Сўнгги бир ҳафта ичида дунёнинг турли хил мамлакатларидан кўплаб фуқаролар Ўзбекистонга қайтиб келишди. Коронавирус инфекцияси бўлган мамлакатлардан келганлар карантин ҳудудларида ва санаторийларда сақланмоқда. Буни эшитгач хаёлингиздан нималар кечади? Бир кишилик алоҳида бокслар, ҳимоя кийимларидаги одамлар, кўплаб тақиқлар, зерикиш ва хавотир… Шу билан бирга унга оид янгиликлар ҳам қувонарли эмас: масалан, Россияда одамлар ёмон шароитлар туфайли карантиндан қочиб кетиш ҳолатлари кузатилган.

Таҳририятимиз бизда ҳолат қандайлигини ўрганишга киришди: фуқароларимизга қандай шароитлар яратилгани, уларга нималарга рухсат берилганлиги ва улар карантинни асосли, деб ҳисоблашадими-йўқми – аниқлашга қарор қилди. Биз карантиндаги одамлар билан боғландик, уларга қатор саволлар бердик ва олинган маълумотларни сиз билан баҳам кўряпмиз.

карантин


Тимур

Париж – Тошкент рейси. Тошкентдаги 6-сон шаҳар шифохонасида карантинда

Биз Франциядан биринчи марта коронавирус қайд этилган рейсда учиб келдик. Ўша пайтда Франциядаги вазият унчалик жиддий эмас эди ва ҳамма ЖССТнинг тез-тез қўлларни ювиш, санитария воситаларини ишлатиш ва шу каби тавсияларига амал қилаётган эди. Парвозда ҳеч қандай муаммо бўлмади: бу мунтазам парвозлардан бири эди, чунки чегаралар ҳали ёпилмаганди.

Ҳозир биз Тошкентда карантин учун махсус қайта жиҳозланган 6-касалхонадамиз. Айтмоқчиманки, барчани шу заҳотиёқ карантинга олишди: нафақат йўловчилар, балки чегарачилар, божхона ходимлари, стюардессалар, учувчилар, ҳатто автотрапни бошқарадиган ҳайдовчини ҳам! Шундай қилиб, биз бутун бир рейс навбатчилигидагилар билан карантинга жойлаштирилдик.

Бу ер шифохона бўлишига қарамай, жуда шинам, бизда барча қулайликлар мавжуд, шикоятга ўрин йўқ. Бу ердаги шифокорлар бизга дўстона муносабатда, бош шифокор ҳам жуда хушмуомала. Ҳар куни бизни кўрикдан ўтказишади, дезинфекция ишлари олиб борилиб, ҳароратимиз кунига икки марта ўлчанади.

Карантинга олиб келинишимиз биланоқ коронавирусга тест топширдик ва барчада натижалар манфий бўлиб чиқди.

Протоколга кўра, биз 14 кун карантинда бўлишимиз керак. Ҳеч қандай чекловлар йўқ: масалан, биз бошқа йўловчилар билан бу ерда фитнес гуруҳини ташкил қилдик ва кечқурунлари машғулотлар ўтказяпмиз. Қариндошларга қўнғироқ қилиш, гаджетлардан фойдаланиш мумкин. Айтганимдек, бу ерда шароитлар жуда яхши. Ягона салбий омил – бу маълумотларга эга эмаслигимиз. Кимдадир вирус аниқланса, биз протокол бўйича қандай чоралар қўлланилиши хақида билмаймиз.

карантин

Карантиннинг ўзига келсак, ишончим комил, у жуда ўринли. Аммо, менимча, агар бирор кишида тестлардан сўнг вирус йўқлиги маълум бўлса ва у ўзини яхши ҳис қилса, жойни ортиқча банд қилмаслик мақсадида уни уйига жўнатиш керак деб ўйлайман. Ушбу ўринлар ва шароитларга тест натижалари ижобий чиққан ва вирус аломатлари бўлган инсонлар муҳтожроқ.


Наргиз

Шарм аш Шайх – Навоий рейси. Навоий шаҳри, «Металлург» санаторийсида карантинда

Биз Мисрда оилавий дам олаётган эдик. Жўнашдан бир неча кун олдин дам олиш ҳудуди карантинга олинганлигини эшитдик. Дам олиш масканида ва меҳмонхонада вазият барқарор, ваҳима йўқ эди. Меҳмонхонада меҳмонларнинг ҳарорати ҳар куни ўлчана бошланди, барча ходимлар қўлқопларда хизмат кўрсата бошлашди. Меҳмонхонага кираверишда, ресепшн, ресторанлар ва барларда қўлларни тозалаш учун дезинфекциялаш воситалари мавжуд эди. Меҳмонхона ходимлари меҳмонларнинг ҳар бири қўлларини тозалашини қатъий назоратга олишди.

карантин

Биз жадвал бўйича учиб кетдик. Ҳаммаси жуда яхши ташкиллаштирилган эди: жўнаш куни барча ўзбекистонлик сайёҳлар (180 кишидан кўпроқ) бир нечта меҳмонхоналардан келиб, тўпланишди, кейин ҳаммани аэропортга элтишни ташкил қилишди. Биз Шарм аш Шайх аэропортига келганимизда улар бизни Тошкентга эмас, балки Навоийга учаётганимизни эълон қилишди. Самолёт бироз кечикиш билан парвозни бошлади.

Навоийда бизни шифокорлар ва эпидемиологлар гуруҳи кутиб олди. Барча йўловчиларнинг ҳароратини ўлчашди ва паспорт назоратида одамлар навбатда турмаслиги учун паспортларни рўйхатдан ўтказиш мақсадида йиғиб олишди. Тушлик пайтида ҳаммага Ўзбекистонга келганлиги тўғрисида муҳр босилган паспортлар топширилди. Самолётдан тушаётганимизда дезинфекцияловчи эритмалар билан пойабзал ва қўл юкларимизни дезинфекциялашди, кейин автобусларга кузатишди. Сўнгра махсус транспорт воситалари ҳамроҳлигида бизни «Металлург» санаторийсига олиб келишди.

Санаторийда ҳамма асосий бинога жойлаштирилди. Ҳар бир меҳмон учун хоналарда шахсий гигиена воситалари (тиш чўткаси, тиш пастаси, суюқ совун, шампунь, сочиқ, ҳожатхона қоғози, устара) тайёрланган. Кондиционерлар, телевизорлар, музлатгичлар, электр чойнаклар, идишлар мавжуд. Ҳар бир хонада алоҳида ҳаммом бор.

карантин

Санаторийда навбатчи шифокорлар доимо хизматда, уларга исталган вақт мурожаат этиш мумкин. Барча йўловчилар назорат остида.

Йўловчилар саломатлигидан шикоят қилмаганликлари сабабли бизнинг рейсдагилар коронавирусни аниқлаш тестини топширмадик.

Касаллик аломатлари бирор кимсада аниқлансагина тест топширилиши айтилди. Тана ҳароратимизни мунтазам равишда ўлчаб борилди, алмаштириб турилувчи ниқоблар тарқатилди.

Бизга ҳеч қандай чекловлар қўйилмади, фақатгина карантин қоидаларини бузмаслик ва санаторийдан ташқарига чиқмаслик сўралди. Гаджетлардан фойдаланиш, қўнғироқ қилиш ва интернетдан фойдаланиш учун ҳам ҳеч қандай чекловлар қўйилмади.

Менимча, карантин жуда ўринли, чунки вирус юқтирганлардан зарарланиш хавфи мавжуд. Бу чора-тадбирлар хатарнинг камайишига олиб келади.

«Металлург»да ўтаётган карантинни ташкиллаштиришда иштирок этган барчага, айниқса, санаторий ходимлари ва биз билан бирга яшайдиган шифокорларга миннатдорчилик билдирмоқчиман.


Зуҳра

Рига – Наманган рейси. Наманган шаҳри, «Косонсой» санаторийсидаги карантинда

Чегаралар майгача ёпилишини эшитиб, Ригадан учиб келдим. Менинг оилам Тошкентда яшайди, шунинг учун мен охирги рейс билан қайтишга қарор қилдим. Ригадаги вазият анча тинч эди, чунки Латвияда ўша пайтда вирус билан зарарланганлар атиги 29 кишини ташкил қилар эди, агар ундан кам бўлмаса.

Бизга аэропортда рўйхатдан ўтиш пайтидагина Тошкентга эмас, Наманганга учаётганимиз ҳақида хабар беришди. Ўйлаб ўтириш учун деярли вақт йўқ эди ва кўпчилик учиб кетишга қарор қилди, чунки бизга 14 кун давомида шифокорлар назоратида бўлишимиз, яхши шароитлар яратиб берилиши ва эҳтимол, уйимизга эртароқ кетиш имкони берилиши мумкинлигини айтишди.

Ригада самолётга чиқдик, у бир соатдан ошиқроқ вақтдан сўнг парвозни бошлади. Биз бир соат давомида самолёт салонида ўтирдик, у ер димиқиб кетганди. Ҳамма ниқобларда, барча ғазабланган. Бизга ҳаво етишмай ҳам қолди, тасаввур қилинг-а!

Наманган аэропортига қўнганимизда кечқурун соат 10 лар атрофи эди. «Махсус костюмлардаги» одамлар самолётга югуриб келишди, ҳа, айнан қўштирноққа олиб айтяпман, чунки улар шунчаки халат кийган ва бинтлар билан ўралганди. Биз яна бир соат давомида ниқобларда самолётнинг димиққан салонида ўтирдик: журналистлар бизни тасвирга олиб бўлишларини кутдик. Кейин шифокорлар салонга кириб, паспортларни йиғиб олиб, ҳамманинг ҳароратини ўлчашди.

Самолётдан тушганимизда бизга хлорли сув сепилди, ташқари эса совуқ эди. Кейин бизни автобусларга ўтқазишди ва биз яна бир соат кутдик. Ҳамма оч, чарчаган, ҳожатхонага боролмаётганлар қанча… Ахийри бизни қўйиб юборишгач, Косонсой санаториясига йўл олдик.

Бу ерда вазият ёмон эмас: еб-ичишдан нолиш йўқ, истасак қўшимча овқат ҳам бор. Зерикмаслигимиз учун стол тенниси, баскетбол майдончаси бор. Катта кўкаламзор ҳудуд, тоза ҳаво ва ҳатто банкомат билан мини-маркет ҳам бор. Албатта, қулайликлар минимал, лекин хонада мебелнинг жойини ўзгартиришга рухсат берилади, шунинг учун ўзингизга бироз бўлсада қулайлик яратишингиз мумкин. Камчиликлар: хоналар салқин, ҳаммом жуда ёмон аҳволда, ҳамма нарса занглаган ва эски, сув босими паст.

Бу ерда зерикмаслик ва вақтни ўтказиш учун шуғулланадиган ишлар кўп: китоб ўқиш, стол ўйинларини ўйнаш, спорт билан шуғулланиш, ҳудудни сайр қилиш мумкин. 18 март куни ҳамма оила аъзолари билан суҳбатлашиши учун Wi-Fi ўрнатилди. Ҳеч ким гаджетларни тортиб олмади, ҳамма ўз телефони, компьютери ва планшетидан хотиржам фойдаланмоқда. Ўқиш ва уй вазифаларини бажариш имкони бор. Бироқ, битта камчилик бор: посилка олиш тақиқланган.

Шифокорлардан фақат бош врач бор ва унинг қўл остида санитарлар. Биздан анализлар олишмади, ҳеч ким ҳеч кимни даволамаяпти, шунчаки ҳароратни ўлчаб, ниқоблар тарқатишмоқда. Биз ҳам коронавирус учун тест топширмадик.

Ҳаммамиз ўзимизни жуда яхши ҳис қиляпмиз, хаммаёқ тинч ва осуда.

Биласизми, мен карантинни оқлай олмайман: умуман олганда, бу деярли карантин ҳам эмас. Биз касаллик аломатлари 14 кун ичида маълум бўлишини биламиз, аммо нега бизни бу ерда ушлаб туриш кераклигини тушунмайман. Биз битта бинода яшаймиз, битта ошхонада овқатланамиз ва ўша ҳудудда юрамиз. Бордию бу ерда вирус билан зарарланган бир киши бўлса ҳам, у туфайли ҳамма зарарланиши мумкин-ку!


The Mag таҳририяти карантиндагиларга интервьюга розилик берганлари учун миннатдорчилик билдиради. Бу 14 кун барчага таътилдек ўтишига ва ҳеч кимда юқумли касалликлар аниқланмаслигига умид қилади. 

Сиз нима деб ўйлайсиз, бошқа мамлакатдан қайтиб келган фуқаролар учун карантин зарурми?

Мақолани тайёрлади: Екатерина Спрыскова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди: фотографии из личного архива
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар