Муаллиф, бошловчи ва санъатшунос Шаҳноза Ғаниева — журналистиканинг эталони ва тирик афсонаси. Шаҳноза Ғаниеванинг хизматлари рўйхати жуда катта: унинг «Звездопад» муаллифлик дастури «ТЭФИ — Содружество» Халқаро телевизион мукофоти ва M&TV Awards мукофотига сазовор бўлган; Россия биринчи каналидаги  «Время» дастурининг мухбири сифатида у Марказий Осиёдаги ҳарбий можаролар зонасидан репортажлар олиб борган, уларда ўткир ижтимоий муаммоларни кўтарган. Ўз интервьюсида Шаҳноза бой тажрибаси билан ўртоқлашди, шунингдек, «қаттиқ» журналистика ва телевидение соҳасидаги мавжуд стереотиплар ва қийинчиликлар тўғрисида сўзлаб берди.


Сиз ўзбек киносининг асосчиси Наби Ғаниевнинг набираси бўласиз, табиийки, санъат муҳитида ўсиб, улғайдингиз. Лекин қандай қилиб  сиз ўз ҳаётингизни журналистикага бағишладингиз? 

Мен биринчи маълумотим бўйича санъатшуносман, Тошкент бадиий институтини тамомлаганман. Санъатга ҳар доим иштиёқим бўлган. Бувам Наби Ғаниев машҳур ўзбек кинорежиссёри эди. У «Тоҳир ва Зуҳра», «Хўжа Насриддиннинг саргузаштлари» каби бебаҳо дурдона асарларни яратган. Бунгача эса у овозсиз кинода революциядан кейин дарҳол бу ерга келган Россия киноижодкорлари билан бирга ишлаган. Унинг  «Cоябон арава» («Крытый фургон»), «Иккинчи хотин», «Равот қашқирлари» фильмларида ўша даврдаги овозсиз кинонинг таниқли актрисаси Рахиль Мессерер суратга олинган. Бу инсон машҳур Мая Плисецкаянинг онаси. Бувим бизнинг уйимизда Россия киноижодкорлари яшаган давр ҳақида менга тез-тез гапириб берар эдилар. 

Биринчи касбим бўйича санъатшунос эканлигим ҳақида айтиб ўтдим. Бошдан-бош мен телевидениеда санъат тўғрисидаги дастурларни тайёрлаганман. Албатта, фаолиятимни бошлаган пайтимда телевидение бошқача бўлган. Бу тўғридан-тўғри эфир бўлиб, улар ҳозирги вақтда деярли йўқ. Бундан ташқари, телевидение у даврда «сирли» эди. Тақдир тақозосига кўра, ўзимнинг телевидениедаги профессионал фаолиятимнинг катта қисмини «Время» ахборот дастурида ишлаш билан ўтказганман. Мен сиёсий эшиттиришлар — бу жуда катта масъулият ва чегарасиз имкониятлар эканлигини дарҳол англаган эдим.

Шарқ жамиятида стереотиплар ҳар доим бўлган. Аёл учун карьера қилиш, мақсадга етиш ва натижаларга эришиш қийинроқ. Сиз қандай қилиб бу билан курашдингиз?

БИЗ АЖОЙИБ ДАВРДА ЯШАЯПМИЗ! ГЕНДЕР ФАРҚЛАРГА ҚАРАМАСДАН, АЁЛЛАРДА ЎЗ КАСБЛАРИДА ЮЗАГА ЧИҚИШЛАРИ, МУВАФФАҚИЯТ ҚОЗОНИШЛАРИ УЧУН ИМКОНИЯТЛАР БОР.

Мен мамлакатимизда у ёки бу ташаббуснинг бошида турган аёлларнинг исмларини доимо ёдда тутаман. Биринчи ўзбек актрисаларини эслайсизми? Улар XX аср бошларида мавжуд барча қийинчиликларни ва асрий урф-одатларни енгиб, ҳаётларини хавф-хатарга қўйиб, саҳнага чиқганлар. Кўз ўнгимда биринчи ўзбек актрисалари Турсуной Саидазимова ва Нурхоннинг қўрқмасдан, очиқ юзлари билан саҳнага чиқишга журъат қилганликлари учун ваҳшийларча ўлдирилгани акс этган фотосуратлари туради. XX аср ўзбек маданиятининг бошида  турган машҳур аёллар Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носирова нималарни енгиб ўтганликларини тасаввур қилиш қийин. Улар ўзларининг санъатлари билан Ўзбекистонни бутун дунёга танитганлар. Менга келсак… Бир нима дея олмайман. Касбим тақозоси билан кўп нарсаларни енгишимга тўғри келди. Ажойиб устозларим бўлган. Телевидение бу балки лакмус қоғози: эфирга чиққан заҳотинг томошабин ҳар доим сен аслида кимлигингни ва унга нима бера олишинг мумкинлигини кўра билади. 

Журналистнинг асосий қобилияти — бу одамлар билан мулоқот қила олишидир. Сиз қандай қилиб можароларни бартараф этасиз?

Болалигимда мен «Ҳар қандай ёмон дунё урушдан афзал», деган иборани ўқиган эдим. Мураккаб вазиятлардаги жуда муҳим фазилатлар бу — ўзининг мослашувчанлигини намоён этиш, муросага келиш, ўзингизни сизга қарши бўлаётган одамнинг ўрнига қўйиб кўриш. Бу, албатта, сиз мутлақо бефарқ одам бўлишингиз керак, дегани эмас. Принципиалликни фақат ҳаётий муҳим масалаларда кўрсатиш керак. Ўзаро муносабатларни аниқлаштиришга вақт сарфлаш керак эмас, кечиримли бўлиш даркор.

Сизнинг даражангиздаги журналистика —  бу катта масъулият, қатъий чегаралар. Эҳтиёт бўлиш муҳим — ахборотни турли манбалардан қайта текшириш лозим. Лекин, бизнинг мамлакатда «мумкин эмас», деган нарсалар ҳаддан зиёд кўп эди. Давлат каналларида ҳар доим цензура мавжуд бўлиб, у ақлсизлик даражасигача борар эди. Сиз буларга дуч келганмисиз?

Мен санъат билан боғлиқ дастурлар устида ишлаганимда ҳеч қандай цензура йўқ эди. «Время» дастурига келсак, у вақтда мухбирлар катта шахслар бўлиб, уларни тинглашар эди. Ўша вақтда ўзига хос талаблар бўлса ҳам, ушбу дастурнинг аҳамияти чексиз даражада юқори эди. Лекин 1992 йилдан бошлаб ишлаш осон бўлмади. «Время» дастури ва у ёки бу мамалакатларда юзага келган аниқ вазият ўртасидаги тенгликни ушлаб туриш керак эди. Журналист сифатида менда доимо икки нуқтаи назар бор эди: ҳеч қачон ҳақиқатни қурбон қилмаслик ва ҳеч қандай зарар келтирмаслик. 

АХБОРОТ КЎРСАТУВЛАРИ ТЕЛЕВИДЕНИЕНИНГ ЖУДА МУРАККАБ ВА ОҒИР СОҲАСИ

Шов-шув учун нохолис материалларни узатиш ярамайди. Ҳалол бўлиш жуда муҳим ва агар муваффақиятга эриша олмасангиз, унда яхшиси бу соҳадан кетиш керак. Ахборот ҳар доим сиёсат билан, жамиятда у ёки бу даврда юз бераётган аниқ жараёнлар билан боғлиқ. 90-йиллар эса қийин давр бўлган. «Время» дастурининг жамоаси ҳар доим мени қўллаб-қувватлаб келган. 

Аёлларнинг ўз амбицияларини эълон қилишлари ва жамиятда ўз ҳуқуқларини қўрқмасдан ҳимоя қилишлари қанчалик муҳим? Сизнингча, буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш керак?

Бу муҳим. Лекин у ёки бу позицияни ҳимоя қилиш учун авваламбор малакали инсон бўлиш керак. Ана ўшанда тўғри бўлади. Бунга мутлақо ишонаман!

Сиз кўплаб ҳодисаларини ёритгансиз: БМТ сессиялари, давлатлар биринчи шахслари билан учрашувларни. Эсда қолган лаҳзалар тўғрисида сўзлаб берсангиз. 

Бу БМТ нинг 48 ва 50-сессиялари эди. Ҳозир хаммасини эслаш қийин. Мен Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг рухсати билан Маккадаги Ҳаж зиёратини суратга олган биринчи журналист аёл эдим. Бу 1986 йилда бўлган ва совет зиёратчиларининг Маккага биринчи ташрифи эди.

Ноёб, мазмунли воқеалар талайгина — халқаро фестиваллар (Малайзия), бутунжаҳон кўргазмалари (Жанубий Корея, Венгрия) ва албатта, XX аср охири XXI аср бошларидаги залворли сиёсий воқеалар шулар жумласидандир. Мен Франсуа Миттеран, Ёсир Арофат, Мадлен Олбрайт ва Ўрта Осиё давлатлари президентларидан интервьюлар олганман. Тожикистонда фуқаролар уруши, Афғонистондаги можаролар ва Ўзбекистон билан чегарадош давлатларнинг можаролари пайтида ҳам кўп ишлашимга тўғри келган. Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига биноан тожик қочоқларини Амударё орқали Афғонистондан қандай олиб ўтганликлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Бизнинг суратга олиш гуруҳимиз ватанига қайтаётган юзлаб кишиларнинг Ўзбекистон орқали қандай қилиб ўтаётганларига гувоҳ бўлган.

Сўнгги уч  йил давомида мен «Ўзбекистоннниг маданий мероси дунё тўпламларида» номли мукаммал ноёб видеоверсия лойиҳасида иш юритдим. Бу лойиҳа менга буюк таассуротлар бахш этди: Лондон, Кембриж, Оксфорд, Париж, Германия ва Россия шаҳарларининг ноёб музей ва қўлёзма фондларида бўлдим. Ушбу ташрифларимнинг натижаси ўзбек санъатининг чет эллардаги тўплами тўғрисидаги ўнлаб фильмларим бўлди. Бу бебаҳо тажриба ва унутилмас учрашувлар.

Ушбу лойиҳа доирасида менга Россия шарқшунослигининг 200 йиллигига бағишланган фильмни суратга олиш топширилган эди. У Смольнийда бўлиб ўтган тантанали тадбирда кўрсатилган. Бундан жуда фахрланаман. Санъат тўғрисидаги кўрсатувлар яратиш менга катта завқ бағишлайди. Бизнинг меросимиз тўғрисидаги фильмлардан олдин ҳам мен бир неча йил Ўзбекистон санъатининг буюк арбоблари тўғрисидаги кўрсатувлар устида ишладим. Улар «Звездопад» туркумига кирган бўлиб, томошабинларнинг катта эътиборини қозонган.

Ёлғиз қолган вақтларингизда нималар ҳақида ўйлайсиз?

Ҳаётдаги кўп нарсалар танловимизга боғлиқлиги ҳақида. Вақт тез ўтаётганлиги ҳақида. Ҳаммамизда у ёки бу кўринишдаги қўрқувлар бор. Кимлардир улардан ғолиб келиб муваффақиятга ва уйғунликка эришади, кимлардир эса енгилади.

Ҳаётингизда осонликча синдириб ташлайдиган ҳақиқатдан ҳам мураккаб вазиятлар бўлганми? 

Ҳар бир инсон мураккаб вазиятларга дуч келади ва албатта, мен ҳам кўп нарсаларни бошимдан кечирдим. Аммо ҳар қандай вазиятда ҳам инсон ўзига, берилган сўзига содиқ қолиши ва яқинлари олдидаги маъсулияти даражасини тушуниши керак.

Синиш — сизга ёқадиган одамларга тузатиб бўлмайдиган зарба бериш. Ва бу мен учун номақбул иш. Биз яшашимиз керак ва ҳар доим яхши нарсалар тўғрисида ўйлашга ҳаракат қилишимиз керак.

Сиз нима билан ҳеч қачон келиша олмайсиз?

Беадаблик, сотқинлик, иккиюзламачилик ва ношукрлик билан.

Сизнингча, нима учун, яшаш керак?

Яшаш учун яшаш керак!

Агарда 20 ёшли Шахноза Ғаниева билан учрашиб қолсангиз, унга қандай маслаҳат берардингиз?

Қачонлардир буюк Конфуций айтган экан: 15 ёшимда фикрларимни ўқишга қаратдим, 30 йил ичида мен мустаҳкам пойдевор топдим, 40 ёшимда ўзимни шубҳалардан халос этишга муваффақ бўлдим, 50 ёшимда мен Жаннат иродасини билардим, 60 ёшимда ҳақиқатни ёлғондан ажратишни ўргандим, 70 ёшимда юрагимнинг чақириғига амал қила бошладим ва маросимни бузмадим». 20 ёшли ўзимга бу ҳаётнинг донолигини билишни маслаҳат берган ва «Яша, ҳеч нарсадан қўрқма! Сен енгиб ўтажак барча нарсалар бебаҳо тажрибанг бўлиб қолади», деган бўлардим.

Фото муаллифи: Акмаль Саидов
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар