Дунё янги ютуқларга илҳом берадиган ва ғоялар туғдирадиган минглаб қизиқарли ҳикоялар ва қаҳрамонлар тақдиридан тўқилган. Буни таниқли тажрибали журналист, илгари Ўзбекистоннинг биринчи машҳур глянц журнали Bella Terra бош муҳаррири ва биринчи машҳур миллий сериалнинг сценарийи муаллифи Мадина Мўминова билади. Бизнинг журналимизга берган интервьюсида Мадина ўз каръераси, ўз давридаги шов-шувли лойиҳалар устида ишлаш ҳақида сўзлаб берди ва замонавий журналистикага бўлган муносабати билан ўртоқлашди.


Сиз Ўзбекистондаги биринчи глянц журнал бош муҳаррири эдингиз. Ҳаётингиздаги энг муҳим интервью ҳақида гапириб беринг. Ҳозир нимани ғурур билан эслайсиз?

Гуруҳимиз учун Bella Terraда ишлаш ҳар жиҳатдан ажойиб мактаб эди. Бу мамлакатда биринчи эди ва биз ушбу форматдаги журнални қандай яратишни ўрганардик. Чет эл маҳсулотларидан ўрганиш баробарида улардан шундоқ кўчириб қўйиш ёки мода ортидан қувиб «бўм-бўш» журнални нашр қилмаслик муҳим эди — у пойтахтимиз мутолаачилари учун қизиқарли ва яқин бўлиши керак эди.

8 йиллик фаолиятимда ёрқин материаллар жуда кўп бўлган

Биз тарих ҳақида сўзлардик, қизиқарли фактларни аниқлаб, замондошларимиз портретларини яратардик. Ўзим журнал учун камдан-кам ёзардим — майдонни эгаллаш ноқулай эди: бизда жуда яхши журналистлар ва улардан кўпроқ таклиф этилган муаллифлар фаолият юритарди, уларнинг фикрлари қизиқ эди.

Журналист сифатида баъзи махсус мавзулар устида ишлаганман. Ва мен учун энг эсда қоларлиси болаларни асраб олиш ҳақидаги мақола бўлди. У ҳақиқий суҳбатлар ва ота-оналари тирик бўла туриб, меҳрибонлик уйларида яшаётган етимлар ҳикояларидан жамланган эди. Оддий материал ҳақиқий изланишга айланди — мураккаб, қийин, дунёқарашни мутлақ ўзгартирадиган ва энг муҳими, жуда самимий. Материаллар устида ишлашни бошлашдан олдин мен болалар уйларида ота-оналари ташлаб кетган ўзбек болалари деярли йўқ, деб ўйлаган эканман. Аммо улар ушбу муассасалардаги тарбияланувчиларнинг 80 фоизини ташкил этиши маълум бўлди. Бу мени ларзага солди.

Иккинчи Жаҳон уруши пайтида эвакуация қилинган болаларни асраб олган ва қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек оилалари ҳақидаги ҳикоялардан сўнг жамиятимиз гўё оёғи осмондан бўлиб кетгандек туюларди. Аниқланган расмий махфий маълумотларни шуур билан қабул қилиш мушкул эди. Мен мақолани йўқотишларсиз ва купюраларсиз тўлиқ нашр эта олганимдан хурсанд бўлдим. Ушбу материални ғурурланиб эмас, балки шодланиб ёдга оламан. Албатта, у барча одамлар онгида инқилобни юзага келтирмади, аммо нашр этилганидан сўнг, болалар уйидан етти нафар болани яхши оилалар — уларни сева оладиган ва ғамхўрлик қила оладиган оилалар олиб кетишди.

Ижодий фаолиятингизни 5 та сўз билан таърифлаб бера оласизми?

Ижодга, одамларга, ҳаётга бўлган муҳаббат.

«Бир кам дунё» ҳаёт ҳақидаги биринчи замонавий самимий сериал эди. Ушбу лойиҳа тарихи ҳақида гапириб беринг.

Самимий ва ҳар бир томошабин кўнглига яқин ҳикоялари билан ўша кўнгилларни забт этувчи телевизион сериални яратиш ғояси жуда оддий юзага келган. 2004 йилда дунё Бразилиянинг «Клон» сериали қаҳрамонларига ошиқ эди. Кўча-кўйда Жади қаҳрамонининг ўзбекча версиялари пайдо бўлар, фильм мусиқалари атрофимизда янграр, одамлар янги туғилган чақалоқларига бош қаҳрамонлар исмларини беришарди. Ўзим илгари ҳеч қачон телесериалларни томоша қилмагандим ва бу жуда саёздек туюларди. Масалан, «Канизак Изаура» ёки «Оддий Мария» каби. Аммо кейин мени жуда кўп ақли расо инсонларни экранга чорлабгина қолмай, узоқ вақт давомида ушлаб туришга қодир телевизион лойиҳа муваффақияти формуласи ўзига жалб қилди.

Халққа яхши ҳаётий ҳикоя, чиройли персонажлар ва интерьер, юракларни забт этувчи теран диалоглар ва жозибадор мусиқа бериш керак эди.

Халқим учун қизиқарли фильм яратишга қодирманми, деб ўйлаб қолдим. Ўзимиз ҳақимизда ҳикоя! Аҳолининг турли қатламлари вакиллари бўлган замонавий ўзбеклар эътиқоди ва ахлоқий қадриятлари, ҳис-туйғулари, қўрқувлари ва муаммолари ҳақида. Мен сценарий ёзиш учун ўтирдим. Бу тажриба юрагим тубига жойлашиб, кўп йиллар давомида менинг бир бўлагимга айланганди. Биз фильмни турмуш ўртоғим билан биргаликда яратдик: мен уни деярли бир йил давомида ёзганман, образлар ва актёрларни танлаганман,  турмуш ўртоғим эса қаттиққўл танқидчи бўлганлар, эркаклар суҳбати ва баъзи мураккаб ҳужум ва тергов саҳналарини яратишда ёрдам берганлар. Ва энг муҳими, у Севара Назархон ва Рашид Холиқов томонидан ижро этилган фильм саундтреки учун ажойиб сўзларни ёзган. «Бир кам дунё» қўшиғи анча вақт хит бўлганди.

«Бир кам дунё» сериалидаги энг қийини фильмни суратга олишми, ҳомийлар топишми ё постпродакшн?

Фильмни суратга олиш ва постпродакшн ишлари техник жараён, бунда алоҳида қийинчиликлар бўлмайди. Бу одатий иш, жуда қизиқарли, чунки ҳар дақиқада сиз ғоянгизни рўёб чиқарасиз.

Фильмга ўзимиз ҳомийлик қилганмиз ва бу сюжетни яратишда мутлақ эркинлик берган. Бу жиҳат муаллиф учун жуда қадрли, менимча. Аммо ҳикоялар сатрларини ўзаро боғлаш жуда қийин эди — у жуда кўп тафсилотларга ва кўплаб деталларга эга ЛEГО конструкторидек эди. Сюжет беш оиланинг ҳикоясига асосланган, уларнинг ҳар бири 5-7 нафар қаҳрамондан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз ҳаёт йўлига эга эди. Қаҳрамонлар ҳикоялари қайсидир нуқтада бир-бирига улана бошлайди. Хронологияни сақлаган ҳолда моҳирлик билан сюжетдаги иғволарни кўрсатиш ҳақиқий бошқотирмага айланди.

Ёдимда, мен ҳар бир қаҳрамон ҳаёт йўлини рангли варақларга босиб чиқаришимга тўғри келганди. Ҳар бир қаҳрамон ўз рангига эга эди ва мен бутун хонадон бўйлаб уларни ёйиб чиққандим. Қаердадир улар кесишган, қаердадир йўллари айро кетган. Улар узоқ вақт шундай ёйилиб ётди, воқеаларнинг керакли занжири шаклланмагунча уйдаги ҳамма варақлар устидан сакраб ёки уни босиб ўтарди.

Бу жуда қийин, аммо ниҳоятда қизиқарли кечди, жумладан, актёрлар билан мулоқот ҳам.

Аксар актёрлар образга бирон бир янгилик, ўзига хос жиҳат олиб киришга ҳаракат қилишди. Улар қаҳрамоннинг ҳикоясини ўз шахсий ҳаётлари билан жуда уйғун деб ҳисобладилар ва бу ҳолат фильмни янада бойитди. Мен ҳар бир иштирокчи ўзини сценарий ҳаммуаллифи, деб ҳисоблайдиган жамоавий ишни яхши кўраман. Бу жамоани кучайтиради ва лойиҳада муваффақият қозониш имкониятини оширади.

Қийин дамларда сизнинг илҳом манбангиз нима бўлган? Сизни нима илҳомлантирган?

Мен халқимизни жуда яхши кўраман — доно, бағрикенг, сахий. Агар сиз халқни тинглай олсангиз, жуда кўп ҳикоялар бор. Ҳаётда қизиқарли воқеалар тўлиб ётгани ҳолда биз нима учун воқеа тўқишимиз керак? Ҳақиқий воқеани янада мазмунли ва таъсирчан қилиш учун сиз уни бироз тўлдиришингиз мумкин. Менинг сценарийларимда тўғридан-тўғри прототиплар йўқ, аксинча, жамоавий образлар ва жамоавий ҳикоялар, лекин уларнинг барчаси ҳақиқат ва айнан шунинг учун одамлар қалбидан жой олдилар.

«Бир кам дунё» тарихининг давоми юборилган хатлар асосида ёзилган. Фильмни томоша қилган одамлар ўзларининг тақдирлари, яқинларининг ҳолатлари ҳақида гапира бошлашди ва ўзларининг ҳаётий воқеаларини сюжетга киритишни сўрашди. Афсуски, биз фильмни охирига етказмадик, унда бош қаҳрамонлар ҳаёт шароитларига қарамай бахтли бўлишга жасорат ва қатъият топадилар. Аммо бу воқеа ҳеч қачон юрагимни тарк этмади. Ҳануз унинг давоми тўғрисида ўйлайман. Ва ҳар бир қизиқарли одамлар билан учрашувлар ва суҳбатларга бой бўлган янги кун «Бир Кам Дунё»нинг давоми бўлиши керак, деяётгандек менга.

Замонавий оммавий ахборот воситалари, журналистика, инфлюенсерлар ҳақида қандай фикрдасиз?

Мен замонавий оммавий ахборот воситалари ҳақида бирор кескин фикр билдирмайман, уларнинг бари вақт самарасидир. Мен учун қизиқарли журналистлар ва блогерлар бор, мен уларни завқ билан ўқийман ва уларнинг фикрларини ҳурмат қиламан. Аммо, афсуски, аксарият ахборот каналларида рейтинг ва буйруқлар жамоатчилик фикрини шакллантириш учун нимани ва қандай гапиришни ҳал қилади. Янгиликлар шунчалик бепарволик билан яратиладики…! Афсуски, сизнинг мавзуга бўлган муносабатингизга таъсир ўтказа оладиган эркин маълумотлар манбасини топиш қийин.

Сизнингча, Ўзбекистон замонавий журналистикаси феминизм ҳақида сўз юритиши керакми ёки бундан четда бўлгани яхшироқми?

Ўзбекистонда журналистика эркин бўлиши керак, худди бутун журналистика каби. Агар кимдир феминизм ҳақида гапиришни хоҳласа, нега оғзига уришимиз керак? Жамиятимизда бу катта ва узоқ муҳокамаларга сабаб бўлишига ишончим комил эмас, лекин одамлар ўзлари хоҳлаган нарсалар тўғрисида гапиришга ҳақли.

Касбингизга оид барча орзуларингиз амалга ошди деёласизми?

Ҳа, албатта, гарчи оддий одам ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтамасада.

Менга омад кулиб боқди, мен ҳар доим ўзимни қизиқтирган ишни қилдим ва буни барча яқинларим қўллаб-қувватлашди. Болалигимда театрни яхши кўрардим ва ҳовлидаги тенгдошларим билан қўшнилар учун спектакллар қўярдик. Мактабни битирганимда дадам БКДИга (ВГИК) киришимга рухсат бермадилар, қиз болани бошқа шаҳарга қўйиб юборишга қўрққанлар, чунки 90-йиллар нотинч эди. Улар режиссёр бўлишимни истамадилар. «Бу аёлларнинг касби эмас! Режиссёрлар чекишади ва ичишади! Санъатга бутунлай берилиш керак, унда ё биринчи бўлиш ёки умуман бўлмаслик керак!» — дея уқтирардилар. Мен онамнинг йўналишларини танлаб, санъатшунослик факультетига киришга қарор қилдим. Аммо бу ерда ҳам мени сюрприз кутиб турарди: ўша йили ўқишга кириш бекор қилинди — санъатшунослар кўпайиб кетганмиш. Натижада мен журналистика факультетига ўқишга кириб, мутлақо бошқа касб чархпалагига тушиб қолдим ва бу ерда бари бир жабҳада айланарди.

Ўқишни тугатгач, халқаро каналда ёш ва жасур журналистлардан иборат ажойиб жамоада ишладим. Биз ўша вақтлар учун анча дадил ҳисобланган бир қанча муаллифлик дастурларини яратдик, биринчи мусиқий фильм ва турфа жабҳаларда намоён бўлган ёрқин ҳамда жўшқин ёшлар дастурлари кетма кетлигини суратга олдик. Бир вақтнинг ўзида реклама соҳасида ҳам янги тажриба орттиришга улгурардик. Бизни қизиқтирган барча мавзуларнинг асосий сўзлари «форматсиз», «бошқалар», «янги қарашлар» ва ҳоказо. Бу ғоялар, тажриба, касбий ривожланиш ва характер орттириш учун ажойиб давр эди.

2002 йилда мени кутилмаганда нашриётда ишлашга таклиф қилишди. Бу янги чақириқ, чорлов ва синов эди.  Илк учрашувда бу соҳада кўп қолмаслигимни айтдим, чунки менинг соҳам телевидение, деган чуқур ишончим бор эди. Аммо бизнинг эмас, Яратганнинг айтгани бўлади. Журнал менга камчиликларни видеолавҳалар ортига яшириб бўлмайдиган етук ва бехато матнлар ёзишни ўргатди. Фақат аниқ фактлар билан ёзиш! Шундай ёзиш керак эдики, ҳеч бир қўшимчаларсиз ўқувчининг қалбини забт этиш, ялтироқ формат ва фойдали маълумот тушунчаси ўртасидаги мувозанатни сақлаш зарур эди. Нашриётдаги 8 йиллик фаолиятим давомида жуда кўп қизиқарли учрашувлар ва лойиҳаларни ўтказганман. Шунчалик кўп фойдали тажриба орттирдимки, саноғи йўқ!

Биз яна бир нечта журналлар очдик ва улар орасида энг севимлиси Baby Terra эди: ўша пайтда мамлакатда болалар адабиётлари кам, шунинг учун биз унинг яратилиши устида ажойиб шоирлар, ҳикоянавислар, аниматорлар ва болаларнинг ўзлари билан ишладик. Параллель равишда «Бир кам дунё»ни суратга олганман, «Тоҳир ва Зуҳра» мусиқий ҳикоясининг давоми ҳамда Обид Асомов бош ролни ижро этган «Ада эмас, дада!» фильмига, яна бошқа режиссёрларга ҳам сценарий ёзганман ва ҳамкасбларимга кўплаб томошаларни ўтказишда ёрдам берганман. Қизиқарли бўлган. Бугунги кунда тенгдошлар ва дўстлар билан бир гуруҳда симфоник мусиқа билан жонли ижро орқали ажойиб мусиқий лойиҳаларни яратиш имконияти мавжуд. Шундан кейин ҳам профессионал орзуларим амалга ошмади, десам уят бўлар.

Олдинда яна қизиқарли режалар ва лойиҳалар кўп, асосийси, орзу қилиш ва ҳамма нарса амалга ошишига шубҳа қилмасликдир.

Болалар тарбиясида аввало нимани шакиллантирган бўлардингиз?

Эҳтимол, ўзига бўлган ишончни. Менинг болаларим яхши, фикрлай оладиган, ҳамдардлик билдира оладиган, сахий, одобли ва эътиборли бўлиб етишдилар. Уларнинг ҳаракатлари, фикрлаши, ҳаётга бўлган муносабати билан фахрланаман. Ростини айтсам, уларнинг қандай қилиб бундай улғайишганини ҳам билмайман — мен бутун умр ишладим ва уларга қаттиққўллик қилганим ёки насиҳат қилганимни эслай олмайман. Улар қандайдир тез катта ва мустақил бўлишди, шунинг учун кўпинча мен улардан мувозанат ва ички эркинлик ҳиссини қандай қилиб ривожлантиришни ўрганаётганимни сезаман. 5 ёшида кенжа ўғлим: «Нега доим жиддий бўлиш керак ва қувониш учун байрамларни кутишимиз керак? Нега ҳар куни қувониш мумкин эмас?» — дея сўраб қолди. Дарҳақиқат, ҳаёт биз учун ўзимиз томондан яратилган байрам бўлиши керак. Шундай қилиб, бизнинг оиламизда ким кимни тарбиялаётгани аниқ эмас.

Мақолани тайёрлади: Карине Багдасарова
Фото муаллифи: Акмаль Саидов
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар