Ўтган шанба куни Илcон Маскнинг SpaceХ компанияси томонидан Falcon 9 ракетаси тарихда биринчи марта бортида астронавтлари бўлган Crеw Dragon номли хусусий пилот бошқарувли космик кемаси орбитага чиқарилди. Парвоз муваффақиятли амалга оширилди: ракета кемани мўлжалланган орбитага олиб чиқди ва учирилганига 9 дақиқадан бир оз вақт ўтгач, у денгиз платформасига хавфсиз қўнди. Муваффақиятли парвоз қандай ўзгаришларга олиб келади ва бугунги кунда космонавтика ҳақида нимани билишингиз керак — материалимизда таҳлил қиламиз.


9 йилдан кейинги парвоз

Falcon 9 ракетаси Флоридадаги Кеннеди номидаги космик марказнинг LS-39А мажмуасидан учирилди. Марказ ўтган асрнинг 60-йилларида Saturn V учун қурилган бўлиб, ундан шаттлларни учириш учун фойдаланилган. 2014 йилда SpaceX уни 20 йилга ижарага олди. Кема экипажи икки америкалик космонавт — Дуглас Херли и Роберт Бенкендан иборат эди.

Бу ушбу ракетани 39А майдончасидан учиришга иккинчи уриниш эди. 27 май куни ракета парвоз майдончаси ҳудудидаги ноқулай об-ҳаво шароити туфайли тахмин қилинган вақтдан 17 дақиқа олдин бекор қилинди.

Бу тўққиз йил ичида биринчи марта Америка Қўшма Штатлари худудидаги Америка космик кемасининг пилот бошқарувига эга парвозидир. NASA 2011 йилда Space Shuttle кема дастурини тугатгандан сўнг пилот бошқарадиган парвозларни тўхтатди. Ўшандан бери космонавтлар ХКСга Россиянинг «Союз»лари томонидан етказиб берилар эди.

Crew Dragon экипажи хавфсиз ва режалаштирилганидек автоматик равишда ХКСга жойлашди. Кема орбитада бўлган 19 соатлик вақтда хеч қандай штатдан ташқари вазиятлар юзага келмади. Ҳатто экипаж аъзолари бир неча соат ухлаб олишга улгурди. Ракета учирилганидан деярли бир кун ўтгач, 31 март куни астронавтлар Дуглас Херли ва Роберт Бенкен Халқаро космик станцияси бортига муваффақиятли ўтиб олишди. ХКСга келган астронавтларни космонавтлар Анатолий Иванишин, Иван Вагнер ва NASA астронавти Кристофер Кэссидидан иборат 63-экспедициянинг экипажи кутиб олди.

Falcon 9 ва Crew Dragon

Crew Dragon — кўп марталик орбитал пилот бошқарувига эга кема бўлиб, SpaceX томонидан ишлаб чиқилган. Crew Dragon — бу  «Dragon»нинг янги авлод кемалари. Бир қарашда у барча учун таниш бўлган юк ташиш версиясига жуда ўхшаш. Кема лойиҳасини пилотлар бошқарувига эга парвозларга мослаш учун муҳандислар анчайин меҳнат қилишди.

NASA миссиялари учун фақатгина янги кемалар учирилади.

SpaceX эса эндиликда бошқа мижозлар учун, масалан, орбитага сайёҳлик қатновлари учун қайта ишлатилиши мумкин.

Crew Dragon герметик капсулалари ўз ичига етти кишигача сиғдира олади (аммо NASA парвозлари учун энг кўпи 4 киши парвоз эта олади). Капсулалар ичида барчаси минималистик равишда бўлиб, одатий тугмачалар ва калитларга тўла асбоблар панели эса сенсор дисплейларга алмаштирилган. Ушбу дизайн ишончли ёки йўқлиги хақида баҳслашиш мумкин, аммо астронавтларнинг айтишига қараганда, уларга шунчаки кўникиш керак, холос. Crew Dragon парвози тўлиқ автоном тизимда олиб борилиши мумкин. Бу, албатта, станцияга уланишларни ўз ичига олади.

Ракета ҳам кема каби кўп марталик фойдаланишга мўлжалланган. Falcon 9 икки босқичли ракета бўлиб, тўлиғича SpaceX томонидан ишлаб чиқилган. У аллақачон 84 марта муваффақиятли учирилган.

Crew Dragon экипажи

49 ёшли Роберт Бенкен ва 53 ёшли Дуглас Херли тарихий миссия арафасида тўлиқ тайёргарликдан ўтган ва космик парвозларда катта тажрибага эга. Миссури штатидаги Сент-Аннеда туғилган Бенкен NASAда ишлашдан олдин АҚШ ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қилган. Бенкен миссиядаги қўшма операциялар қўмондони бўлиб, кема космик станцияга жипс вақтда, яқинлашув, ўрнатиш ва ажралиш, шунингдек Demo-2 хатти-ҳаракатлари учун жавобгар бўлган. У 2000 йилда NASA астронавти бўлди ва космик шаттлда икки маротаба парвоз қилди.

Экипаж аъзоси Херли Нью-Йоркда туғилган ва илгари АҚШ денгиз пиёда аскарлари учувчиси бўлган. NASA маълумотларига кўра, Херли Demo-2 космик кемаси қўмондони этиб тайинланиб, ишга тушириш, қўниш ва қайта тиклаш каби ишлар учун жавобгар бўлади. Шунингдек, у ҳам 2000 йилда астронавтга айланди ва хизмати давомида икки марта космик парвозни амалга оширди.

Илон Маск

Илон Маск 1971 йилда Жанубий Африкада канадалик муҳандис Эррол Маск ва модел Мэй Халдеман оиласида туғилган. Жанубий Африкадан ташқари Канада ва АҚШ фуқаролигига эга. 12 ёшида Маск ўзининг шахсий Blastar компютер ўйинини сотиб, илк 500 долларини ишлаб топган.

1999 йилда Compaq компютер ишлаб чиқарувчиси Маск ва унинг акаси томонидан асос солинган Zip2 ни 307 миллион долларга сотиб олди. Илон ўз акциялари учун 22 миллион доллар олган ҳолда 28 ёшида миллионерга айланди. Кейинчалик Маск ўзининг PayPal ва Tesla компаниялари туфайли машҳур бўлди.

2002 йилда у яна бир катта мақсадни — Марсни мустамлака қилиш режасини ишлаб чиқди. Унинг сўзларига кўра, инсоният цивилизация ривожланиши учун ҳам, Ер юзидаги барча ҳаётнинг йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш учун ҳам сайёралараро парвозларга муҳтож. Ўз режасини амалга ошириш учун у SpaceX корхонасига асос солди.

2016 йилда Маск сайёралараро харакатланиш Interplanetary Transport System тизимини ва Марсни мустамлака қилиш режасини дунёга тақдим этди.

Бироз SpaceX ҳақида

SpaceX — бу одамларни Марсга етказишни режалаштираётган ракетасозлик компанияси. Компания Илон Маск томонидан 2002 йилда ташкил этилган ва Калифорния штатининг Хоторн шаҳрида жойлашган. SpaceX нинг биринчи мақсади ерга мустақил қўниши ва қайта ишлатилиши мумкин бўлган ракеталарни яратиш эди. Маск ушбу технология ёрдамида космик парвозлар анча арзонлашишига умид қилди.

SpaceX ҳозирда NASA учун Халқаро космик станцияга юкларни етказиб бериш учун қайта ишлатиладиган ракеталардан фойдаланмоқда. Шунингдек, у турли халқаро ҳукумат ва компаниялар учун сунъий йўлдошлар ва бошқа космик технологияларни орбитага олиб чиқади. Келажакда компания сайёҳ ва космонавтларни Ойга етказишни режалаштирмоқда. Маск инсоният Марсга кўчиб ўтиши керак, деган фикрни кўп бора таъкидлаган. У SpaceX ракетасини Қизил сайёрага 2030 йилларда учиришни режалаштирмоқда.

SpaceX муваффақияти

Демо-2 миссиясини космонавтлар ерга хавфсиз қайтишганидан сўнггина муваффақиятли дейиш мумкин. Уларнинг қайтиш санаси ҳозирча номаълум. Оптимистик сценарийда NASA Халқаро космик станциясидаги астронавтлар сонини кўпайтириши мумкин. Дарҳақиқат, 2011 йилдан бери «Союз»да фақат иккита америкалик астронавтга жой ажратилган. Бу Қўшма Штатларга станциянинг техник хизмат кўрсатиш мажбуриятларидан ташқари кўпроқ лаборатор тадқиқотларига вақт ажратишга имкон беради.

Тахминларга кўра, Crew Dragon кемасидаги етти ўриндиқдан 4 таси NASA астронавтлари учун сақланади ва SpaceX қолган жойларни космик агентликларга ва эҳтимол, сайёҳларга сотиши мумкин.

Миссиянинг муваффақиятли якуни SpaceX ни NASA нинг бош пудратчисига айлантириши мумкин, эҳтимол бундан сўнг NASA астронавтларни ХКС га етказишда Россия кемаларининг қимматбаҳо хизматларидан воз кечади.

Шунингдек, миссиянинг ижобий якуни космик парвозларга катта таъсир кўрсатиши мумкин, бу эса юк ва одамларни нафақат давлат, балки хусусий компаниялар ҳам фазога олиб чиқишига имкон беради. Бундан ташқари, шуни таъкидлаш керакки, бу улкан қадам Маскни асосий мақсадига — Марсга кўчиб ўтишга яқинлаштиради.

ХКС

Халқаро космик станция — инсоният томонидан яратилган энг қиммат объект (150 миллиард доллардан ортиқ), бошқариладиган орбитал станция. Кўп мақсадли космик тадқиқотлар мажмуаси сифатида ишлатилади. 1998 йилнинг охиридан ҳозирги кунгача фойдаланиб келинади. Ҳозирги вақтда 2024 йилгача эксплуатация ҳуқуқини берувчи битим амал қилмоқда, шунингдек иш муддатини 2030 йилгача узайтириш имконияти кўриб чиқилмоқда. ХКС қўшма халқаро лойиҳа бўлиб, унда 14 мамлакат иштирок этади: Россия, АҚШ, Япония, Канада, Белгия, Германия, Дания, Испания, Италия, Нидерландлар, Норвегия, Франция, Швейцария ва Швеция.

ХКС нинг рус сегменти Королевдаги Космик Парвозларни бошқариш маркази томонидан бошқарилади, Америка сегменти Хьюстондаги Линдон Жонсон парвозларни бошқариш маркази томонидан назорат қилинади.

Starlink йўлдошлари

Илон Маскнинг SpaceX компаниясининг яна бир йирик лойиҳаси Starlink глобал сунъий йўлдош интернетини ишга туширишдир. Компания йўлдошларни бутун сайёрани тезкор интернет билан таъминлаш учун орбитага олиб чиқади, ушбу технология ҳатто энг чекка ҳудудларни ҳам қамраб олади.

Тўрт йилдан кейин Маск орбитага 12 минг йўлдош олиб чиқмоқчи. 2020 йилнинг апрель ойида 418 Starlink сунъий йўлдоши орбитада эди. SpaceX асосчиси 2020 йилда ушбу хизмат Канада ва АҚШнинг шимолий штатларида мавжуд бўлишини, 2021 йилда эса бутун дунёни қамраб олишини эълон қилди.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар