Ўзбекистон банк тизими деярли бир ойлик карантин даврини қатъият билан босиб ўтди. Албатта, пандемия давридаги воқеалар муносабати билан баъзи ўзгаришлар ва созлашлар бўлди. CОVID-19 билан боғлиқ вазият маҳаллий банкларга қандай таъсир кўрсатганлиги ҳақида Ўзбекистон Марказий банки директори ўринбосари Акмал Назаров сўз юритди.


Акмал Назаров

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департаменти директорининг ўринбосари

Умумжаҳон пандемияси эълон қилиниши муносабати билан Республикада ва банк тизимида мижозларга масофадан ҳамда хавфсиз хизмат кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирда барча тижорат банкларининг мобил иловалари мавжуд. Бу аҳолига банкка бормасдан қулай, тезкор ва ишончли тўлов хизматларидан фойдаланишда ёрдам беради. Банкларнинг мобил илова хизматларидан фойдаланишнинг афзалликлари қуйидагилардан иборат:

  • уйдан чиқмаган ҳолда тўловларни амалга ошириш
  • нақдсиз тўлов орқали харидларни амалга ошириш
  • банк картасидаги тушумлар ва маблағ сарфини кузатиш
  • вақт ва транспорт харажатларини тежаш, шунингдек ўз хавфсизлигини таъминлаш

Картани олиш учун тижорат банклари ўз расмий сайтлари орқали онлайн ариза юбориш имкониятини яратдилар.

Мобил иловалар орқали жисмоний шахслар нафақат уяли алоқа хизматлари учун, балки коммунал, нотариал хизматлар, йўл ҳаракати қоидаларини бузганликлари учун жарималарни, интернет хизматлари, таълим, хайрия ишлари, шунингдек озиқ-овқат ва турли хил таомларни етказиб бериш хизматлари, солиқ тўловларини амалга оширишлари мумкин.

Пандемия пайтида тижорат банклари юридик шахсларга имтиёзли шартларда масофавий хизмат кўрсатадилар.

Банклар масофадан туриб банк картасининг амал қилиш муддатини узайтириш, тугатиш ёки янгисини очиш тўғрисида аризаларни қабул қилиш имкониятига эга. Агар карта жисмоний шахсга тегишли бўлса (иш ҳақидан ташқари шахсий карта), у ҳолда мижоз карта чиқарилган банкнинг ахборот тизими орқали мурожаат қилиши керак.

Эмитент банк картани мижозга етказиб бериш учун почта, инкассация хизмати ёки бошқа усуллардан фойдаланиши мумкин.

Нақд пуллар-чи?

Бугунги вазиятда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари нақд пуллари банклар томонидан ўз вақтида ва тўлиқ қабул қилинади.

Ўтган ойлар билан таққослаганда нақд пулга бўлган эҳтиёж камайиши тенденцияси асосан айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги сабабли шаклланмоқда.

Шу билан бирга, банк карталаридан нақд пул ечиш камайиши ҳам кузатилмоқда. Хусусан, апрель ойининг биринчи ҳафтасида нақд пул ечиш миқдори март ойининг биринчи ҳафтасига нисбатан ўртача 33 фоизга пасайди.

Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг нақд пулга бўлган эҳтиёжи ортиши ёки камайишига қарамай, улар банкоматлар ва банкларнинг кассалари орқали нақд пул билан таъминланади.

Нақд пулларни дезинфекциялаш

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, пул маблағларидан фойдаланиш вирусларни юқтириш каналларидан бири бўлиши мумкин. Марказий банк банкларга кассирларни тиббий ниқоблар, антисептиклар, саноат спирти ва бошқа гигиена воситалари билан таъминлаш бўйича тавсиялар берди. Шунингдек, иш пайтида бир марталик қўлқоплардан фойдаланишни назорат қилиш тавсия этилди. Банк кассаларида олинган нақд пуллар қайта ҳисоблаб чиқилган ва қадоқланганидан сўнг белгиланган тартибда камида бир ҳафта омборларда сақланади, шундан кейингина мижозларга берилиши йўлга қўйилади.

Тижорат банклари нақд пуллар билан махсус дезинфекция ўтказилган хоналарда ишлашади. Ходимларлар ниқоб, бир марталик қўлқоплар, антисептик воситалардан фойдаланишлари шарт. Пуллар камида бир ҳафта сақланганидан кейингина мижозларга тарқатилади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда банклар ва банкоматларда нақд пулни дезинфекциялаш технологияси мавжуд эмас.

Рақамли банкинг

Истеъмолчи учун бирон бир банк хизматини масофадан туриб олиш жуда муҳим ва Марказий банк бу масала устида ишламоқда. Бошқа банкнинг мижозига ёки умуман хеч қайси банк мижози бўлмаган шахсга банк хизматларини кўрсатиш учун банк шахсни аниқлаш, шунингдек аутентификация қилиш учун шахс тўғрисидаги ишончли маълумот манбасига муҳтож. Тижорат банклари баъзи ҳолларда мижозларни тегишли тартибда текшириш бўйича мустақил равишда чоралар кўришлари шарт (Қаранг: Тижорат банкларини ички назорат қоидалари, 23.05.2017 й., 2886-сон). Мижозларни ўрнатилган тартибда текшириш мижознинг шахсини тасдиқлашни ўз ичига олиши даркор.

Амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний шахснинг уникал идентификатори — ПИНФЛ (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) ҳисобланади. Паспорт маълумотлари тўғрисида маълумот бериш бўйича ваколатли орган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказидир (Қаранг: «Электрон ҳукумат» тизимининг марказий маълумотлар базасини шакллантириш тўғрисидаги низом, 2015 йил 17 декабр, 365-сонли қарори билан тасдиқланган). Айни пайтда улар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Банк хизматларини рақамлаштириш мамлакатимизнинг бутун молия саноатини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мижозларга хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун тўғридан-тўғри банк соҳасида замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш жоизки, фан, таълим ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга бағишланган йилда халқаро стандартларга жавоб берадиган банк хизматларини ривожлантириш бўйича бир қатор янги лойиҳалар режалаштирилган.

Банк ҳисобварағи билан мобил иловалар ёки масофавий банк хизматлари тизими орқали операцияларни амалга оширадиган фойдаланувчилар сони (жисмоний ва юридик шахслар) тобора кўпайиб бормоқда.

Бундан ташқари, банк карталаридан фойдаланмасдан контактсиз тўлов усулларига (NFC, QR код ва бошқалар) алоҳида эътибор берилмоқда.

Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасида 2018-2020 йилларда рақамли банк тизимини ривожлантириш концепцияси»да белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, хўжалик юритувчи субъектлар учун тезкор тўлов тизимини (ТТТ) жорий этиш банкка ташриф буюрмасдан туриб, 24/7 вақт давомида банклараро тўловларни амалга ошириш имкониятини беради.

Ҳозирги вақтда қонунчиликда белгиланган тартибда исталган банкда (филиалда) депозит ҳисоб рақамини очган жисмоний шахслар, банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланган ҳолда, ушбу банкда (филиалда) бошқа депозит ҳисоб рақамларини очишлари мумкин.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар