Ўзбекистонда коронавирус билан зарарланган биринчи бемор аниқланганига деярли бир ойдан ошди. Биз мамлакатимизда вирус қандай тезликда тарқалаётганини кўрсатиб ўтамиз. 


15 мартда Ўзбекистонда COVID-19 вируси билан зарарланишнинг биринчи ҳолати  тасдиқланди. Шу вақтдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар куни Ўзбекистон аҳолиси ва меҳмонларини коронавирус билан зарарланган янги беморларнинг сони ҳақида хабардор қилиб келмоқда. Тез-тез ўзгараётган рақамларга қараб, ҳар доим ҳам вирус қандай тезликда тарқалаётганлиги ва зарарланиш тенденцияси сусайдими-йўқми, билиб бўлмайди. Ўз-ўзини яккалаш режими қанчалик самарали бўлди? Зарарланганлар сони бўйича ўсиш динамикаси нормаллашдими?

Биз коронавируснинг тарқалиш тезлигини кўрсатиш мақсадида мамлакатимизда коронавирус бўйича биринчи кундан то ҳозирги кунгача бўлган барча статистик маълумотларни тўпладик. Эпидемия тарқалишининг олдини олиш бўйича давлат томонидан кўрилаётган чоралар қандай ишлаётганини бошқа мамлакатлар билан таққослаш орқали ҳам кўриш мумкин. Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда зарарланганлар сони кескин ўсди. Бу эса кишилар оммавий равишда вирусга тестдан ўтишни бошлаганликлари билан боғлиқ: таҳлилларни карантинда бўлган 60 000 дан ортиқ фуқаро топширди.

Эпидемиологлар башорат қилганларидек, зарарланганлар сонининг ўсиши экспонециал бўлиб чиқди.

Маълумот:

Экспоненциал ўсиш – бу кўпкаррали кўпайтириш. Қиймат қанча катта бўлса, тезроқ ўсади. Беморлар қанча кўп бўлса, улар кўпроқ одамни зарарлашлари мумкин.

 

15 мартдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус билан зарарланганлар сони кунига ўртача 21% га ўсди. Таққослаш учун: худди шу даврда АҚШда ўртача ўсиш кунига 23,7%, Туркияда 43% ва Пекиннинг расмий маълумотига кўра, зарарланганлар сонининг кўпайиши самарали пасайтирилган Хитойда 0,1%.

Биринчи графикда Ўзбекистонда ва аҳоли сони мамлакатимизга яқин бўлган мамлакатларда зарарланганлар сонининг ўсиши кўрсатилган. Эътибор беринг, халқаро авиақатновларни фақатгина 25 мартда тақиқлаган Польшага нисбатан ҳаво қатнови 15 мартда ёпилган Ўзбекистон ва Марокашда касаллик бирмунча секин тарқалди. Шу билан бирга, Марокаш, Польша ва Перу Ўзбекистондан олдинда, чунки бу мамлакатларда касалликнинг биринчи ҳолати биздагига қараганда бир неча кун олдин аниқланган. Ҳаво қатновининг тақиқланиши мамлакатимизда вирус кўпайишини тўхтатишга ёрдам берди.

Иккинчи графикда биз Ўзбекистон ва энг яқин қўшниларимизни таққосладик. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда аниқланган ҳолатларнинг ўсиш суръати тахминан бир хил. Туркманистон ва Тожикистонда вирус аниқланмаган.

Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус билан оғриган беморларнинг асосий қисми карантиндагилардир: хориждан келганлар ва уларнинг қариндошлари. Эслатиб ўтамиз, 9 апрель ҳолатига зарарланганлар 582 киши. 38 бемор тўлиқ соғайиб кетди, 3 киши вафот этди.

 

Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар