Ота-онаси ўғли педагогикага, аниқроғи, география ўқитувчиси бўлиш учун ўқиётганига ишончи комил эди, у эса миллий театр ва кинематографиянинг ёрқин актёрларидан бири бўлишга ҳозирлик кўраётганди. Биринчи роли асносида у отасининг буюмига шикаст етказиб қўяди, лекин етказилган зарарнинг ўрнини ортиғи билан — ўн баробар қилиб қоплайди. 

Таҳририятимиз меҳмони бўлмиш кинематографиямиз «Бобури» машаққатли карьераси ва бахт ҳақида сўзлайди.


Биринчи кастинг

Ким бўлишни хоҳлашим борасида узоқ ўйлаганман: гоҳ шифокор, гоҳида юрист бўлишни орзу қилардим. 8-синфда ўқиётганимда мактабимизда комсомол йиллигига бағишланган катта анжуман бўлиб ўтди. Адабиёт ўқитувчимиз Нўъмонжон Абдуллаев «Абдулла Набиев» пьесасидан бир парча саҳналаштиришни таклиф қилди. Бош қаҳрамон Абдулла Набиев роли учун, ҳозирги тил билан айтганда, кастинг эълон қилинди. Унда чамаси 50-60 киши иштирок этди, аммо роль менга насиб қилди.

Сценарийга кўра, оқ кўйлак кийган қаҳрамонимни қийноққа солишади, калтаклашади ва охирида кўйлак йиртиб ташланиши, қонга беланган бўлиши керак эди. Менда оқ кўйлак йўқлиги сабабли дадамнинг оҳорли оқ кўйлагини олдим ва бироз ишлов бердим — уни йиртдим ва қизил бўёқ суртдим.

Саҳна кўриниши жуда яхши ўтди, уйда эса мени ота-онам кутишарди. Маълум бўлишича, дадам тўйга таклиф қилинган, бироқ оқ кўйлагини тополмаган. Мен уларга кўйлакни кўрсатдим. «Вой!», дея хитоб қилди дадам. «Нима қилдинг?! Янги кўйлаг-а! Катта бўлганингда биринчи маошингдан менга янги кўйлак сотиб олиб берасан!», деди у ва бошқа кўйлак кийишга мажбур бўлди — тўйга бориши керак эди-да. Шунда қатъий қарор қилдим: биринчи иш ҳақимга 10 та кўйлак сотиб олиб бераман. Орадан йиллар ўтди, бир куни мен 10 та янги кўйлак олиб келдим. Дадам дастлаб тушунмади: «Нега 10 та? Нима, умрим охиригача кияманми?» Шундай қилиб, менинг биринчи спектаклимга доир воқеа шундай эди.

«Биз уни ўқитувчи, деб ўйласак, у артист экан!»

Мактабни тамомлаётганимда институтга кириш масаласи пайдо бўлди. Мен Тошкентга, шу ерда яшайдиган холамникига келдим. Биз Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) география факультетига ҳужжат топширдик. География жуда ёқтирардим, лекин биринчи навбатда математикадан имтиҳон топшириш кераклиги мен учун кутилмаган янгилик бўлди! Табиийки, имтиҳонлардан ўта олмадим. Кейинги қадамим қандай бўлиши борасида холам билан маслаҳатлашдим. У ечимини топди: «Сен ота-онангга кирдим, деб айтасан ва шу йил давомида ўзинг хоҳлаган жойга тайёрланасан. ким бўлишни истайсан?»
«Актёр бўлишни хоҳлайман!» деб жавоб бердим.

Қаттиқ тайёргарлик кўришни бошладим ва бир йилдан кейин театр институтига ўқишга кирдим. Ҳамзанинг «Заҳарланган ҳаёт» пьесасининг монологини ва Криловнинг масалини жуда яхши тайёрладим, холам эса мени рақс билан шуғуллантирди. Уч босқичдан муваффақиятли ўтиб, 1970 йилда театр ва рассомчилик институти талабаси бўлдим.

ОТА-ОНАМ ЎҚИШНИ БИТИРГУНИМГАЧА ТОШДУ ТАЛАБАСИ ЭКАНИМГА ИШОНИШГАН.

Онам Тошкентга келиб, университетимни кўрмоқчи бўлган пайтлар ҳам бўлди. Мен уларни Талабалар шаҳарчасига олиб бориб, университетнинг асосий биноси олдидаги ўриндиққа ўтқиздим-да, «Сиз ўтириб туринг, барибир сизни ичкарига киритишмайди, менинг эса дарсларим бор», деб, бинога кириб кетдим ва онам кетмагунча дераза олдида турдим.

Ҳаммаси бир зумда, мен иштирок этган спектакль телевизорда кўрсатилганида ошкор бўлди. «Биз уни ўқитувчи десак, у артист экан!» деди онам.

Менинг ҳар бир муваффақиятим, ҳар бир мукофотим онамнинг ҳам муваффақияти ва мукофоти. Шунинг учун буларнинг барини онам ғайрат билан қабул қилди. Маданият вазири ўринбосари этиб тайинланганимда мен билан жуда фахрланди.

Биринчи театр

Тўртинчи курс якунига етаётган пайтда диплом учун битирув спектаклига тайёргарлик кўраётган эдик. Саид Аҳмаднинг «Уфқ» пьесасини танладик. Бош қаҳрамон роли менга насиб қилди. Спектакль ҳайратланарли чиқди! Залда ўтирган Саид Аҳмаднинг ўзига ҳам жуда ёқди.

«Уфқ» спектаклининг навбатдаги томошасида Сурхондарё театрининг бош режиссёри иштирок этди. У бизни Термиз шаҳридаги янги Маннон Уйғур номидаги мусиқий драма театрига ишга таклиф қилди. Бизнинг курсимиздан Термизга ўн киши боришга қарор қилди. 1974 йил эди. Ўша кезлари Москвадан Совет армиясининг марказий театрида амалиёт ўтаган Мансур Равшанов келди. У ҳанузгача ўша театр раҳбари. У театрда янги спектаклларни қўя бошлади. Василий Шукшин, Александр Островский, Шиллер асарлари асосида спектакллар қўя бошладик — барчасини ўзбек тилида саҳналаштирдик. Шунингдек, диплом дастурларимиздаги спектаклларни, мисол учун, «Уфқ»ни қайта тикладик. Мен эса «Менинг ўн саккиз ёшим» спектаклини саҳналаштирдим. 1976 йилда биз Тошкентга гастрол сафарига бордик, бу ерда бизнинг ишларимиз жуда юқори баҳоланди.

Маннон Уйғур номидаги мусиқий драма театри жуда яхши ҳаёт мактаби эди. Айнан шу ерда мен Ўзбекистоннинг театр санъати ривожига қўшган ҳиссам учун биринчи марта Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олдим.

Тақдир роли

Ҳаёт йўлимда менинг қисматим, тақдирим бўлмиш роль учради. Бўш вақтимда ўқиш ва ёзиш каби хоббим бор эди. Пиримқул Қодировнинг буюк ҳукмдор ва саркарда, шоҳ ва шоир Бобур ҳақидаги «Юлдузли тунлар» асари менинг энг севимли китобларимдан бири.

Асар мутолааси пайтида доим ўйлардим: «Агар шу асар асосида бирор пьеса саҳналаштиришса ёки фильм олинса, унда мен Бобур ролини ўйнаган бўлардим!». Спектакль Тошкентнинг Ҳамза театрида саҳналаштирилди. Бош ролни эса Ёдгор Саъдиев ижро этди. У пайтда мен Термизда ишлардим. 1986 йилда рафиқам билан мени Ҳамза театрига ишга таклиф қилишди ва ўша йили режиссёр Мақсуд Юнусов янги «Бобур» сериалини суратга олишни бошлади, бош ролга эса яна Ёдгор Саъдиевни таклиф қилди. Тақдир эмас экан, деб ўйладим!

1986 йилнинг февралида ЎзКП МК пленумида Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи танқид қилинди ва фильм суратга олиниши тўхтатилди. Бироқ 1988 йилда улар суратга олишни давом эттиришга рухсат беришди ва юош ролларни ижро этган актёрлар фильмни тарк этишгани сабаб, Мақсуд Юнусовга барча асосий ролларга бошқа актёрларни таклиф қилишни маслаҳат беришди. Кейин унга спектаклда иккита бош ролни сурхондарёлик актёр, яъни мен ўйнашимни айтишди. Мақсуд Юнусов спектаклни кўрди ва мени апробацияга таклиф қилди.

Кейин ўн кун жимлик. Ниҳоят Мақсуд Юнусов уйимга келди. Биз театр ортидаги ётоқхонада яшардик. Тўрт кишилик оиламизга етти квадрат метр. Мақсуд Юнусов жуда ҳайрон бўлди: «Сиз хизмат кўрсатган артист бўла туриб, ётоқхонада яшаяпсизми?». «Нима қилишим керак? Бизга ҳали квартира берилмаган», дедим мен. «Мана, Бобурни ўйнайсиз — квартира оласиз! Аммо шарти бор. Қирқ кун давомида мен сериалнинг бошини суратга оламан, у ерда Бобур ҳали кичкина. Шунинг учун, бу вақт ичида сиз 10 килограммга озишингиз керак. Ахир Бобур 16 ёшида тахтга ўтирган – буни инобатга олиш керак!» деди у.

Қирқ кун давомида фақат қайнатилган гуруч едим — кунига 200 граммдан озиб, алалоқибат 11 килограмм вазн ташладим. Шундай қилиб, ўн қисмли фильм пайдо бўлди, мен эса янги исмли бўлдим — Бобур ака. Фильм намойиши 1990 йилнинг 20 декабридан 30 декабригача бўлиб ўтди. Мана 30 йилдан бери икки исм билан яшайман. Бу 30 йил давомида мен қаерда бўлишимдан қатъи назар, тўйдами, бозордами, ҳамма менга Бобур ролидан келиб чиқиб баҳо берарди. Одамларни эса бехосдан хафа қилиб қўймаслик керак эди — Бобур ролидаги шамойилга тўлиқ риоя қилиш керак бўлган. Қолаверса, Бобурнинг ўзи менга руҳан жуда яқин — унинг кечинмалари, ҳиссиётлари меники каби. Агар ҳаётимда синовлар бўлиб, тушкунликка тушсам, ўзимга шундай дейман: «Бобур қандай синовларни бошидан кечирган! Шундай экан, шикоят қилишга ҳаққим йўқ!» Шунинг учун китобимни шундай номладим.

Ролнинг ўзи ҳақиқатдан жуда муҳим бўлиб чиқди: фильм премьерасини янги квартирада томоша қилдик. Ноябрь ойида мени Андижонга Бобур ҳайкали очилишига таклиф қилишди. 1992 йилда мен Бобур мукофотига сазовор бўлдим. Яъни, «Бобур ака» ўз номидаги мукофотга эга бўлди.

Биз халқаро майдонга чиқа бошладик

Фаолиятим Али Ҳамроев, Элёр Эшмуҳамедов, Йўлдош Аъзамов, Шуҳрат Аббосов ижод қилган даврга, Латиф Файзиев халқаро лойиҳаларини яратаётган вақтларга тўғри келади — уларнинг барчаси ўз ишининг буюк усталари.

Илгари барча режиссёр ва операторлар Бутунроссия кинематография давлат институтида (БКДИ) таҳсил олишган. Бизнинг институтимизда бундай факультетлар йўқ эди. Бу нисбатан яқинда бошланди. Жаҳонгир Қосимов ва яна бошқа ажойиб режиссёрлар бизнинг институт битирувчилари. Республикамизда БКДИ филиали очилиши миллий кино ривожига ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман.

ЎТГАН АСРНИНГ 90-ЙИЛЛАРИ — ҚАЙТА ҚУРИШ ДАВРИДА ЎЗБЕК КИНОСИ КИЧИК ТАНАФФУСГА ЧИҚДИ.

Аммо ҳозир ривожланмоқда, деб айтиш мумкин. Биз Prologue фестивалини ўтказяпмиз, «Олтин Ҳумо» номли миллий кино мукофотимиз жорий этилди. Ўзбек киносини «Оскар» мукофотига чиқариш комиссияси тузилди. Буларнинг барчаси, албатта, киномизга ижобий таъсир қилади, деб ўйлайман.

Яна бир ижобий омил: режиссёрлар тарихий мавзуга ўтишди. «Абдулла Авлоний» (мен ҳам роль ўйнаганман), «Исломхўжа», «Элпарвар» ва бошқа кўплаб фильмлар суратга олинди. «Қўқон шамоли» фильмининг суратга олиш ишлари якунланмоқда. Шунингдек, ҳозирги давр ҳақида кўплаб яхши фильмлар яратилмоқда. Энг муҳими, ҳукумат давлат фильмларини суратга олишга субсидиялар беришни бошлади. Буларнинг барчаси ўзбек кинематографияси ривожига ҳисса қўшишига ишонаман.

Яна халқаро лойиҳаларни суратга олиш бошланди, бу ҳам жуда яхши. Яқинда турк кинематографлари билан биргаликда «Жалолиддин Мангуберди» йирик тарихий лойиҳаси суратга олиш ишлари бошлаб юборилди. Билишимча, яна бир халқаро лойиҳа режалаштирилмоқда — бу сафар ҳинд режиссёрлари билан ҳамкорликда: улар Бобур ҳақида кўп қисмли фильм суратга олишмоқчи.

Шундай қилиб, ҳозирданоқ биз халқаро кино майдонига аста-секин кириб боряпмиз, дея оламан.

Актёр характер яратиши керак!

Менинг ҳаётий шиорим: «Таслим бўлмаслик! Доимо ниятимга етиш!». Агар ҳаётим аввалидаги ва ҳозирги Муҳаммадали Абдуқундузовни бир-бирига солиштирадиган бўлсак, шуни таъкидлашим мумкинки, мен анча улғайдим, кўпни кўрдим, кўп ўйнадим. Ҳозир ҳаётдан мамнунман, десам бўлади.

ЎЗИМ ОРЗУ ҚИЛГАН ДЕЯРЛИ БАРЧА РОЛЛАРНИ ИЖРО ЭТГАНМАН

Менинг иккинчи даражали ролларим йўқ — театрда ҳам, кинода ҳам. Бобурдан кейин мен олигархларни, қаттиққўл оталарни ўйнадим ва ҳар доим ёнимда яхши шериклар бўлган — буюк актёрлар ва ажойиб инсонлар. Доимо тўқнашув ва қарама-қаршилик керак, акс ҳолда томошабинларга қизиқ бўлмайди.

Афсуски, бугунги кунда суратга олиш майдонида ёшлар ишга тайёрланмай келишининг гувоҳи бўламиз. Улар уйда тайёрланишмайди, матнни иш жараёнида сўрашади! Мен Ўзбекистон халқ артистиман, лекин суратга олиш ишларидан олдин матнни оламан ва диққат билан ўрганаман. Бу шунчаки матн эмас ахир! Бу образ, роль устида ишлаш. Афсуски, улар буни тушунишмайди.

Ёш актёрлар ўзлари устида, роль ва образ устида ишлашларини истардим.

ОБРАЗ ЎЗИДАН-ЎЗИ ПАЙДО БЎЛМАЙДИ — УНИ АКТЁР ЯРАТИШИ КЕРАК. АКТЁР ТИНИМСИЗ МЕҲНАТ ҚИЛИШИ КЕРАК.

Меҳнат доимо ўз мевасини беради.

22 йилдан бери «Кундузсиз кечалар» спектаклидаги Чўлпон ролини ўйнайман ва ҳар сафар янгича услубда ўйнайман. Бу образнинг ва спектаклнинг янги қирраларини тобора кўпроқ кашф қиламан. Бугунгача 650 томоша қўйганмиз — бу 650 та турли спектакль дегани! Бу кўплаб омилларга боғлиқ: тайёргарлик, кайфият… Аммо бу роль сўзлари қонимга сингиб кетган роллардан бири. Агар сиз мени тунда уйғотиб, бирон бир парчани айтиб беришимни сўрасангиз, айтиб бераман, чунки мен буни саҳнада 650 марта ўйнаганман. Шунга қарамай, мен театрга 2 соат олдин келаман ва сўзларни, диалогларни қайта-қайта кўриб чиқаман!

Яна бир мисол: битирув спектаклида мен Икромжонни ўйнадим, унинг бир оёғи йўқ эди — фронтда йўқотган ва қўлтиқтаёқлар ёрдамида юрарди. Мен бутун спектаклни қўлтиқтаёқлар билан ва уларсиз ҳам ўйнадим. Бу қўлтиқтаёқлар менга саҳнада қаттиқ ҳалақит берди: мен уларни қандай тутишни, айниқса, қандай юришни, улар билан қандай ўтиришни билмас эдим. Раҳбарим Омон Абдураззоқов деди: «Бозорга бор-да, ногиронлар қандай юришини, қўтиқтаёқлардан қандай фойдаланишини кузат!». Шундай қилдим — ногиронларнинг қандай ҳаракат қилишларини, чойхонага кириб қандай ўтирганларини кўрдим: улар қўлтиқтаёқни қўйиб, устига оёқларини қўйишади. Буларни тушуниш, батафсил ўрганиш туфайли қаҳрамоним образи устида ишлаш осонлашди. Ҳар қандай актёр барча тафсилотларни ўрганиши ва бундай икр-чикирларни ҳисобга олиши керак.

ШУНИНГ УЧУН ТЕАТР — БУ СПЕКТАКЛЬ УСТИДА ЧЕКСИЗ ИШ, У ЕРДА СИЗ ДОИМ ЯНГИЛИКЛАР КИРИТИШИНГИЗ, ТУЗАТИШИНГИЗ МУМКИН. КИНОДА ЭСА БОШҚАЧА — БИР МАРТА ВА ЯКУНИЙ БЎЛАДИ!

У ерда ҳеч нарсани бошқа ўзгартириб бўлмайди.

Шунинг учун мен барча ёш актёр ва актрисаларга меҳнат қилишни, тинимсиз ишлашни ва характер яратишларини тилайман. Агар ролда характер бўлса ва ўша ролни сизга беришса, унда сиз бу ишончни оқлашингиз керак!

Оила ва бахт

1975 йилда Термиздаги Маннон Уйгур номидаги мусиқий драма театрида Валентина исмли ёш рассом қиз иш бошлади. Мен диплом дастурларимни қайта тиклаётгандим ва биз бирга ишладик. Рассом ҳам бўлгани учун барча спектаклларимизни безатиб берди. Иш жараёнида бир-биримизни ёқтириб қолдик, кейин турмуш қурдик. Дадам тўғри тушунди ва хурсанд бўлди – ахир мен уйланган эдим! Онам эса тахминан саккиз йил мен билан гаплашмади. Меҳмонга борсам, дадам гапирарди, онам эса хонадан чиқиб кетарди. Аммо телевизорда «Бобур» фильми намойиш этилиб, бутун шаҳар ҳайратга тушди. Ҳамма онамдан сўрарди: «Опа, сизнинг ўғлингизми?». Шундан кейин онам бироз юмшадилар. Катта ўғлимни ўзбек қизига уйлантирдик ва ниҳоят онам танловимга кўнди.

Валентина Николаевна билан фахрланаман! У «Шуҳрат» медали соҳиби. Тарихий қаҳрамонлар ролида Мустақиллик кунида саҳнага чиқадиган барча актёрлар: Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур — барча жонли портретлар рафиқамнинг иши.

У шунингдек, «Исломхўжа» тарихий фильмидаги энг яхши грим учун «Олтин Ҳумо-2019» мукофотининг ғолиби (муаллиф эслатмаси: Жўрабек Рўзметов сценарийси асосида суратга олинган бу фильм Хива хонлиги вазири Исломхўжа ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади).

Арабларда яхши бир мақол бор: «Ҳар бир буюк инсон ортида аёл туради». Рафиқам меҳрибон, яхши маслаҳатчи. У биринчи танқидчим — репетицияларда ўтиради, маслаҳатлар беради. Кўпинча ҳақ бўлиб чиқади. Ҳар доим айтаман: барча мукофотларим унинг хизмати туфайли.

Иккала ўғлим ҳам Маданият институтининг режиссёрлик факультетини битирди. Кичик ўғлим Сардор ҳам «Бобур» фильмида иштирок этган — у болалигимдаги укамнинг ролини ўйнайди. У 10 йил Тошкент телеканалида ишла, турли лойиҳаларда иштирок этган. Каттаси Жаҳонгир Алишер Навоий номидаги ДАКТ директорининг ўринбосари ва кўплаб миллий сериалларда менинг ёшлигимни ўйнайди. Унинг рафиқаси журналист, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигида матбуот хизмати раҳбари ва вазир ўринбосари бўлиб ишлайди.

Катта набирамнинг тилларга иштиёқи баланд — инглиз, хитой тилларини билади, лекин театр институтига кирди. Биринчи курсда ўқиётганида Англиялик режиссёр «Ҳамлет» спектаклини қўйиш учун келди. У Британия элчихонасида ҳам, Англияда ҳам муваффақиятли ўтди. Набирам режиссёр таржимони бўлган ва ҳатто эпизодик роль ҳам ижро этган.


Бахт — бу инсоннинг ҳаёти уйғунликда ўтишидир. Менинг ажойиб рафиқам бор. Ажойиб, иқтидорли фарзанд ва набираларим бор. Севимли театримда севимли ишим бор. Мен бу ҳаётда жуда кўп нарсаларга эришдим — мана шу бахт!

Мақолани тайёрлади: Диана Ибатуллина
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар