Бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг 33 ҳолати қайд этилган. Одамларни мавҳум ҳолат ташвишлантирмоқда. Мамлакатдаги вазиятнинг ҳақиқий ҳолати қандай? Касалланганлар қай аҳволда? Қандай даволаш усуллари ва дорилар қўлланилмоқда? Касалхоналар ва шифокорлар тайёрми? Наҳотки қўлингизни ювиш ўзингизни ҳимоя қилишнинг ягона усули? Келгуси суръатлар қандай? Шу ва бошқа саволларга жавобларни қуйида ўқишингиз мумкин.


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Қурбонов Ботиржон Жўрабаевич вирусни аниқлаш учун тестлар бор-йўқлиги, даволаш усуллари, зарарланганларнинг ҳолати, шифохоналарнинг қанчалик тайёргарлиги ва прогноз ҳақида бизнинг журналимизга берган эксклюзив интервьюда сўзлади.

Қурбонов Ботиржон Жўрабаевич

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари

Вирусни аниқлаш учун реактивлар

Мамлакатда CОVID-19 касаллигини аниқлаш ва ташхисини қўйиш учун синов тўпламлари мавжуд. Ушбу тўпламлар Россия Федерацияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан мунтазам равишда етказиб берилади. Уларни кўрсатмаларга мувофиқ ишлатиш керак, яъни респиратор касаллик аломатлари (ҳарорат, йўтал, нафас қисилиши) бўлганлардан анализлар олиш керак. Бундан ташқари, эпидемиологик анамнезда, албатта, чет элда бўлганлик ёки бошқа мамлакатлардан келган одам билан алоқада бўлганлик ҳақида маълумот бўлиши керак.

Коронавирусни даволаш усуллари

Ҳозирги кунга қадар, бутун дунёда бўйлаб CОVID-19га қарши маълум даволаш воситаси бўлмаганлиги каби, вакцина ҳам мавжуд эмас. Беморларга симптоматик, вирусларга қарши препаратлар буюрилади.

Касалхоналар ва шифокорлар тайёрми?

Барча маъмурий ҳудудларда CОVID-19 га чалинган беморларни касалхонага ётқизиш учун шифохоналар белгиланган. Тиббий ходимларни тайёрлаш учун ушбу касаллик бўйича мунтазам машғулотлар ўтказилмоқда. Январь-февраль ойларида клиник, диагностик, даволаш ва коронавирус инфекциясига қарши профилактик чоралар бўйича клиник протоколлар тайёрланди. Санитария-карантин пунктларида чегара ҳудудларидан инфекцияни олиб киришнинг олдини олиш учун жадал равишда профилактика чоралари кўрилмоқда.

Касалланганларнинг аҳволи

Барча беморлар аҳволи қониқарли, фақат битта кишида оғир ҳолат қайд этилган.

Прогнозлар қандай?

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, зудлик билан мамлакатга кириш ва ундан чиқиш учун ҳаракатни чеклаш бўйича қатъий позицияни қабул қилди. Шунга кўра, касалликни юқтириши мумкин бўлган кўплаб манбалар мамлакатга киритилмади. Барча мактаб ўқувчилари ва талабалар таътилга юборилди. Масжидларда жумъа намозлари ва бошқа намозлар вақтинча ўқилмайди. Бундай чора-тадбирлар одамлар ўртасидаги алоқани кескин камайтиришга қаратилган, чунки инфекция асосан ҳаво орқали юқади.

Аниқланган беморлар ва улар билан алоқада бўлган шахслар тиббиёт мутахассислар, шу жумладан санитария-эпидемиология осойишталик марказлари мутахассислари томонидан тўлиқ назорат қилинади. Ўзбекистонда барча муаммоларни тезда ҳал қилишга имкон берадиган яхши ривожланган бошқарув йўналиши аниқ. CОVID-19 ҳолатлари дастлабки алоқалардан аниқланади (биринчи чалинганлар), аммо биз Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг сезиларли тарқалиши бўлмайди, деб тахмин қиляпмиз.

Профилактик чоралар

Нафас олиш йўлларида касаллик белгилари бўлмаса, қуйидаги қоидаларга риоя қилиш керак:


Интегратив, профилактика ва кексайишга қарши тиббиёт шифокори Нодира Акилова танани янги вирусга қарши курашга қандай тайёрлаш, қандай чоралар кўриш (қўл ювиш ва гигиена қоидаларига қўшимча равишда), бошқа мамлакатларда коронавирус билан курашиш учун қандай дорилар ишлатилганлиги ва Ўзбекистонда қандай натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. 

Нодира Акилова

интегратив, профилактика ва кексайишга қарши тиббиёт шифокори

Энг яхши ҳимоя – бу олдини олиш

Биз абадий қўрқувда яшасак, ҳаётимиз сифати пасайиб боради. Шунинг учун, энди қўрқув ва ваҳимага берилиш эмас, балки теран фикрлаш лозим. Ахир барча профилактика чораларига риоя қилиб, ўзингизни вирусдан тўлиқ ҳимоя қилишингиз мумкин-ку.

Ўзимизни бизга ҳар куни “едириладиган” ахборот неврозидан чеклаш керак. Киши соғлом бўлиши учун одамни стресс ва ваҳимага соладиган ахборот, дейлик, вафот этганлар сони ҳақида эмас, балки бундай ҳолатларда ўзини қандай тутиш кераклиги ва касалликни қандай енгиш кераклиги ҳақидаги хабарларни ўқисин/кўрсин/эшитсин. Энг асосийси, муаммо ўз ечимига эга эканлиги. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Хитой вирусни деярли енгди ва бу бутун инсоният учун жуда яхши прогноз.

Иммунитетни кураш учун тайёрлаш

Статистикага кўра, вирус иммунитети заифлашган одамлар учун хавфли. Соғлом иммунитет – бу биринчи навбатда тўғри овқатланиш ва иммун тизимининг 70 фоизи жойлашган ошқозон-ичак тракти нормал ишлашидир. Бу муҳим:

  • зарарли овқатларни истеъмол қилмаслик, сафро оқишини мунтазам таъминлаш ва ич қотишини олдини олиш;
  • стрессдан халос бўлиш, чунки гормонлар, стресс ва иммун тизими ўртасида боғлиқлик мавжуд;
  • парҳез қилинг: барча оддий шакарни йўқ қилиш (шакар нейтрофиллар ва иммун тизимининг бошқа таркибий қисмлари фагоцитозини секинлаштиради).

Шунингдек, қуйидаги витаминлар миқдорини тартибга солиш орқали иммун тизимининг ишлашини таъминлаш керак:

  • Д витамини кучли иммуномодулятор. Ушбу витамин етишмаслиги иммунитет тизимини заиф қилади. Қондаги 25 (ОҲ) нинг мақбул даражаси 50-60 нг/мл;
  • Цинк ҳар қандай вирусларнинг кўпайишини блоклайди;
  • С витамини иммунитетни қўллаб-қувватловчи воситадир. Бу нейтрофилларнинг вирусларга ҳужум қилиш ва сўрилиш қобилиятини оширади;
  • Селен интерферонлар, макрофаглар ва киллерлар ҳосил бўлишини рағбатлантиради.

Коронавирусни енгиш учун дори воситалари

Яқинда The Lancet журналида CОVID-19 нинг биринчи белгилари намоён бўлганида хитойлик шифокорларнинг қарор қабул қилиш алгоритми тўғрисида протоколни эълон қилди. Ушбу материалда «Арбидол» препарати эслатиб ўтилган. Олимлар, Франция Соғлиқни Сақлаш Вазири CОVID-19 аломатлари билан курашишда иситмани тушириш учун вазиятни ёмонлаштирадиган (масалан, ибупрофен) яллиғланишга қарши дориларни эмас, балки парацетамолдан фоидаланиш (ацитоминофен) керак деган баёнотини қўллаб-қувватладилар. Бунинг сабаби, иммун тизимини заифлаштирадиган ибупрофеннинг яллиғланишга қарши хусусиятлари: COVID-19 ангиотензинга ўгирувчи фермент (АПФ-2) орқали таъсир этади ва қон томирларини торайтириш ҳусусиятига эга. Шу туфайли ҳароратни пасайтириш учун нейтрал воситалардан фойдаланиш жуда муҳим. Масалан, парацетамол, анальгин, аспирин. Бу ҳақда 14 март куни ЖССТ вакили ҳам маълум қилди. Аммо 18 март куни улар Арбидол ҳақида салбий хулосалар чиқаришнинг иложи йўқлигини айтишди, чунки ҳали етарлича тадқиқ қилинмаган.

Яқинда ХХРнинг янги короновирусли пневмонияни даволаш режасининг еттинчи нашри таржимаси чоп этилди, унда хитойлик шифокорларга ёрдам берган дорилар кўрсатилган. Эндиликда улар ушбу дориларни бутун дунё билан фаол равишда баҳам кўришмоқда.

Энг яхши ҳимоя чораси

Ҳозирги вақтда энг яхши ҳимоя чораси уйда, оилангиз даврасида ўтириш ва карантинга риоя қилишдир. Шундай экан, сиз нафақат ўзингизни, балки шифокорларни ҳам ҳимоя қиласиз ва вируснинг бутун мамлакат бўйлаб тарқалмаслигига ёрдам берасиз. Хитойликларнинг айнан шу хатти-ҳаракатлар моделига қатъий риоя қилганлиги уларга ёрдам берди. Аммо италияликлар, афсуски, хавфни писанд қилмадилар.

Прогнозлар қандай?

Ҳозирги вақтда олимлар томонидан турфа прогнозлар берилди:

Вирус SARS ва MERS вируслари билан бўлгани каби одамдан одамга ўтавериш орқали оддийлашиб, заифлашиши кузатилиши мумкин (аттенуция). Вируснинг вирулентлигини таъминловчи патогенлиги унинг геномининг мутацияси туфайли камаяди.

Эҳтимол, бу ҳар йилги грипп каби бўлиб қолади ва ҳамма у билан касалланади, аммо ҳозиргидай асоратларсиз кечади: бу юмшоқ вируслар қаторига қўшилади.

Вакцина ихтиро қилинади ва оммавий эмлашдан кейин одамларнинг иммунитети ривожлантирилади.

Бахтимизга вируснинг биринчи зарбаси мамлакатимизга путур етказмади, шунинг учун биз вақтдан ютдик. Ухандаги вирус тарқалгандан бери олимлар вирусни ўрганиб чиқдилар, даволаш протоколларини ишлаб чиқмоқдалар ва ҳар куни янги тадқиқотлар пайдо бўлмоқда. Биз вирус билан танишишга тайёрландик ва давлатимиз биринчи навбатда чегараларни ёпди, барча ҳаво алоқаларини узди. Келганлар карантинга олинди. Мактаблар ва болалар боғчалари ёпилди ва ҳамма жойда профилактика чоралари ҳақида хабар беришди. Бу ижобий натижага умид қилишга асос беради.


Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, бу янги вирус ва у ҳали ҳам ўрганилмоқда, шунинг учун дорилар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Ҳаммаси индивидул равишда. Бирор кишига ёрдам берадиган дорилар бошқаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ўзингизни ўзингиз турли дори-дармонлар билан даволашингиз мумкин эмас, интернетдаги манбалар ва бошқа одамларнинг маслаҳатларига амал қилманг. Агар касаллик белгилари пайдо бўлса, сиз фақат мутахассислар билан маслаҳатлашиб, уларнинг доимий назорати остида бўлишингиз лозим.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди: фотографии из личного архива
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар