1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши юзага келди. Фавқулодда вазият натижасида бир неча қишлоқ сув остида қолди, жумладан, қўшни Қозоғистоннинг жанубий ҳудуди ҳам. Техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар бугунги кунгача давом этмоқда.

Сув тошқини аҳоли пунктлари, коммуникация ва қишлоқ хўжалик eрларига зарар етказган. 90 минг маҳаллий аҳоли эвакуация қилинди, 31 минг киши Қозоғистон фуқароси. Биринчи кундаёқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазири фавқулодда ҳодиса жойига етиб боришди ва тўғоннинг ёрилиши оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат комиссияси тузилди. Айни пайтда аҳоли пунктларини ва транспорт алоқаларини тиклаш бўйича ишлар узлуксиз олиб борилмоқда. Қурувчилар ва муҳандислар тўғоннинг вайрон бўлган қисмини тиклаш ишларини якунлашмоқда.

Ҳукумат комиссиясининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, зарар кўрган объектлар:

  • 7 тиббиёт муассасаси
  • 8 болалар боғчаси
  • 16 мактаб
  • 1 коллеж
  • 7 қабристон
  • Республика аҳамиятига эга 13 кўприк
  • 52 км йўл
  • 1 деҳқон бозори
  • 3 масжид
  • Табиий офат 99 та кўп қаватли турар-жой биноларига зарар етказди

Сув омбори ҳақида

Сув омбори Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида, пойтахтдан 140 километр узоқликда жойлашган. Унинг қарийб 8 йил давом этган қурилиши 2017 йилда якунланди. Сув омборининг чуқурлиги тахминан 30 метрни, ҳажми эса 922 миллион куб метрни ташкил этади.

Гидротехника иншооти Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг экин майдонларини сув билан таъминлаш учун қурилган. Ўпирилиш юзага келишидан бир неча кун олдин бу ерда кичик гидроэлектростанция қурилиши бошланганди.

Маълумки, Сардоба сув омборининг қурилиши «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси раҳбарлигида
бир нечта қурилиш компаниялари томонидан амалга оширилган.

Ҳодиса сабаблари

Ҳозирги пайтда расмийлар якуний хулоса чиқаришга шошилмаяптилар ва воқеанинг асл сабабларини синчковлик билан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Жабрланганлар

Тошқин оқибатларини бартараф этиш жараёнида 9 ёшли бола ва 14 ёшли қиз — ака ва сингилнинг жасадлари топилди. Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, болалар Зомин тумани Ширин қишлоғида истиқомат қилишган. Мактаб ўқувчилари кучли сел оқими бостириб келганда дўкондан қайтишаётган бўлишган. Кейинчалик маълум бўлишича, Ғаллаорол туманининг Жийдали қишлоғида яшовчи 10 яшар қизалоқни ҳам сув оқизиб кетган.

Сув омборидаги қутқарув ва эвакуация ишлари давомида Миллий гвардиянинг уч нафар ходимини сув оқизиб кетди. Айни пайтда улардан бири воқеа жойидан 15 километр узоқликда тирик ҳолда топилган, бошқа ходим ҳалок бўлди, учинчисининг тақдири ҳанузгача номаълум.

Тергов ишлари

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 207-модданинг 1-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган. Унда мансабга совуққонлик билан қараш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлиш назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисмининг «Б» банди: оғир оқибатларга олиб келадиган кон, қурилиш ёки портлаш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича иш қўзғатилди. ДХХ тергов ишларини олиб бормоқда.

4 май куни бўлиб ўтган селекторда Ўзбекистон Президенти Сардоба сув омборидаги воқеада айбдор деб топилганларнинг барчаси жавобгарликка тортилишини айтди.

Шавкат Мирзиёев: «Халқимиз хотиржам бўлиши мумкин, турли ўй-хаёллар ва миш-мишларга ўрин бўлмаслиги керак. Менинг илтимосимга биноан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тошқин ҳодисаси бўйича объектив, холис ва кенг қамровли текширувни бошлади. Сизни ишонтириб айтаманки, айбдорларнинг кимлиги ва қандай лавозимда бўлишидан қатъи назар, улар қонун олдида жавоб беришади».

Жабрланганларга ёрдам

Баъзи маҳаллий қишлоқлар аҳолиси уйларига қайтиб, қутқарувчилар ҳамда ҳарбийлар билан биргаликда уйлар ва иншоотларни тиклашда иштирок этишмоқда. Кўпчилик эвакуация пайтида шахсий буюмлари ва ҳужжатларини олишга улгурмаган, аҳолининг аксар қисми мол-мулкларидан айрилди.

Мамлакатнинг турли бурчакларидан кўнгиллилар жабрланганларга ёрдам бериш учун йиғилишди, шунингдек, гуманитар ёрдам юк машиналар Сирдарё томон йўл олган. Эл дардига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ёрдам бериш учун овқат, идиш-товоқ, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари ва болалар ўйинчоқларини юборишмоқда.

АҚШ ҳукумати ҳам ёрдам кўрсатиш истагини билдирди. USAID табиий офатдан жабр кўрган оилаларга биринчи даражали зарур буюмлар сотиб олиш ва тарқатиш учун 100 минг доллар ажратди.

Таниқли миллиардер ва меценат Алишер Усмонов тошқиндан жабр кўрган қозоғистонликларга ёрдам бериш учун 5 миллион доллардан ошиқроқ маблағ ажратди.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар