Ҳар биримиз ноёб шахсият, истеъдод ва улкан салоҳиятга эгамиз. Биз бу имкониятдан қай даражада фойдаланишимизни фақат меҳнат ва ички энергия ҳал қилади. Бунинг тасдиғини Даната Давронова мисолида кўришимиз мумкин — у истеъдодли, серқирра инсон; у ҳеч қачон эришилган ютуқлари билан чегараланиб, тўхтаб қолмайди. Ўз  интервьюсида Ўзбекистоннинг «Олтин овози», мамлакатнинг энг таниқли радиобошловчиларидан бири, коммуникациялар бўйича мутахассис ва ёзувчи ўзининг илк қадамлари, йирик лойиҳалари ва ғалабалари ҳақида гапириб, аёлларнинг замонавий жамиятдаги ўрни ҳақида фикр билдирди.

Радиодаги биринчи эшиттиришингиз ҳақида гапириб беринг. 

Менинг биринчи жонли радиоэшиттиришим 1998 йил 10 январда бўлиб ўтган. Нима учун бу санани шунчалик яхши эслаб қолдим? Бу Ўзбекистондаги биринчи FM радиостанцияси бўлмиш «Гранд» радиосининг биринчи жонли эфири эди. Мен ўзим яратган «Ягона ва бетакрор» номли аёллар дастурида бошловчи бўлиш бахтига муяссар бўлдим.

Ҳаммамизни ақлбовар қилмас эйфория чулғаб олган эди. Ҳамма хавотирланиб, ҳаяжондан титраб, валидол ичган, аммо қандайдир сокин бахт туярди. Эсимда, менинг дастурим кечга яқин, Людмила Ражабова блокида бўлган. Мен ўз матнимни деярли ёддан билардим, чунки ўша эфирга бир ой тайёрланган эдим. Биринчи эшиттиришимдан кейин ҳомийлар қўнғироқ қилишди. Умуман олганда, ҳамма нарса биринчи марта бўлди — жонли эфир, янги қўшиқлар, ёш овозлар, янги ғоялар ва ҳатто ҳомийлар! Тез орада биз жуда машҳур бўлиб кетамиз, мен эса кейинчалик радиостанциядан қўриқчилар билан чиқиб кетаман, деб ўйламаган эдим.

Радиодаги ва умуман журналистикадаги энг муҳим лойиҳаларни эслайсизми? Эҳтимол, ҳаётда бурилиш ясайдиган баъзи ҳолатлар бўлгандир?

Лойиҳалар ниҳоятда кўп эди. Ва ҳаммаси муваффақиятли бўлди, деб аниқ айта оламан. Гиёҳвандлик тўғрисидаги «Кривые зеркала» («Қийшиқ кўзгулар») ток-шоуси энг севимли лойиҳам бўлиб қолди — у жонли эфирда олиб борилар эди. Бу журналист сифатида мен учун улкан иш эди. Мен қўшни мамлакатларга бордим, у ерда наркологлар, клиникадаги беморлар билан ишладим. Эфиримда гиёҳвандликни бошдан кечирган йигитлар, гиёҳвандликлари ҳақида сўзлаб берган шоу-бизнес юлдузлари, психологлар, шифокорлар билан суҳбатлар уюштирганман.

ШУНДАЙ ЗАМОН ЭДИКИ, БИР СОАТЛИК РАДИОШОУ ЁРДАМИДА БИЗ ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ КИМНИНГДИР ҲАЁТИНИ ЎЗГАРТИРА ОЛАРДИК

Жамоатчиликдан кўплаб фикрлар эшитдим — одамлар менга хат ёзишар, қўнғироқ қилишар, маслаҳат сўрашарди. Ҳозир ҳам шу соҳадаги мутахассислар билан биргаликда кўпчиликка ёрдам бераман.

Шунингдек, ўзимнинг «Ягона ва бетакрор» деб номланган аёллар дастуримда гендер масалалари бўйича кўп ишладим. Бегим кунлари Maxima радиосида «Энг зўр аёллардан бири» номли машҳур аёллар ҳақидаги қисқача дастурим эфирга чиқади. Унда мен аёлларимизни фақат оилада ўралашиб қолмай, ўз устиларида ишлашларига чорлайман.

Шубҳасиз, менинг энг севимли журналистик ва муҳаррирлик лойиҳаларимдан бири — бу Classic FM. Мен у ерда рестайлинг билан шуғулландим ва бутунлай янги форматни яратдим: сарлавҳалар, эшиттириш безаклари, плейлистлар ва бошқалар. Менинг «Поэтическая акварель» («Шеърий акварель»), «Золотые страницы» («Олтин саҳифалар») ва «Короткие встречи»(«Қисқа учрашувлар») дастурларим ҳам шу ерда эфирга узатилган. Афсуски, радио Интернетга ўтди ва барча дастурлар ёпилди.

Журналистика — бу катта масъулият. Ҳозир бирмунча осонроқ: блоглар, Facebook, Instagram — истаган одам журналист бўлиши мумкин. Бу трендга сизнинг муносабатингиз қандай?

Яхши муносабатман. Албатта, ҳамма ҳам журналист бўла олмайди, бу тушунарли. Ҳеч бўлмаганда тегишли маълумотга эга бўлиш керак. Аммо истаган киши журналист бўлишга уриниб кўриши мумкин.

АСОСИЙСИ — ИЖОДИЙ ФИКРЛАШ, АДАБИЙ ТИЛДА СЎЗЛАША ОЛИШ ВА ЁЗА ОЛИШ, АУДИТОРИЯНИ ҲИС ҚИЛИШ ҚОБИЛИЯТИ, ИНТЕРВЬЮ ОЛИШДАГИ ҚОБИЛИЯТ, АЙТИЛГАН СЎЗЛАР УЧУН ЖАВОБГАРЛИК.

Бу интернетда трансляция қиладиган ҳаммага ҳам тегишли эмас. Лекин синаб кўришсин, буни ахир ҳеч ким тақиқламайди. Ачинарлиси шуки, ушбу сохта журналистларнинг дастидан маданият, саводхонлик ва яна бошқа қадриятлар йўқолаётгани айни ҳақиқат. Уларга ишонч йўқ.

Маркетолог ва PR мутахассис сифатида эришган ютуқларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Бу жуда катта савол, ростини айтсам… Мен PR хизматининг раҳбари сифатида ҳам, маркетинг ва маркетинг коммуникациялари департаменти бошлиғи сифатида ҳам, матбуот вакили сифатида ҳам ишлаганман ва бундан ташқари, профессионал ҳаётимда бошқа кўпгина йўналишлар ҳам бўлган. Бэкграундимдан бир нечта ребрендинглар, рестайлинглар ва мамлакат бозорига янги брендларнинг чиқарилиши, шу жумладан, Ucell нинг биринчи ребрендинги жой олган.

Албатта, бу ҳар хил PR-кампаниялар, турли компаниялар учун стратегик ва инқироз PRларини ишлаб чиқиш, шахсий ва сиёсий PR. Охиргиси — бу сиёсатчиларимизнинг турли конференциялар ва форумларда, шу жумладан, чет элларда чиқишлари (спичрайтинг, имидж, ўзини тута билиш) бўйича етарлича жиддий иш. Мен учун бу энг севимли фаолият турларидан бири.

Аслида мен доимо ниманидир ёки кимнидир шов-шув қиламан (кулади). Бу борада жудаям талабчанман. Ҳамма ҳам PR-фаолиятимнинг объекти бўла олмайди.

Сиз ўзингизни бахтли инсон деб ҳисоблайсизми?

Албатта. Ахир менга кўп нарса берилган: истеъдод ва қобилият, уларни рўёбга чиқариш, севги, оила. Яқинда «Эртага яна баҳор» шеърий китобим нашр этилди. Бунга узоқ вақт тайёрландим, лекин чоп эттиришга вақт топа олмас эдим. Яқинларимга, айниқса турмуш ўртоғимга катта раҳмат — китоб дунё юзини кўрди. Бу ҳам бахтли бўлишим учун яна бир сабаб.

Умуман олганда, биз онамдан намуна олишимиз керак. У оддийгина гўзалликни — ғаройиб булутни, энди очилган гулни, чиройли аёлнинг чиройли кўйлагини кўргани учун ҳам бахтиёр бўлади. Бахт мана шунда — шу онда.

Сизнингча, аёлдаги энг муҳим нарса нима?

АЁЛДАГИ ЭНГ МУҲИМИ — БУ УНИНГ ЎЗИ, УНИНГ БЕТАКРОРЛИГИ, УНИНГ ЖОЗИБАСИ.

Шу билан бирга, бу мураккаб эркак дунёсида ўзини ҳимоя қила билиш. Фақатгина оила билан ўралашиб қолмаслик. Мен буни ҳар доим барча аёлларга айтаман, шу жумладан, радиодастурларимда ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимда ҳам. Ривожланиш, ўқиш, дунёни тушуниб етиш керак. Ҳа, болаларни, албатта, маълум бир ёшгача катта қилиш керак, аммо ўзингиз ҳақида унутмаслигингиз лозим. Она ва турмуш ўртоқ қизиқарли, ривожланган шахс бўлиши керак. Мен бундай аёлларнинг кўпчилигини кўраман ва уларга қойил қоламан. Аёл ҳаётида мувозанатни сақлаши ва ҳамма нарсани бирга олиб бориши, албатта, жасорат, аммо унинг эвазига олинадиган мукофоти катта. Мен аёлда мана шуни қадрлайман.

Сиз характернинг қайси хусусиятларини ҳеч қачон қабул қила олмайсиз?

Агар умумий гапирадиган бўлсак, унда мен ҳар қандай муносабатда инсофсизлик, ҳасад, кибр ва хасисликни қабул қила олмайман. Шунингдек, қўполликларга дош беролмайман.

Шарқ жамиятида аёллар, афсуски, ҳали ҳам кўп қийинчиликларга дуч келишмоқда. Қайси бирини алоҳида кўрсатардингиз?

Энг катта қийинчилик шундаки, бизнинг аёлларимиз уй қуллари сифатида қабул қилинади, улар турмуш ўртоқлари ва қайноналарининг кўнглини топиш учун меҳнат  қиладилар. Бу машҳур мавзу. Яқинда битта аёлнинг ҳаётида иштирок этишимга тўғри келди. Мен бу ҳақда ўзимнинг Facebook даги саҳифамда ёздим. Мен ва қизим тасодифан кўчада бола билан югуриб кетаётган аёлни учратдик. У ёрдам сўради, қариндошлари олиб кетгунча, биз уларга бошпана бердик. Гап шундаки, аёл маст эри томонидан калтакланган ва қайнонаси уларни уйидан ҳайдаб чиқарган. Ва бу биринчи марта эмас эди. Мен унинг тақдирини кузатиб бораяпман. Ҳозир унинг эрини наркология клиникасида даволашмоқда.

Мен радиода гендер масалалари устида ишлаётганимда кўпинча айнан шу ҳолатга тушган аёллардан аноним қўнғироқлар қабул қилардим.

Халқимизнинг онгида ҳозирги пайтда менталитет, дейиш урф бўлган жаҳолат ҳукм сурар экан, аёлларни таҳқирлаш ва калтаклаш давом этаверади. Ҳаммаси оиладан бошланади. Она ўғлини қайнонаси уни камситадиган ва эри калтаклайдиган муҳитда тарбиялайди. Бола улғаяди ва ҳамма нарса такрорланади, аёлнинг ўзи эса қайнонага айланиб, зулм қилишни давом эттиради. Албатта, ҳамма ерда ҳам ва барчада ҳам эмас, лекин бундайлар кўп. Бизда уйдаги гапни кўчага чиқариш мумкин эмас. Афсуски.

Агарда 20 ёшлигингиз билан учрашсангиз, ўша ўзингизга қандай маслаҳат берар эдингиз?

Сенга кўп нарса берилди. Сен кўплаб одамларнинг тақдири учун жавобгар бўласан. Ҳаёт мураккаб. Аммо қўрқма, ўзингга ва ўз кучингга ишонч ҳосил қил. Сен муваффақиятга эришасан.

Мақолани тайёрлади: Карине Багдасарова
Фото муаллифи: Акмаль Саидов
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар