Жамила Пўлатова ҳар йили тана суяклари, юмшоқ тўқималар ўсмалари ва терининг ўсма касалларига оид 300 дан ортиқ аъзоларни асраб қолувчи операцияларни амалга оширади. У бутун умрини инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга бағишлаган Ўзбекистондаги ягона онкоортопед аёл. Журналимизга берган интервьюсида Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Таянч-ҳаракат тизимининг ўсмалари бўлими илмий раҳбари касб танлаш, беморларнинг қўрқуви ва энг катта бахт ҳақида сўзлаб берди.  

Инсон «онкология», «рак (саратон)» сўзларини эшитганида биринчи ҳис қиладиган туйғуси — бу қўрқув. Сиз ҳар куни онкология билан боғлиқ бўлган ишингиз асносида нималарни ҳис қиласиз?

Рак (саратон), айтиш жоизки, жуда жиддий ташхис бўлиб, ўсма вақтидан ўтказиб юборилса ёки нотўғри даволанса, курабел босқичида аниқланмаса, бемор ҳалок бўлади. Онколог ҳар куни ажал билан курашади ва уни кўп ҳолларда енгади, шунинг учун бундай врачларни қаҳрамонлар, деб қатъий айтиш мумкин.

ОНКОЛОГНИНГ ҲАР БИР КУНИ ЎТА МУҲИМ МАСАЛАЛАР КЕТМА-КЕТЛИГИДАН ИБОРАТ БЎЛИБ, ИНСОНЛАР ТАҚДИРИ ВА ҲАЁТИ ШУ МАСАЛАЛАРНИНГ ЕЧИЛИШИГА БОҒЛИҚ.

Лекин, афсуски, биз нафақат яхши, балки ёмон хабар ташувчиси ҳаммиз. Менинг ҳар кунлик фаолиятим — бу албатта, аралаш туйғулардан иборат. Бу психологик ва психофизиологик стресс, ҳиссий кечинмалар: ижобий натижали операция ва амалга оширилган даволашдан қониқиш, баъзида афсусланиш ва албатта, ҳамдардлик, даволаш ёки ташхис қўйишдаги эҳтимолий хатолардан эзилиш. Қарорни ўзинг қабул қиласан — бу катта масъулият бўлиб, шароит тақозосига кўра бу сенга босим ўтказади. Қандай қилиб сифатли, самарали ва хавфсиз тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин?

БУ, ЭҲТИМОЛ, ИНСОНЛАРГА ЁРДАМ БЕРИШГА ЭҲТИЁЖДИР.

Бунга кўникиш ҳосил қилиш иложсиз, чунки ҳар бир бемор — бу ўз тарихи ва мотивацияси билан ҳаёт учун курашувчи инсондир.

Сиз учун бемор билан ишлашда энг мураккаб нарса нима?

Мен учун, тўғриси, энг мураккаб иш — беморга вазиятдан чиқиш имконияти йўқлигини айтиш. Ўғлига онаси ёки отасининг, ота-онага боласининг, эр ё хотинга улардан бирининг ўлим тўшагида эканлигини айтиш, хуллас, бемор ва унинг оила аъзолари билан муомала қилиш.

Яна, беморга ташхис тўғрисида, ўтказилажак операция, касалликнинг келиб чиқиши ва прогнози, хавф ва асоратлар тўғрисида тўлиқ ахборот бериш керак. Беморга ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни айтиш керак, чунки алдашнинг мутлақо фойдаси йўқ. Бемор билан мулоқот қилишни билиш зарур, айниқса, у инсон қўрқувда, сен унга айтадиган ҳар бир хабардан хавотирланиб турган бўлса.

СОВУҚҚОНЛИК БИЛАН, СЎЗЛАШИШ ОҲАНГИДА ФОЖЕАДАН ДАРАК БЕРМАСДАН ГАПИРИШ ЛОЗИМ.

Қаердадир беморга ўринли ҳазил ишлатиш мумкин. Ҳамдардликни кўз ёшларсиз ва овоздаги титроқларсиз билдириш лозим. Бемор ҳамма нарсани яққол тушунтириб берадиган врачнинг кўзларини кўришни истайди, шундагина қўрққан тақдирда ҳам, ваҳима қилмаслиги мумкин. Айтиш муҳим бўлган ва жавобидан ҳамма хавотирланаётган саволларига жавоблар бериш керак. Беморга даволаниш йўлини танлаш имкониятини бериш, шу билан бирга, танланган йўналишнинг ижобий ва салбий оқибатларини тушунтириш зарур. Бундай ҳолатлар жуда кўп. Бемор билан мулоқотда мен машҳур олим ва врач В. М. Бехтеревнинг «Врач билан суҳбатдан сўнг бемор ўзини яхши ҳис қилмас экан, у врач эмас», деган гапига амал қиламан.

Нега Сиз жуда кўп турдаги тиббиёт касблари орасидан врач-онколог касбини танладингиз? Ушбу танловнинг тарихи борми?

Йўқ, менинг танловимда ҳеч қандай шахсий тарих йўқ. Бу тўсатдан бўлган. Мен неонатолог бўлишни, янги туғилган чақалоқларни дунёга келишидан бошлаб, то уйига жавоб берилгунига қадар аҳволларини кузатишни ҳоҳлар эдим. Тиббиёт институтида ўқиган давримда, айниқса, ушбу йўналишда бизга кучли ўқитувчилар дарс берган бўлишига қарамасдан, мени онкология унчалик қизиқтирмаган. Кейин мени онкология ва радиология институтига, буни мен жуда ҳоҳламаган бўлсам-да, клиник ординатурага юборишди. Айтиш лозимки, мен бундан норозилигимни ҳатто 2-Тошкент давлат тиббиёт институти ректори Каримов Ҳамид Ёқубовичга ҳам айтишга ҳаракат қилганман. Лекин Ҳамид Ёқубович менга «Сен онкология нима эканлигини тушунмаяпсан. Бу тиббиётдаги энг мураккаб ва истиқболли йўналишлардан бири. Бу жуда кенг йўналиш бўлиб, келгусида сен ҳамма нарсани биладиган ва бажара оладиган бўласан, деди.

«Республика илмий онкология маркази»да (ҳозирги РИОРИАТМ) ўқиётган давримда мен умумий онкология бўлимига (бу бўлим ҳозирда Таянч-ҳаракат тизимининг ўсмалари бўлими деб номланади) келдим. Бу ерда беқиёс жарроҳ ва моҳир онколог, «Худо юқтирган врач» Ғофур-Ахунов Мирза Алиярович менинг асосий устозим бўлди.  Айнан у киши касбимни танлашда ва ҳаётимнинг ўзгаришида асосий ролни ўйнади. Устозлардан жуда омадим келган — уларнинг барчаси жуда салобатли ва ёрқин кишилар.

Мирза-Алиярович раҳбарлигида мен мураккаб мавзудаги «Суяклар ўсмаларида органларни сақлаш операцияларини оптималлаштириш ва танлаш» номли кандидатлик диссертациясини ёқладим. Бундан кейин ҳам унинг раҳбарлигида онкологиянинг долзарб муаммоларидан бири бўлган «Остеоген саркомани даволашда молекуляр-биологик макерларнинг роли» мавзусида докторлик диссертациясини ёқладим. Шу билан мен юртимизда ягона аёл-онкоортопедга айландим.

Онкология йўналишида таълим олишда нималарга эътибор қаратилиши ҳақида сўзлаб берсангиз. Асосан нималар ўқитилади?

Онколог бўлиш учун умумий таёргарлик ўтилади, шундан кейин ординатура ёки магистратурада дипломдан (олий маълумот олгандан сўнг) кейинги таълим олинади. Бўлажак врачлар мажбурий тарзда чуқурлаштирилган равишда онкология ва жарроҳликни ўқиб-ўрганишади. Врач анатомия, физиология, ички органларнинг фаолияти тўғрисида пухта билимлар базасига эга бўлиши зарур — бу патологик жараёнларнинг ривожланиш механизмларини яхши тушуниши учун керак.

Бундай врач бемор билан ишлаш мобайнида ўсмали жараёнлар таъсири остида бузилган кўринишдаги, ўзгарган анатомияга дуч келади. Шунинг учун у дарҳол қарор қабул қилишига тўғри келади, чунки даволаниш жараёнидаги, наркоз таъсиридаги беморда кутишга вақт йўқ. Жарроҳ қандай ўқийди? У ҳар доим ўз устозидан нусха олади. Унинг қандай шаклланиши, қандай мактабни босиб ўтгани ва у нимага эриша олганига боғлиқ бўлади. Ўқитаёганлардан эмас, балки ўрганиш мумкин бўлганлардан ўрганишади.

Сиз биринчи иш кунингизни қандай эслайсиз?

Мен илк марта операция столи ёнида турган кунимни эслайман. Бу октябрь ойининг боши бўлиб, ташқарида биринчи қор ёғаётганди. Менинг беморим буйрак ўсмаси билан оғриган 5 ёшли бола эди.

ҚАБУЛ ҚИЛАЁТГАН ҚАРОРЛАРИМ УЧУН МАСЪУЛИЯТНИ ҲИС ҚИЛИШНИ ЎШАНДА ТУЙДИМ. МАНА ШУ ҲИС ҲАНУЗГАЧА МЕН БИЛАН.

Сиз ҳаётини сақлаб қолганингиз беморлар билан мулоқотда бўлиб турасизми?

Албатта, мен беморлар билан мулоқот қилиб тураман, чунки улар узоқ муддатли даволанишда ва кузатувда бўладилар. Шундайлар борки, улар барча синовлардан кейин оилали бўлишган, мен уларнинг тантанали тўйларининг гувоҳи бўлганман. Беморларимдан бири қиз кўрди ва унинг исмини Жамила қўйди. Бу жуда ёқимли!

Сиз танлаган касбингиздан ҳеч норози бўлганмисиз? Ҳамма нарсага қўл силташ ва бошқа соҳада иш бошлаш истаги бўлганми?

Йўқ, бўлмаган. Мен ўз касбимни севаман. Ўтмишдаги бирор нарсадан ғурурланиш ва афсусланиш — бу кучсизлик белгиси. Мен ҳар доим нимани лозим топсам, ўшани қиламан — бу менинг  приципиал позициям. Ҳеч қачон менга қизиқ бўлмаган, мени руҳан жасоратга ундай олмайдиган иш билан шуғулланмайман. Мен ижодкорман. Ўз ишимда ривожланишга интиламан ва эришилган натижаларда тўхтаб қолишни хоҳламайман. Менинг тушунчамдаги «бошқа соҳа» — бу онкоортопедия имкониятларини мультидисциплинар йўналишларда кенгайтириш, онкоортопедияни янги йўналишларда ривожлантириш: айнан шу йўналишларда турли мутахассисликдаги врачлар шуғулланишмоқда ва шуғулланишлари керак ҳам. Шунга кўра, онкоортопедиянинг имкониятларини очиб берадиган асосий йўналишлар шаклланади. Буларга суяклар ва юмшоқ тўқималарнинг саркомаларини, умуртқа ва тос суяклари ўсмаларини, шунингдек, терини комбинациялашган ҳолда даволаш, йирик бўғимларни эндопротезлаш, қон томир ва микро қон томирлар жарроҳлиги, таянч ҳаракат тизимидаги ўсмаларда реконструктив-пластик операциялар киради.

Икки мустақил йўналиш вужудга келди — болаларда шундай ўсмаларни комбинациялашган ҳолда даволаш ва онкоортопедия беморларининг реабилитацияси.

ЎСМАСИ БОР БЕМОРЛАРДА БАЖАРИЛАДИГАН ОПЕРАЦИЯЛАР ЖУДА МУРАККАБ.

Бундай ҳолатларда катта миқдордаги турли хил тўқималар олиб ташланади — нафақат суяк ва мускуллар, балки пайлар ҳам, баъзи ҳолларда лимфа тугунлари, қон томирлари, нерв толалари ва бошқа ёндош органлар. Ортопедик операцияларда бунга ўхшаш ишлар бўлмайди. Одатий ортопедияда онкоортопедияда қўлланиладиган мегапротезлар ҳеч қачон ўрнатилмайди. Ушбу протезлар доимо индивидуал равишда тайёрланиб, улар ўшандай суяк ва бўғимларга татбиқ этиладиган муқобил конструкциялардан бирмунча қиммат ва мураккаб бўлади. Бу жуда қизиқарли ва кўпқиррали йўналиш бўлиб, доимий ривожланишни талаб этади.

Сиз Ўзбекистоннинг вакили бўлиб онкология бўйича катта халқаро форумларда қатнашасизми? Биз нимадан ғурурланишимиз мумкин?

Онкология — бу доимий ривожланишни талаб этадиган соҳа. Маърузалар ва тақдимотлар билан чиқишлар қилиш учун мени халқаро ташкилотлар таклиф этишади (ESMO ASIA, ESMO, EMSOS, ISOIS, АОР, EESG, ASQO). Ушбу тадбирларда мен Ўзбекистон номидан қатнашаман, тажрибаларимни дунё билан бўлишаман, мураккаб операциялар тўғрисида гапириб бераман. Халқаро илмий қўмитанинг аъзоси, эксперт ва жюри аъзоси сифатида халқаро онкология танловларида ёш олимларни баҳолаганман. МДҲ ва Евроосиё давлатлари онкология ва рентгенорадиология марказлари ва институтлари директорлари Ассоциациясининг фахрий аъзосиман (МДҲ ва Евроосиё ОРМИДА).

ВРАЧЛАРИМИЗ — ФАХРИМИЗ! УЛАРНИНГ ШАРОФАТИ БИЛАН ХАЛҚАРО ДАРАЖАЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН ҲАҚИДА ТАСАВВУР ПАЙДО БЎЛАДИ.

Хорижлик ҳамкасбларим билан мулоқотда биз онкологиянинг турли масалаларини муҳокама қиламиз, тажриба алмашамиз. Улар имкон топилди дегунча мамлакатимизга келишдан хурсанд бўладилар. Мен бош муҳаррирнинг ўринбосари сифатида фаолият юритаётган Ўзбекистондаги «Клиник ва экспериментал онкология» номли ягона онкология журналини кўпчилик таниқли чет эллик онкологлар нафақат ўқишади, балки унда ўзларининг илмий мақолаларини чоп этишади, таҳрир ҳайъатига аъзо бўлишади, бундан эса чексиз ғурур туяман. Нашр Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг рецензияланадиган илмий журналлари рўйхатига киритилган бўлиб, Россия иқтибос индексининг (РИНЦ) илмий нашрлар библиографияси базасига қўшилган.

Охирги икки йил мобайнида Ўзбекистонда онкоортопедия соҳасида рўй берган ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берсангиз.

Юртимизда муҳим ўзгаришлар талайгина. Ўтган йили Москвадан биринчи онлайн-видеоконференция «МДҲ ва Евроосиё давлатлари Онкология ва рентгенорадиология марказлари ва институтлари директорлари Ассоциацияси» (МДҲ ва Евроосиё ОРМИДА) томонидан «Меланомаларни даволаш ва диагностика қилишнинг актуал масалалари» мавзусида ўтказилди. Бу тадбир сўнгги йилда бир неча бор юқори технологик операциялар тиббиёт фанлари доктори, профессор Н.Н.Блохин номли онкология маркази (ФГБУ НМИЦ, Россия) вертебрал жарроҳлик бўлими бошлиғи Эльмар Расимович Мусаев билан ўтказилди.

Жорий йилда профессор Мусаев билан онлайн-режимда бир қатор операциялар ўтказилдики, жараёнлар транслациясини бутун Ўзбекистон бўйича 300 дан ортиқ онколог-врачлар кузатишди. Амалга оширилган операцияларда беморларнинг қўл ва оёқларини сақлаб қолишга ва яшаш сифатини яхшилашга эришилди. Ўтган йили баҳорда Бухорода «Суяклар ва юмшоқ тўқималар саркомаси ҳамда тери ўсмасини даволаш ва диагностикасида замонавий инновацион технологиялар» мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий конференция «Саркомани ўрганиш Шарқий Европа гуруҳи (East-European Sarcoma Group)» томонидан тақдим этилди.

Алиев Мамед Джавадович «Саркомани ўрганиш Шарқий-Европа гуруҳи» Президенти. У Ғофур-Ахунов Мирза Алияровичнинг ҳамкасби ва яхши дўсти. Мамед Джавадович менинг устозим, мен эъзозлайдиган, ғурурланадиган ва жуда қадрлайдиган инсонлардан бири. Бу машҳур врачлар, ўз навбатида, дунёда, шу билан бирга Россияда ҳам онкоортопедия мактабининг асосчиси бўлган буюк онколог-врач Николай Николаевич Трапезниковнинг шогирдларидир. Мирза Алиярович Ўзбекистонда онкооропедия мактабига асос солди. Ҳозирда, мен ҳам ўз устозим билан бу муҳим ишни биргаликда давом эттиряпман.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Республика онкология ва радиология  маркази» ва илғор чет эл клиникаларининг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларига кўра, грантлар асосида врачларнинг стажировка ўтишига ва малака ошириш курсларида ўқишларига имкониятлар пайдо бўлди.

БУТУНЖАҲОН ОНКОЛОГИК КАЛЕНДАРЬ КУНЛАРИГА ЖУДА КАТТА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛИШИ, ЎЗ НАВБАТИДА, ИНСОНЛАРГА ЗАМОНАВИЙ ПРОФИЛАКТИК КЎРИКЛАРДАН ЎТИШ МУҲИМЛИГИ ТЎҒРИСИДА ЭСЛАТМОҚДА.

Суратга олинаётган ижтимоий видеороликлар марказий телевидение, ОАВда, ижтимоий тармоқларда трансляция қилинмоқда. Бу ҳам рак касаллигини профилактика қилиш ва даволаш тўғрисида тушунтириш беришимизга ёрдамлашади.

Врач-онкологнинг бўш вақти борми? Сиз уни қандай ўтказасиз?

ОИЛАМ — БОРЛИҒИМ!

Онкология — бу нафақат руҳий, балки оғир жисмоний меҳнат ҳамдир. Баъзан операция столида 8-9, гоҳида эса 10 соатлаб ишлашга тўғри келади. Спорт билан шуғулланиш ва рақсга тушиш менга жуда ёрдам беради. Кўпчилик сўрайди: «8 соат операциядан кейин яна залга ҳам борасанми?» Мен бу ҳолатни «ҳолатни ўзгартириш», деб атайман. Бу билан мен руҳий ҳолатимни жисмонийга ўзгартираман. Бу менинг терапиям, менинг қувват манбаим (кулади- таҳр.). Залда мен спорт ва эстетикадан ором оламан, завқланаман ва бу ҳаётимнинг муҳим бўлагидир. Мен бўш вақтларимни соғлигим ва руҳиятим учун фойдали ўтказишга ҳаракат қиламан. Мен учун энг қадрлиси — бу оилам, яқинларим, дўстларим. Мен тўрт фарзанднинг онасиман. Улар менинг бахтим. Ўйлайманки, улар ҳам мен билан фахрланишади ва қизим ҳам ўз ҳаётини врачлик касбига бағишлашга қарор қилгани мен учун шараф!

Мақолани тайёрлади:
Фото муаллифи: Асаль Джураева
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар