Людмила Ешкова, 54 ёшда. Унга жадал ва тез ўсиб борувчи 2–босқич кўкрак бези саратони ташхиси қўйилган. Аммо у касалликдан кучлироқ бўлиб чиқди. Энди унинг кўзлари порламоқда, ҳаёт бир неча карра ранг–баранглашди, у бошқаларга ёрдам бериш ва шу билан тўхтаб қолмаслик истаги билан ёнмоқда.

The mag 20

«Ҳар дақиқа — бу ҳаёт»

Ҳаёт — гўзаллик ва қувончни кўриш бахтидир. Ушбу синов менга ҳаётим нақадар ажойиблигини ва янада кўпроқ ишлар қилишим мумкинлигини англаш учун берилганди. Бизга ҳамиша ҳаммаси ҳали олдинда бўлиб туюлади. Аммо ўзингизни хавф остида кўрганингизда, ҳар лаҳзанинг қадрини тушунасиз. Яшашни хоҳлаш ва кўкрагингизни тўлдириб, чуқур нафас олиб яшаш керак. Ҳар биримиз улкан имкониятларга эгамиз. Ва агар инсон қўрқувни енгса, у мутлоқ енгилмасдир. Ўзингизни севинг, соғлиғингизга эътибор беринг, кек сақламанг ва ўзингиз чиндан истаган нарсаларни қилинг.

Мусаффо осмондаги момақалдироқ каби

Бир қатор стресслар касалликнинг ривожланишига туртки берди. Мен тасодифан кўкракдаги шишни ҳис қилгач, дарҳол шифокорларга югурдим. Натижада ташхис қўйилди. Саратон. Улар зудлик билан жарроҳлик ва кимётерапиядан ўтишимни айтишди. Аммо мен тайёр эмас эдим, яна кўрикдан ўтиб, турли фикрларни тинглаб, оқилона қарор қабул қилишни истардим. Мен самимият ва тушуниш изладим, аммо узоқ кутишга мажбур қилган навбатда туришлар, оғир ҳукмлар ва қўрқитишлар — эртага шунчаки уйғонмаслигим тайиндай туюлди. Мен келажакни кўра олмасдим, бундай ҳолатда касаллик билан курашиш қийин. Аммо юрагимда тақдир менга ўз йўлимни кўрсатишига ишонардим.

Саратон кутиб ўтирмасди

Вақт ўтиб борарди, лекин мен қарор қабул қила олмасдим. Аммо саратон кутиб ўтирмасди ва мен операция қилдиришга қарор қилдим. Операцияга тайёр эдим, аммо амалиётга бир соат қолганида тўсатдан қон кетиш хавфи туфайли уни бекор қилишди. Шундан сўнг шифокор аёлларнинг атиги 30 фоизида саратоннинг мендагидек шакли учрашини айтди — тез ривожланадиган ва агрессив. Менга қиммат дори зарур эди, аммо уни сотиб олиш учун маблағим етарли эмасди. Мен тушкунликка тушдим, тасодифий таксига ўтиргач, йиғлаб юбордим. Такси ҳайдовчиси менга телефонни узатди, гўшакнинг бошқа томонида худди шундай ташхис қўйилган аёл бор эди. У ҳамма дардга даво борлигини, дорилар унчалик қиммат эмаслигини айтди ва менга керакли шифокор билан боғланиш учун рақам берди. Эртаси куни мен Санкт–Петербургга ўша шифокор олдига учдим.

«Мен даволайман ва рухсат бериб юбораман»

Бу унинг биринчи сўзлари эди. У мен яшашимни айтган ягона одам эди. Уни кўриб, айнан мен излаган доктор эканлигини англадим. Ўзингиз ишонадиган шифокорни топиш жуда муҳим. У менда ишонч уйғотди ва ўзининг ижобий муносабатини менга сингдирди. Кимёвий муолажа ажойиб ўтди, аҳволим яхшиланди ва операцияга тайёрландим. Пул топилди: менга жуда кўп одамлар ёрдам беришди, энг муҳими — Санкт–Петербургда жуда қиммат дори–дармонларни бепул олиш мумкин бўлган курсда қатнашдим. Кимётерапия, нур ва гормон терапияси ҳамда дорилар ёрдамида 1 йилу 3 ой ичида саратонни енгдим.

«Ўлишни хаёлимга ҳам келтирмасдим»

Семириб кетдим, аммо ҳозир сузиш билан шуғулланаман. Ҳеч нарсадан қўрқишнинг ҳожати йўқ! Сочларингиз тўкилаётганини кўриш даҳшатли, лекин мен ўзимни улар ҳали бунданда гўзалроқ бўлиб ўсишига ишонтирдим. Ва шундай бўлди ҳам.

Саратон — бу психосоматик касаллик: бу стрессдан келиб чиқади, уни кайфият ёрдамида даволай оласиз. Агар бирор киши таслим бўлса, у енгилроқ тоифали касаллик билан ҳам ҳаётни тарк этиши мумкин. Саратон — ичингиздаги моҳият, ўзлик; агар сиз сустлик қилсангиз, у ривожланаверади. Аммо сиз жанг қилсангиз, у сиздан заиф. Касаллик билан барча жабҳаларда курашмоқ лозим: тиббиёт, психология, спорт ва дин. Албатта, нима бўлишидан қатъи назар, шифокорлар беморларни рағбатлантиришлари ва яшашга умид беришлари зарур. Сизга яхши психолог керак. Аммо ҳис–туйғуларни ўзингиз жиловлай олишингиз лозим. Яқинларимнинг қўллаб–қуватлашлари менга жуда кўп ёрдам берди. Мен эримни, қизимни, ота–онамни ва невараларимни жуда яхши кўраман, ўлишни хаёлимга ҳам келтирмасдим.

«Лучик_Ёғду»

Хасталик билан курашиш пайтида мен саратон касаллигини енгган аёлларнинг ҳикояларидан илҳомландим. Тушундимки, қанчалик қўрқинчли бўлмасин, бу сўнгги ҳукм эмас. Бу Телеграмда «Лучик_Ёғду» гуруҳини яратишимга олиб келди, у ерда мен аёлларга курашиш ва таслим бўлмаслик учун ёрдам беришни хоҳлайман.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи: Диана Ибрагимова
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар