Бир неча ойдан бери дунё nCoV коронавирус инфекциясини енгишга ҳаракат қилмоқда. Унинг тарқалиши 2019 йил охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида бошланган. Аммо бу инсоният дуч келган биринчи эпидемия эмас. Тарих ўн миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган, COVID-19га қараганда анча даҳшатли ва ҳалокатли касалликлардан гувоҳлик беради. Вабо, чечак ёки испанка ҳар қандай қуролли тўқнашувлардан кам бўлмаган талафотларга олиб келган.

Қора ўлим

Европа Бубон ўлати ёки қора ўлим билан 14-асрда тўқнаш келган. Касалликнинг асосий белгилари – бу интоксикация, иситма, ўпканинг зарарланиши, шунингдек лимфа тизимининг шикастланиши. Лимфа тугунларининг яллиғланиши туфайли «бубонлар» пайдо бўлган. Вабонинг асосий манбаи каламушлар бўлиб, уни кемирувчиларда яшайдиган бургалар тарқатишган.

Айнан шу даврда ўлат шифокори пайдо бўлди, ҳозирда у арт-маданиятнинг бир қисмига айланган. Ўша пайтлар фақат угина одамларни даволай олишига, ҳеч бўлмаганда азобларини енгиллаштиришига ишонишган.

Тарихчиларнинг турли маълумотларига кўра, қора ўлим 75 миллиондан 200 миллионгача одамнинг умрига зомин бўлган. Бубон ўлати тарқалиши 100 йилдан ортиқ вақт давомида Европанинг турли бурчакларида юзага келган. Охиргиси 1600-йилларда Буюк Британияда қайд этилган.

Ҳозирги COVID-19 сингари, бубон ўлати тарқалиши Хитойнинг марказий қисми бўлмиш Хубэй вилоятида бошланган. Кейин мўғул босқинчилари касалликни Қримга олиб боришди, у ердан Генуя денгизчилари уни Европага тарқатишди. 1347 йил октябрь ойида касалланган флот Сицилиянинг Мессина шаҳрида тўхтади. Барча кемалар экипажлари нобуд бўлди, маҳаллий аҳоли ташлаб кетилган кемаларни талон-тарож қилишди, шу сабабли касаллик тез орада орол ва Италия соҳилларига тарқалди. Йил охирига бориб, вабо Генуя, Венеция ва Пизани қаҳшатди. Икки йилдан сўнг Франция, Испания, Германия ва Англияни (касаллик Бордодан қизил шароб билан бирга олиб келинган) ютиб юборди. Шундан сўнг вабо Россияга ҳам тарқалди.

Бир неча асрлар ўтгач, ўлатнинг учинчи улкан эпидемияси юзага келди. Қора ўлат сўнгги бор ўзини 1885 йилда кўрсатди. У Осиёдан барча қитъаларга тарқалиб, 12 миллион одамни қурбон қилди (асосан Ҳиндистонда – 10 миллионгача қурбонлар). ЖССТ пандемияни 1960 йилгача фаол деб ҳисоблаган.

Терлама

Терлама, ўлат каби, бир нечта турларга бўлинади. Терлама ХХ асрнинг бошларида тарқалиб, касалдан соғлом одамга битлар орқали юққан. Эпидемия фронт чизиқлари ва концлагерларда авж ола бошлаган. Россия ва Польшада 30 миллион киши терлама билан касалланган, улардан 3,5 миллиони вафот этган. Терламага қарши вакцина 1942 йилда олим Алексей Пшеничнов томонидан яратилган.

Тепкили терламадан фарқли ўлароқ қайтарма терламани нафақат бит, балки каналар ҳам тарқатишган. Суданда Биринчи Жаҳон уруши пайтида 100 минг киши қайтарма терламадан вафот этди.

Ич терламаси – бу салмонелла тифи келтириб чиқарадиган ўткир бактериал инфекция. Белгилари: безгак, асаб тизимининг бузилиши, умумий интоксикация, тери тошмалари, жигар ва талоқнинг катталашиши ҳамда ингичка ичакнинг лимфа аппарати шикастланиши.

Вабо

ХIX асргача бу касалликнинг тарқалиши фақат Ҳиндистонда қайд этилган. Касаллик иссиқ ҳаво, сув ифлосланиши ва дарёлар атрофида одамлар тўпланиши туфайли тарқалган. 1817 йилдан 1961 йилгача еттита вабо пандемияси бўлган. Касаллик Япония, Сурия, Саудия Арабистони, Туркия, Миср ва Россиядан Европага ўтган. 1961 йилда вабо Африка ва Америкага етиб боради. Ҳолатлар Ғарбий, Жанубий ва Марказий Африка, Гаитида аниқланган. Вабодан 40 миллионга яқин одам вафот этган.

Касаллик ўткир овқат ҳазм қилиш бузилиши, кучли сувсизланиш, мушаклар тонусининг бўшашиши ва йўқолиши, мушаклар тиришиши билан ифодаланади. Агар даволанмаса, бир неча соатдан кейин ўлим ҳолати кузатилади. Касаллик чекка аҳоли пунктларида санитария шароитлари ёмонлиги туфайли юзага келади. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили 21 дан 143 минггача одам вабодан вафот этади.

Испания гриппи ёки «испанка»

Испания гриппи пандемияси 1918-1919 йилларга, яъни Биринчи Жаҳон Уруши охирига тўғри келади. Испания биринчи бўлиб ҳалокатли гриппнинг тарқалиши ҳақида хабар берган, айнан шу омил касалликнинг номига таъсир кўрсатган. Вирус тахминан 50 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлган, баъзи маълумотларга кўра 10 миллион. Дунё аҳолисининг чорак қисми ушбу касалликка чалинган. Касалликнинг сўнгги босқичларида ўпкада қон кетиши бошланган ва ўлимга айнан шу сабаб бўлган. Касаллик тарқалишининг асосий сабаби урушда иштирок этган давлатлар қўшинларининг оммавий ҳаракатланиши эди. Ҳаммаси бўлиб, тахминан 400 миллион киши ушбу гриппга чалинган.

Коронавирусда бўлгани каби, «испанка» аломатларидан бири – бу нафас олиш қийинлашиши. Албатта, юз йил олдин инсоният ҳали ўпкани сунъий шамоллатиш тизимларини ихтиро қилмаган эди. Баъзи тадқиқотлар Испания гриппи бўлмиш H1N1 вируси парранда гриппи – H5N1 вирусига ўхшаш, аммо анча кучсизроқ хусусиятларга эга эканлигини кўрсатди.

Чечак

Чечак эпидемияси сайёрани бир неча бор даҳшатга солган. Чечакнинг биринчи таърифлари милоддан 4 минг йил аввал Миср папирусларида қолдирилган. Энг катта эпидемия XVIII асрда содир бўлган – 60 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлган. Худди шу асрда унга қарши вакцина яратилди ва биринчи эмлаш инглиз шифокори Эдвард Женнер томонидан 8 ёшли болада ўтказилди. Асосий аломатлар: безгакли ҳолат, бетоблик, қориндаги оғриқлар ва биринчи навбатда юз, қўл ва билакларда, кейин танада тошма пайдо бўлиши.

Табиий чечакнинг сўнгги қурбони 1978 йилда ушбу касалликдан азият чеккан тиббиёт фотографи Женнет Паркер бўлган. 1980 йилда ЖССТ эмлаш орқали чечак касаллиги йўқ қилинганини эълон қилди. Сўнгги ўн йил ичида Африканинг чекка давлатларида чечакнинг пайдо бўлгани ҳақида турли манбаларда маълумотлар берилди, аммо кўплаб мутахассислар ушбу касалликни бошқа хавф даражаси анча паст касалликлар билан адаштиришганлиги мумкинлигини таъкидладилар.

Коронавирус

Хитой ҳукумати ўтган йилнинг декабрь ойи охирида янги COVID-19 касаллиги ҳақида хабар берди. Кўп ўтмай ЖССТ вирусни пандемия, деб эълон қилди. Айни пайтда дунёда ушбу касалликка чалинганлар сони 3 миллионга яқинлашмоқда, ўлим ҳолатлари эса 200 мингга.

Deutsche Bank эрамизнинг юз мингдан ортиқ ўлимга сабаб бўлган барча маълум пандемия ва эпидемияларини таҳлил қилди. Тадқиқотга кўра, 24 пандемия орасида коронавирус энг хавфли йигирматаликка киради.

Дунёнинг бир қатор давлатларининг тиббиёт хизматлари том маънода бутун дунёни қамраб оладиган янги вирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш учун бор кучини сафарбар қилди. Аммо, ҳозирда коронавирусга қарши расман тан олинган вакцина йўқ.


Замонавий тиббиётнинг юқори даражасига қарамай, ҳамма касалликларни ҳам даволаб бўлмайди. Аммо, тарих кўрсатадики, инсоният даҳшатли пандемияларга қарши туриб бера олади. Ва вақт ўтиши билан ҳар бир инфекцияга қарши дори ва вакциналар топилади. Бу эса яқин келажакда барчамиз коронавирусни ўтмишдаги қийин давр сифатида ёдга олишимизга умид беради.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар