Коронавирус мавзуси деярли бутун дунёни бирлаштирди, аммо ҳар бир мамлакат пандемия билан боғлиқ вазиятга ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб жавоб қайтарди. Дунё мамлакатларида нималар бўляпти ва воқеалар оддий одамларнинг ҳаётига қандай таъсир қилди? The Mag таҳририяти дунёнинг турли бурчакларидаги юртдошларимиз билан боғланиб, COVID-19 таъсири остида яшаётган шаҳарда уларнинг ҳаёти қандай ўзгарганини, ҳозир қаерда яшаётганини билиб олди.


Италия шаҳарлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш йўлида янада қатъий чоралар ва янги чекловларни жорий қилмоқда. Аҳолига фақат иш ёки соғлиқ билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилиш ҳамда озиқ-овқат сотиб олиш учун шаҳар бўйлаб ҳаракатланишга рухсат берилган. Ҳозирги кунда ушбу касалликка чалинганлар сони 63 927 кишига етди, вафот етганлар сони – 6 077 нафар.

Диана Аюбжанова

Милан, Италия. Талаба

Чамаси олти ой аввал мен Миланга кўчиб келдим. Бу ерда «Менежмент» йўналиши бўйича магистратурада таҳсил оляпман.

Италияда биринчи касалланиш ҳолати

Мен яшайдиган ҳудудда (Ломбардия вилояти) Италия ва Европада биринчилардан бўлиб коронавирус аниқланди. Вазият қисқа фурсатларда чигаллаша бошлади. Аввалига одамлар нима қилишни билмай қолишди ва дарҳол ниқоб сотиб олиш учун дорихоналарга югуришди. Биринчи куни мен ҳам бошқалар сингари дорихонага бордим, аммо кириш эшигига ниқоблар йўқлиги тўғрисидаги эълон осилган эди. Ўша куни яна тўрт дорихонага бордим – ҳеч ерда ниқоб йўқ. Италияликлар жуда ҳиссиётга бой ва таъсирчан, шу туфайли коронавирус ҳақидаги хабарлар таъсирида улар озиқ-овқат ғамлаш учун супермаркетларга югуришди. Улар асосан томат пастаси, макарон ва ичимлик суви сотиб олишарди. зарарланганлар ҳақидаи лик хабарлардан кейиноқ ўқишлар тўхтатилди ва кўплаб хорижлик талабалар уйларига жўнаб кетишди. Италиянинг бошқа ҳудудларидан келган талабалар ҳам дарҳол уйларига кетишди.

карантин

Асосий хато

Бошида ваҳимага тушмасликка ҳаракат қилдим. Ҳаммасини ўйлаб кўриб, вазият тезда барқарорлашишига умид билан Миланда қолишга қарор қилдим.

Аввалига вазият чигал ва тушунарсиз эди. Ҳеч ким нима қилишни ва ўзини қандай тутишни билмас эди. Барча ўқув муассасаларида ўқиш бекор қилинди, аммо одамлар ишлашда давом этишди. Дўконлар, кафе ва барлар очиқ эди. Об-ҳаво жуда яхши ва илиқ бўлгани учун ҳеч ким уйда ўтирмади – ҳамма сайр қилиш, кафеда ўтириш, дўкон айланишда давом этди. Фикримча, айнан шу катта хато бўлди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари одамларни уйда ўтиришга чақираётган, ташқарига эса фақат озиқ-овқат олиш ва зарур иш билангина чиқишни тавсия қилаётганди.

Вазият ёмонлаша бошлаб, касаллар ва ўлимлар сони сезиларли даражада ошгандан кейин ҳукумат чораларни кучайтиришга қарор қилди ва қизил ҳудудларнинг чегараларини ёпди, бир неча кундан кейин эса бутун Италия ёпилди. Шундан кейингина одамлар муаммога жиддийроқ ёндаша бошладилар – барча савдо кўнгилочар муассасалар ёпилди: дўконлар, кафелар, ресторанлар, барлар. Ҳозир фақат озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар очиқ. Барча оммавий йиғилишлар ва тадбирлар бекор қилинган, дарслар 3 апрелга қадар онлайн режимга ўтказилган.

карантин

Чораларни кучайтириш

Ўтган ҳафта янада қатъий қоидалар жорий қилинди. Энди уйдан чиқаётганда шахсий маълумотларни киритиб, махсус хужжатни тўлдириш керак, акс ҳолда жаримага тортишади. Супермаркетга бир кунда бир ёки икки мартагина бориш мумкин. Кириш эшигида кузатувчи буни текшириб туради. Сўнгги кунларда одамлар бир жойга тўпланишининг олдини олиш мақсадида дронлар орқали уларнинг ҳаракатларини кузатиш эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Маҳсулотлар танқислиги йўқ, супермаркетлар пештахталари маҳсулотлар билан тўлдирилган. Бордию бирор маҳсулот камайиб қолса, дўконлар ходимлари дарҳол пештахталарга ўша етишмаётган товарларни тахлаб ташлайдилар. Танқисликни келтириб чиқармаслик учун бирданига 3 тадан ортиқ салфетка олмасликни илтимос  қилишади.  сўралади. Ҳожатхона қоғозига ҳам талаб катта. Дорихоналарда ҳам, супермаркетларда ҳам антисептиклар йўқ, уларни топиш жуда қийин. Бошқа маҳсулотлар етарлича ва узлуксиз етказиб бериляпти. Жамоат транспорти қатнови ҳам камайди, одамлар ундан фойдаланмасликга ҳаракат қилишяпти: қачонлардир одамлар билан тўлиб-тошган трамвай ва автобусларда ҳозир узоғи 5-10 киши юради. Милан шаҳри жамоат транспорти учун бу жуда оз.

карантин

Буни бошдан ўтказиш осон эмас

Шахсан мен учун бу икки хил тушунарсиз ҳолат. Бир томондан, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, фильмлар томоша қилиш, ухлаш учун кўпроқ вақтим бор. Аммо руҳан бу осон эмас. Карантин ва изоляция туфайли жонли мулоқот мутлақо йўқ. Деярли бир ойдан бери уйдаман, ҳафтасига атиги 2-3 марта озиқ-овқат сотиб олиш учун кўчага чиқаман. Яхшиямки, масофадан алоқа қилиш мумкин. Яшасин интернет!


Францияда биринчи касалланганлар ҳақида расман 2020 йилнинг 24 январида эълон қилинди. Ҳолатларнинг бири Париж вилоятида, иккинчиси Бордо ҳудудида аниқланган. Францияда эпидемиядан 862 киши вафот этди, касалланганларнинг умумий сони 20 128 кишига етган.

Зариф Норматов

Фонтенбло, Франция

Мен ушбу гўзал шаҳарга шу йилнинг январ ойида INSEAD бизнес мактабида бизнесни бошқариш дастури (МБА) бўйича ўқиш учун Куала-Лумпурдан (Малайзия) кўчиб ўтдим.

Фавқулодда ҳолатдаги ҳаёт

Расмий маълумотларга кўра, шаҳарда коронавирус ташхиси қўйилган бир нафаргина бемор бор. Аммо, касалланганлар сони анчайин кўплиги эҳтимоли бор, чунки кўпчилик симптомлар пайдо бўлгандан кейин ҳам шифокорга мурожаат қилишмайди.

Франция ҳукумати босқичма-босқич ҳаракат қила бошлади. Ўтган ҳафта фавқулодда ҳолат эълон қилинди: мактаблар ва университетлар ёпилди, кейин эса жамоат муассасалари ҳам. Бу ҳафта одамларнинг ҳаракати чекланди, озиқ-овқат ёки дори-дармон сотиб олиш, ишга бориш (агар масофадан ишлашнинг имкони бўлмаса) ёки муҳтожларга ёрдам бериш учун уйдан чиқиш мумкин. Шунингдек, уйингизга яқин жойда спорт билан шуғулланишга рухсат берилади, аммо ёлғиз ўзингиз. Уйдан чиққанингизда жаримага тортилмаслигингиз учун ёнингизда яшаш жойингиз манзили ва уйни тарк этиш мақсади кўрсатилган декларация бўлиши керак.

Ваҳима йўқ

Одамлар онгли равишда ҳар қандай алоқадан сақланиши ва уйда ўтиришга ҳаракат қилиши мени ҳайратга солади. Мен ваҳимани сезмадим, ҳамма ўзини жуда хотиржам тутмоқда. Ниқобли одамларни камдан-кам кўраман. Айтганча, мен ўзим Амстердамда 95-сонли ниқобни 20 еврога сотиб олдим.

Фавқулодда вазиятнинг биринчи кунида ҳам одамлар керакли маҳсулотларни харид қилиш учун бозорга бораётган эдилар. Супермаркетлар гавжум, аммо одамлар ваҳима қилмай, хотиржам навбатда туришди. Ўша куни дўконларда тухум, товуқ гўшти, қоғоз салфеткалар, ҳожатхона қоғози (одатий ҳол), суюқ совун ва санитайзерлар йўқ бўлиб қолди, аммо эртаси куни дўконлар яна пештахталарни тўлдиришга муваффақ бўлишди.

Ҳозирда автобуслар одатдагидек қатнаяпти, лекин деярли бўш. Авиакомпаниялар бирин-кетин парвозларни бекор қилмоқда, кўчаларда одамлар деярли кўринмайди. Фақат супермаркетлар, дорихоналар ва албатта, буланжерилар (новвойхоналар) узлуксиз ишламоқда. Очиқ муассасаларга бир вақтнинг ўзида саноқли одамлар кириши мумкин, шунда ҳам оралиқ масофа камида 1 метр бўлиши лозим. Қолганлар эса қоидага кўра, кўчада кутишмоқда. Мен навбатда ҳали ҳеч қандай жанжалларни кўрмадим.

Масофавий таълим

Карантиннинг биринчи босқичи эълон қилиниш пайтида (яъни барча ўқув муассасалари ёпилганида) мен Амстердамдаги стартап компаниялари саҳифаларига кираётгандим. Бизнинг бизнес мактабимиз масофавий ўқишга ўтаётганимизни эълон қилди. Аммо бутун дастур 70 дан ортиқ мамлакатдан келган талабалар ўртасида тажриба алмашиш ва гуруҳ бўлиб ишлашни ҳисобга олган ҳолда тайёрланганлиги сабаб, тегишли материалларни тайёрлаш учун факультет кейинги семестрнинг бошланишини бир ҳафтага қолдирди.

Француз расмийларининг кўрсатмаларига кўра, мен уйда бўлишим керак. Аммо вақти-вақти билан озиқ-овқат дўконига чиқиб тураман ёки спорт билан шуғулланаман. Бугун биринчи марта дўстим билан ўрмон бўйлаб югуриб ўтдик, албатта, керакли масофани сақлаган ҳолда. Бизни ҳеч ким тўхтатмади ва йўл давомида ҳеч қандай ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини пайқамадим. Кун охирига келиб, маҳаллий ҳокимият ўрмон эртадан бошлаб ташриф буюрувчилар учун ёпилишини ва қонунни бузганларни жиддий жарималар кутишини эълон қилди.

Бизнинг бизнес мактабимизда дунёнинг турли жойларидан келган кўплаб иқтидорли талабалар ўқишади ва бу турли қизиқиш доирасидаги гуруҳларни яратиш имконини беради. Масалан, биз ошпазлар гуруҳи, Интернет радиостанцияси, жамоавий онлайн-ўйинлар, диджей лойиҳалари ва ҳоказоларни ташкил этдик. Шундай қилиб, кўнгилхушликка вақт йўқ. Умид қиламанки, барчамиз ушбу инқироз давридан ўтиб кетамиз ва ҳар жиҳатдан соғлом келажакни қуришда давом этамиз.


АҚШ нинг барча 50 штатида янги вирус билан касалланганлар аниқланди. Вирусга чалинганларнинг умумий сони 46 442 нафар. Ғарбий Виржиния бу касаллик аниқланган сўнгги ҳудуд. Давлат расмийлари Канада ҳукумати билан биргаликда ўзаро хавфсизлик учун умумий чегарани ёпишга келишиб олдилар.

Шаҳзодхўжа Усмонхўжаев

Сан-Франциско, Калифорния штати, АҚШ

Иш жойи: Bank of the West

Коронавирус билан боғлиқ вазият одамлар ва умуман шаҳар ҳаётининг ритмига каттиқ таъсир қилди. Ҳаммага маълум, Сан-Франциско Американинг сайёҳлик маркази ҳисобланади. Ҳар куни бу шаҳарга 70 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюради. Коронавирус туфайли халқаро авиакомпаниялар учун Сан-Франциско осмонини вақтинча ёпишга тўғри келди, аммо маҳаллий рейслар бекор қилинмади. Сайёҳлар сони кескин камайди, шаҳар маъмурияти расмийлари 7 апрелгача карантин эълон қилди ва барчадан уйда қолишини ва фақат зарурат бўлганда кўчага чиқишни сўради. Шунга кўра, барча ўқув муассасалари, шунингдек, савдо марказлари, кинотеатрлар, музейлар, истироҳат боғлари ва театрлар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. Шаҳар кўчалари ва жамоат транспорти ҳар куни дезинфекцияланади.

Кичик ваҳима

Соғлиқни сақлаш статистикасига кўра, бугунги кунда Калифорнияда коронавирус билан касалланганларнинг сони 2221 га етди. Бошида одамлар бироз ваҳимага тушиб қолдилар, ҳамма супермаркетларга югуриб, озиқ-овқат харид қила бошлади. Айниқса, қўлларни тозалаш учун санитария воситалари, тиббий ниқоблар, ҳожатхона қоғози ва қоғоз сочиқлар каби маҳсулотлар танқис бўлиб кетди. Бу ҳолат бир неча кун давом этди ва шаҳарнинг кўплаб йирик супермаркетларида ажиотаж вужудга келди, бироқ кейинчалик тинчий бошлади.

Ҳозир мен уйдаман ва масофадан ишлаяпман. Бўш вақтимда фильм томоша қиламан ва китоб ўқийман. Ташқарига чиқишдан олдин, доимо ниқоб тақаман. Умид қиламанки, бу кунлар ҳам ўтиб кетади ва ҳаммаси жой-жойига тушади. Энг муҳими, карантин қоидаларига риоя қилиш, шунда коронавирус тарқалиши хавфи анча пасаяди.

Буюк Британия пойтахтида метрополитен ҳаракати чекланган – бекатдан бекатга ўтилмайдиган 40 та бекат ёпилган. Бугунги кунда мамлакатда ушбу касалликка чалинганлар 6 726 кишидан ошди.


Юсуф Музаффаров

Лондон, Буюк Британия

Иш жойи: PwC — PricewaterhouseCoopers аудиторлик компанияси

Нима ўзгарди?

2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб ҳокимият одамлардан иложи борича масофадан туриб ишлашни сўради. Шаҳарнинг аксар идораларида ходимларнинг атиги 10% ни кўришингиз мумкин. Мактаб ва ўқув муассасалари 20 мартдан ёпилди. Кўчаларда ваҳима йўқ, аммо савдо марказлари ва озиқ-овқат дўконларида содир бўлиб туради.

карантин

Транспорт ҳаракати чекланган: поезд, метро, автобус ва бошқа жамоат транспортлари илгаригидек тиқилинч эмас. Дўконларда узундан-узун навбатлар ҳосил бўлган, маҳсулотлар оз, пештахталарда озиқ-овқат ва уй-рўзғор маҳсулотларининг аксари йўқ. Ҳожатхона қоғози, антисептик, салфетка, макарон маҳсулотлари, гуруч ва бошқа юқори талабгир маҳсулотларни топишнинг деярли иложи йўқ. Одамлар кўчада асосан ниқобларсиз юришади, аммо антисептиклар билан. Кўчаларда одамлар ва машиналар сони сезиларли даражада камайди.

Ижтимоий ҳаёт сусайиши

Спорт заллари ёпилган ёки ёпилмоқда, кино ва театр сеанслари бекор қилинди, кўргазма ва кўнгилочар муассасалар ҳам номаълум муддатга ёпилди. Атрофда тушкун кайфият ва оғир муҳит.

Хавфсизлигимиз учун кўпроқ уйда ўтиришимиз керак. Мен одатдагидек ишлаяпман, эрталаб соат 9 дан кечки 18:00 гача. Бўш вақтимда ўқийман, машқ, уй ишларини қиламан ва кечқурунлари сайрга чиқаман. Буларнинг барчаси ўз афзалликларига эга – биз ахборот технологиялари ва тизимларидан фойдаланишда ривожланяпмиз ва Digital даврига ўтиш учун секин, аммо ишончли қадам қўйяпмиз. Масалан, кўплаб иш ҳужжатлари ҳанузгача қоғозда сақланган, баъзилари эса босма машиналар ёрдамида чоп қилинарди. Энди эса электрон ҳужжатларга ўтишдан бошқа йўл йўқ. Намойиш ва йиғилишлар билан ҳам вазият шундай.

Масалан, менинг сўнгги иш куним видео қўнғироқлар билан ўтди ва бу жуда қулай алоқа усули. Шубҳасиз, мослашиш даврида баъзи қийинчиликлар бўлади, чунки барчамиз жисмоний алоқа ва мулоқотга ўрганиб қолганмиз, изоляция пайтида эса ҳамма ҳам бунга осонгина кўника олмайди. Аммо биз эплаймиз. Тарих шуни кўрсатадики, одамлар ўрганмаган ва енгиб ўта олмаган қийинчиликларнинг ўзи йўқ. Қатъият билан айта оламанки, бу бизнинг ҳақиқий кучимиз ва ўзига хос хислатимиз.


Россияда жами 438 киши касалланган. Тезкор штаб маълумотларига кўра, сўнгги кун ичида коронавирус билан зарарланган яна 71 бемор аниқланди. Москвада касалланганлар сони 262 кишига етди.

Евгения Арутюнова

Москва, Россия. Фотограф

#ваҳимасизкарантин

Москвада мен коронавируснинг кучли таъсирини сезмадим. Таъкидлаш керак бўлган ягона жиҳат шуки, одамлар ниқоблар ва антибактериал воситаларни дўконлар ва дорихоналар пештахталаридан «супуриб» кетишмоқда. Дорихоналардан бундай воситаларни топиш деярли имконсиз бўлиб қолди. Аҳолининг тахминан 10-20% кўчага чиққанда ниқоб тақяпти.

Расмийлар чегараларни ёпишган, шунингдек, хориждаги ватандошларини ватанга қайтаришни ташкиллаштиришмоқда. Кўчаларда аҳоли сезиларли даражада камайган. Ваҳима бор деёлмайман, лекин озиқ-овқат дўконларида ун йўқ, гречка, гуруч ва туз кабилар пештахталардан ғойиб бўлган. Бу маҳсулотлар умуман йўқ деёлмайман, улар доимий равишда келтирилмоқда, лекин айнан шу маҳсулотларга айни пайтда талаб юқорилиги боис, юқорида айтганимдек, уларни зумда сотиб олишяпти. Умуман олганда, ҳаммаёқ жамоат транспорти каби олдинги режимда ишламоқда. Комендантлик соати жорий этилиши мумкинлиги хақида гап юрибди-ю, лекин бу фақат миш-миш. Ҳозирча фақат одамлар гавжум жойларга бормаслик бўйича тавсиялар беришмоқда.

Барча рейслар бекор қилинган

Ўзбекистонга уча олмайман, чунки барча рейслар бекор қилинган. Биз 16 март куни «Аэрофлот» самолётида учиб кетишимиз керак эди, аммо самолёт қўнишидан олдин бизнинг парвозимиз бекор қилинганини маълум қилишди. «Аэрофлот» буни Ўзбекистоннинг қўнишга рухсат бермаётгани билан изоҳлади. Шу сабабли аэропортда тартибсизликлар юзага келди. Кўпгина юртдошларимиз бу ерда етти кундан кўпроқ вақт қолиб кетишди, бу эса рўйхатдан ўтишингиз кераклигини англатади, бироқ буни миграцион картасиз қилиб бўлмайди. Тартибсизлик туфайли аэропорт ходимлари барча миграция карталарини топа олишмади. Биз ҳали ҳам юртимизга чартер рейслар тўғрисидаги маълумотларни кутяпмиз. Ҳозирча бизга бунинг иложи йўқлигини айтишяпти. Биламан, йўловчилар рўйхати тузиляпти, аммо Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси томонидан учиши керак бўлганлар биринчи ўринда турибди.

Охирги вақтлар блогинг билан шуғулланган ҳолда уйдаман. Бу ҳолат ишимга деярли таъсир қилмади, олдингидек фотосессиялар ўтказяпман. Мен хотиржам бўлишни, ваҳимага тушмасдан, позитив фикрлашни истайман.


Сўнгги 24 соат ичида Латвияда яна 41 киши коронавирус юқтирди ва уларнинг умумий сони 180 нафарга етди. Юқтирганларнинг аксарияти Ригада. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Умид Сапарбаев

Рига, Латвия. Талаба

Ваҳима йўқ

Шаҳардаги вазият унчалик ёмон эмас, карантин эълон қилинган. Ўқув муассасалари ёпилган (болалар боғчалари, мактаблар, университетлар). Ушбу чоралар касалланганлар сони кўпаймаслиги учун дарҳол қабул қилинди. Баъзи ташкилотлар ишчиларни хавф остига қўймаслик учун масофавий иш тизимига ўтди.

Ваҳима йўқ. Бошида аҳолининг бир қисми озиқ-овқатларни ғамлашга ҳаракат қилди, аммо эртаси куни пештахталар яна тўлдирилди. Бошида улар шахсий гигиена воситалари ва гречиха ёрмасини кўпроқ сотиб олишди.

Кўчада одамлар одатдагидан камроқ. Ҳукумат баъзи оммавий тадбирларни бекор қилди ва аҳоли эҳтиёт чораларини кўришга ҳаракат қилмоқда. Транспорт юряпти: ҳамма ҳам масофадан ишлашга ўтмаган, ишга эса етиб олиш керак. Бироқ, транспортда одамлар кам.

Бизни масофавдан ўқишга ўтказишди. Барча учун шахсий кабинетлар яратилди, у ерда ташрифлар ёзувлари сақланади. Ўқитувчилар маъруза ўқийдилар, топшириқлар берадилар, барчаси олдингидек, фақат онлайн. Карантин 14 апрелгача давом этади. Ҳозир уйда ўтирибман. Ўқийман, ишлайман ва баъзида озиқ-овқат дўконига бориб, озгина сайр қиламан.


Австрия ҳукумати 16 март куни карантин чораларини жорий этди ва коронавирус тарқалишига қарши курашиш чораларини 13 апрелгача узайтирди. Вирусга чалинганлар сони 4 774 кишидан ошди.

Шоҳсанам Иргашева

Вена, Австрия

Иш жойи: ICMPD халқаро ташкилоти

Салбий таъсири

Барча мамлакатларда бўлгани каби коронавирус одамларнинг кундалик ҳаётига – болалар боғчаларидан тортиб барча ташкилотларнинг ходимларига-да салбий таъсир қилди. 16 мартдан бошлаб вируснинг тез тарқалиши муносабати билан шаҳарда чекловлар жорий этилди. Кафе, бар, дўкон, мактаб, университетлар ёпилди. Фақат дорихона ва озиқ-овқат дўконлари ишламоқда ва уларнинг иш вақти ўзгарган: энди улар эрталаб соат 9 дан кундузи соат 3 гача ишлайди, илгари эса улар кечки соат 7-8 гача ишлар эди. Ўтган ҳафта одамлар пештахталарни бўшатишни бошладилар, аммо бизни маҳсулотлар танқислиги бўлмайди, деб ишонтиришди. Ҳозир бу каби ваҳима йўқ.

Йўловчилар сонининг 70% қисқариши сабаб жамоат транспорти камроқ ҳаракатланмоқда. Канцлернинг сўзларига кўра, фақат учта ҳолатда уйдан чиқиш мумкин: иш жойига боришингиз керак бўлса (фавқулодда вазиятлар ходимлари), зарур маҳсулотларни сотиб олиш ва қария ёки қариндошларга ёрдам керак бўлса. Бошқа ҳолларда уйда ўтирганингиз маъқул. Айтганча, кўпчилик сингари, озиқ-овқат ва бошқа нарсаларни интернетдан буюртма қилиш мумкин, шунда кўчага чиқишга ҳам ҳожат қолмайди.

Ҳозирда эрим ва мен уйда масофадан ишлаяпмиз, ташқарига деярли чиқмаймиз. Умуман олганда, позитив фикрлашда давом этмоқдамиз, фильмлар томоша қиламиз, стол ўйинлари ўйнаймиз ва овқат пиширамиз. Умид қиламизки, бу вазият тез орада тугайди ва биз одатдаги ҳаётимизга қайтамиз.


Маълумки, Хитой – бу янги инфекция тарқалишининг ўчоғи. Аммо, эпидемия ҳозир тўхтаяпти. Ҳозирги кунда ушбу касалликка чалинганлар жами 81 553 кишини ташкил этади.

Владислав Цой

Шанхай, Хитой. Талаба

Айниқса чет эллик талабалар учун қаттиқ хавотир олишди

Бу йил мен Хитойга тил курсларига бордим, шу йилнинг февраль ойида қайтиб келдим. Пандемия бошланганда кўчаларда деярли ҳеч ким йўқ эди! Асосан кинотеатр ва оилавий ресторанлар ёпилди, аммо дўконлар, дорихоналар, йирик ресторанлар ишлашда давом этди. Айниқса чет эллик талабалардан қаттиқ хавотир олишди. Шанхайда тўсатдан коронавирус тарқала бошлаганда бизни кампусга қамашди. Озиқ-овқатлар ва бошқа зарурий маҳсулотларни университет ходимлари олиб келиб беришарди. Бирхиллик жонга текканда таом буюртма қилиш ҳам мумкин эди.

Университет ўзи ниқоблар берар, ҳар кеча ётоқхонани айланиб талабалар ҳарорати ўлчанарди. Кампусга кўпинча дезинфекцияловчилар келарди. Кампусдан фақат ўқитувчининг рухсати билан чиқиш мумкин ва кириш-чиқиш жойларида ҳарорат ўлчанарди.

карантин

Коронавирус туфайли жўнаб кетдим

Таътилни яна бир ойга узайтиришганида, ётоқхонада ўтиришни хоҳламай, шундай қарорга келдим. Албатта, университетлар одамларни масофавий ишлашга ўтказишди, аммо менга бу кўпроқ расмиятчиликдек туюлди. Ёзги таътилни қисқартиришга ва уларнинг ҳисобидан академик соатларни тўлдиришга ваъда беришди.

Хитойда менинг дўстларим бор, улар билан гаплашиб тураман ва уларнинг айтишича, вазият яхшиланган. Кампус очилган, кўчаларда одамлар анча кўпайган. Хитой инфекциянинг энг юқори чўққисини бошдан ўтказди ва ҳозир кўпроқ вазиятни назорат қилмоқда.


Жанубий Корея расмийлари чегара назорати кучайтирилганини эълон қилди. Европадан келганларнинг барчаси COVID-19 га тест топширишлари шарт. Агар Европа мамлакатлари фуқаролари Кореяда узоқ вақт яшашни режалаштиришса, икки ҳафтага карантинга жойлаштирилади.

Вячеслав Ким

Ансан, Жанубий Корея

Иш жойи: завод

Деярли ҳамма ниқобда

Билишимча, шаҳарда фақат икки киши расман касалланган ва мамлакат бўйича бу рақам 9 037 га етди. Маҳсулотлар танқислиги йўқ, ниқоблар нархи кўтарилган, аммо ҳукумат ҳафтасига иккита ниқобни бепул беради.

Мен айтарли ваҳимани кўрмаяпман, аммо деярли ҳамма ниқоб тақади. Вирус кўчалардаги одамлар сонига таъсир қилмади. Аввалига бир оз қўрқув бор эди, лекин энди ҳамма қандайдир хотиржам. Дам олиш кунлари мен харид қилишга бораман, лекин жамоат жойларида кўринмасликка ҳаракат қиламан.

Бепул даволашади

Кореяликлар одатда жуда кўп ишлашади ва соғлиғини доим назорат қилишади, менимча, улар вирус билан боғлиқ вазиятдан ваҳимага тушишмайди. Вирус аниқланганда бепул даволашади. Аммо, вирус аниқланмаса, текширувлар учун 160 минг вон тўлаш керак бўлади, бу тахминан 135 доллар. Кореядаги вирус билан боғлиқ вазият аста-секин яхшиланмоқда, кўпчилик тузалди ва касалланишлар сони сезиларли даражада камайди. Мактабларда ҳали карантин бекор қилинмади, у апрель ойининг бошигача давом этади.

Кореяда касалланганлар ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлганда телефонга келаётган ниқоб тақиш ва ташқарига чиқмаслик ҳақидаги сўровли смс-хабарларнинг охири кўринмай қолди. Шунингдек, касалланганлар локацияси ҳақида маълумотлар кела бошлади. Мен яшайдиган ҳудудда зарарланганлар йўқ эди, шунинг учун ташвишланмадим, лекин ҳушёрликни бой бермадим.

Мақолани тайёрлади: Марк Селезнев
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди: фотографии из личного архива
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар