Дунё бўйича миллиондан ортиқ одам COVID-19 ни енгиб ўтишга улгурди. Улар орасида пандемия тарқалиш даврида ҳам Ўзбекистонда, ҳам хорижда қолган юзлаб ватандошларимиз бор. Коронавирус билан касалланган европалик ҳамюртимиз аноним қолиш шарти билан бошдан кечирганлари ҳақида ўз фикрлари ва ҳис-туйғулари билан ўртоқлашди.


Бу қандай бошланди

Коронавируснинг хавфлилиги шундаки, инкубация даврида кўпчилик ўзини жуда яхши ҳис қилишади ва зарарланганлигига шубҳа қилмай фаол ҳаёт тарзини давом эттиришлари мумкин. Мен билан ҳам шундай бўлди. Карантиннинг учинчи кунига келиб мен ҳид ва овқат таъмини умуман сезмаётганимни англадим.

Ўша пайтда вирус марказий асаб тизимига таъсир қилиши ҳали ўрганилмаган эди. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида ҳали айтилмаган эди. Мен камида бу жуда ғалатилиги ҳақида ўйладим. Илгари мен ҳиднинг тўлиқ йўқолиши каби ғайриоддий ҳисни бошдан кечирмаганман. Икки кундан кейин бу ҳақда шифокоримга хабар беришга қарор қилдим.

Шифокор дарҳол коронавирус ташхисини қўйди

Менинг соғлиғимни кузатадиган даволовчи-терапевт шифокорим бор. Европада бу одатий ҳол — бу ерда туман поликлиникалари йўқ, ҳамманинг ўз шифокори бор. Унинг ҳузурига киришга улгурмасимдан менга бу коронавирус эканлигини айтди.

Мендаги каби аломатлари бор одамлар жуда кўп экан.

Касаллик жараёнини тахминан ўрганиш учун шифокор билан биргаликда «касаллик тақвими»ни туздик.

Биринчи аломатлар пайдо бўлгунигача инкубация даври 7-8 кун. Кейин касаллик даври келади, бу асоратларга қараб ҳар хил кечади. Кейин ремиссия келади, шундан сўнг уч ҳафта давомида сиз касаллик ташувчиси бўласиз, лекин ўзингиз оғримайсиз.

Шифокор аниқ кўрсатмалар ва ҳароратни пасайтириш учун парацетамол сотиб олиш учун рецепт бериб, касаллик бошланишини кутишим учун уйга кетишимга рухсат берди.

Гап шундаки, ўша пайтда барча касалхоналар лиқ тўлган ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож эмаслигим сабаб, касалликни уйда ўтказишимни англадим.

Кундан кунга оғирлаша бошладим

Кундан кунга аҳволим ёмонлаша бошлади, касаллик тобора кучайиб бораётгандай. Ҳароратим кўтарилиб, 39 даражагача етди, кўз соҳаси қаттиқ оғриди, безгак, кўнгил айниши, мушак ва қориндаги оғриқлар, ўпкам қаттиқ қизиди. Умуман олганда, жуда-жуда ёқимсиз ҳолат. Шифокорим доимо алоқада бўлиб, мендан касалликнинг кечишини батафсил айтиб беришимни сўрар эди. Одатда 8-куни аҳвол кескин оғирлашиши мумкин, аммо мен бундан ҳам ёмонроқ аҳволни тасаввур қила олмадим.

Бошиданоқ тушундимки, асосийси ваҳимага тушмаслик ва барча, ҳатто энг кичик деталларни шифокорга айтиш.

Қўлимдан келгани фақат шу.

Ниқоблар етишмаётган эди

Билишимча, шифохоналарда дорилар танқислиги бўлмаган. Муаммо шундаки, вирус даволанмайди. Беморнинг жисмоний ҳолатига қараб, вирус келтириб чиқарадиган оғир пневмониянинг оқибатлари билан ёки бошқа ички аъзоларга таъсир қилган асоратлар билан курашиш мумкин.

Ётишмаётган нарсалар ниқоб ва тиббий халатлар эди. Бир оз вақт ўтиб, аҳволим яхшилангач, халатлар билан таъминлашда ёрдам сўраб чиққан шифокорларнинг умумхалқ чорловига кўзим тушди. Кўмак бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган жуда енгил андозалар асосида қўл остимдаги воситалар ёрдамида тиббиёт ходимлари учун халатлар тикишни бошладим. Кейин уларни энг яқин шифохонага юбордим.

Шифокорлар, ўз навбатида, ҳар бир беморга эътибор бериб, хушмуомалалик, чидам ва қатъиятни намоён этишди.

Ўйлашимча, омматан қўллаб-қувватлашлар катта ёрдам кўрсатди. Шифокорларнинг ишини қийинлаштирмаслик учун одамлар уйдан чиқишмади. Таомларни «олиб кетиш» асосида ишлайдиган кўплаб ресторанлар касалхоналардаги тиббиёт ходимлари учун тушлик ва кечки овқатларни тайёрлаб беришарди. Ҳар куни кечқурун шифокорларга далда бўлиш учун одамлар деразаларидан қарсак чаларди.

Ваҳимасиз

Мен бошиданоқ ваҳима қилмадим. Менинг фаол ҳаёт тарзим зарарланишимга олиб келишини тушуниб турган эдим. Шу билан бирга, ўзим билан ҳар доим санитайзер олиб юрганимга қарамай, бунга қаршилик қила олмадим.

Қандайдир даҳшатли ва кимлардир учун ҳалокатли ҳолатнинг бир қисми эканлигимни англаш ажабланарли эди.

Шифокор менга бу менинг айбим эмаслигини тушунтиргунча, тасодифан иммунитети заифроқ одамни зарарлаб қўйган бўлишим мумкинлиги ҳақидаги ўйлар мени жуда ташвишлантирди. Менга ҳам кимдандир тасодифан юққан ва эҳтимол, мен ҳам кимгадир юқтиргандирман. Аммо ўша давргача ҳеч ким ижтимоий масофаланиш ҳақида эшитмаганлиги билан боғлиқ, чунки бу одамлар учун нотабиий эди. Касалланган танишларимнинг ҳеч бири ваҳима қилмаган, лекин ҳаммамизда бошқаларга юқтиришимиз мумкин деган ёқимсиз хаёллар бор эди.

Янги воқелик

Менинг ҳаётим, худди ҳаммизники каби, ўзгариб кетди. Янги воқеликда яшаш қандайдир ғалати. Мен оиламни жуда соғиндим, уларни анчадан бери кўрмаган эдим, чунки биз карантин бошланишини бир-биримиздан йироқда карши олдик. Яна одатий ҳаёт тарзимни (ўқиш, иш, харид қилиш, музейларга бориш, оила билан суҳбат) компьютер мониторига кўчириш ғалати туюлди.

Коронавирус ҳақидаги тушунчам ҳар куни ўзгармоқда. Дастлаб бу узоқ Хитойдаги қандайдир номаълум касаллик эди. Кейин муаммо эшик қоқиб турганлигини англадим, лекин бунга қандай муносабатда бўлишни билмадим. Албатта, мен ҳар хил сохта хабарларга ишонмадим, лекин барибир хавотирлагаётган эдим. Яшаш жойимда эмлашлар мажбурий бўлганлиги сабаб, анча вақтгача ҳаммаси ўтиб кетади, деган ўйда юрдим.

БУНДАЙ ВАЗИЯТДА ЯГОНА ТЎҒРИ ҚАРОР УЙДА ҚОЛИШ ВА БУ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАСЛИК.

Биринчидан, кўпчилигимиз танамизнинг асл ҳолати ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз ва бу ёқимсиз сюрпризларни айнан коронавирус очиб беради. Иккинчидан, кўпчилик пассив ташувчилар ҳисобланади ва буни билмасдан бошқаларга хавф туғдиради.

Огоҳсан, демак ҳимоялангансан

Мен дарҳол оилам ва дўстларимга касаллик ҳақида хабар бердим, чунки мен вирус мавжудлиги ҳақида огоҳлантирмоқчи ва бу рўё эмаслигини айтмоқчи эдим. Мен учун, айниқса, Ўзбекистонда карантин эълон қилинмагунга қадар у ердаги дўстларим билан бу ҳақида ўртоқлашиш муҳим эди. Кейин улар менинг тажрибам туфайли янада эҳтиёткор ва эътиборли бўлишганини айтишди. Менинг яқин дўстларимдан бири ҳозирда унинг яқинлари ва дўстларида касалликни аниқлаш ва огоҳлантиришда ёрдам берадиган ижтимоий дастур устида ишламоқда. Мен билан содир бўлган воқеа унга лойиҳа устида ишлашда ёрдам берганидан жуда хурсандман.

Мен одамларни ўз соғлигига эътибор беришга чорламоқчиман. Коронавирусга қарши Ўзбекистонда ҳам, дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам кўрилаётган чоралар муҳим ва ўз вақтида қабул қилинган. Ҳа, ижтимоий алоқаларни минималлаштириб, уйда кечаю кундуз қолиш жуда қийин. Аммо ҳозир бу ўта зарур, чунки хавф нафақат сизга, балки яқинларингизга ҳам таҳдид солмоқда.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар