2020 йил футбол учун етарлича муҳим йил бўлиши керак эди. Бир қатор йирик мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган эди: Олимпиада, Еuro-2020 ва Copa America-2020. Аммо, барча режаларни коронавирус пандемияси йўққа чиқарди. Мамлакатимиз футболига ҳам карантин ўз таъсирини кўрсатди. Суперлиганинг 3-тур учрашувларидан сўнг, мамлакатда футболни узоқ вақтга – 3 ойга тўхтатиб туришга тўғри келди. Карантин режимига қадар сўнгги ўйин 15 март куни бўлиб ўтган эди, чемпионат рестарти 3 июнь кунига тўғри келди.

Республика махсус комиссияси 3 июндан бошлаб футбол учрашувларини ўтказишга рухсат берди. Бу нафақат футболчилар учун, балки футболни соғинган мухлислар учун ҳам одатий ҳаёт тарзига қайтишга қўйилган муҳим қадамлардан бири эди.

The Mag таҳририяти карантиндан сўнг футболнинг қайтиши қандай бўлганлиги, у қандай ўзгаришларга дуч келганлиги ва бу яна қанча вақт давом этиши тўғрисида қизиқиб, бу борада мутахассисларга мурожаат қилди. 


Спорт шифокорларининг футболда тутган ўрни жуда муҳим. Қийин эпидемиологик вазиятнинг бошланиши билан шифокорларнинг бир қатор вазифалари қаторига футболчиларни даволашдан ташқари, санитария-эпидемиология станцияси билан доимий ишлаш, футболчилар ва мураббийларни тестдан ўтказиш, машғулотлар ва ўйинлар олдидан уларнинг соғлиғини ҳар куни кузатиб бориш ҳам киритилди.

Алишер Арипов

Ўзбекистон миллий жамоаси, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ва Профессионал Футбол Лигаси шифокори

Апрель ойининг охиридан бошлаб мамлакатда футболни қайта тиклаш учун давлат санитария-эпидемиология назорати маркази билан иш олиб борди. Видеоконференцалоқа режимида узоқ музокаралар олиб борилгандан сўнг, 29 май куни СЭС тиббий протоколни тасдиқлади. Бундеслиганинг (Германия футбол лигаси) ва Жанубий Корея Кей-Лигасининг худди шундай ҳужжатлари асос бўлди. Шундан сўнг, биз клублар шифокорлари, мураббийлари ва футболчилари билан ишлашни бошладик. Қоидалар ишлаб чиқилди, ЎФА ва ПФЛ нинг вазифаси уларни жамоаларга етказиш бўлди. Ушбу протоколга асосан, машғулот бошланишидан олдин жамоа аъзолари, шунингдек, ўйинларда ишловчи ҳакамлар ва инспекторлар коронавирусга тест топширдилар.Тест уларнинг барчасида манфий натижани кўрсатди, бу эса футбол ўйнашни бошлашга имкон берди. Энди ўйинлар стадиондаги махсус ишлардан  бошланмоқда: стадионнинг кираверишида дезинфекцион йўлак ўрнатилди, автобуслар, ечиниш хоналари, футбол тўплари, фишкалари, ҳуштак ва ҳакамларнинг карталари, майдон, дарвоза, футбол тўрлари, ўриндиқлар дезинфекция қилинмоқда.

Ўйинчиларга захира ўриндиқларида ўтиришга рухсат берилмайди, улар 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаб, трибунадан жой олишади. Захирадаги ўйинчилар ўриндиқларида фақат бош мураббий, ёрдамчи мураббий, шифокор ва жамоа массажчиси ўтириши мумкин. Майдондаги 22 нафар футболчи ва 3 нафар ҳакамдан ташқари, барча ниқобда бўлиши керак.

ФАВҚУЛОДДА ҲОЛАТЛАР УЧУН БАРЧА СТАДИОНЛАРДА ИЗОЛЯТОР-ХОНАСИ МАВЖУД

Шунингдек, майдонда ўйинчилар ўзини тутиш қоидаларига риоя қилишлари керак. Қўл сиқиб кўришиш бекор қилинди, голни нишонлаш мумкин эмас: бу ижтимоий масофа қоидасини бузади. Майдон атрофида контейнерлар — тупуриш учун идишлар қўйилган бўлиб, ўйин иштирокчилари сув ва тупукни у ерга тупуриши мумкин. Ҳар бир иштирокчининг алоҳида сув идиши бор. Ва, эҳтимол, энг ранжитувчи қоида – футбол энди томошабинларсиз ўтказилади.

Шунга қарамай, ушбу қоидаларга риоя қилсак, биз футболга алоқадор бўлган барча одамларнинг соғлигини асраймиз.


Диёр Имомхўжаев

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори в.б.

Мамлакатдаги футбол ҳаёти 3 ойга тўхтади. Клубларнинг молиявий аҳволи жуда ёмонлашди, дея олмайман, чунки бизнинг клубларимиз мухлисларни стадионларга ташриф буюриши ёки телетрансляция қилиш ҳуқуқидан даромад олмайдилар. Мен фақат Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасини алоҳида кўрсатишим мумкин, ўйин чипталарини сотилишидан 200-300 миллион сўм маблағ ишлар эди, шунингдек, маркетинг компанияси билан шартнома тузган Қаршининг «Насаф» жамоаси  —  чипта сотувидан қанча пул топишидан қатъи назар, ҳар бир ўйин учун клубга 45 миллион сўм тўлайди.

ПФЛ кўп нарсадан воз кечишига тўғри келди. Биз лига кубоги мусобақаларини рад қилишга мажбур бўлдик, иштирок этиш учун Қирғизистон ва Тожикистондан клубларни таклиф қилган эдик. Чегаралар ёпиқ ва уларнинг қачон очилиши ҳали маълум эмас. Биз тақвим бўйича ҳам улгурмаслигимиз мумкин эди – уч ойлик танаффус туфайли бизда бу йилги барча турнирларни ўтказиш учун режалаштирилгандан кам вақт қолмоқда.

Яна шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, «Пахтакор» Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этади. Клуб мусобақаларидан ташқари FIFA кунлари ҳам бор, бунда барча чемпионатлар вақтинча тўхтатилади.

Мен, футбол ишқибозлари тезроқ трибуналарга қайтишларини жуда хоҳлар эдим. Лекин, Республика махсус комиссияси ўйинларни фақат томошабинларсиз ўтказишга рухсат берди.

Биз бунинг устида ҳали ишлаймиз ва, ўйлайманки, яқин орада ижтимоий масофани ҳисобга олган ҳолда трибуналарни 10 фоизга тўлдиришни бошлаймиз. Шундай қилиб, йиллик абонементларни сотиш тизимини ривожлантиришимиз мумкин: 20 000 стадионга 2000 томошабинни киритиш мумкин – бу клуб учун яхши пул ва биз аста-секин одатдаги футболга қайтамиз.


26 июнь куни ўзбек футболчиси Олег Зотеев Жанубий Кореянинг Jeonnam Dragons жамоаси билан шартнома имзолади. Пандемия даврида  ва чегаралар ёпиқ бўлга шароитди, қандай қилиб ўзбек футболчиси Жанубий Кореяга учиб кетганлиги бизни қизиқтирди.

Рауль Абдураҳмонов

DSF AGENCY футбол агенти

БААда февраль ойида булиб ўтган ўйинда Олегнинг миллий терма жамоадаги ҳаракатларини кузатган Корея клуби шу йилнинг март ойи бошларида у тўғрисидаги ижобий жавобни берди. Клуб футболчи билан 1,5 йилга шартнома имзолашга тайёр эди, аммо 16 март кунидан бошлаб Ўзбекистондан барча авиақатновлар тўхтатилди ва биз Кореяга уча олмадик. Шунингдек, Кореяда чемпионат старти номаълум муддатга қолдирилди. Шу сабабли, футболчининг трансферини ёзга қолдиришга тўғри келди.

Май ойида музокаралар қайта бошланди. Корея клуби ўз навбатида, Олегга визани муаммосиз олишга ёрдам берган ва ЎФА раҳбарияти унга ҳеч қандай тўсиқсиз мамлакатни тарк этишга ёрдам берган. Сеулга чартер рейси пайдо бўлиши биланоқ Олег Зотеев учиб кетди. Етиб бориши билан у уч юлдузли меҳмонхонада 14 кунлик мажбурий карантинда ушлаб туриш учун тахминан 1 200-1 400 доллар тўлади. Jeonnam Dragons клуби раҳбарияти машғулотлар ўтказиш ва жисмоний ҳолатини яхшилаш учун уни тренажерлар билан таъминлади.

27 июнь куни Олег шартнома имзолади, 29 июнь куни майдонга чиқди ва 90 дақиқа ўйнади.


Пандемия билан боғлиқ яна бир воқеа хориждаги ватандошларимиз билан содир бўлди. Ҳозирда Бангладешда 7 нафар ўзбекистонлик футболчи бор. Бангладеш чемпионати шу йилнинг 13 февралида бошланди ва 15 мартгача жамоалар 5-6 та учрашув ўтказишга муваффақ бўлишди. Кейин мамлакатда касалликнинг биринчи ҳолатлари қайд этилди ва мамлакат Футбол федерацияси мавсумни тўхтатишга қарор қилди. Икки ойлик карантиндан сўнг, 17 май куни БФФ чемпионни эълон қилмасдан ва мамлакат Кубоги ўйналишини бекор қилиб, мавсумни муддатидан олдин тугатишга қарор қилди. Мавсум якунланиши ҳамоноқ футболчилар ва клублар ўртасидаги шартномалар ҳам тугади, барча маошлар тўланиши тугатилди. Бангладешдан чартер рейслар йўқлиги сабабли, футболчиларимиз уйларига қайта олишмаяпти. Улар тўрт ойдан буён уй карантинида.  Ҳозир Бангладешда аҳвол яхшиланди, одамлар кўчага чиқишлари мумкин, лекин,  Бангладешни тарк этишлари мумкин эмас. Март ойидан буён бизнинг футболчиларимиз Ўзбекистоннинг Бангладешдаги элчихонаси билан алоқада бўлиб турибдилар. Ҳамма уларни уйга қайтариш учун чора излашга ҳаракат қилмоқда. Ўйинчилар Ҳиндистон орқали  тўртта рейсдан биттасида уйларига қайтишга ҳаракат қилишди, аммо ҳозирча Бангладешдан Ҳиндистонга ҳам рейслар йўқ. Ҳозир Бангладешда фақат ўзбекистонлик ва камерунлик легионер футболчилар қолишган. Футболчиларимизнинг баъзилари янги мавсум учун аллақачон  шартнома тузишди, унинг ўтказилишига шу йилнинг сентябрь-октябрь ойидан бошлаб тайёргарлик кўра бошланади.


Хорижда бўлган ва у ёки бу сабабларга кўра уйларига қайтиб учиб кела олмаётган юртдошларимизга чексиз сабр-тоқат тилаймиз ва албатта, ўз оилаларига соғ-саломат қайтишларини истаймиз. Ҳаётимизнинг бошқа соҳалари сингари футбол ҳам ўзгарди. Ўзимиз ва атрофимиздагиларнинг соғлигини ҳимоя қилиш учун биз янги қоидаларга мослашишимизга тўғри келади. Бу вақтни барча қоидаларга риоя қилган ҳолда, яшаб ўтиш керак. Одатдаги футбол, ва  албатта, томошабинлар трибуналарга  қайтади. Яқин орада биз яна мухлисларнинг қувноқ ҳайқириқлари ва қўшиқларини эшитамиз.

 

Мақолани тайёрлади: Нигора Абидова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар