Чакана савдо соҳаси пандемия ва қаттиқ карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатиш тугул, маълум маънода бизнинг ҳаётимизда ўз иштирокини кенгайтира олди. Бироқ бу унинг пандемия ҳолатига осонгина мослашганини англатмайди. Makro супермаркетлар тармоғининг бошқарувчиси Роман Сайфулин бизга ушбу даврда савдо вакиллари дуч келадиган қийинчиликлар ва уларни қандай ҳал қилиш ҳақида гапириб берди.

Карантиннинг биринчи кунлари: инқироз ва қайта шакллантириш

Карантин бошланган вақтда ва умуман, шу давр мобайнида деярли барча дўконларимиз очиқ эди. Кўплаб ходимларимиз талабалардан ташкил топган бўлиб, карантиннинг дастлабки кунларида таълим муассасалари фаолияти тўхтатилаётгани ҳақида хабар берилгач, улар уйга кетишга мажбур бўлишди. Биз қарийб 15% ходимларимизни йўқотдик ва зудлик билан янги ходимларни жалб этишга киришдик — умумий 487 киши. Тошкент ёпилгач эса зудлик билан Тошкент вилоятида яшовчи ишчилар учун ётоқхоналарни ижарага олиб, жойлашув бўйича тақсимотни оптималлаштирдик, улар ноқулайликларсиз пиёда дўконларга етиб олишлари мумкин бўлди. Кундузги навбат кечиктирилган тақдирда, дўконлар ўз вақтида очилиши учун тунги сменаларни йўлга қўйдик. Бизнинг тақсимот марказимиз ҳам қийин вақтни бошдан кечирди, таъкидлаш жоизки, улар куну-тун ишлаш тизимига ўтишди. Қийинчилиги шундан иборат эдики, биз автоуловлар харакатланиши учун керакли бўлган рухсатномаларни олдик, аммо кўплаб етказиб берувчи ҳамкорларимиз эса ололмади. Шунинг учун маҳсулотларни етказиб бера олишмади. Шунда биз ўзимиз маҳсулотларни улардан олиб, дўконларимизга тарқатиб чиқишга қарор қилдик. Бу, албатта, иш ҳажмини сезиларли даражада оширди.

Ҳозирги кескин чораларни март ойи билан таққослаб бўлмайди

Март ойида, карантиннинг дастлабки икки ҳафтасида истеъмол саватчаси тубдан ўзгарди. Одамлар кўпроқ истеъмол товарлари – картошка, пиёз, гуруч, шунингдек, гигиена воситаларини кўпроқ сотиб олишни бошладилар. Агар биз ҳажмларига эътибор берадиган бўлсак, унда мутлақ етакчи картошка ҳисобланади: кунига карантиндан олдинги 20 кунлик кўрсаткич сотилган.

Карантин даврида биз икки маротаба ақл бовор қилмайдиган истеъмолчилар оқимига дуч келдик. 16 март, душанба кунидан бошлаб карантин жорий этилиши эълон қилинганида, одамлар дон маҳсулотлари, тайёр нонушта маҳсулотлари, картошка, консервалар ва санитария воситаларини сотиб олишга киришишди. Иккинчи оқим транспорт воситаларига тақиқ эълон қилинганидан кейин рўй берди – одамлар асосан машинада ташиш лозим бўлган ҳажман кўпроқ ва оғирроқ маҳсулотларни: картошка, консервалар, минерал сув сотиб олишга ҳаракат қилишди.

Ҳозирги кескин чораларни март ойи билан таққослаб бўлмайди. Ўша пайтдаги тўс-тўполон, маълум тоифадаги маҳсулотлар савдосининг ошиши, шунингдек, баъзи маҳсулотлар нархларининг спекуляцияси ҳам йўқ. Ҳа, харидорларнинг сони (шу жумладан, онлайн) озгина кўпайди, аммо умуман олганда одатдагидек давом этмоқда. Гигиена талаблари ўзгарган, холос – улар янада кучайтирилди.

Онлайн етказиб беришни йўлга қўйиш

Бу компаниянинг стратегик режаларида бўлмаса-да, биз зудлик билан онлайн етказиб беришни бошлашимиз керак эди. Хизмат бирданига тез оммалашди – айниқса авжига чиққан даврларда буюртмалар сони кунига 800 тага етди, бу эса жуда юқори кўрсаткич. Тўғри, шикоятлар йўқ эмасди: кимнидир маҳсулотлар хилма-хиллиги, бошқа бировни етказиб бериш вақти қониқтирмасди, лекин маҳсулотларнинг сифати ва янгилигига нисбатан ҳеч қандай шикоят бўлгани йўқ. Энг асосийси, биз бу бозорни тубдан ўргандик ва кузги мавсумга мўлжалланган режаларимиз қаторида катта ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда онлайн Makro платформасини янги босқичга олиб чиқиш бор.

Солиқ имтиёзлари, хайрия ва хавф остидагилар учун мукофот

Карантин бошланганида ҳеч қандай махсус солиқ имтиёзларига эга бўлиш ёки уларнинг кечиктирилиши ҳақида гап-сўз йўқ эди. Аммо кейинчалик маълум қилинганидек, даромад солиғининг бир қисмини тўлаш сифатида қабул қилиниши мумкин бўлган хайрия тадбирларида иштирок этдик – бу ҳам бир имтиёз. Яна бир яхши томони: барча қийинчиликларга қарамай, биз барчанинг иш ҳақи ҳажмини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, биз бир қатор қўшимча бонуслар тўлашда бардавоммиз.

«Дунё энди ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди»

Пандемия ва карантин бизни кўп нарсаларга янгича қарашга мажбур қилди: биз онлайн бозорнинг нима эканлигини билиб олдик ва унда ўзимиз ишлашимиз мумкинлигини англадик; биз тарқатиш марказимиз иш фаолиятини қайта кўриб чиқдик ва дўконларимиз расталарида ҳали узоқ вақт давомида қоладиган бир қатор янги маҳсулотларни тақдим этдик. Компаниянинг асосий бойлиги одамлар, уларнинг маълумоти ва ҳар нарсага тайёрлиги – бунга биз яна бир бор амин бўлдик. Бугунги кунда бизнинг соҳамиз янги ҳаёт тарзига мослашди ва савдо яна одатий йўсинда кетмоқда. Гарчан «лекин»лар ҳам йўқ эмас: дўконларга кам одам келадиган бўлиб қолди ҳамда қатновлар тузилиши ўзгарди: бизнинг энг катта дўконларимиз истеъмолчиларнинг мисли кўрилмаган оқимини йўқотди, турар-жой ҳудудларига яқин жойлашган кичик дўконларда эса, аксинча, савдо ошди. Бу тенденцияларни кўриб, биз уй-жой ҳудудларига яқин бундай кичик дўконлар сонини ошириш ниятидамиз.

Мақолани тайёрлади: Филипп Гаджили
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар