлишингиз қулай бўлиши учун барча шароитларни яратди. Ва биз, ўз навбатида, сизни мазали ва хавфсиз овқат билан таъминлашга тайёрмиз.

 

Мақолани тайёрлади: Екатерина Спрыскова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди: фотографии из личного архива
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар