«Пандемия даврида юзага келган вазият барчани бир хил даражага келтириб қўйди:  бойлиги, билим даражаси ва қандай лавозимдалигидан қатъи назар, барча тенг бўлиб қолди», — дейди  Тошкентдаги энг катта халқаро меҳмонхоналар тармоғидан бири ҳисобланган Hyatt Regency бош директори Пунит Тандон. У ўз интервьюсида қийин синов, олган сабоқлари ва Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси ишини ташкил қилишдаги туб ўзгаришлар ҳақида гапирди.

Пандемиянинг бошланиши

Бу шахсий ва профессионал жиҳатидан қийин синов бўлди. Ҳеч бир меҳмонхона раҳбари ўз отели ёпилишини хоҳламайди. Бундай вақтлар, одатда, қадрини билмаган нарсаларимизнинг қадрига етишни ўргатади.

Апрель ойида ишладик, чунки, март ойидан бери мамлакатдан чиқиб кета олмаётган меҳмонларимиз бор эди. Улардан меҳмонхонани тарк этишларини сўрашни нотўғри, деб ўйладик. Аввалига меҳмонхона ресторанларига фаолият кўрсатишга рухсат берилди, шунинг учун ташқаридан ҳам меҳмонлар келишди. Аммо карантин кучайгани сари қийинчиликлар пайдо бўла бошлади. Ходимларнинг ишга қатнашлари қийинлашганлиги сабабли, апрель ойида 45 га яқин ходимни меҳмонхонада доимий равишда қолдиришга қарор қилинди — улар касалликка чалиниш ва меҳмонларга юқтириш хавфи туфайли меҳмонхонани тарк эта олишмади.

Маҳаллий ҳокимлик меҳмонхонада бўлганларни дарҳол COVID-19 га  тестдан ўтказди ва хайриятки, ҳеч кимда коронавирус аниқланмади.

Май ойининг бошида қолган барча меҳмонлар чартер рейсларида уйларига қайтишга муваффақ бўлишди ва 1 май куни фаолиятимизни давом эттиришимиз асоссиз эканлиги сабабли, ёпилдик.

Пул топиш вақти эмас

Инсонлар, хорижлик меҳмонлар умидсиз вазиятга тушиб қолишди. Биз улар учун арзон нархда бизни қониқтирадиган чегирма билан тариф яратдик. Албатта, меҳмонхона очилгач, бу тарифлар  бўлмайди, лекин дунёдаги баъзи меҳмонхоналар сайёҳларни жалб қилиш учун махсус чегирмаларни таклиф қилишларини биламан. Аммо нарх қанчалик қулай бўлмасин, шахсий хавфсизлик ва саломатлик муҳимроқ, деб ўйлайман.

Шубҳасиз, биз зарар кўрдик. Ҳеч қандай фойда кўрилмади, электр энергияси харажатлари, ходимларнинг иш ҳақи ва бошқаларни барибир тўлаш зарур эди. Аммо маҳаллий ҳокимликнинг бир қисми бўлган мулкдорлар бизни яхши қўллаб-қувватлаганидан бахтиёрмиз. Улар ёнимизда бизни ҳар қадамда қўллаб-қувватлаб туришарди, бу эса захираларимиз етарли бўлишига ёрдам берарди. Албатта, ҳозир биз, масалан, февраль ойида бўлган ҳолатимизга дарҳол қайта олмаймиз.

Лекин, шунга қарамай, самарали молиявий бошқарув бизга мақбул даражага эришишга ёрдам беради.

Бизнинг бизнесимизда энг қимматбаҳо бойлик — одамлар

Ўтган вақт ичида бизда бирор марта ҳам иш ўринлари қисқартирилмади. Ходимлар  таътилга чиқишди, аммо ҳеч ким ишдан бўшатилмади. Жамоамизни шакллантириш ва ўргатиш учун биз кўп вақт, куч ва пул сарфладик, биргаликда кўп нарсаларни бошдан кечирдик, шунинг учун, улардан кетишларини сўраш нотўғри бўлар эди. Тез орада ҳамма нарса ўз ўрнига тушади, биз яна ходимлар қидиришимиз ва уларни ўргатишимиз керак бўлса, шунчаки вақт йўқотамиз.

Ўз жамоамизни сақлаб қолиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

Кеча бу бўлмаган эди, лекин эртага рўй беради

Отель ҳали очилмаган бўлса-да, биз бизнесни қайта ташкил этиш бўйича ишларни бошладик. Биз ўтириш жойлари тартибини ўзгартиряпмиз, столлар устида туз ва мурч каби кераксиз жиҳозлар бўлмайди. Бундан ташқари, контактлар сонини камайтириш учун мобил калитларни текшириш тизимини ишга туширамиз. Машғулот пайтида вирусни терлаш орқали юқтириш мумкинлигини ҳисобга олиб, спорт залидаги барча тренажерларни қайта жойлаштирдик. Меҳмонхонанинг ишламаётганлиги бир томондан яхши бўлиши ҳам мумкин — бу иш бошлашга тайёрланиш имконини беради. Биз ҳаммага ўхшашни истамаймиз ва барча икир-чикирларни ҳисобга оламиз. Масалан, дезинфекцияловчи салфеткаларнинг махсус дизайни устида ишлаяпмиз. Ходимлар ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари ва меҳмонларимизни хавфсизлик билан таъминлашлари учун отель очилгунга қадар кўплаб тренингларни ўтказиш режалаштирилган. Бизнинг халқаро тармоғимизда янги лавозим жорий қилинди — гигиена бўйича менежер: у ҳар бир меҳмонхона аккредитациядан ўтганлигини ва қоидаларга амал қилишини таъминлайди.

Бизнинг «корона ҳақидаги ҳикоямиз»

Яқин келажакда саёҳат қилиш ҳамма учун ҳам қулай бўлмайди, лекин ҳаёт нормал ҳолатга қайтади. У кечаги оддий ҳолатга  ўхшамайди, аммо бугун учун у одатий ҳолга айланади. Одамлар овқатланишдан, байрам қилишдан тўхташмайди — улар буни бошқача кўринишда қилишлари мумкин. Нафақат бизнес, балки истеъмолчилар ҳам қайта мослашишади.

2020 йил сайёҳлик индустрияси учун қийин йил бўлиб қолади, лекин энди бизнинг ўз шахсий ҳикоямиз — «корона тўғрисидаги ҳикоямиз» бор, уни биз  кейинги авлодларга сўзлаб берамиз.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи: Акмаль Саидов
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар