23 март куни ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус махсус брифингда глобал муаммо бўлмиш пандемия ҳақида сўз юритди: инфекциянинг тезкор суръатларда тарқалиши, тиббиёт ходимлари касалланишининг тобора кўпайиб бориши, шошилинч чоралар ва G-20 давлатларидан зарур бўлган ёрдам ҳақида.
Женевада бўлиб ўтган брифингда ЖССТ Бош директори биринчи навбатда ФИФАга Жаҳон коронавирусга қарши курашиш жамғармасига 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди (COVID-19 Solidarity Response). Шунингдек, жаноб Тедрос TikTok компаниясининг 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги моддий ёрдами ва ёш аудиторияга тўғри маълумот етказишдаги ёрдами учун ҳам миннатдорчилик билдириб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, шу кунгача, COVID-19 Solidarity Response атиги 10 кун ичида 187 мингдан ортиқ шахс ва ташкилотлардан 70 миллион доллардан кўпроқ маблағни жалб қилишга улгурди. Ушбу фонд вирусга қарши курашувчи тиббиёт ходимларига ҳаётий зарур ишларини бажариш, беморларни даволаш ва вакцинани топиш мақсадидаги дастлабки тадқиқотларни ўтказишда ёрдам бериш учун ташкил этилган. Бундан ташқари, барча фойдаланувчиларга аниқ тиббий маълумотларни етказиш учун ЖССТ билан биргаликда WhatsApp Health Alert иловаси яратилди. Атиги 4 кун ичида дастур 10 миллионга яқин фойдаланувчиларни жалб қилди.
БУ ШУНЧАКИ РАҚАМ ВА СТАТИСТИКА ЭМАС: БУ ИНСОНЛАР ҲАЁТИ ВА ОИЛАЛАР ТАҚДИРИ!
Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, бугунги кунда коронавирус дунёнинг деярли барча мамлакатларига тарқалди: янги вирус билан 300 мингдан ортиқ касалланиш ҳолатлари маълум. Аммо пандемия суръати пасайиш ўрнига тобора кучайиб бормоқда. Инфекциянинг биринчи ва юз мингинчи ҳолатлари билан орада 67 кун фарқ мавжуд. 200 мингга етишига эса бор-йўғи 11 кун керак бўлди ва атиги тўрт кун ичида 300 мингга етди.
ВИРУС АҚЛ БОВАР ҚИЛМАС ДАРАЖАДА ТЕЗ ТАРҚАЛМОҚДА.
Бош директор пандемия траекториясини ҳали ҳам ўзгартириш мумкинлигини таъкидлади. Шунинг учун, ҳозир нафақат ҳимоя чораларини кўриш, балки ҳужум қилишни бошлаш ҳам жуда муҳимдир.
«Биз футбол ўйинида фақат ҳимояланиб ғалаба қозона олмаймиз, бу ерда ҳужум зарур. Одамлардан уйда қолишларини сўраш ва бошқа жисмоний масофа сақлаш чоралари – бу вирус тарқалишини секинлаштириш ва вақтдан ютиш, аммо бу фақат ҳимоя чоралари. Ғалаба учун биз тажовузкор ва мақсадли тактикалардан фойдаланган ҳолда вирусга ҳужум қилишимиз керак – ҳар бир шубҳали вазиятни текшириш, ҳар бир касалланган одамга ғамхўрлик қилиб изоляцияга олиш, касалланган одамнинг ҳар бир контактини кузатиб бориш ва карантинга олиш керак».
Афсуски, бугунги кунда баъзи давлатлар қатъий чораларни қўллашда қийналмоқда. Бироқ, ЖССТ вакили беморларга ёрдам бериш ва ёрдамга муҳтож бўлган мамлакатларда тиббиёт ходимларини ўқитиш учун тезкор тиббий гуруҳларни юборган бир қатор давлатларга чуқур миннатдорчилик билдирди.
«Тиббиёт ходимларининг хавфсизлиги таъминлангандагина улар ўз ишларини самарали бажаришлари мумкин».
Кундан-кун тиббиёт ходимларининг касалланиши кўпайиб бормоқда. «Тиббиёт ходимларини ҳимоя қилишни биринчи ўринга олиб чиқмаса, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ҳам сўроқ остида қолади», – деди Тедрос Гебрейесус.
ЖССТ шахсий ҳимоя воситаларидан оқилона фойдаланишга катта эътибор беради. Вируснинг тарқалишини секинлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар кутилмаган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, бу эса асосий ҳимоя воситалари ва материалларнинг етишмаслиги ва ишлаб чиқариш оғирлашишини келтириб чиқариши мумкин.
Ушбу муаммони ҳал қилиш глобал даражада сиёсий бохабарликни талаб қилади. Ишлаб чиқаришни кўпайтириш, экспорт тақиқларига йўл қўймаслик ва эҳтиёжлар асосида адолатли тақсимотни таъминлаш учун ЖССТ глобал ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 80% дан кўпроғини ишлаб чиқарадиган G20 давлатларидан кўмак сўрамоқчи.
«G20 раҳбарлари учун энг муҳим вазифа – бу бирдамлик. Улар бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишлари керак, чунки улар дунёда ҳар жиҳатдан катта кучга эга», – дея тушунтирди ЖССТ Бош директори.
«Solidarity синовига ва бошқа йирик тадқиқотларга қанча кўп давлатлар қўшилса, биз керакли натижага шунча тез эришишимиз ва кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолишимиз мумкин».
Брифингда самарали терапевтик воситаларга шошилинч эҳтиёж борлиги таъкидлаб ўтилди, чунки ҳозирда COVID-19 га қарши самарадорлигини исботлай олган даво тури мавжуд эмас.
«Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар COVID-19 га қарши препаратлар тадқиқотларига катта эътибор қаратмоқда. Бироқ, кичик тадқиқотлар биз учун зарур жавобларни бермайди. Текширилмаган дори-дармонларни истеъмол қилиш алдамчи умидни уйғотиши ва фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши, шунингдек бошқа касалликларни даволаш учун зарур дори-дармонларнинг етишмаслигига ҳам олиб келиши мумкин».
Даво турини топиш учун, шунингдек, ишончли ва юқори сифатли маълумотларни иложи борича тезроқ олиш мақсадида, ЖССТ SOLIDARITY тадқиқотини йўлга қўйди. Кўп давлатлар SOLIDARITY тадқиқотига қўшилишди, бу эса вакциналарни ишлаб чиқиш жараёнини тезлаштиришга ёрдам беради.
Ўйин қоидаси: «Коронавирусдан қутулиш»