Мода COVID-19 пандемияси туфайли жиддий йўқотишларга учраган саноатлардан бирига айланди. Тошкентлик ижодкор, Podium Italia компаниясининг ижодий директори ва Тошкентдаги Сингапур институтининг Мода бўлими лектори Саидазим Фозилов йўқотишлар ва мода дунёси қандай қилиб тикланиши ҳақида гапирди.

Сизнингча, пандемиядан кейин саноатда қандай асосий ўзгаришлар рўй берди?

Аввалига бу вақтинчалик деб ўйладим. Энди эса пандемиянинг мода саноатида кескин ўзгаришларга сабабчи бўлганини тушундим. Ҳозир анъанавий мавсумларнинг (баҳор-ёз/куз-қиш) мақбуллик масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. Мода Ҳафталиги ҳодиса сифатида йўқолиб кетиши мумкин, деган назария ҳам пайдо бўлди.

Модалар тақвимини қайта тузиб чиқиш масаласини биринчилардан бўлиб ўз очиқ хатида Giorgio Armani WWDга ёзиб, кўтарди. Ундан сўнг Saint Laurent энди мавсумий кўргазмаларни ўтказмасликларини ва бунинг ўрнига заруррат туғилгандагина тўпламларни чиқаришларини эълон қилди. Яқинда Gucci ижодий директори Алессандро Микеле ҳам Gucci Милан мода ҳафталигининг жадвалидан чиқиб кетаётганини эълон қилди.

Ушбу инқирозда асосий ўзгаришлар ишлаб чиқаришда эмас, балки бизнинг онгимизда, соҳанинг функциялари ва вазифаларини тушуниб етишда содир бўлди. Улар жуда кескин бўлиб кўринди. Орқага қайтиш учун эса йўл йўқ.

Саноатни тиклаш учун қанча вақт керак?

Мода дунёдаги энг мослашувчан ва тез ривожланаётган соҳалардан биридир. У шаклини жуда тез ўзгартириб, ҳар қандай вазиятга дарҳол мослашиб оладики, сиз ҳатто бошқа давр келганини англашга улгурмай қоласиз.

Янги мода аллақачон биз билан: логистика ва ишлаб чиқариш тизимлари қайта тикланишга муваффақ бўлди, гигантлар онлайн-савдога ўтиб олдилар ва Москвадаги мода Ҳафталиги онлайн тарзда муваффақиятли ўтказилди.

Қайси брендларда омон қолиш имконияти юқорироқ — катта ёки кичик?

Кредитлар ва ижарага олинган бинолар асосида ишлайдиган кичик брендлар хавф остида қолишади. Ҳозирги пайтда мени хавотирга солаётган энг катта жиҳат – бу Ўзбекистондаги ёш, ўз фаолиятини эндигина бошлаган дизайнерларнинг тақдиридир. Мамлакатимизда дизайн сектори аллақачон оғир даврларни бошидан кечираётган эди, пандемия воқеликлари эса аянчли сценарийнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

Мода саноати давлатнинг ёрдамига муҳтожми?

Албатта! ZARA ёки Bershka га қаранг — Inditex дунё бўйлаб 1000 дан 1200 гача дўконлар ёпилишини маълум қилди. Агар оммавий бозор сектори қуласа, бу савдо марказларининг банкротлигига ва арзон кийимларнинг етишмаслигига, тўқимачилик саноатидаги инқирозга ва ишсизликка олиб келиши мумкин, шунингдек, хом ашё экспорт қилувчи мамлакат иқтисодиётига катта зарар етиши мумкин. Бу занжирда ҳаммамиз иштирок этамиз.

Ўзбекистонга келсак, мамлакат пандемиянинг иқтисодий таъсирини энди сеза бошлайди, айниқса дизайн ва ижодий секторда, юзлаб рассомлар, ҳунармандлар ва дизайнерлар жуда оғир вазиятда – сотувлар ва янги асарларсиз.

Менимча, Ўзбекистон тасвирий санъати бир неча қадам орқага кетиши мумкин.

Афсуски, кўплаб ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчи ва муаллифлар ташқи бозорни ривожлантириш учун ўз кучларини эндигина ҳис қила бошлаган бир пайтда ёрдамсиз қолишди.

Савдо ва мижозларга хизмат кўрсатиш стратегияларини ўзгартириш керакми?

Ўйлайманки, кўплаб брендлар мижозлар садоқати қанчалик муҳимлигини тушунишди. Бу асосий кўрсаткичга айланди. Стратегияни фақат узоқ муддатли ҳамкорликка қаратган ҳолда ўзгартириш керак, бир марталик ёндашув иш бермайди. Агар мижоз сизга ишонса, у сизнинг маҳсулотингиз хавфсиз эканлигини аниқ билиб, айнан унга буюртма беради. Яхши ишлайдиган етказиб бериш тизими ва масофадан ишлаш ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман — бу ерда ҳамма нарса аниқ ва равшан.

Сизнингча, онгли равишда истеъмол қилиш тенденцияси сақланиб қолинадими?

Менимча, бу йўналишдаги кескин ўзгаришларни кутишнинг ҳожати йўқ. Бироқ пандемиядан олдин бошланган дастур ва ташаббуслар бугунги ҳақиқатда янги маъно касб этиши шубҳасиз.

Пижамаларимиздан қайта чиқишни истаймизми?

Албатта, бошқа иложи ҳам йўқ! Уларни аллақачон шкафда қолдириб, мавсум трендларида ҳаётдан завқланиш вақти келди.

Бундан ташқари, ҳамма нарса аввалгидан ҳам яхшироқ бўлишини доим ёдда тутишимиз керак — ахир биз ҳар қачонгидан ҳам оқил, узоқни кўра оладиган ва маънавий жиҳатдан яқинроқ бўлдик.

 

Мақолани тайёрлади: Наталья Цыкалова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар