Илгари мода ҳафталигининг ҳар қандай намойишига фақат танланган кишиларгина боришар эди. Бугун у барча учун очиқ бўлиб қолди! Реклама роликлари, қисқа метражли фильмлар, тақдимотлар — 2020 йилда online режимда бўлиб ўтаётган Мода ҳафталиги яна нималарни тайёрлаб қўйди?

«Дунё ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди» ибораси аллақачон кўпчиликниyu жонига теккан, аммо глобал ўзгаришларни бошдан кечираётган ва янги турмуш шароитларига жуда мослашувчанлигини намойиш этаётган мода индустрияси ҳақида гапирганда бу иборадан фойдаланмасликнинг иложи йўқ. Дизайнерлар эътиборларини истеъмолчига қаратмоқдалар ва энди кейинги мавсумларни режалаштирмай қўйдилар. Бироқ улар анъанавий шоуларни онлайн-намойишларга алмаштириб, янги тўпламларнинг тақдимотидан воз кечмаяптилар.


Ҳаммаси июнда бошланди

Аниқроқ айтадиган бўлсак, апрель ойида Британия мода кенгаши Лондон эркаклар модаси ҳафталиги онлайн ўтказилиши тўғрисида эълон қилди. Айтилган сўз — отилган ўқ! 12 июндан 14 июнгача британиялик дизайнерлар бизни подкастлар, видеороликлар ва фотокундаликлар кўринишидаги креатив контент билан қувонтиришди. Рақамли узатиш усулларини қўллашга қарор қилган қатъиятли кишилар орасида Lou Dalton ва Daniel Fletcher ҳам бор эди.

Daniel Fletcher

Бу қизиқ!

Burberry, Richard Quinn, Bianca Saunders каби соҳа усталари ўз  шоуларини ўтказишни сентябрь ойига қолдирдилар. Улар коллекцияларини дунёга айнан қандай намойиш этишлари ҳозирча номаълум, аммо бу жуда зўр намойиш бўлади, деган тахминлар мавжуд.

Францияда илк бор

Июль ойининг биринчи ўн кунлиги Париж Мода ҳафталигига тўғри келади. 2020 йилда у виртуал тарзда ўтказилди. Уч кун давомида, 6 июлдан 8 июлгача кутюрьелар рақамли шоуларини тақдим қилдилар. Янги форматга қарамай, намойишлар ҳар доим Юқори мода ҳафталигида белгиланадиган жадвалга асосан эфирга узатилди.

Юлдузли намойишлардан бири мода оламига тааллуқли бўлган барча инсонларнинг хотирасида кўп йиллар давомида сақланиб қоладиган ва улар учун илҳом манбаи бўладиган шоу — Dior  видеонамойиши бўлди.

«Догмэн», «Пиноккио» ва «Қўрқинчли эртаклар» каби асарлари билан танилган Мария-Грация Кьюри ва итальян режиссёри Маттео Гарроне мини-фильм, афсонавий ривоятни, тўғрироғи, «Dior афсонаси»ни яратдилар. У томошабинларни сеҳрли оламга бошлайди, у ерда мода эртакларга айланади ва ўз сеҳри билан ўраб олади.

Эркаклар учун 2021 баҳор-ёз мода намойишлари (9 июлдан 13 июлгача) ҳам рақамли форматда ўтказилди. Prada шоуси кўп инсонларнинг хотирасида қора-оқ видео ва рангли фотосуратлар кўринишида қолди. Сентябрь ойида Модалар уйи Раф Симонс билан ҳамкорликда Миуччиа Прада томонидан яратилган тўпламнинг яна бир рақамли намойишини ўтказишни режалаштирмоқда.

Қоидалардан воз кечиб!

Бу Etro бренди бўлиб, у саноқли меҳмонлар билан бўлса-да, барибир анъанавий шоуни ўтказди. Мода намойиши Four Season меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Кейинги навбат Jacquemus брендиники бўлди: у подиум сифатида Симон Порт буғдой майдонларидан фойдаланди, бу фонда унинг slow-fashion услубидаги коллекцияси порлаб турар эди.

Bella Italia, digital-Italia!

Италия мода ҳафталиги ҳам онлайн-форматда ўтказилди. Мода палатаси дизайнерларга намойиш усулини танлаш бўйича мутлақ эркинлик берди. Бунинг натижаси ўлароқ, Gucci янги Epilogue номли коллекциясини ажабтовур видеоролик билан тақдим этди: ролик подиум ортидаги ҳаётни кўрсатади ва янги трендлар билан батафсил таништиради.

Нима кутмоқда?

Олдинда август, сентябрь ва Дания ҳамда Швециядаги энг экологик Мода ҳафталиги. Бу йил Копенгаген мода ҳафталиги 9 августдан 12 августгача бўлиб ўтади. Ҳозирча, рақамли форматда ўтказиш тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ. Дания аллақачон карантин чораларини бекор қила бошлади, одамларнинг, атроф-муҳитнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиб, шоуга пухта тайёргарлик кўрмоқда.

Стокгольмдаги мода ҳафталиги дастуридан дизайнерлар билан жонли интервьюлар, Vogue муҳаррирлари билан тематик суҳбатлар ва албатта тақдимотлар ёзувлари жой олган. Эслатиб ўтамиз, Стокгольмда мода ҳафталиги сўнгги икки мавсумда атроф-муҳит ва молиявий муаммолар сабабли ўтказилмаган эди. Бу йил Швеция мода уюшмаси саноатнинг ривожланиши учун рақамли имкониятлардан фойдаланишни режалаштирмоқда.

Бирмунча илгарилаб, сентябрь ойини, мода индустриясидаги энг қайноқ мавсумни кўришни ва ҳатто келгуси йилнинг январь ойига ҳам қарашни истардик. Бироқ Нью-Йоркдаги эркаклар мода ҳафталиги  номаълум санага қолдирилган ҳозирги вақтда прогнозларга ишонмаган яхши. Биз дизайнерлар тақдимотларидан завқ олиб, ҳамма нарса кутганимиздан кўра тезроқ ўзгаришини ёдда тутишимиз лозим!

Мақолани тайёрлади: Наталья Цыкалова
Фото муаллифи:
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар