Ольга Ким, 24 ёшда, оилавий ва шахсий психология соҳасида психолог-маслаҳатчи. Ташхис: кўкрак бези саратонининг 1 босқичли ёмон ўсмаси. Бу ҳикоя қийин танлов, иймон ва ҳаёт хақида.

The mag 20

«Мен ҳаётни бармоқларим учигача ҳис қиляпман»

Бизнинг ҳикояларимиз касаллик ҳақида эмас, аксинча ҳаёт ҳақида. Ташхис қўйилишидан олдин мен ҳаётни бу қадар яхши ҳис қилмагандим. Сиз ҳар бир лаҳзани секинлаштирилган фильмдаги каби томоша қилишингиз мумкин: севимли инсонларингизнинг ҳар бир хислатини синчиклаб кузатасиз; товушлар тиниқ, сув мазалироқ. Ҳар бир кун учун шукроналик ҳисси танамда гўё қуёш нури каби аста тарқаларди. Яшаш ва ишониш муҳим — ўзингизга ва ҳаётингизга.

Ёқимсиз ажабланиш

Биз иккинчи марта фарзандли бўлишни режалаштираётгандик ва мен кўрикдан ўтишга қарор қилдим. Биринчи фарзандимни дунёга келтирганимдан кейин қолган кўкракдаги сут бези тугунлари мени ташвишга солаётганди. Менга ҳозирги кунларда кенг тарқалган ва мутлақо хавфсиз фиброзно-кистозная мастопатия ташхиси қўйилди. Менга ҳатто денгизга боришга рухсат беришди, жарроҳлик амалиётини эса кузда, жазирама тугаган пайтда ўтказиш мумкинлигини айтишди. Таътилдан қайтиб келгач, хотиржамлик билан даволанишга ётдим. Кейинчалик патогистологик таҳлилда хавфли ўсимта аниқланди.

Қуён ини

Бу ҳақида бирор янги нарса айтиш қийин. Биринчидан, сиз қўрқув ва умидсизликдан иборат чорасизлик зулматига тушасиз. Ва у ердаги ёлғизлик. Бу худди сиз ва яқинларингиз орасига овоз ўтказмас қалин шиша ойна ўрнатилгандек гап: сизга етишиш мушкул ва сиз ҳам уларнинг ҳеч бир гапини эшита олмайсиз. Қуён ини қандай бўлишини биласизми? Тубсиз. Охири йўқ. Бу ҳолатни мен ана шундай тубсизликка тушиб кетишга менгзайман. У ерда ҳеч қандай товуш ёки ҳис йўқ. Битта истисно бор: карахт қилувчи тинимсиз товуш – ўзимга ачиниш ҳисси. Тилка-пора қиладиган, азоб берадиган ғазаб, адолатсизликка қарши исён ва англашилмовчилик каби ҳислар. Қуён инини тарк этиш ва фақат олға босиш кераклиги ҳақида қатъий қарор қабул қилиб, белгиланган даволаш режаси бўйича босқичма-босқич ҳаракатланиш лозим.

менда ҳам вазиятни бор ҳолича қабул қилиш даври келди ва онгим анча равшанлашди.

Яқинларим? Уларга ҳам осон бўлгани йўқ. Даҳшатли онларни бошдан кечиришди. Мен улардан беҳад миннатдорман, улар менинг қанотларим. Айниқса бу ташвишнинг залворли юкини турмуш ўртоғим ўзида ҳис қилди. Ўтган 8 йил давомида бирор марта ҳам касалхонага усиз ёлғиз бормадим. Эрим менинг қаҳрамоним!

Икки йўл: жавобгарликдан қўрқиш

Мени даволаш режаси аниқ эди – кўкрак безини олиб ташлаш, нур терапияси ва 6 курс кимётерапия. Шу билан бирга эрим Москвадаги таниқли профессордан маслаҳат олишга муваффақ бўлди. Профессор вазиятга янада оптимистик ёндашиш кераклигини ва кўкракни сақлаб қолган ҳолда, шунчаки, лимфа тугунларини олиб ташлаш билан чекланишни тавсия қилди. Танлов қаршисида қолдик: кимга ишониш керак? 33 ёшда кўкраксиз қолиш қўрқинчли эди – бу ўлимдан ҳам баттарроқ эди мен учун. Шунинг учун жавобгарликни ўз зиммамга олиб, енгилроқ муолажани танладим. Ҳеч кимга бундай ҳолатни раво кўрмасдим. Қўрқувсиз яшаш учун иймон ва ишонч захираси етишмаётгандек эди кўпинча.

Синов

Бир неча йил ўтгач яна бир бор шифокорга ва ўзимга бўлган ишонч синовидан ўтдим. Санкт-Петербургдаги кейинги текширувда мени даволаш усули тўғрилиги тўғрисида иккита қарама-қарши фикр яна тўқнашди. Менга яна кимёвий терапия курслари билан биргаликда радикал операция қилиш ёхуд гормонал қўллаб-қувватлаш терапиясини танлаш таклиф қилинди. Мен саросимага тушдим, қўрқдим ва шалвираб қолдим. Ҳаммаси шифокорнинг сўзларидан сўнг ҳал бўлди:

«Албатта, ҳар хил шифокорларга кўринаверишинг мумкин, бироқ улардан биттасини танлаб, фақат унинг кўрсатмаларига  амал қилганинг маъқул!»

Мана, 8 йилдирки шу йўлдаман.

Муҳим муваффақиятларимдан бири – ўзлигимни топдим

Мен учун саратон – бу мулоҳаза қилиш учун бир маълумот, ҳаёт дарсидир. У менга ҳеч қандай сабабсиз бахтли бўлишни ўргатди. Дадил ва қатъиятли бўлишни ўргатди. Бирор нарсани режалаш, орзу қилиш мумкинлигини, лекин алалоқибат ўша кунга ета олмаслик мумкинлигини тушундим. Шунчаки вақт етмай қолиши мумкин. Бу касбимни кўпдан бери ўйлаб юрганим бошқа касбга ўзгартиришимга туртки бўлди. Айни дақиқалардаги ҳаёт ва қувончнинг қадрини тушундим. Ўшандан бери биз анча саёҳат қилдик. Эртанги кун келмаслиги мумкинлигини тушуниш ҳушёр ва ғайратли бўлишни талаб этади. Қадриятларни қайта кўриб чиқиш, келажак учун режалар тузмасдан, оламжаҳон туйғулар ва таассуротлар учун фавқулодда қарорлар қабул қилиш – булар илгари менга бегона бўлган ҳолатлар эди. Мен ўзгардим!

Мен бошқача фикрлашни, севишни, ҳис қилишни ва орзулашни бошладим.

Менимча, анча енгиллашдим. Яхшироқман!

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи: Диана Ибрагимова
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар