Валерия Бюйюр — 45 ёшда, бухгалтерлик бюросининг асосчиси, тренер, бухгалтерия асослари бўйича муаллифлик курси ва шахсни ривожлантириш бўйича маҳорат дарслари яратувчиси. Унинг меҳнати маҳсули географик жиҳатдан 6 мамлакатга ёйилган. У иккинчи босқич меланомасини қатъият билан енгиб ўтди. Ундан чиққан нур, битмас-туганмас энергия, порлаб турган кўзлари ва ҳаётга бўлган телбаларча муҳаббати атрофдаги инсонларга таъсир ўтказади ва уларни ҳам ҳаётга ишонишга ундайди.

The mag 20

Фақат бугун бор

Бизда ўзимиз, яқинларимиз ва севимли кишиларимиз учун фақат бир кун бор — у ҳам бўлса бугун. Агар биз бугунни қўлдан чиқарсак, уни қайтариб бўлмайди. Мен ҳаётимни тўлақонли, ёрқин ва қувончли лаҳзаларга тўла ўтказа бошлаганим учун касалликдан миннатдорман. Афсуски, мен буни тушунишим учун озгина синовдан ўтишга мажбур бўлдим, аммо у бунга арзийди.

БАРЧАГА БУНИ АЙНАН ШУ ЕРДА ВА ҲОЗИР, ҲЕЧ ҚАНДАЙ ВОҚЕАЛАРНИ БОШИДАН КЕЧИРМАСДАН ТУШУНИШИНИ ТИЛАЙМАН.

Ҳаммаси холдан бошланган

У мени мутлақо безовта қилмас эди. Ихтисослиги умуман бошқа бўлган шифокор қабулида тахмин қилинаётган касаллик ҳақида тасодифан билиб қолдим. Хол кесиб ташлангандан бир неча ҳафта ўтиб, менга ташхис ҳақида хабар беришди. Ўша пайтда кўнглимдан нелар кечганини сўзлар билан ифода этиб бўлмайди. Аввало, барча ишларимни қандай тартибга солиш, хайрлашиш, кутилмаган ҳолат юзага келган тақдирда уй ҳайвонларини қаерга жойлаштириш ҳақида ўйлардим. Ўша пайтларда Нидерландияда турмуш ўртоғим билан бирга эдим. Мен одатдагидек сукут сақладим, операциялар ва тестлар оралиғида ҳеч нарса бўлмагандек яшашга ҳаракат қилдим.

Саратон — даҳшатли сўз

Ташхис ҳақида фақат энг яқин инсонларим билишар ва ҳамма ҳам бунга бир хил  муносабат эмасди. Менимча, «саратон» сўзи кўпчиликка қандайдир ўта даҳшатли таъсир кўрсатади. Оила аъзоси ёки дўстининг касаллигини билган кишилар беморга вазиятни енгишга кўмаклашиш учун катта бардошли ва хушмуомалали бўлишлари лозим. Қариндошларим менга тез-тез қўнғироқ қилишар, кўнглимни кўтаришар, бу ҳолатни унутиш ва яшашга ундашарди. Лекин, афсуски, никоҳим бу синовдан ўта олмади. Бу кунларни бошимдан ўтказганим учун бошқаларга ана шундай ҳолатларда   профессионал психологик ёрдам олиш кераклигини маслаҳат берган бўлардим.

Бу шунчаки касаллик

Нидерландияда саратон касаллигини даволаш маълум босқичларда жуда ижобий кўринади: чиройли клиникалар, навбатда турган қувноқ одамлар, оптимист шифокор. Биринчи босқичда айнан ўша ерда бўлганим менинг омадим эди. Шубҳасиз, бизда ҳам яхши мутахассислар бор, лекин малакали шифокорни топиш учун кўп ҳаракат қилиш керак. Биринчидан, биз операциянинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида қарор қабул қилишимиз керак эди, чунки бу босқичда ўзимизни «ҳимоя қилиш» ва ўсмалар ривожланишининг олдини олиш имконияти мавжуд эди. Бундай имкониятни махсус муолажа ва харажатлар талаб қилинадиган қўшимча операция берар эди.

Ташхис — ҳукм эмас

Мени икки марта операция қилишди: 2017 йилда Нидерландияда ва 2019 йилда Тошкентда битта кичик операция. Касаллик ўтди, меланоманинг қайталаш хавфи йилдан йилга камайди. Бугунги кунда дерматологик назоратдаман, демак, онкохавф жудаям кам. Энди фақат эътибор ва доимий назорат муҳим. Яхшиям, менга радиация ҳам, кимётерапия ҳам керак бўлмади.

ТАШХИС ҲУКМ ЭМАС, КУРАШИШ ШАРТ ЭМАС. ҲАР ҚАНДАЙ БОШҚА КАСАЛЛИКЛАРДА БЎЛГАНИ КАБИ СИФАТЛИ ДАВОЛАШ КЕРАК.

Шифокорнинг барча кўрсатмаларига қунт билан мунтазам амал қилиш, керак бўлса муқобил фикрни ҳам эшитиш лозим.

Соғлом инсон бўлиш — бу катта бахт

Мен фақат иккинчи босқични бошдан кечирганимни ва тирик қолиш имкониятлари катта эканлигини билган куним жуда хурсанд бўлдим. Эҳтимол, ўшанда мен ташхис ҳақидаги ҳаммага маълум қилишга қарор қилдим. Иккинчи қувончли онлар ўтган йили ёзда тест жавобларини олган кунимда келди — меланома қайталамаганини билдим. Мени тузалган, деб ҳисоблаш мумкин эди.

Ҳаёт — шу ерда ва шу онда

Менинг ҳаётим аввал ва кейинга бўлинди. Бу шу ерда ва шу онда содир бўлаётганини англадим. Шу сабабли, интеграция жараёнини тўхтатиб, Ватанимга қайтишга қарор қилдим. Уйда бўлиш, севимли шаҳримда яшаш ва кўп миллатли Тошкент аҳолисининг бир қисми бўлиш катта бахт.

Мақолани тайёрлади: Сакина Абидова
Фото муаллифи: Диана Ибрагимова
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар