Пандемия ва карантин чоралари ҳаётнинг барча соҳаларида ўз изини қолдирмоқда. Дунё аҳолиси иш жойининг қисқариши ва ишсизликнинг ортишига дуч келди. Бу Ўзбекистонга қандай таъсир кўрсатганлиги тўғрисида мақоламизда ўқинг. 


Республика бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази июнь ойида Ўзбекистоннинг 101 шаҳар ва туманлари ўртасида ижтимоий тадқиқот ўтказди. Тадқиқот карантин чоралари республиканинг меҳнат бозорига жиддий салбий таъсир кўрсатганлигини исботлаш имконини берди. Шундай қилиб, январь-июль ойларида иқтисодий фаол аҳоли орасидаги ишсизлик даражаси 13,2% ни ташкил этди. Таққослаш учун: 2019 йилнинг худди шу даврида бу кўрсаткич 9,1% ни ташкил қилган эди. Ишга муҳтож фуқаролар сони 1 944 000 кишини ташкил қилди. 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси ҳам юқори — 20,1%, аёллар орасида эса — 17,4%.

Хусусан, ўтган йилга нисбатан иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони               12 400 кишига, якка тартибдаги тадбиркорлар сони эса 167 500 кишига камайди. Хорижга ишлаш учун фақатгина 2 040 киши кетган: бу ўтган йилда хорижга кетганлар сони билан солиштирганда 553 200 кишига, 2020 йилнинг биринчи чораги билан солиштирганда — 232 000 кишига камайган.

Норасмий иқтисодиёт сектори ҳам иш ўринларини қисқартирди. Ўтган йилга нисбатан ишчилар сони 2,1% га камайди, бу 105 300 киши демакдир.

Шу билан бирга, карантин чоралари туфайли деҳқон ва шахсий томорқаларда банд бўлганлар сони кўпайди. Бандликка кўмаклашиш жамғармаси шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш учун субсидиялар ажратди ва ушбу соҳада иш билан банд бўлганлар сони 200 100 кишига кўпайди. Бундан ташқари, меҳнат органлари эҳтиёжманд аҳолига иш топишда ёрдам кўрсатдилар: январь-июнь ойларида 588 200  киши иш билан таъминланди, 15 000 киши касбий тайёргарликка ўқишга юборилди, 27 000 кишига эса ишсизлик нафақаси тўланди, нафақаларнинг умумий миқдори 10,1 млрд. сўмни ташкил қилди.

Мақолани тайёрлади:
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар