У учта олий маълумотга эга, Европанинг етакчи клиникаларида амалиёт ўтаган ва раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Унга одамлар илҳом бахш этади, ўзи ҳам атрофдагилар учун мотиватор ҳисобланади. Ёрқин, замонавий ва мақсадга интилувчан — SwissLab компаниясининг бош директори Наталья Сергеевна Дудковани худди шундай таърифлаш мумкин, у журналимизга берган интервьюсида уни олдинга интилишга нима мажбур қилиши, таслим бўлишига нима имкон бермаслиги ва севги бу дунёда нега жуда муҳимлиги тўғрисида сўзлаб берди.

Ўзи ҳақида

Мен Белоруссияда туғилганман, Гомель давлат тиббиёт университетини тугатганман, кейин интернатура ўтишга бодим. Сўнгра, оилавий шароитим туфайли Москвага жўнадим ва у ерда Россия халқлар дўстлиги университетида «Соғлиқни сақлаш корхоналари иқтисодиёти ва бошқариш» мутахассислиги бўйича иккинчи олий маълумотни олдим. Мен Буюк Британия, Германия, Австрия, Грецияда соғлиқни сақлаш тизимини ташкил қилиш соҳасида амалиётлар ўтадим. Москвага қайтганимдан сўнг, клиникаларнинг бирида бош шифокор бўлдим. Янада кўпроғини хоҳладим ва «Синергия» Москва молия-саноат университетининг EXECUTIVE MBA бизнес-иқтисодиёт соҳасида учинчи мутахассислик бўйича таълим олдим. Тақдир тақозоси билан ўзимнинг улкан ва улуғвор режаларимни амалга ошириш ниятида Ўзбекистонга келиб қолдим.

Соғлиқни сақлаш тизимининг бошқарув сегментини танлагани ҳақида

Интернатура ўтаётган кезларимдаёқ мени доимо шифокорга бевосита бериладиган саволлар ташвишлантирар эди. Беморга нима учун биз айнан шу муолажани бажараётганимизни, нима учун у ёки бу дори воситасини қабул қилишни буюрганимизни тушунтириш мушкул. Ҳар бир мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ўз стандартлари ва захираларига эга, соғлиқни сақлаш тизими давлат томонидан молиялаштирилаётган ерда эса, табиийки, ҳаммаси бирмунча орқада қолиб кетади, чунки баъзи юқори технологиялар, дори-дармонлар ва замонавий амалиётларни татбиқ қилиш учун, содда қилиб айтганда, маблағ етишмайди. Беморга буни тушунтириш анчагина қийин. Мен ҳар доим тизимда нима нотўғри эканлигини, уни яхши томонга ўзгартириш учун нима қила олишимиз мумкинлигини, шифокорлар ҳам, беморлар ҳам, давлат ҳам қониқиш ҳосил қилишига қандай эришиш кераклигини билишни хоҳлардим. Ахир бугунги кунда ҳеч бир мамлакатда идеал соғлиқни сақлаш тизими мавжуд эмас-да.

Биз ҳамма нарса ягона механизм сифатида ишлашига интилишимиз керак.

Шифокор муайян стандартлар мавжудлигини аниқ тушуниши ва уларга амал қилиши керак. Айни пайтда, ҳозирча, ишлар бундай эмас. Бугун сиз битта шифокорга учрайсиз, у даволанишни буюради, бошқасига мурожаат қиласиз — у эса бошқача тавсия беради. Ҳатто бемордаги касаллик аломатлари ўзгаришсиз қолса ҳам. Буни, албатта, тартибга солиш керак.

SwissLab компанияси ҳақида

SwissLab — Ўзбекистон Республикасидаги биринчи мустақил клиник-диагностик лаборатория. Бугунги кунда биз 1500 дан ортиқ турли хилдаги лаборатория текширувларини: стандарт умумий қон таҳлили ва биокимёдан тортиб, мамлакатда бошқа ҳеч ким ўтказмайдиган эксклюзив тестларгача ўтказмоқдамиз. Улар орасида юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон ва бошқа касалликларга мойилликни кўрсатиб берадиган генетик тестлар ҳам  мавжуд.

Шунингдек, бизнинг лабораториямиз ДНК-тестларини ўтказади, улар оталикни кўрсатиб берибгина қолмай, балки вазнингиз ортишига ёки уни йўқотишингизга сабаб бўлаётган организмингиздаги баъзи моддаларни аниқлашга ёрдам беради. Ушбу текширув ДНК-диетаси, деб номланади. Бундан ташқари, энди биз олимпия мактаблари ва институтларида махсус тестларни жорий қиляпмиз – улар болага қайси спорт тури ва қандай юклама мос келишини аниқлашга имкон беради. Биз одамлар бутун ҳаёти давомида қандайдир соҳада муваффақият қозонишга ҳаракат қилишгани, издан чиққан ҳаётлари, аммо улар бирон нарсага эриша олишмаганликлари ҳақида кўп эшитганмиз. Бу каби тестлар боланинг кучини у муваффақият қозонадиган томонга йўналтиришга имкон беради. Буларнинг барчаси унинг ирсий мойиллигига асосланган.

Бизнинг асосий мақсадимиз — аҳоли учун лаборатория диагностикасига муносиб шароитларни яратиш.

Кўпгина ҳудудларда сифатли лабораториялар мавжуд эмас, шу сабабли, одамлар тўлиқ диагностика ўтказиш учун Тошкентга келишга мажбур. Ҳар бир ҳудудда лаборатория очиб, одамларга барча турдаги текширувлар учун таҳлилларнинг тез ва аниқ натижаларини олиш имкониятини берамиз.

Компания дуч келган қийинчиликларни қандай енгасиз?

Мансабидан ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳамма қийинчиликларга дуч келади. Ҳаёт давомида ҳар биримизга синовлар берилади ва биз уларни енгиб ўтишимиз керак. Энг муҳими ва қийини — таслим бўлмаслик.

Илҳомланиш жуда муҳимдир.

Ҳаммасидан воз кечишни, ҳеч ким билан мулоқот қилишни истамайдиган пайтлар ҳаммада бўлади.

Тошкентга келган пайтларимда менга жуда қийин эди, чунки бу бошқа маданият, бошқа менталитет, турли анъаналар. Кўникдим, ўргандим, киришдим ва мен ҳали ҳамон шу ердаман. Бунда ўзбекистонликларнинг меҳмондўстлиги, инсонийлиги, меҳр-оқибати ва одамшинавандалиги катта роль ўйнади, шу туфайли, мен Ўзбекистонда ишлашни ва ривожланишни хоҳлайман. Мен бутун қалбим билан Ўзбекистонга — унинг самимий ва меҳрибон халқига ошиқ бўлдим, шунинг учун барча мижозларимизга сифатли шароитларни яратишга ҳаракат қиламан!

Менинг маслаҳатим жуда оддий — муҳими ҳаракат. Диққатни жамлашга ҳаракат қилинг. Нима қилмоқчи эканлигингиз ҳақида беҳуда гапирманг, у ҳақида орзу қилманг, бошқаларни ҳаракатсизлиги учун койиманг. Бекорчи гапни гапиришдан кўра, яхшилаб тайёргарлик кўриш ва ҳаракат қилиш керак. Ўз мақсадингизни кўздан қочирманг. Ташқи чалғитадиган нарсалар ёки ўзингизга нисбатан ишончсизлик, ачиниш ва хафагарчилик сизни йўлдан уришига йўл қўйманг. Барча қийинчиликларни чақирув сифатида қабул қилинг, агарда сиз уни енга олсангиз, яна ҳам кучли бўласиз.

Илҳом

Мен одамлардан илҳом оламан. Биз улкан, ғайриоддий ва ранг-баранг дунёда яшаяпмиз.

Миллиардлаб одамлар орасида бизни илҳомлантирадиган, ҳаётимизни яхшилайдиган ва безайдиганлар бор.

Улар — ўзлигидан кечмай, номаълум одамлар билан учрашишдан, хато қилишдан ва хатоларини тан олишдан қўрқмайдиган бошқаларга ўхшамайдиган одамлардир. Уларни илғамаслик мумкин эмас — улар оломон орасида ажралиб туради, ёруғлик ва муҳаббатни таратувчи ўзгача кўзлари бор. Айнан шу одамлар бизни олға боришга ва яшашга ундайди.

Раҳбарлик рутбаси

Ходимларимни доимий равишда ўрганишга, ўзини ўзи таъминлашга ва оёқда мустаҳкам туришга ундайман. Бизда ҳар доим турли хил тренинглар ва тимбилдинглар ўтказилади.

Кўплаб ёш қизлар ўзларини оилавий ва кундалик ҳаётга бағишлаб, муваффақиятли турмуш қуришга умид қилишади. Аммо эртангизни била олмайсиз, шунинг учун, ҳар қандай вазиятда ҳам фақат ўзингизга ишонишингиз керак, деб ўйлайман. Турмушга чиқиб, сиз барча қийинчиликлардан қутула олмайсиз. Оёғингизда мустаҳкам турсангиз, ҳаётингиз, ҳаракатларингиз, ишларингиз учун ўзингиз жавобгар бўлсангизгина болаларингиз ва ота-онангизга ғамхўрлик қила оласиз.

Муваффақият сири

Мен нима қилсам ҳам, юрагимдаги муҳаббат билан қиламан. Бир кишининг шахсий фазилатлари етарли эмас, дунёга ва бошқаларга нисбатан ижобий муносабат ҳам муваффақиятга таъсир қилади. Биз дунёга тақдим қилган барча нарса ўзимизга қайтади.

Агар биз гўзалликни кўришга қодир бўлсак, демак, гўзаллик ичимизда, чунки дунё ҳар ким ўз аксини кўрадиган ойнага ўхшайди. Одамларни ва шароитларни қалбингиздаги муҳаббат билан қабул қилиш жуда муҳим, шунда Олам сиз учун барча керакли эшикларни очади. Мен:

Ёруғликка интилганлар учун ҳар доим  етарли даражада ёруғлик бор ва унинг аксини истаганлар учун етарли зулмат мавжуд

… деб такрорлашни яхши кўраман.

Касбга муҳаббат

Менга «бажараётган ишингизни яхши кўринг, яхши кўрган ишингизни қилинг», деган ибора жуда ёқади. Мен ўз ишимни севишимнинг илк сабабларини топиш қийин. Эҳтимол, мен ҳақиқатан ҳам одамларга меҳр, муҳаббат ва ғамхўрлик улашишни хоҳлаётганим туфайлидир.

Балки касбим чархлаб, тарашлаб, мени мана шу  ҳозирги ҳолатимга келтиргандир.

Бу жуда нозик қирралар, шунинг учун, оддийгина қилиб, мен ўз касбимни севаман, дейишим мумкин!

Қарор қабул қилиш

Ҳар қандай мунозарали масалалар юзага келганда, ҳатто ўз боламга ҳам: «Ўзингизга қандай муносабатда бўлишни истасангиз, бошқаларга ҳам шундай муносабатда бўлинг», дейман. Шикоятлар ёки кескин дақиқалар юзага келганда, мен ўзимни муаммо билан ташриф буюрган одамнинг ўрнига қўйиб кўришим керак. Бу муаммони ҳал қилишга ёрдам беради.

Аслида вақт ўтиши билан мен раҳбарнинг дунёқараши ва тафаккури қанчалик кенг бўлиши кераклигини тушуна бошладим. Мувозанатни топиш жуда қийин. Сиз битта одам ҳақида ўйлашингиз керак, лекин бошқасини назардан четда қолдириш керак эмас. Раҳбар ҳақиқатнинг нозик бир лаҳзасини илғаши, ўз худбинлигини четга суриши ва соғлом фикрга асосланиб, тўғри қарор қабул қилиш учун мақбул мувозанат нуқтасини топиши керак.

Тиббиёт ходими бўлмаганида…

Мени турли йўналишларга жалб қилишган. Аммо уларнинг барчаси қандайдир тарзда организмнинг жисмоний ва маънавий ҳолатини билиш билан боғлиқ. Мен узоқ вақт давомида йоганинг турли йўналишлари билан шуғулланаман. Эҳтимол, мен маърифат йўлини ёки одамларга бирон бир хизмат кўрсатишни танлаган бўлардим.

Бўш вақт

Баъзида суткадаги 24 соат камлик қилади, лекин мен барибир севимли машғулотларим учун вақт топа оламан. Рақсга тушаман — менга танго жуда ёқади. Ўғлим ва мен от спорти билан шуғулланамиз.

Агар дам олиш кунимни болам билан ўтказсам, у ҳолда мен ўзимни унинг ҳаётига, саволларига бутунлай бағишлашга ҳаракат қиламан. Баъзан ўзим ўғлимнинг олдига маслаҳат учун келаман. Болалар ҳақиқатни гапиради, деб бежиз айтишмайди. Уларда ўзингиз ҳам тушунадиган нарсалар ҳақида  сўзлаб бериш учун ажойиб қобилият бор, лекин ҳаракат қилишни бошлаш учун уларни эшитишингиз муҳим. Бу одамлар билан муносабатларга ҳам, бошқа баъзи муаммоларга ҳам тегишли.

Умуман олганда, менимча, аёл киши болалар билан мулоқотда бўлиши уни тўлдиради.

Бу ўз фарзанди бўладими ёки бошқа бировнинг боласими, бу муҳим эмас. Болаларнинг бегонаси бўлмайди, менимча. Айтганча, бизнинг келгусидаги  энг катта вазифаларимиздан бири, келажакда Ўзбекистоннинг барча болаларига ёрдам берадиган жамғарма ташкил этишдир.

Мансаб пиллапоясининг энг чўққисига чиқиш ёки муваффақиятга эришиш йўлини қуришни бошлаган аёлларга маслаҳатлар 

Ҳар бир аёлнинг ўз бўёқлари, Мўйқалам

ва расмлари бор.

Куни, ҳафтаси, ҳаёти қандай бўлишини фақат унинг ўзи чизади. Агар кимдир сизни ҳаётнинг ушбу байрамидаги столда жойингиз йўқ, деса — бориб дарахтни кесинг, ўз столингизни ясанг ва сиз билан бирга ўтиришга муносиб, деб билганларингизни таклиф қилинг.

Ҳаётингизда нима содир бўлишидан қатъи назар, ўз хулқ-атворини бошқаларга ўтказадиган одамлар сизни чалғитишига йўл қўйманг. Тушунаман, оғир ботади, тирик жонмиз, танқид эса жуда оғир. Атрофдагиларга: «Ҳамма нарсани кўнгилга олманг», дейиш осон. Лекин бу дунёда ҳар бир юракка нима оғир ботади-ю, нима енгилроқ эканини қаердан биламиз? Бундай пайтларда барча салбий нарсаларни мотивацияга айлантириш ва ўз ишингизда энг яхшиси бўлишингиз энг тўғри бўлади. Ҳаётингизда юз бераётган барча нарсалар учун шахсий жавобгарликни ўз зиммангизга олинг: ўз маҳоратингиз, бизнесингиз, келажагингиз, ўзингиз ёзадиган тарихингиз учун. Атрофингизни ўраб турган барча нарсани севинг. Савол бермасдан ўзингизни севсангиз — бутун олам сизни севади. Мана шу аёлнинг асосий устунлиги ва уни ҳаракатлантирувчи кучдир!

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи: Асаль Джураева
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар