Пандемия билан боғлиқ вазият бизнесни омон қолиш учун янги усулларни излашга мажбур қилди. Баъзилар бироз танафус қилишни афзал кўришди, бошқалари одатдаги усулларда ишлашга ҳаракат қилишмоқда, кимдир эса иш жараёнларини тезда ўзгартириб ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилмоқда. LeBazar компаниясининг ҳаммуассиси ва директори Зоҳид Ўлмасбоев омон қолиш учун ҳар кунги кураш, дўконларнинг бўш пештахталари ва карантиндан кейин онлайн-савдо майдони қандай бўлиши ҳақида сўзлаб берди.

Гар огоҳсен — Шоҳсен!

Биз олдиндан ишларни онлайн шаклга ўтказишни бошладик: дунёдаги вазият Ўзбекистон ҳам вирус тарқалишидан қочиб қутула олмаслигини кўрсатди. Биз янги ходимларни ёллаш ва ўқитишдан бошладик, шу билан бирга тизимдаги ишини ошириб синовдан ўтказдик. Март ойи бошида вирус билан боғлиқ вазият тахмин қилинганидек ривожланаётгани маълум бўлди. Аммо юқтирганлар сонининг кўпайиши билан ҳар кун янги синовга айланди.

Жамоат транспорти тўхтади, ходимлар ишга кела олмади. Уларнинг аксарияти бошқа шаҳарлик талабалар бўлгани сабаб, уй-уйларига кетишга мажбур бўлишди. Кейин шаҳар чегарасини ёпишди ва стикерларсиз автотранспорт ҳаракатини тақиқлашди, шунинг учун биз ҳайдовчиларимизнинг деярли 70%ини йўқотдик. Қолганлари етказиб беришга кўп вақт сарфлашди, чунки баъзи кўчалар тўсатдан тўсиб қўйилган эди. Янгиликлар ва фармонлар ярим кечага яқин чиқарди, шунинг учун эрталаб бизнинг онлайн-дўконимиз кутилмаган ўзгаришларга тайёр эмас эди. Уларга олдиндан тайёргарлик кўришнинг иложи бўлмади, муаммолар бирин-кетин тўлқинларга айланиб кетди. Вазиятга шошилинч мослашишга мажбур бўлдик. Биз ҳар куни, ҳар соат жараёнларни ўзгартирдик, оптималлаштирдик ва кенгайтирдик.

Биринчи кунларнинг кутилмаган ҳодисалари

Дабдурустдан LeBazar хизматидан республиканинг барча бурчакларида фаол фойдаланила бошланди.

Буюртмалар билан ишлаш учун карантиндан олдинги вақтга қараганда 5 баравар кўпроқ ходимлар керак бўлди.

Тизим босимга дош беролмай, ҳатто бир марта фойдаланувчиларнинг катта оқими туфайли бир кунга умуман ишламай қолди. Шунингдек, биз логистикани деярли нолдан кўтаришимиз керак эди. Биз бир вақтнинг ўзида куръерларнинг 60 фоизини йўқотдик, шунинг учун биз биринчи бўлиб интернет орқали одамларни жалб қилдик ва улар учун онлайн тренинглар ўтказишни бошладик. 5-6 кун ичида биз 20 кишини колл-марказда ишлашга ўқитдик. Шопперларни (буюртма йиғувчиларни) улар транспортга боғлиқ бўлмасликлари учун яқин атрофдан топдик. Ушбу босқичда Korzinka.uz жамоаси бизга кўп ёрдам берди ва қўллаб-қувватлади.

Карантиннинг дастлабки кунларида одамлар ваҳима қилишни бошладилар. Буюртмалар ҳажми миқдори ва оғирлиги бўйича кескин ўсди (ўртача, истеъмол савати 3-3,5 бараварга ошди) ва бу уларни йиғиш ва етказиб бериш жараёнини мураккаблаштирди. Одамлар учраган нарсани ташиб кетишди, пештахталар бўш эди, дўконларда эса шопперларимиз йиғадиган ҳеч нарса қолмади. Тизим буюртмаларни олдиндан 3 кундан кўпроқ вақтга қабул қилмас эди ва ушбу 3 кун учун барча вақт жадваллари тўлиб кетди.

Карантин 2.0 сезиларли ўзгаришларни олиб келди

Республика комиссияси қаттиқ чекловлар қўйганини билганимизда қаттиқ хавотирланмадик: биз тайёр эдик.

Одамлар камроқ ваҳима қила бошладилар ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берадиган компаниялар кўпайди.

Ҳозирда буюртмалар ҳажми икки бараварга ошди ва ўсишда давом этмоқда, аммо тизим ҳам, бизнинг омборимиз ҳам узлуксиз ишламоқда.

Ўзаро ёрдам — давр талаби

Биз LeBazar’да темир қоида ўрнатдик: ногиронлар ва нафақахўрларга буюртмаларни бепул етказиб бериш. Ҳатто биринчи карантин даврида ҳам буюртмалар билан ишлашда, ходимлар алоҳида ёрдамга муҳтож бўлган бошқа фуқаролар тоифалари ҳам борлигини тушунишди. Ҳамкорлар билан биргаликда биз гуруҳ ташкил қилдик ва кўнгиллиларни ишини йўқотган ва сотиб олишга пули бўлмаганларга озиқ-овқат етказиб беришни таклиф қилдик. Янги дўстлар билан биргаликда биз муҳтожларга ёрдам беришга муваффақ бўлдик.

Карантин тараққиёт омили сифатида

Ўйлайманки, жамоат жойларини четлаб ўтадиган ва онлайн-дўконлар хизматидан фойдаланадиганлар иккинчи карантиндан кейин яна кўпаяди. Ушбу янгича ҳолат онлайн харидларни ривожлантириш учун туртки бўлди. Агар илгари бегоналарга (айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари) сотиб олишни ишонмаслик учун ўнлаб сабабларингиз бўлса, эндиликда мамлакатимизда онлайн истеъмол маданияти вужудга келмоқда.

Биз инқирозни давлатнинг ёрдамисиз мустақил равишда ҳал этмоқдамиз. Қийинчиликларга қарамай, буюртма қабул қилиш ҳолати ҳозир барқарор. Кўпгина жараёнлар аллақачон яхши йўлга қўйилган ва ходимлар тўлиқ иш билан таъминланган. Карантин заиф нуқталарни аниқлашга ёрдам берди ва биз уларни кучайтириш йўлида фаол ишлаяпмиз. Яқин келажакда биз карантин пайтида хизматга қўшилган мижозлар кейинчалик ҳам унга содиқ қолишларини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Узоқ муддатли режалар — куз мавсумига бориб платформани янгилаш, уни янада қулайроқ қилиш ва минтақаларда LeBazar’ни илгари суриш.

Маълумот учун:

  • LeBazar.uz онлайн-дўкони 2016 йилда ишга туширилган.
  • Карантин бошлангунига қадар асосан Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи билан ишлаган.
  • Ходимлар сони тахминан 50 кишини ташкил этади, улардан 40 нафари логистика соҳасида, 10 нафари техник қўллаб-қувватлаш ва бошқарув соҳасида ишлайди.
Мақолани тайёрлади: Александра Стимбан
Фото муаллифи: Акмаль Саидов
Стилист:
Фойдаланилди:
Manba:
Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
Долзарб янгиликлар каналда
Kunlik dayjest
Eng sara maqolalarni pochtangizda qabul qiling

Изохлар